суббота, 20 июня 2015 г.

ТЕМУР ТИНЧИ БУЗИЛГАНИДА


Гўри Амир мақбараси
Шарқда, мусулмон оламида марҳумлар шаънига ёмон сўз айтиш, шунингдек, уларнинг руҳларини безовта қилиш, қабрларни топташ катта гуноҳ саналади. Халқимиз азалдан бундай ножўя ишлардан тийилган, аммо даҳриёна тузум даврида қадимий анъаналарга амал қилинмаганлиги ҳам маълум. Юрт бошига ёғилган катта офатларнинг айримлари айнан мана шундай кирдикорлар оқибати эканлиги эса кейинчалик юз кўрсатаётир.
Шу мавзудаги мақоламиз минтақамизни мўғуллар истибдодидан халос этган буюк шахс тинчининг бузилиши ва бунинг мудҳиш оқибатлари хусусидадир. Шу кунларда бу воқеага етмиш йилдан ошган бўлса-да, унинг ибратли жиҳатлари асрларга татигулик...

САҒАНАДАН ХАЗИНА ИЗЛАГАНЛАР
Сталин ўз мақсадлари йўлида Амир Темур номидан,
хазинасидан ва... хокидан фойдаланишни кўзлаганди.
Иккинчи жаҳон урушида фашистлар тобора шарққа юриш қилиб, собиқ Иттифоқнинг ғарбий чегараларига яқинлашиб қолишганди. Гарчи Германия билан ўртада тинчлик шартномаси бўлса-да, шўролар халқни ватанпарварликка ундовчи ҳаракатларни кучайтиришди. Бунда асосан тарихда ўтган қаҳрамонлар фаолиятини ўрганишга зўр берилди, улар ҳақида асарлар ёзилди. «Эътиборли кишилар ҳаёти» («Жизнь замечательных людей») туркумида китоблар чоп этила бошлаганди, 1937 йили мазкур рўйхатга Амир Темур ҳам киритилди. У дунёни мўғуллар истибдодидан қутқарган шахс сифатида қайд этилиб, тарих китобларига ўзгартиш киритилди. Энди олимлар буни илмий жиҳатдан исботлашлари керак эди.
Орадан икки ой ўтиб, Қозоғистон ҳудудидан катта қора харсанг топилди, ривоятларга кўра, у кўкдан тушган эмиш. Бу тошга битилган қадимги уйғур тилидаги ёзувда эса, ушбу харсанг Амир Темурнинг Олтин Ўрда хони Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси ёдгорлиги эканлиги қайд этилганди. Харсангтош зудлик билан Эрмитажга олиб келинди, у темурийларга бағишланиб очилажак янги кўргазманинг биринчи экспонати бўлиши керак эди.
Марказий комитет маданият бўлимининг 1941 йилнинг 21 мартидаги илтимоснома-хати асосида Фанлар академияси ходимлари Самарқанддаги Гўри Амир мажмуасида экспедиция бошлашлари лозим эди. Эрмитажда ташкил этиладиган кўргазма иштиёқида экспедицияни шу йил ёздан кечиктирмаслик ҳақида буйруқ бўлди. Айрим тахминларга кўра, бу экспедиция, биринчи навбатда, Темурнинг хазинасини топиб, фашистларга қарши эҳтимолий жангда ундан фойдаланиш учун керак эди.

БУНИ ШАРАФ САНАШГАНДИ!
Экспедиция аъзоси - ёш оператор Малик Қаюмов
Гўри Амир мажмуасида ўтказилажак экспедицияга май ойининг охирларидаёқ ҳамма нарса тахт қилиб қўйилганди. Амир Темурнинг қабрини очишга сафарбар этилган экспедиция гуруҳи раҳбари этиб академик Қори-Ниёзий тайинланди, унинг қўли остида етук олимлар – шарқшунос Александр Семёнов, антрополог ва ҳайкалтарош Михаил Герасимов, олим ва ёзувчи Садриддин Айний, шунингдек, ёш оператор Малик Қаюмов ҳам бўлишган. М.Қаюмовдан онаси бу ишда қатнашмасликни илтимос қилган, лекин у «юқори»нинг ишончини оқлаш ҳақида кўпроқ ўйларди. Айний эса буюк саркарда ҳақида янги замон талаблари асосида роман ёзишни ният қилганди.
Экспедиция аъзолари
Хулласи калом, 1941 йил 27 майда гуруҳ Самарқандга етиб келиб, иш бошлади, уларнинг ишларини кузатгани минглаб одамлар келишганди. 1 июнь куни гуруҳ раҳбари Қори-Ниёзий экспедициянинг мақсадини расман эълон қилди: «Ўрта аср Шарқи, темурийлар даври маданияти ва санъатини ўрганиш». Шунингдек, Герасимов бу ерда кимлар дафн этилганлигини аниқлаштириб, ҳужжатлаштириш ҳам назарда тутилганлигини айтган. Гап шундаки, Амир Темурнинг қабри ҳақида олимлар бир тўхтамга келишмаганди. Айний саркарданинг мана шу мақбарага дафн этилганини айтарди, Семёнов эса уни вафот этган жойи – Ўтрорда кўмилган, дерди. Қори-Ниёзий унинг хокини ўғли Шоҳрух Мирзо Ҳиротга кўчирган, деса, яна биров туғилган шаҳри – Кешда, деб тахмин қиларди.
Гўри Амир бу тахминлар орасида ҳақиқатга яқинроғи эди, бундан ташқари, академик Михаил Массон ҳали 1925 йилиёқ бу мақбарада аллақандай парамагнит ҳодисаларини кузатган ва ичкарида нурланувчи сирли объект мавжудлиги фаразини илгари сурганди. У ўшандаёқ бу ерда экспедиция ташкиллаштиришни сўраб «юқори»га мурожаат этган, лекин у пайтлари ёш давлатнинг бундан бошқа муаммолари етарли эди. Мана, орадан ўн олти йил ўтиб, бу шараф (ўшанда буни ҳамма шараф деб билган) бошқа олимлар гуруҳига насиб этаётганди.
Шундай қилиб, 1 июнда гуруҳ йиғилиб, режа ишлаб чиқилди, асбоб-анжомлар созлиги текширилди ва тайёргарлик кўрилди. Эртасига эрталаб соат саккизда Шоҳрух Мирзонинг қабрини очишга келишилди, ёрдамга халқ усталари жалб этилди, ҳар эҳтимолга қарши, ёзувларни кўчириб олиш учун икки нафар кекса кишини чақиришди.
Иш устида
Иккинчи июнь тонгида прожекторлар ёқилиб, қабр устидаги мармар плитани кўтаришди, ичидаги жасаднинг қолдиқлари жуда ёмон сақланган экан. Герасимов ўрганиш учун унинг фақат бош суягини ва умуртқа поғонаси суякларидан биттасини олди, скелетнинг қолган қисмларини яшикка жойлашди. Шоҳрух Мирзонинг скелетини тиклашга уч кун вақт сарфланди.
Мирзо Улуғбекнинг қабрини очишга 5 июнда киришилди, унинг суяклари нисбатан яхшироқ сақланганди. Бошнинг ўз жойида эмас, балки скелет ёнида турганлиги, шунингдек боши кесилгандаги тиғ изи сабабли олимнинг шахсини аниқлаш қийин бўлмади. Унинг скелетини батафсил ўрганиш учун икки ҳафта вақт сарфланди. Ниҳоят, экспедициянинг энг асосий қисмига навбат келгандиАмир Темурнинг қабри!..

СИРЛИ НИШОНАЛАР
Даҳшатли сўзлар боис экспедицияни тўхтатмоқчи ҳам
бўлишди, аммо энди кеч эди...
Амир Темурники, дея тахмин қилинган учинчи қабр устига ёпилган мармар плитада эски араб тилидаги ёзувлар бор эди. Халқ орасидаги ишончларга кўра, айни шу битик Темурнинг қабрини асраб тургувчи сеҳрли қалқон эмиш. Шарқшунос Семёнов 17 июнь куни ёзувларни тўлиқ ўқиб тугатди, унда Темурнинг ўн олтита исми ҳамда Қуръони карим оятлари ёзилганди. Бу тобутни очмоқ истагида бўлганларга аталган огоҳлантириш ёзуви ҳам эди: «Ҳаммамиз ўлгувчилардирмиз, вақти келади ва биз кетамиз. Бизгача ҳам буюклар бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади. Агар кимда-ким кибрга берилса ва бошқалардан баланд кўтарилса, ёки аждодлар хокини безовта қилса, уни энг қўрқинчли қарғиш урсин!» дейилганди унда. Даҳшатли сўзлар тадқиқотчиларни чўчитиб қўйди, экспедицияни тўхтатмоқчи ҳам бўлишди, лекин энди кеч эди. Барча газеталар оламшумул экспедиция тўғрисида ёзишар, унинг боришини бутун мамлакат аҳли кузатарди. Шу сабабли барибир 1941 йилнинг 21 июнида қабрни очишга қарор қилинди.
Ҳамманинг кўнглига шубҳа оралади...
Ўша куни соат еттидаёқ ҳамма йиғилди, аммо иш юришмай кўп қийналишди – ярим соатдан сўнг тош кўтарувчи мослама – чиғир синиб қолди. Плитани қўлда кўтаришди, унинг остида эса фақат тупроқ бор эди. Ҳамманинг кўнглига шубҳа оралади, бундан ташқари, экспедициянинг барча аъзолари лоҳас бўлиб, бошлари айлана бошлади. Сал ўтиб, тупроқни кавлашга киришилди, соат бирда кўндаланг қўйилган учта мармар плитага етиб боришди. Шу пайт ҳукумат делегацияси келиб қолиши иш жараёнини тўхтатди, «юқоридаги»лар ғалаба рапортини кутишарди. Бироқ олимлар ҳали мақтанадиган бирор натижага эришганларича йўқ эди. Усмон Юсупов, Абдураҳмонов, Охунбобоев, шунингдек бир неча олим ва адиблардан иборат делегация аъзолари ишларни беш дақиқагина кўздан кечириб, чиқиб кетишди.
Малик Қаюмов ўша лаҳзани хотирласа, аъзойи
бадани жимирлаб кетишини эслайди...
Экспедиция ишини давом эттирди, ниҳоят, плита остида тобутнинг қора қопқоғи кўринди, лекин шу заҳотиёқ ҳамма прожекторлар ўз-ўзидан ўчиб қолди. Кимлардир қўрқувдан қичқира бошлашди, ичкарида нафас олиш қийинлашиб кетди. Нима бўлаётганини ҳеч ким тушунмасди, ҳаммани даҳшат босганди. Ҳаттоки кейинчалик урушда не-не офатларга гувоҳ бўлган Малик Қаюмов ҳам ўша лаҳзани хотирласа, аъзойи бадани жимирлаб кетишини эслайди. Хулласи калом, ноилож экспедиция ишида танаффус эълон қилинди, бу орада электрикка генераторни тузатишни буюришди. У бечоранинг эса боши қотганди: ҳамма нарса жойида, асбоблар соз, лекин ток беришни истамаётгандек эди!

ШУНДАЯМ ИШОНИШМАДИ!
Қаюмов сал ўзига келиб олиш учун чойхонага борди
Бу пайтда М.Қаюмов сал ўзига келиб олиш учун мақбара яқинидаги чойхонага борди. Шу ерда бир-бирига қуйиб қўйгандай ўхшайдиган уч нафар қария ўтирар, биттасининг қўлида аллақандай китоб бор эди. Улардан бири операторга мурожаат қилди: «Ўғлим, мақбарадаги қазишмаларга сен ҳам алоқадормисан?» Қаюмов ўз ичидаги қўрқувини босиш мақсадида ҳазиллашди: «Бу ерда мен энг асосийсиман, менсиз бу олимлар ҳеч нима қила олишмайди». «Ҳали Темурнинг қабрини очмадингларми?» деб сўрашди қариялар. Малик: «Ҳозирча йўқ», дегач, улар дарҳол: «Темурнинг қабрини очиш мумкин эмас, акс ҳолда уруш бошланади!» дея огоҳлантиришди. «Қаердан олдингиз бу гапларни?» – Малик Қаюмовнинг ҳайрати ортарди. «Мана бу китобда ёзилган», деди отахон. Китобда арабчада қуйидаги сўзлар ёзилганди: «Буюк қўмондоннинг хокига тегиш мумкин эмас, бўлмаса уруш бошланади».
Садриддин Айний
Буни ўқиган Малик сўнгги кунлардаги руҳий аҳволини, мармартошдаги ёзувни эслаб, ҳақиқатан ҳам қўрқиб кетди. Дарҳол бориб, шерикларига бу ҳақда хабар қилди. Қори-Ниёзий ёнига Айний ва Семёновни олиб, Қаюмов билан бирга чойхонага борди. Қариялар билан суҳбатлашиб, китобдаги огоҳлантиришни ўқиб чиқишса-да, ёши катта олимлар унга ишонишмади. Чоллар шунда ҳам олимларни ниятидан қайтаришга уринишгач, Айний уларни ҳайдай бошлади. Кексалар хафа бўлиб, ноилож ўринларидан туришди, икки оғиз «ширин» гап айтиб, жўнаворишди.
Энг қизиғи, улар муюлишга бориб ҳавога сингиб кетгандай кўздан ғойиб бўлишганини фақат операторгина пайқаб қолди! Ёш Малик бир неча дақиқа сеҳрлангандай қараб қолгач, ўзига келди ва қариялар орқасидан чопди. Аммо улар йўқ бўлишганди... Сўнг Қаюмов шу ерликлардан ўша қариялар ва китоб тўғрисида сўрай бошлади. Маълум бўлишича, китоб ҳақида кўпчилик эшитган, аммо уни ҳеч ким қўлига олиб кўрмаган экан.
Яна бир ҳайратланарли томони – қариялар билан бўлган учрашувдан сўнг ҳам барибир қабрни очишга қарор қилингач, чироқлар ўз-ўзидан ишлаб кетди! Экспедициянинг барча аъзолари муҳим тарихий кашфиётда иштирок этиш учун яна қабр ёнига тушишди. Герасимов тобут ёнига тушиб, унинг устки ёғочларини эҳтиётлаб олиб, узата бошлади. Шу ондаёқ тобут ичидан чиққан, атиргул ҳидига монанд аллақандай ёқимли ифор ҳамма ёқни қоплади.
Экспедиция аъзолари Соҳибқирон
скелети билан
Гарчи мўмиёланган бўлса-да, тобутдаги тана яхши сақланмаган, фақат суякларгина қолган эди. У баланд бўйли, боши катта бўлиб, баҳодирлиги шундоққина сезилиб турарди. Олимларнинг энди шубҳаси қолмаганди: уларнинг олдида Темур ётарди! Герасимов унинг бош суягини олиб, атрофдагиларга намойиш қилди, тиззасидан жароҳатланганлигини билдирувчи суягини кўздан кечиришди. Шунингдек, барча темурийларга хос бўлган ирсий хусусият – умуртқа поғонасидаги еттинчи суякнинг патологияси ҳам скелетда яққол кўриниб турарди. Экспедициянинг бош мақсадига эришилганди, Амир Темурнинг қабри жойлашуви борасидаги тахмини тўғри чиққан Садриддин Айнийнинг қувончи эса чексиз эди...

ҚЎШХАБАР
Ўта чарчаган бўлишса-да, кечқурун археологлар хурсанд ҳолда меҳмонхонага йўл олишди. Улар шу куни бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Тошкент киностудияси директори Николай Ким билан бирга муҳокамага берилишди. Унинг ёнида радиоприёмник бўлиб, унда ҳам шўро олимлари Амир Темурнинг қабрини топганлиги ҳақида жар солишарди. Киностудия директори бошқа каналларни ҳам эшитар экан (у инглизчани бирмунча биларди), бирданига ранги оқарди ва: «Уруш бошланибди, фашистлар Иттифоқ ҳудудига ҳужумга ўтишибди!» деди.
Энди ҳамма гангиб қолди, Айний домла эса бир бурчакда чўккалаганича мунғайган эди, бирон нима деёлмасди. Экспедиция аъзолари маслаҳатлашиб, Қори-Ниёзийга қўнғироқ қилиб уйғотишди, уруш бошланганини айтишди. Раҳбар У.Юсуповга қўнғироқ қилди, у эса экспедицияни тўхтатиб, Тошкентга қайтишларини буюрди. Александр Семёнов ва Михаил Герасимов ўрганиш учун скелетлар қолдиқларини олиб, Москвага қайтишди, бошқалар эса – Тошкентга. Фақат М.Қаюмов яна бир неча кунга Самарқандда қолди – у уруш бошланажагини башорат қилган ўша отахонларни сўраб-суриштирди. Лекин ҳеч ким улар ҳақда эшитмаган экан, чойхоначи эса қарияларни ўша куни биринчи ва охирги марта кўрганини айтарди. Ноилож Тошкентга қайтган Малик урушга кетишга қарор қилди.
Бироқ урушнинг олдини олишга жон куйдирмаганлиги, экспедицияни тўхтатишга олимларни кўндира олмаганлиги учун айбдорлик ҳисси уни тинч қўймасди. Шу сабабли фронтга жўнаш олдидан у Усмон Юсупов қабулига киришга муваффақ бўлди. Ҳамма гапдан хабар топган У.Юсупов дарҳол Қори-Ниёзийни ҳузурига чақирди, «Нега вақтида менга хабар қилмадингиз», дея койиди. Экспедиция раҳбари эса, «Буларни унчалик муҳим, деб ўйламагандим», дея ўзини оқларди. Негадир У.Юсуповнинг ўзи ҳам бу ҳақда «юқори»га хабар қилишга шошилмади.
ФРОНТДАГИ ФИДОКОРЛИК
Ҳарбий оператор Малик Қаюмов
М.Қаюмовни ҳарбий оператор сифатида фронтга олишди, у дастлаб Калининград жангларига борди, сўнгра қадрдон камераси билан бирга кўп қирғинларга гувоҳ бўлди. Ўша машъум экспедиция хотираси, Темурнинг хокини жойига қайтариш зарурати унга ҳеч тинчлик бермасди. Шу сабабли у мамлакат раҳбариятидан ким биландир боғланиб, масалани тушунтириб беришни истарди. Ниҳоят, фронт қўмондони Георгий Константинович Жуков шу яқин атрофда эканидан хабар топиб, унинг олдига кирди. Ўз блиндажида уни қабул қилган Жуков ҳаммасини зўр қизиқиш билан тинглади, саволлар берди, чой билан сийлади. Жонкуяр Малик Қаюмов ҳатто унга: «Токи Амир Темурнинг хоки қайта дафн этилмас экан, шўро аскарлари енга олишмайди!» дейишга ҳам журъат топди ва бу ҳақда мамлакат раҳбарига хабар беришни илтимос қилди. Жуков унинг гапларини жиддий қабул қилиб, илтимосини бажаришга ваъда берди. Лекин вазият тақозоси туфайлими, ёки бошқа сабаб биланми, негадир бу иш кечикди.
Герасимов Темурнинг бош суягини ўрганмоқда
Бу орада Москвада Герасимов Амир Темурнинг, Шоҳрух ва Улуғбек Мирзоларнинг бош суяклари асосида уларнинг қиёфасини тиклаш билан машғул эди (айтиб ўтиш керакки, у айни шу усулнинг муаллифи сифатида оламшумул шуҳрат қозонган). У 1941 йил августидан 1942 йил октябрига қадар ҳукумат топшириғига кўра шу иш устида ишлаган олим 400 дан зиёд макетлар ясаган, ҳар бир деталь устида бош қотирган. Фанлар академияси раҳбарияти ундан ишни имкон қадар тез якунлашни талаб этгач, Герасимов бош чаноқларини уйига олиб келиб ишлаган. Қизи Маргарита Михайловнанинг айтишича, отаси деярли узлуксиз меҳнат қилиб, соҳибқирон ва унинг авлодлари қиёфасини тиклаган.
М.Қаюмов эса жангнинг энг қизғин паллаларини суратга олар экан, атрофдагиларнинг ўлимига ўзи ҳам айбдорлигини ўйлаб эзиларди. 1942 йил октябрда у Жуков билан иккинчи бор учрашишга эришди. Шундан кейингина қўшин қўмондони давлат раҳбари билан бўлган учрашувда унга бу ҳақда айтиб берган. Ўз навбатида раҳбар ҳам У.Юсуповга қўнғироқ қилиб, Амир Темур ва унинг авлодлари хокини қайта дафн этиш вазифасини топширган.

ЖАНГДА СОҲИБҚИРОН ЁРДАМИ
Герасимов ўз ишини 28 октябрда якунлади, 15 ноябрда эса давлат комиссияси Амир Темур ва авлодлари хокини қайта дафн этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Иш тўғрисидаги илмий далиллару ҳужжатлар ҳамда суяклар Герасимов лабораториясидан ўша куниёқ олиб кетилди, лекин қайта дафн негадир орадан бир ой ўтгачгина амалга оширилди. Бу орада хоклар қаерда сақланганлиги, нима қилинганлиги ҳақида эса бирор ҳужжатда маълумот йўқ.
Яна бир тахминга кўра, Темур ва авлодлари
хоки таркиби асосан осиёлик жангчилардан
 иборат бўлган ҳарбий бўлинмалар устидан
 учириб ўтказилган ва бу билан мусулмон
аскарларнинг жанговар руҳини кўтаришган.
Айнан шу сабабли ҳам халқ орасида бу тўғрида турли миш-мишлар кўпайганки, улардан айримлари ҳақиқатга яқин. Масалан, бир тахминга кўра, урушда мудофаанинг янгича, ғайриоддий усулини қўллаш учун Амир Темур суякларидан фойдаланишган. Яъни, темурийларнинг хоки ортилган самолёт фронт чизиғи бўйлаб, Сталинград остонасидаги жангда шўроларнинг ғалабасини таъминлаш учун учиб ўтган. Баъзи тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, фронтнинг оғир жойларида шу каби мўъжиза келтирувчи иконалар пайдо бўлар, шунда собиқ Иттифоқ қўшинларига омад кулиб боқар эди. Гарчи собиқ тузум даҳрийликка асосланган бўлса-да, «дўппи тор келиб қолган» маҳалларда мана шундай азиз-авлиёлардан мадад олинган ҳоллар ҳам бўлганлигини кўпчилик таъкидлайди.
Яна бир тахминга кўра, Темур ва авлодлари хоки таркиби асосан осиёлик жангчилардан иборат бўлган ҳарбий бўлинмалар устидан учириб ўтказилган ва бу билан мусулмон аскарларнинг жанговар руҳини кўтаришган. Гўри Амир мажмуаси директори, тарихчи Абдулло Абдуллаевнинг айтишича, урушда бўлиб қайтган қариялар унга айни шу ҳақда гапиришган, аммо олим бунинг илмий ва расмий исботини бирон жойда топа олмаган.
Тарихий ҳужжатнинг бир нусхасини
герметик капсулага жойлаб,
Амир Темур скелети билан бирга кўмишди.
Ниҳоят, 1942 йил 20 декабрда Амир Темур ва авлодларининг хоки ҳурмат билан яна Гўри Амирда дафн этилди. Олимлар бу иш ҳақида тўрт тилда – ўзбек, рус, форс ва инглиз тилларида батафсил далолатнома ёзиб, комиссия аъзоларидан ҳар бири уни имзолади. Тарихий ҳужжатнинг бир нусхасини герметик капсулага жойлаб, Амир Темур скелети билан бирга кўмишди. Худди шуни кутиб тургандек, икки кундан сўнг қизил аскарлар Сталинградни озод қилишди. Умуман, уруш бошланганидан бери шўро аскарларининг қўли энди баланд келиб, фронтда уларнинг қувончли ҳайқириқлари эшитила бошлади. Малик Қаюмов буларнинг бари ҳақида урушдан кейин эшитди ва саналардаги мосликлардан ажабланмади...
Темур сағанаси саргузаштлари шу билан тугагани йўқ. 1943 йил ёзда Гўри Амирга яна экспедиция жўнатилади – бу сафар уни таъмирлаш учун. Курск остонасидаги жанглар арафасида мазкур мажмуанинг реставрацияси учун бир миллион рубль миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Бу эса ўн олтита танк ясашга ёки бир дивизия аскарни бир ой давомида озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлашга етадиган маблағ эди! Таъмирлаш давомида кимдир мақбарани ёпиш ва уни очса уруш бошланиши ҳақида огоҳлантирув ёзиб қўйиш таклифини киритади. Аммо бошқалар буни бир овоздан рад этишган – онгли инсоният бир хатони иккинчи бора такрорламаслигига ҳамманинг ишончи комил эди.
Малик Қаюмов собиқ Иттифоқнинг
энг юксак мукофоти – Социалистик
Меҳнат Қаҳрамони унвонини ҳам олган.
Қаҳрамонимиз Малик Қаюмов эса жангнинг охиригача борди, Берлиндаги ғалаба намойишини кинотасмага муҳрлади. 1945 йил июнда тарихнинг яна бир каромати зоҳир бўлди – бир замонлар уруш бошланиши ҳақида олимларни огоҳлантирган Малик Қаюмов ўша урушнинг тугаши ва ғалаба тўғрисида оламга жар солди.

ХУЛОСА
Шундан кейин Амир Темур ва унинг авлодларини бошқа безовта қилишга ҳеч ким журъат этмади, Эрмитаждаги кўргазма ҳам ташкил этилмай қолди. Садриддин Айний эса мозийдаги буюк саркарда ҳақида замонавий роман ёза олмади.
Малик Қаюмов эса орадан бир неча йил ўтгач, яна қадрдон камерасини қўлтиқлаб Самарқандга йўл олди, у энди мана шу сирли воқеалар тўғрисида «Амир Темурнинг қарғиши» номли фильм ишлади. Унда дунёдан ўтганлар руҳини чирқиратмаслик, мақбара ва қабрларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозимлиги ҳам қайд этилган.
Ўзбекистон Халқ артисти Малик Қаюмов
ёшликдаги сурати билан
Кейинчалик М.Қаюмовнинг фаолияти, ўзбек кино маданиятини ривожлантириш йўлидаги самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, у «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Шунингдек, Нью-Йорк, Венеция ва Лейпциг халқаро кинофестиваллари олтин медалларига лойиқ кўрилган, «Ника» мукофотининг «Шон-шуҳрат» номинацияси ғолиби, «Олтин кабутар» мукофоти совриндори бўлган, собиқ Иттифоқнинг энг юксак мукофоти – Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвонини ҳам олган Малик Қаюмов 2010 йилнинг 29 апрель куни 98 ёшида вафот этди.
Юртимиз истиқлолга эришгач, аждодларимизнинг, азиз-авлиёларнинг номлари, шаъни қайта тикланди, асарлари қайтадан ўрганишга киришилди. Бугина эмас, балки уларнинг мақбаралари, муқаддас қадамжолар обод этилиб, яна зиёратгоҳлар сифатида фаолият кўрсата бошлади. Зеро, ўтмишини улуғлаган юртнинг келажаги ҳам буюкликка дахлдордир. Бунда ўтган буюк аждодларимизнинг руҳлари ҳам бизни қўллаб, мададкор бўлиб турган бўлса, не ажаб.
Турли интернет манбалари ҳамда "Амир Темур қарғиши" фильми материаллари асосида Ҳамидбек ЮСУПОВ тайёрлади.

P.S. Мазкур мақола турли нашрларда, жумладан, 2015 йилнинг 9 апрелида "ҲУҚУҚ ОЛАМИДА" газетасида ҳам чоп этилган. Бироқ уларда нашр талабига кўра мақолага қисқартиш ва ўзгартишлар киритилган. Бу ердагиси эса мақоланинг энг тўлиқ вариантидир.
P.P.S. Кимга ёққан бўлса, бемалол саҳифа остидаги тугмачалар орқали ижтимоий тармоқларда улашишингиз (ReTwit, Share/Поделиться қилишингиз) мумкин, шоир рози. ;)

4 комментария:

Unknown комментирует...

Yashshaaaang Homittog'a! O'qib mazza qildim!

Unknown комментирует...

Ta'sirliii... Tarixsiz kelajak yoʻq deb shunga aytsalar kerak-da?!

Unknown комментирует...

Yashang, kam bo'lmang. Bizning mana shunday ulug' bobokalonlarimiz borligidan faxrlanamiz.

Анонимный комментирует...

Bu haqta tuliq malumotga ega buldim rahmat