вторник, 30 декабря 2014 г.

ЯНГИ ЙИЛ ҚАЧОН ТУҒИЛГАН?

Янги асрнинг ўн бешинчи йилига ҳам эсон-омон етиб келдик ва буни байрам сифатида нишонламоқдамиз. Ёшимизга яна бир ёш қўшилди, сана ўзгарди... Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: нимага асосланиб бу йилни 2015 санаси билан белгилаймиз ва нега у йилнинг бошқа бир кунидан эмас, балки айнан 1 январдан бошланади? Йилнинг бошланишини тантанали кутиб олиш анъанаси қачон пайдо бўлган ва бу байрам ҳозирда дунёнинг турли бурчакларида қандай нишонланади? Бугун шулар хусусида сўз юритмоқчимиз.
Йилнинг бошланишини байрам билан кутиб олиш тарихи жуда узоқ мозийга – тахминан 25 асрлар олдинги замонларга бориб тақалади. Мазкур одат илк бора Икки дарё оралиғи (Месопотамия)да вужудга келган. Ўша ҳудудларда ва Нилнинг қуйи водийларида қадимда яшаган халқлар илк маданият (цивилизация)ни яратишган. Бу ерларда илк маданият ўчоқларидан ҳисобланмиш Шумер, Бобил (Вавилон), Оссурия (Ассирия), Аккад каби давлатлар вужудга келганки, улардан етиб келган бой маданий мерос ва буюк кашфиётлар ҳозиргача инсониятни лол қолдиради. Айни шу заминда, эрамиздан олдинги учинчи минг йилликда Янги йилни байрам сифатида илк бора нишонлашган. Аммо ўшанда бу байрам ҳозиргидек 1 январга эмас, балки март ойининг охирига тўғри келган. Чунки, йилнинг айнан шу вақтига келиб Дажла (Тигр) ва Фрот (Евфрат) дарёларида сув тўлиб оқа бошлаган ва деҳқончилик ишлари бошланган. Бу дегани – яна бир янги ҳосил йилининг келиши деганидир, шу сабабли мазкур паллада 12 кун давом этувчи ўйин-кулги, карнавал ва маскарадлар уюштирилган. Бу байрам даврида ишлаш, жазолаш, маҳкамага тортиш ман этилган. Дарвоқе, «карнавал» сўзи бобилликлар тилида «кема-денгиз» маъносини беради. Бу бежиз эмас, чунки Янги йил байрами томошаларининг кўпчилиги бобилликлар афсоналаридаги илоҳ Мардукнинг Фрот дарёси бўйлаб сузиши тасвири билан бевосита алоқадордир.
Навуходоносор (кўпчилик Шарқ манбаларида «Бухтнаср» дейилади) ҳукмронлиги даврида Бобил қўшини катта жангда яҳудийларни енгиб, ўз ерларига олиб кетганлар ва эллик йил давомида асирликда сақлаганлар. Айнан мана шу даврда яҳудийлар Янги йил байрами билан боғлиқ тантаналар сюжетларини ўзлаштириб олиб уларни Библия таркибига киритганлар. Бобилликлардан олинган янги йилни тантаналар билан нишонлаш анъанаси кейинчалик яҳудийлардан юнонларга, улардан эса бутун Ғарбий Европа халқларига тарқалган.
Бугунги кунда юритилаётган йил ҳисоби, яъни янги эранинг бошланиши Исо пайғамбарнинг таваллудига қараб белгиланган. Буни «милодий» ёки «милоддан аввалги» сўзларидан ҳам англаш қийин эмас – «милод» арабчада «туғилиш» деганидир, яъни бу ерда Исо Масиҳнинг таваллуд санаси назарда тутилади. Янги йил байрами арафасида насроний (христиан) халқларида Рождество байрами ҳам нишонланиши бунга яна бир далилдир.
Турфа халқлар турли замонларда Янги йилнинг кириб келишини нишонланган, аммо улар ҳам ўзаро фарқ қилади. Масалан, Қадимги Мисрда бу байрамни ёзда, Нил тошқини пайтида нишонлашган. Қадимги Юнонистон (Греция)да бўлса, янги йилнинг кириб келиши кундуз энг узун бўлган сана – 22 июнда байрам қилинган. Йил ҳисоби эса афсонавий Геракл шарафига уюштириладиган машҳур Олимпия ўйинларига қараб юритилган. Қадимги римликлар экин ишлари бошланиши даврида, яъни 1 мартда янги йилни кутиб олишган.
Ҳозиргидай янги йил 1 январдан бошланадиган илк календарни машҳур Рим императори Юлий Цезарь жорий қилган. Шунинг учун бугун амалда бўлган календарь унинг номи билан – Юлиан календари деб ҳам юритилади. Аммо ундан кейин ҳам бутун дунёда бу тартибга амал қилинмаган, албатта. Масалан, ўрта асрларда Англияда янги йил боши баҳорнинг бошланишига – 1 мартга тўғри келган.
Қадимги Францияда Янги йил то 755 йилгача 25 декабрдан, кейинроқ 1 мартдан бошланган. ХII асрга келиб, бу байрамни Пасха (насронийларнинг диний байрами) кунида кутиб олишган, 1564 йилга келиб эса, қирол Карл IX нинг буйруғи билан у 1 январга кўчирилган. Буюк Француз революцияси даврларида Янги йил байрамини 22 сентябрда – Республика ташкил этилган кунда нишонлашган.
Германияда XVI  асрнинг ярмидан бошлаб Янги йил 1 январдан кутиб олинган, Англияда бўлса бу XVIII асрга тўғри келади.
Россияда қадимда Янги йил 1 мартда ёки Пасха байрамида нишонланган. 1492 йилда эса, Москва соборининг Янги йилни 1 сентябрда кутиб олиш ҳақидаги қарорини князь Иоанн III расман тасдиқлаган. 1700 йилда Пётр I бу байрамни ва йилнинг бошланишини бошқа Европа мамлакатларида бўлгани каби 1 январга кўчирган.
Шарқдаги кўпчилик халқларда Янги йил баҳорги кун-тун тенглиги ҳамда экин ишларининг бошланиши палласида – 21 мартда бошланади. Бугунгача байрам сифатида нишонланиб келаётган Наврўз ўша даврлардан қолган бўлиб, бу сўз ҳам форсий тилларда айнан «Янги кун» деган маънони билдиради. Йил ҳисобининг бошланиши эса халқларда турлича. Мусулмонларда амал қиладиган ҳижрий-қамарий йил ҳисоби Ойнинг Ер атрофида айланиш даври билан боғланган бўлиб, Муҳаммад пайғамбарнинг Маккадан Мадинага кўчган йилидан бошланади. Йилнинг номланишида ҳам бу акс эттирилган: «ҳижрий» сўзи «ҳижра» – «кўчиш» сўзидан олинган, «қамар» эса кўкдаги Ойни англатади. Ҳижрий-қамарий йилда 355 кун бўлганлиги сабабли йилнинг бошланиши ҳозирда бизда амал қилаётган календардагидан фарқ қилиб, ҳар йили 11 кун орқага сурилиб боради. Эронийларда юритилаётган ҳижрий-шамсий йил ҳисоби ҳам Муҳаммад пайғамбарнинг кўчиш йилидан бошланади, аммо унда йил тартиби Ернинг Қуёш атрофида айланиши билан боғлиқ («шамс» – «Қуёш» дегани) бўлиб, баҳорги кун-тун тенглиги куни – 21 мартда кириб келади.
Қўшимча тарзда таъкидлаб ўтиш ўринлики, мучал йили ҳам 1 январдан эмас, балки кўпчилик Шарқ халқларидаги Янги йил санаси – 21 мартдан ўзгаради. Яъни, мучал бўйича Қўй йили ҳали кириб келгани йўқ, 2015 йилнинг 21 мартидан бошланади, унгача эса От йили давом этмоқда.
Бизнинг халқимизга 1 январнинг Янги йил байрами сифатида нишонланиши руслар анъаналари билан бирга кириб келган. Аммо то 1949 йилгача собиқ Иттифоқда 1 январь санаси дам олиш куни ҳисобланмаган экан.

ТУРФА ОДАТЛАР
Янги йилнинг кутиб олиниши турли халқларда турлича одатлар ва иримлар билан боғлиқ бўлар экан. Эътибор беринг-а:
Итальянлар Янги йил байрамида эски дазмол ва стулларни деразаларидан улоқтиришади.
Панамаликлар имкон қадар баланд овозда шовқин солишади; шу мақсадда бақиришади, ҳуштак чалишади, машиналарда сигнал беришади ва ҳоказо.
Эквадор аҳолиси бу байрамда кийиладиган ички кийимларга эътибор беришади, чунки улар айнан ички кийимлар муҳаббат ва давлат олиб келишига ишонишади.
Бирмада Янги йилни 1 апрелда нишонлашади. Бу пайт ўта жазирама бўлганлиги боис, Қорбобо ва Қорқиз... чўмилиш кийимида юриб совға тарқатишади!
Вьетнамда бу байрам янада қизиқарли кечади – маҳаллий аҳолининг қадимий ақидаларига кўра, Янги йил карп балиғи елкасига мингашганча сузиб келар эмиш. Шу сабабли вьетнамликлар ҳар Янги йил арафасида тирик карп сотиб олиб, байрам куни уни ҳовуз ёки дарёга қўйиб юборишади. Байрам рамзи ҳам арча эмас, балки гуллаётган шафтоли новдаси бўлиб, кишилар шундай новдаларни ўз уйларига илиб қўйишади, бир-бирларига совға қилишади.
Янги йилни янги кийимларда кутиб олиш, муздан ҳайкал ва қасрлар қуриш анъанаси Япониядан бошланган. Кунчиқар юрт вакиллари бу байрам арафасида хаскаш сотиб олишади! Уларнинг ишончларига кўра, айни хаскаш кириб келаётган йилда хонадонга фаровонлик олиб келар эмиш.
Англияда Янги йил кириб келадиган пайти – қоқ ярим тунда соат бонг уриши билан қилинадиган амаллар бор. Соатнинг биринчи бонгида инглизлар ўз уйларининг орқа эшикларини очиб, эски йилни «кузатиб қўйишади». Ўн иккинчи бонг янграши билан уйнинг олд эшикларини очиб, Янги йилни кутиб олишади.
Кубаликлар мазкур байрам арафасида уйдаги барча идишларга сув тўлдириб қўйишади. Янги йил кириб келиши билан бу сувларни кўчага сепишади – эмишки, шу билан уларнинг барча гуноҳлари ювилиб кетармиш.
Сайёрамизнинг жанубий яримшаридаги кўпгина мамлакатларда Янги йилда арча эмас, балки эвкалипт дарахтларини безатишади. Ахир, бу пайтда у ерларда жазирама ёзнинг қоқ ўртаси бўлади-да!
Грецияда хонадон бошлиғи Янги йил тунида кўчадан туриб, ўз уйи деворига анор мевасини улоқтиради. У деворга текканида ёрилиб, доналари қанчалик кўп ва узоққа сачраса, келаётган йил шунча омадли бўлишига ишонишади.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.



ЯНГИ ЙИЛ ЛАТИФАЛАРИ
*          *          *
Чукча ўртоғига мақтаняпти:
– Севгилимга аталган совғани арча остига қўйиб қўйдим, бу ҳақда ўзигаям айтдим!
– Хўш, у хурсанд бўлгандир?
– Билмадим, у ҳозирча ўша арчани излаяпти. Ахир, ўрмонимиз катта-ку!
*          *          *
Икки иримчи аёл суҳбатидан:
– Тасаввур қиласанми, бу сафар Янги йил душанбага тўғри келаркан – оғир кун-ку.
– Ана холос! Ишқилиб, 13-санага тўғри келиб қолмасин-да!
*          *          *
Афанди Чукоткадаги ўртоғига қўнғироқ қилиб, Янги йил билан табриклаётиб, гап орасида сўрайди:
– Сизларда анча совуқ экан, қандай байрам қиласизлар?
– Йўқ, унчаликмас, 20 даражалар совуқ...
– Ҳозиргина телевизорда айтишди-ку, 50 даража эмиш!!!
– Ҳа, шунақа дегин... Йўқ, у кўчадаги ҳароратни айтган.
*          *          *
– Янги йилни қандай кутиб олдинг?
– Билмадим, ҳозирча айтиб беришгани йўқ...
*          *          *
Янги йилга буюртма қилинган Қорбобо болага совғани бериб бўлгач, болакай унинг юзига боплаб туширибди. Қорбобо ҳайрон бўлса, бола дермиш:
– Бу ўтган йили келмаганинг учун!
*          *          *
Байрам куни эшик қўнғироғи жиринглайди, бола очса – Қорбобо турибди, қўлида бир шиша вино.
– Салом, Қорбобожон! Менга совға...
– Кўп алжирама, тирранча! Штопор борми?!
*          *          *
31 декабрь куни «Тез ёрдам»га бир бола қўнғироқ қиляпти:
– Алё! Тезроқ келинглар, дадам ақлдан озибди! Қип-қизил халат кийган, соқол қўйиб олган, ўзини Қорбобоман, деб ҳаммани ишонтиришга уриняпти!
*          *          *
Байрам арафасида бола бор овози билан бақиряпти:
– Қорбобожон, менга байрамга велосипед совға қилинг!
– Бунчалик қичқириш шартмас, – дейди ойиси. – Қорбобо ҳатто шивирлаганингниям эшитади.
– Тўғрику-я, декин дадам қўшни хонага кириб, эшикниям ёпиб олган-да, эшитмай қолиши мумкин.
*          *          *
Байрам дастурхони устида Афанди ҳар сафар қадаҳ узатаётганларида, кўзини юмиб олиб, ичиб тугатгачгина кўзини очармиш. Буни пайқаб қолган ўртоқларидан бири сабабини сўрабди.
– Ҳайрон қоларли жойи йўқ, – дея изоҳлабди Афанди. – «Янги йилдан бошлаб шу зормандага қарамайман», деб хотинимга сўз берганман.
*          *          *
1 январь тонги. Столда хат ётибди:
«Янги йил муборак!
P.S. Кефир холодильникда.
P.P.S. Холодильник ошхонада».
*          *          *
Чеченистон. Постда янги келган аскар турибди. Бир пайт ўша томондан автомат тариллаши эшитилади. Ҳамма шошиб борса, униси хурсанд:
– Ўртоқ старшина! Бизникига соқолли террорчи келаётганди, қўлида портлаткичли халтасиям бор! Мен уни узоқданоқ тинчитдим!
– Эҳ, Жиринов, сенга ўхшаган калтафаҳмлар сабабли, мана уч йилдирки, Янги йилни Қорбобосиз кутиб оляпмиз!
*          *          *
Ғарбликларнинг  Санта-Клаусидан ўзимиздаги Қорбобонинг қандай фарқи бор?
– Уларники ҳамиша ҳушёр ва ёлғиз. Бизники эса доимо ширакайф ва ёнида қизчасиям бор...
*          *          *
Икки актёр Янги йил арафасида Қорбобо бўлиб уйларга борадиган бўлишган. Улардан бири шеригига дейди:
– Илтимос, бизникигаям ўзинг кириб, болаларни табриклаб ўт!
– Ўзинг кирсангам бўлади-ку, гримда сени таниб бўлмай қолди.
– Э, мен қиммат оламан-да!
*          *          *
– Қорбобо нега ҳамиша ёнида Қорқизни олиб юради?
Ахир, уйга қайтишда кимдир ёрдам бериши керак-да!
*          *          *
Болакай совға берган Қорбобога миннатдорчилик билдиряпти:
– Қорбобожон, менга келтирган соваларингиз учун... ҳалиги... катта раҳмат!
– Арзимайди, болажоним!
– Менимчаям арзимайди ўзи. Лекин ойим шунақа дегин, деган-да.
*          *          *
Почтага хат келиб тушган экан, қарашса, Қорбобога атаб бир бола юборган. Уни қаерга жўнатишни билмасдан, очиб ўқиб кўришибди, унда шундай ёзилган экан: «Қорбобожон, Мен совуқ жойда яшайман, иссиқ кийимим йўқ, ота-онам олиб беришмаяпти. Кўчага чиқиш учун пальто, этик, телпак ва қолқопим йўқ. Илтимос, Қорбобожон, менга Янги йилга совға қилиб шулардан биттагинадан олиб келинг!»
Почта ходимлари, савоб иш қилиш ниятида, ҳар ким имкониятига яраша пул йиғишибди ва бола сўраган кийимларни олишга боришибди. Аммо пул сал камлик қилиб, қўлқопга етмай қолибди. Ноилож боини бир яшик қилиб, манзил бўйича жўнатишибди.
Янги йилдан сўнг ўша боладан яна хат келибди, албатта, Қорбобога аталган. Почтадагилар очиб ўқишибди: «Раҳмат, Қорбобожон! Совғаларингизни олдим, лекин қўлқопи етиб келмабди. Ҳойнаҳой, почтадагилар олиб қолишган бўлса керак...»
*          *          *

Арча бозоридаги эълон:
«Харидорлар, тўғри тушунинг: кимнинг уйида ясама арча турган бўлса, уникига байрамга қалбаки совғалар билан сохта Қорбобо келади!»
*          *          *
Янги йилни «бир амаллаб» ўтказиб олган, зўрға кўзини очиб, хотинидан сўраяпти:
Янги йил кириб келиб бўлдими?
­ Ҳа, байрам ўтиб бўлди.
­ Бугун нечанчи число?
­ Иккинчи январь.
­ Биринчисиям бўлганми?
*          *          *
1 январь куни туш пайти телефон жиринглаб қолибди. Кечаги байрамдан сўнг ҳали уйқудан уйғонмаган Афанди зўрға кўзини очиб, аввал соатга қарабди, кейин гўшакни олиб бақирибди:
­ Ким ўзи бу, саҳарлаб ўн учу ўттизда безовта қиладиган?!!
*          *          *
Эркак кишининг ривожланиш босқичлари:
1. У Қорбобога ишонади.
2. У Қорбобога ишонмайди.
3. Унинг ўзи Қорбобо бўлади.
*          *          *
Болалар боғчасида Арча байрами бўляпти. Қорбобо келган, болалар билан бирга Қорқизни чақиришяпти:
­ Қорқиз! Қорқиз!
Қорқиз эса ҳадеганда келавермайди. Қорбобонинг чорлови билан болалар янада қаттиқроқ чақиришади. Шунда олдинги қаторда ўтирган бир болача ёнидан мобиль телефон чиқаради:
­ Ойи, мен сал ушланиб қоламан ­ Қорқиз келмаяпти.
*          *          *
1 январь тонгида шаҳар касалхонасида врач палатага кириб, касалларни кўздан кечирмоқда:
­ Иванов шу ердами?
­ Ҳа, шу ердаман!
­ Фамилиянгиз?
*          *          *
Янги йил байрамида суғурта компаниясига қўнғироқ бўляпти:
­ Айтинг-чи, телефон орқали уйимизни суғурта қилдирсак бўладими?
­ Йўқ, лекин жуда хоҳласангиз, биз ҳозироқ вакилимизни жўнатишимиз мумкин, у сиз билан шартнома тузиб келади.
­ Бўлади, фақат тезроқ бўлинг! Бизда аллақачон арча ёниб, гилам ҳам тутай бошлади!
*          *          *
Байрамда ҳушёрхонага олиб келинган навбатдаги кишидан сўрашяпти:
­ ...Ёшингиз?
­ Эсимда йўқ.
­ Майли, унда айтинг-чи, «Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг» фильмини неча марта кўргансиз?
­ Йигирма марта, шекилли.
­ Бўлди, йигирмада экансиз.
*          *          *
«Қорбобожон, илтимос, байрамга менга арча остига бир стакан муздек кефир юбор!»
*          *          *
31 декабрда ресторанда тушлик пайти хўрандалардан бири:
­ Официант, менга қанақа бифштекс бердингиз ўзи!? Ярим соатдан бери уни кесолмаяпман!
­ Жаноб, шошилмасангиз бўлмайди. Бугун байрам, кечқурунги тадбир учун зални эртароқ бўшатиб қўйишимиз керак.
*          *          *
Янги йил дастурхонида стол устидан вилка тушиб кетибди, аммо Афанди уни полга тушмасиданоқ ушлаб қолишга улгурибди.
­ Худога шукур, энди ҳеч қандай меҳмон келмайди!
Шу пайт хонадоннинг кичкина қизи чопиб кирибди:
­ Дада, дада! Холам лифтда қисилиб қолибдилар!
*          *          *
­ Янги йил байрами нима ўзи?
­ Бу ­ нонушта билан тугайдиган кечки овқат.
*          *          *
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими илон изи юриш қилиб келаётган автомобилни тўхтатди:
– Сиз жуда нотекис келяпсиз, бунинг устига тезликни ҳам оширдингиз...
– Шошяпман-да, ўртоқларим билан Янги йилни кутиб олгандик, анча ўтириб қолибмиз. Хотиним хавотирланаётгандир, тезроқ боришим керак...
– Нима?! Қанақа Янги йил? Ахир февраль бошланиб бўлган-ку!
– Айтдим-ку, анча ўтириб қолибмиз, деб...

Ўзим тўпладим, борми савол? :)

суббота, 27 декабря 2014 г.

МАКЕДОНСКИЙНИ ЎЛДИРГАН ЧИВИН

Ҳиндистондан то Ливия ва Болқонга қадар бўлган ҳудудларни қамраб олувчи улуғ империя асосчиси, шуҳратига Юлий Цезарь ҳам ҳавас қилган қўмондон Александр Македонский, шунча қирғинбарот жанглардан ўтиб, оддийгина чивин чақишидан ўлган. Ҳар ҳолда, «Дискавери» телеканали тақдим этган бир версияга кўра, милоддан аввалги 323 йилнинг 10 июнида Бобилда жон таслим этган бу фотиҳнинг ўлимига чивин сабаб бўлган.

Аниқроғи, бу чивин ўзи билан ўта юқумли ва оғир касаллик — Ғарбий Нил безгаги вирусини олиб келган ва бу хасталик енгилмас саркардани ҳаётдан олиб кетган экан. Америкалик тадқиқотчилар — Виржиния штати соғлиқни сақлаш департаменти эпидемиологи Жон Марр ва Колорадо штати университетининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси Чарльз Кэлишер шунга қаттиқ ишонишмоқда. Улар бу фаразларини юқумли касалликларга бағишланган «Emerging Infectious Disaeses» ахборотномаси саҳифаларида илмий жиҳатдан асослаб беришган. Майли, бу масалага ҳали қайтамиз, ҳозирча эса империянинг таназзулига сабаб бўлган ўша ўлим тафcилотларига тўхталсак.
Ўшандан бери ўтган деярли икки ярим минг йиллик муддат ичида буюк саркарда тўғрисида юзлаб, ҳатто минглаб китоблар ёзилган. Бу масалага бағишланган барча жиддий тадқиқотлар антик давр тарихчиларининг ёзиб қолдирган асарларига суяниб олиб борилган. Ўша қадимий тарихчилар эса Александр саройи кундаликларидан ва унинг лашкарбошилари китобларидан фойдаланиш ҳуқуқи ва имкониятига эга эдилар. Аммо бу кўҳна кундалик ва солномалар илк манбалар бизгача етиб келмаган. Мазкур тарихнавислар — биринчи навбатда қуйидагилар эди: Квинт Энний Флавий Арриан (тахминан эрамизнинг 95-175 йилларида яшаган), Плутарх (тахминан 45-127 йиллар) ва Сицилиялик Диодор (тахминан эрамиздан аввалги 90-21 йиллар). Уларнинг учаласи ҳам Афина ҳокими Гегесий томонидан уюштирилган 114-олимпиада ўйинлари даврида — Десий ойида бўлиб ўтган воқеаларни деярли бир хил тарзда тасвирлашган. Бу кўрсатилган вақт ҳозирги ҳисоб бўйича эрамиздан аввалги 323 йил май ойининг охирлари, июннинг бошларига тўғри келиб, ўшанда мағлубият нималигини билмас Александрнинг ҳаётини касаллик икки ҳафтадаёқ поёнига етказиб қўйганди.
Безгак умуман кутилмаганда бошланди: бу пайтда Бобилда шоҳона зиёфат авжида бўлиб, бир неча кундан сўнг Искандарнинг қўшини Арабистон орқали Ғарбга юриш бошлаши режалаштирилганди. Шу мақсадда Ўрта Ер денгизи соҳилларидаги провинцияларда сон-саноқсиз кемалар Италия, Сицилия, Иберия ва Африкани забт этиш учун жанговар сафарга тайёрлаб қўйилганди. Бобилда жойлашган флот эса Африкани жанубдан айланиб ўтиб, Геркулес устунлари орқали Ўрта Ер денгизига кириб келиб, Карфагенга ғарбдан ҳужум қилиши керак эди. Кўҳна тарих бунчалик катта ҳарбий амалиётга гувоҳ бўлмаган; замонамизнинг йирик тарихчиларидан сэр Арнольд Тойнби ўзининг «Ўшанда Александр ўлмаганида эди...» деб номланувчи ҳикоясида шунга ишонч ҳосил қиладики, Ўрта Ер денгизи ҳавзаларини забт этиб бўлгач, у Ҳиндистон фатҳини ҳам тугатиб, ўз империясига Хитойни ҳам қўшиб олган бўларди. Ахир, ўшанда у ҳали 32 ёшда эдида.
Хулласи калом, ҳолдан тойдирувчи безгакнинг биринчи хуружидан кейин навбатдагилари бостириб кела бошлади. «Касаллик зўрайди; табибларни чақиришди, лекин ҳеч ким ҳеч бир восита билан ёрдам бера олмади», дея ёзади Диодор. Ҳарбий сафар буйруғи бекор қилинди. «У саркардаларини танирди, аммо уларга ҳеч нарса деёлмасди; аллақачон унинг овози чиқмай қолганди», дея таъкидпайди Арриан. «Дастлаб, унинг заҳарланганига ҳеч ким шубҳа қилмаганди», дея гувоҳлик беради Плутарх.
Александрни текширган табибларнинг барчаси ўша пайтда унга фақат безгак ташхисини қўя олишган. Ярим олам ҳукмдори бўлмиш бу жаҳонгирнинг ичадиган шаробига зиёфатда заҳар қўшиб берилганлиги, бу ишга гўёки унинг устози Аристотель (Арасту)ҳам аралашганлиги ҳақидаги гап-сўзлар эса орадан олти йил ўтгачгина пайдо бўлган. Бу миш-мишлар туфайли кўпчиликни қатл этишган (файласуф Арасту ҳам шогирдининг ўлимидан бир йил ўтиб вафот этганди). Заҳарланиш тўғрисида ёзаркан, Арриан шундай дейди: «Мен буларни билганим учунгина ёзяпман, бу хабарга ишонганим учун эмас». Плутарх ҳам бунга ишора қилган: «Заҳарлаш воқеасини кўпчилик уйдирма деб ҳисоблайди». Заҳарларнинг айрим турларигина тана ҳароратининг ошишига сабаб бўлади, узоқ муддатли безгак келтирувчи заҳарлар эса ўша пайтларда маълум бўлмаган, дея изоҳ беришади Марр ва Кэлишер юқумли касаликлар ахборотномасида:
Ўша пайтдаги манбаларда Александрнинг ўзи ҳақида ёзиб қолдирилган маълумотларга таянган кейинги айрим мутахассислар унинг тиф (ичтерлама)га чалинганлигини тахмин қилишади, бирок, тадқиқотчиларнинг кўрсатишларича, бу касаллик ўта юқумли; унинг Бобилда кенг тарқалганлиги ҳақида сарой йилномачилари ҳеч нима ёзиб қолдирмаганлар. Марр ва Кэлишер шунга асосланиб, грипп, малярия, шистосоматоз, туляремия, энцефалит, эндокардит каби бир қатор касалликлар тўғрисида ran ҳам бўлиши мумкин эмаслигини келтиришади.
Шу пайтгача аввалги тадқиқотчиларнинг эътиборидан четда қолиб келаётган Плутархнинг қуйидаги қайдлари янги версия муаллифларининг диққатини ўзига жалб этди: «Шаҳарнинг (Бобилнинг) дарвозаси олдига келиб, у қарғалар тўдасини кўрди; улар ҳар томонга учишар ва бир-бирларини чўқишарди. Бир нечта қуш унинг ёнига тушди». Айнан мана шу икки жумла туфайли тадқиқотчилар Гарбий Нил безгаги ҳақида ўйлаб қолишди. Чунки бу юқумли касаллик нафақат инсонларга, балки қушлар, айниқса, қарғалар тўдасига ҳам ҳужум қилади.
Тиббиётчилар ўз тахминларини ГИДЕОН (GIDEON — умумжаҳон юқумли касалликлар ва диагностика тармоғи) номли электрон ташхис дастурида текшириб кўришди. «Биз Александрдаги барча симптомларни киритиб, қушлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам қўшганимизда жавоб юз фоиз Гарбий Нил безгаги касаллигини тасдиқлади», — дейди Кэлишер «Nature» журналига берган интервьюсида. Бунгача Александр ўлимини текширган олимларнинг мазкур касалликни аниқлай олмаганларининг сабаби оддий: Ғарбий Нил безгаги касаллиги 1999 йилда, тасодифан АҚШ ҳудудларига келиб қолгандан кейингина жаҳонга маълум бўлган. Ўша йилнинг ўзида бу касаллик вируси 240 нафар америкаликни ҳаётдан олиб кетди, бу безгакка чалинганлар сони эса, мамлакат Соғлиқни сақлаш министрлиги берган маълумотга кўра, 9000 нафарга яқинлашади.
Мазкур касаллик Осиё ва Африканинг кўплаб мамлакатларида аввалдан тарқалиб турган, бироқ 1937 йилга келибгина Угандада унинг тавсифи ишлаб чиқилган. Ироқдаги чивинларнинг уч тури ушбу вирус ташувчилари ҳисобланади. Бу хасталик уч кундан то уч ҳафтагача давом этиши мумкин, унинг инкубацион даври ҳам худди шундай. Дарвоқе, Арриан берган маълумотга кўра, Мидиядан Бобилга қайтган Александр кўлларда «кемани ўзи бошқарган ҳолда» сузган. Мазкур кўллар атрофидаги ботқоқликлар эса вирус ташувчи чивинларнинг кўпайиш жойи ҳисобланади. Безгак одатда фақат организми нимжонлашиб қолган кишиларнигина ўлимга олиб келиши мумкин. Аммо илгари ҳам ичишни канда қилмай келаётган ёш подшо ўз умрининг кейинги ойларида шароб ичишда меъёрдан умуман чиқиб кетганди; мунтазам шаробхўрлик эса нафақат жангу жадалларда чарчаган шахснинг, балки одатий юмушлар билан банд бўлган кишининг ҳам баданини толиқтириб қўяди.
Албатта, бошқаларнинг сўзига ишонган ҳолда аниқ ташхис қўйиш унчалик тўғри эмас. «Аммо Марр ва Кэлишернинг тахминлари жуда мантиқли ва ишонарли кўринади», дейди Род-Айленд университети эпидемиологи Томас Мейтер «Nature» мухбирига.
Шоҳнинг ўлимидан сўнг унинг саккиз нафар қўмондони (диадохлари) империяни ўзаро тақсимлаб олишди. Александр ўзини Мисрнинг Сива воҳасидаги илоҳ Амон Ра эҳромига дафн этишларини хоҳлаганди. Аммо Мисрга эга чиққан Птолемей ўз пойтахти Александрияда унга мавзолей қурдирди. Мақбара мазкур шаҳарга асос солган, маъбудлар билан тенг тутилган ҳукмдорга муносиб тарзда қойилмақом қилиб қурилган. Кейинчалик зиёрат қилган Юлий Цезарь бу мақбарага қимматбаҳо туҳфалар бахш этган. Император Август Александрнинг бошига тилла гулчамбар қўйдирган. Император Калигула бўлса, аксинча, подшонинг кўкрак безагини ўзлаштириб олиб, тантанали маросимларда уни тақиб юрган. Бу мақбарага Рим императорларидан сўнгги бора эрамизнинг 215 йилида Каракалла ташриф буюриб, ўзининг шоҳона тўни ва қимматбаҳо безакларини ҳадя этган.
Шундан кейин бу мақбара тўғрисида ишонарли маълумот учрамайди. 392 йилда Византия империясида насронийлик давлат дини даражасига кўтарилгач, Апександрияда ҳам эски динларга мансуб ибодатхона ва меъморий ёдгорликлар йўқ қилина бошлади. Кўпчилик тарихчиларнинг фикрига кўра, 397 йилда Александрнинг мақбараси ҳам бузиб ташланган, бироқ бу фактни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ.
Афсоналардан бирида айтилишича, Македонскийнинг мўмиёланган жасади солинган тобут Александриядан махфий олиб кетилиб, яшириб қўйилган. Уни қидириш ишлари эса асрлардан бери давом этмоқда. Ўтган асрнинг ўзида унинг қабрини топиш учун расмий тарзда 150 га яқин илмий экспедиция ташкил этилган. 1805 йилдан бери етти бора, жумладан, 1990-йилларда ҳам икки марта унинг топилганлиги эълон қилинди. Аммо Александрнинг тобути ҳозиргача топилган эмас.

4ygeca.com сайтидан Ҳамид ОҒА таржимаси.


суббота, 25 октября 2014 г.

КИТОБ ҚОТИЛИ


Аҳмад УМИД
КИТОБ ҚОТИЛИ
Комиссар Навзод билан унинг ёрдамчиси Али кўзларини узмасдан тикилиб, мени диққат билан кузатишарди. Сигарета тутунидан бўғриққан бу кичик хонага кирганимиздан бери учинчи бора комиссар Навзод мендан шу гапни сўраши:
– Агар шанба куни, соат ўн етти яримдан ўн тўққизгача қаерда бўлганингизни айтмасангиз, сиздан ҳам гумонсирашимизга тўғри келади.
– Тушунмаяпман, – дедим ҳайрат билан. – У танқидчини нега мен ўлдирарканман?
– Охирги романингизни тан​қид қилиб, роса ерга урган, – дея бошимни қотиради Али. Олифтанамо кийимлари, мулозаматли муомаласи билан у полициячидан кўра кўпроқ даллолга ўхшаб кетарди.
– Бунинг учун одам ўлдирадими киши?
– Нималар деяпсиз ўзи? Кимдир ёмонроқ қаради, деб ҳам жиноятга қўл ураётганлар бор мамлакатимизда.
– Мен унақалардан эмасман.
– Бунга ҳозирча ишонолмаймиз, – деди Навзод.
– Бунинг устига, бизга ёлғон гапирганингиздан кейин, – дея унинг гапини тасдиқлади Али. – Эмишки, шанба куни ҳужжат имзолаш учун Эскишаҳарга борганмиш бу киши.
– Мен сизларга ёлғон гапирганим йўқ... Имзо иши ростданам бор эди, сўнгги соатларда бекор қилинди.
– Бизни эмас, рафиқангизни алдагансиз, – деркан, Али «рафиқангиз» сўзига алоҳида урғу берди. – Хотинига ёлғон гапирган киши, ким билади, бизга қандай эртаклар айтаркан?
Қарасам, вазият мен ўйлаганимдан кўра жиддийга ўхшаяпти. Тўғрисини айтишдан бошқа чорам йўқ, шекилли.
– Биласиз-ку... – дейман гапни узоқдан бошлаб. – Сизнинг ҳам бошингизга тушгандир балки... Вақт ўтиши билан оилада бир хиллик келиб чиқа бошлайди, киши бундан зерикиб, саргузаштлар излайди...
Гап қаёққа бораётганини тушуниб Али қиқирлади, комиссарнинг эса қошлари чимирилди:
– Илтимос, очиқроқ гапирсангиз?
– Хўп, – дея тушунтира бошладим. – Шанба куни бир аёл танишим билан бирга эдим. «Кактус» кафесида учрашдик, Бейўғлида. Тушдан кейинги соат беш яримлар атрофида.
Мен гапираётганимда Али дафтарига қайдларни тушира бошлади.
– Гапларингизни тасдиқлаш учун кафеда бирор гувоҳ бормиди?
– Бармен Эҳсон мени танийди. Ундан сўрашингиз мумкин.
– Хўп, кейин нима қилдинглар?
– Ўртакўй мавзесига тушдик, бир ресторанда овқатланиб, у ердан қизнинг уйига кетдик.
– Ким эди у қиз?
– Исми Нармин, ёш шоира.
– Телефони борми?
Нарминнинг телефон рақамини ёддан айтдим. Навзод эса, рақамни ёзиб олган ёрдамчисига ўгирилди:
– Сен ўша «Кактус» кафесидаги барменни, кейин қизни суриштириб кўр.
– Бош устига, бошлиқ, – деркан, Али ўрнидан қўзғолди. Ёрдамчиси чиқиб кетмасидан, комиссар яна бир топшириқ берди:
– Йигитлардан ҳам сўраб кўр-чи, эшикбонни келтиришибдими? Нашриёт хўжайини билан юзлаштирамиз.
Демак, қайсидир нашриётнинг хўжайини ҳам бор. Ким экан, ажабо? Ёки менинг ношириммикан? Лекин буниси ўта аҳмоқона иш!
– Ўша нашриётчи, – дедим Али чиқиб кетгач, – Ойтуғ Гўкча эмасми?
Навзод бироз шошиб, аммо совуққонлигини йўқотмасдан юзимга қаради.
– Қаердан биласиз?
– Китобимни танқид қилгани учун Сулаймон Сомеъни ўлдирган, дея мени қотилга чиқардингиз, демак, ноширимни ҳам айбдор ҳисобласангиз керак. Ойтуғ Оғани ҳам сўроққа тутдингизми?
Саволимга жавоб бериш ўрнига, комиссар стол устидаги сигарета қу​тисига қўл чўзди. Бир дона олиб, лабларига яқинлаштираркан, кўзларини менга қадаб, «Чекасизми?» дея сўради.
Олдим, то чекиб тугатгунча айтарли гаплашмадик. Аслида вазиятни сал анг​лаб олиш учун бир-икки савол ташлаб кўрдим, аммо комиссар ёқар-ёқмас, мавҳум муомала қилди. Токи Али келиб, гапларимни бармен ва Нармин тасдиқлаганини айтгунча шу мавҳумлик давом этди. Ёрдамчисининг бу хабаридан сўнг эса комиссар юмшади. Тўртбурчак қиёфасидаги қаттиқ аломатлар ёйилиб, нигоҳларига ҳамоҳанг бир ифода ўрнашди.
– Ойтуғ Гўкчани яхши танийсизми? – дея сўради.
– Танийман. Уни айбдор, деб ўйлаяпсизми?
– Сулаймон Сомеъ танқид қилган учта китоб унинг нашриётида босилган.
Бу гапни эшитиб кула бошладим.
– Шунчалик кулгилими? – деди Навзод.
– Кулгили-да, – дедим. – Раҳматлининг танқид қилган китоблари у мақтаганларидан кўра кўпроқ сотиларди.
Иккала полициячи ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қарашди. Аввал Навзод ўзини йиғиштириб олди:
– Аммо мусаҳҳиҳ Солиҳ шанба куни шу ноширингизни тан​қидчининг уйида кўрган.
– Мунаққиднинг уйида Солиҳнинг нима иши бор экан? – дедим ҳайратланиб.
– Сулаймон Сомеънинг янги китоби таҳририни олиб келган. У уйдалигида Ойтуғ Бей келган. Солиҳ уларни ёлғиз қолдириб чиқиб кетган.
– Бунда шубҳали бирор ҳолат йўқ, иккаласи дўст эдилар. Бунинг устига ўша, Солиҳ Бей таҳрир қилиб келган китоб ҳам бизнинг нашриётда чиқадиган эди.
Бироз муддат хонада ҳеч ким гапирмади. Сукунатни яна комиссар бузди:
– Хўп, Ёқуб Қирочни танийсизми?
– У дўстим бўлади, – дедим. – Туркиянинг энг яхши ҳикоянависларидан бири у.
– Ўша яхши ҳикоянависингиз бир неча кундан бери қорасини кўрсатмаяпти.
– Ёқуб ўзи девонасифат одам, – дедим ўртоғимни ҳимоя қилиш учун. – Кўнглига тушган пайти ҳеч кимга айтмасдан, боши оққан томонларга кетиб қоладиган одати бор.
– У уч кун олдин бир жойда Сулаймон Сомеъ билан ёқалашиб қолган экан.
– Хабарим бор, нохуш бир воқеа. Аммо Ёқуб бировни ўлдира олмайди.
– Уни топсак, буниям аниқлаймиз, – деди Навзод бош чайқаб.
– Сулаймон Сомеъни ёзувчилар хушламас эканлар, – дея бу сафар Али сўроқ бошлади. – Сизнинг ҳам ундан аччиқланган пайтларингиз бўлганми?
– Авваллари роса жаҳлим чиқарди, бироқ кейинчалик, унинг танқидлари кўп ҳолларда ноҳақ экани, гина-кудуратга асосланганини пайқаганман. Ўзини ўзи еб битирарди, бечора.
– Лекин бошқалар сиз каби фикрламас эканлар, унинг умрига умрига нуқта қўйишибди, – деди Али.
– Нега қотилни айнан адабиёт аҳли орасидан излаяпсиз? Бошқа биров, масалан, ўғри бўлиши мумкин-ку?
– Уйдан ҳеч нарса ўғирланмаган. Тағин, жиноятдан сўнг қотил, адабиётга оид муҳим журналларни излаган, танқидчини ўлдиргани ҳақида телефон орқали хабар берган. Ўзининг адабиёт ихлосманди эканлигини, Сулаймон Сомеънинг эса китоб қотили, адабиёт душмани эканлигини айтган. Жиноятнинг сабаби сифатида эса, Сулаймон Сомеънинг адабиётга зарар бераётганини пеш қилган.
– Қизиқ, – дедим. – Балки қотил ашаддий бир адабиёт мухлисидир. Севган адибини Сулаймон Сомеъ танқид қилгач, у жиноятга қўл ургандир?
– Бу гапингиз тўғри бўлиши мумкин эди, аммо Сулаймон Сомеъ уни уйига киритган. Одамлар билан унча чиқиша олмайдиган мунаққиднинг дуч келган мухлисни ўз уйига киритаверишига ишониб бўлмайди. Қотил танқидчининг яқин танишларидан бири бўлса керак. Жиноят пичоқ ёки ханжар каби, тиғли бир нарса билан амалга оширилган. Ижодининг 25 йиллиги тадбирида совға қилинган, мактуб очишга мўлжалланган кумуш пичоқча бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпмиз. Ҳамиша стол устида турадиган мактуб очгични тополмадик, далилни йўқотиш учун қотил олиб кетган бўлса керак.
– Унинг қўнғироқ қилиши, – дедим ўйга чўмиб, – сизни чалғитиш учун қилинган бўлишиям мумкин-ку? Балки қотил, жиноятини адабиётшуносларга тўнкаш учун шу йўлни танлагандир?
– Бўлиши мумкин, аммо ҳозирча бу ҳақда қўлимизда ҳеч қандай далил йўқ, – деди Навзод. Кейин ташриф қоғозини узатаркан, қўшиб қўйди: – Сиздан илтимос, бирор нимадан хабар топсангиз ёки эшитиб қолсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
– Хавотирланманг, – дедим ўрнимдан туриб. – Бирор нимани билсам хабардор қиламан.
Уйга келиб, хотинимнинг саволларига бир амаллаб жавоб бергач, ижод хонамга кириб, Сулаймон Сомеъни ким ўлдирган бўлиши мумкинлигини ўйлай бошладим. Қотилнинг ёзувчи бўлиши менга жуда кичик бир эҳтимолдай туюлади. Адибларнинг кўпчилиги, ўзлари сезсалар-сезмасалар-да, мангуликка интиладилар. Аммо бу абадийликни жиноятлар билан эмас, балки асарлари билан таъминлашга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун, агар ақлдан озган бўлмаса, бирорта ёзувчи мангулик орзусини мунаққидни ўлдириш жиноятига қурбон қилишига ишонмайман. Хўш, унда ким бўлди экан бу қотил? Қариндошлари десам, у бадавлат эмас эдики, бирортасига каттароқ мерос қолса. Ишқий можаро десам, Сулаймон Сомеъ бунақа ёшдан ошганига анча бўлган. Сиёсий жиноятмикан десам, сиёсатга аралашмаслигини ҳамма билади. У ҳолда ким, нега ўлдирди бу кишини? Шуларни ўйлаб ўтирсам, худди саволимга жавоб бергандек, телефон кетма-кет жи​ринг​лай бошлади.
– Алло, эшитаман?
– Алло, – деди қувноқ бир овоз. – Мен, Ёқубман.
– Ёқуб... Оғайни, қаердасан? Полиция сени излаяпти.
– Уйга келишибди, эшитдим. Сулаймон Сомеъ иши бўйича. Нақадар ифлос-а у! Ўлигиям бизни тинч қўймайди.
– Унақа дема, нима бўлсаям адабиётга алоқадор одам.
– Ўшами? Кулгимни қистатма... Сенам қизиқсан-а, сен ҳақингда ёзмаган бўҳтони қолмади. Тағин ёнини оласан!
– Нима бўлса, бўлиб ўтган, – дедим. – Ўлди-кетди, орқасидан гапирмайлик энди.
– Нега гапирмас эканмиз? Ўлганлиги уни оқлаёлмайди.
– Балки сенга ёмонлиги теккандир, аммо...
– Менга ёмонлиги тегиши муҳим эмас, – дея портлаб кетди у. – Асли ёмонлиги адабиётга тегди. Унга таъзим қилганларни кўкларга кўтариб мақтар, йўлига юрмаганларни эса ерга киритишга уринарди. Бунақа танқидчилар бор мамлакатда адабиёт тараққий этадими? У бир душман эди. Китоб қотили эди.
– Бу сўзларни қаердан эшитдинг? – дея сўрадим ваҳима билан.
– Қайси сўзларни айтяпсан? – деди у довдираб.
– «У бир душман эди, китоб қотили эди», деган гапларингни.
– Эслай олмайман... Газетада ўқигандим, шекилли.
Бошим қотди, танқидчини Ёқуб ўлдирган бўлиши мумкинми? Чидолмасдан, яна сўроққа тутдим:
– Қаердасан? Айт, бориб олиб келай.
– Қўявер... Истанбулдан таш​қарида бир жойдаман-да.
– Қачон чиқиб кетгандинг Истанбулдан?
– Шанба кечаси.
«Жиноятдан сўнг», деган фикр хаёлимдан ўтди.
– У ёқ-бу ёқда сандироқлаб юрма, – дедим огоҳлантирувчи оҳангда. – Қўлга олишса, бошинг балога қолади. Яхшиси кел-да, полицияга таслим бўл.
– Боролмайман. Бу ерда кайфим чоғ. Ўша ярамас ўлибди, дея оромимни бузиш ниятим йўқ.
– Тушунмаяпсан...
– Тушуняпман, тушуняпман... Шунча меҳрибончилик қилганинг етади. Майли, омон бўл, – дея трубкани қўйиб қўйди у.
Бу орада эшик очилиб, хотиним кириб келди.
– Боя айтишни унутибман, – дея қўлидаги папкани узатди. – Мусаҳҳиҳ Солиҳ Бей келиб, мана бу қораламаларингизни ташлаб кетувди. У ер-бу ерини тўғирлабди, уч саҳифалик илова ҳам ёзибди.
Хаёлим ҳамон Ёқубда, бир лаҳза хотинимнинг нима деётганини англаёлмай турдим. Узатган папкасини қўлидан олаётиб, ҳаммасини тушундим. Эски романимнинг иккинчи нашри учун тайёргарлик кўраётгандик. Папкани очиб, ичидагиларни чиқардим. Саҳифаларда қизил ручкада белгиланган ҳарфлар, жумлалар кўринади. Булар яхши-ку, лекин романнинг охирига қўшилган, «Танқид ва таклифлар» сарлав​ҳали уч варақ ёзув нима экан?
Хотиним хонамдан чиқаркан, Солиҳ Бейнинг яна бир илтимоси борлигини – тузатишларни киритгандан сўнг уйига жўнатишимизни сўраганини айтди. Қизиқ, илгари ҳеч бунақа одати йўқ эди, қораламаларни нашриётдан оларди.
Хотиним чиқиб кетгач, тағин Ёқубни қотилми-йўқми дея ўйга толдим. Полицияга қўнғироқ қилсаммикан? Йўқ, Ёқубга нисбатан бундай қилолмайман. Яхшиси, бояги телефондаги суҳбатимизни эсимдан чиқараман, вассалом. Шундай дея, Солиҳ Бейнинг тузатишларига қайтдим.
Аввало, нималарни ёзган экан, дея «Танқид ва таклифлар»ини ўқий бошладим. Образларни янада ёрқинроқ ифодалашим учун бир неча таклифлар билдирганки, сўзларида жон бор. Асардаги воқеалар тасвири билан алоқадор қайдлари ҳам бор. Ўйлаб кўришга арзийди. Аммо менга асосий таъсир қилган нарса – қайд​ларнинг охирига илова қилинган охирги абзац эди. Унда романнинг яхши эканлиги, мавҳумликнинг аниқликдан кўра устунроқ эканлиги ҳақида сўз юритиларди. Бу абзац, худди романнинг қисқача тавсифи каби, шу қадар чуқур маъноли, мазмундор эдики, мисоли бир ажойиб шеърдай кишини ҳаяжонга соларди. Бирор жойдан ўғирлаган бўлса керак, дея хаёлимдан кечди. Лекин шу гумоним ҳам ҳаяжонимни, унинг ёзганларига нисбатан ҳурматимни камайтирмади. Солиҳ Бей билан суҳбатлашгим келди ва қораламаларни ўзим олиб боришга қарор қилдим.
Эртасига Ёқубни Бўдрумда қўлга олиб, дарҳол Истанбулга келтиришибди. Ёқуб ўша жиноят содир этилган пайти ўз уйида ёлғиз бўлганини айтса-да, унга ишонишмабди. Уйини тинтув қилиб, мактуб очгични топа олишмаса-да, тергов давом этарди.
Сулаймон Сомеъни тупроққа топширадиган куни мен Солиҳнинг уйига бордим. У Қуртулуш мавзесидаги эски бир кўп қаватли бинода туради. Мени кўриб, юзи буришди, аммо кейин ўзини тутиб олди.
– Қораламаларни келтиргансиз, фаҳмимча, – деди у ўзига ишонган бир тарзда. – Мен ҳам сизни кутаётгандим, марҳамат.
Бу кишига нима бўлибди, дея ўйлаб қолдим. Деворлари кутубхонага айлантирилган кенггина хонанинг ўртасида, ёғоч стол ёнидаги иккита оромкурсидан бирига ишорат қилиб:
– Марҳамат, ўтиринг, – деди-да, биттасига ўзи ўтирди. – Қайдларимни ўқимоққа фурсат тополдингизми?
– Ҳа, ўқидим, – дедим, унинг устунлигини қабул қилганимга ўзим ҳам ҳайрон бўлиб. Тўсатдан, айни шу саҳнани аввал ҳам бошимдан кечирганимни эслагандек бўлдим. Ҳа-ҳа, илк романим чиқишидан олдин Сулаймон Сомеънинг олдига борувдим. Ўшанда, худди Солиҳ Бейнинг ҳозирги муомаласидек, баланддан туриб муносабатда бўлганди мен билан...
– Шу романингни чиқаришга шошилибсан, – деди Солиҳ Бей дангаллик билан. – Камчиликлари бор.
– Лекин... – дея ўзимни ҳимоя қилмоқчи бўлдим.
– Лекин-пекини йўқ, сиз ёшлар ҳамиша шунақа ҳовлиқасизлар, – деди у. – Қанақа чиқсаям, китобингиз чиқса бўлди! Шон-шуҳрат ортидан қувасиз...
Қарасам, менга очиқча ҳужумга ўтяпти. Сулаймон Сомеъдан ҳам ўтказиб юборди, дея хаёлимдан кечирдим. Бироқ аслида адашаётган менмас, ўзи. Ахир, мен энди шунчаки бир ҳаваскор ёзувчи эмасман.
– Ўзингизни босиб олинг, Солиҳ Бей! – дея бақирдим. – Сиз қанақа оҳангда гапиряпсиз?
У довдираб, қорачиқларидаги қаттиқ ифодалар юмшади, нигоҳи гўё този итнинг ўлик боқишларига айланди. Энди рўпарамда ўзим билган ўша ҳорғин, эзилган Солиҳ Бей ўтирарди.
– Қаранг, – дедим бироз овозимни пасайтириб. – Сиз жуда яхши мусаҳҳиҳсиз. Аммо бу сизга менга дағдаға қилиш ҳуқуқини бермайди.
Қарасам, ўрта яшар одам оромкурсига чўкиб, яхшигина кичрайиб қолди.
Унга ачина бошладим. Бечора аста-секин ақлдан озяпти, шекилли.
– Айниқса, – дея кўнглини кўтаришга уриндим. – Ёзган қайдларингиз ёққанини таъкидлашим жоиз. Ҳаммасидан ҳам, ўша охирги абзац... Фикрларингиз учун сизни табрикласам арзийди.
– У қайдларни мен ёзмадим, – деди у уятчан бир тарзда.
– Ким ёзди унда?!
Унинг нигоҳи ваҳима билан хонанинг кириш эшигига қаради, биров эшитиб қолишидан қўрққандек: «Солиҳ Сомеъ», дея шивирлади.
Солиҳ Сомеъ дегани ким бўлди энди? Рўпарамдаги кишининг фамилияси Борам бўлса, Солиҳ Сомеъ дегани қаёқдан чиқди?
– Сулаймон Сомеъ, демоқчимисиз?
– Йўқ, у ўлди. Энди Солиҳ Сомеъ бор, – дея изоҳ берди у. Ҳуркак кўзлари ҳалиям хона эшигида. Мен ҳам эшикка ўгирилиб қарадим.
– Унақа одамни танимайман, – дедим, унинг қаерга тикилётганини билмоққа уриниб.
– Нега танимайсиз? – дея бирдан бақирди у.
Ҳайрон бўлиб унга қарадим. Доимий эзгинликни устидан улоқтириб ташлаган, боягидек шафқатсиз оҳангда гапиряпти. Унинг ақлдан озганини фаҳмладим. Аммо сал паст келсам, «Солиҳ Сомеъ» шафқат қилмаслигини ҳам биламан.
– Овозингни пасайтир! – дея, ўзим ҳам камида уникидек баланд овозда бақирдим. – Алдаяпсан. Солиҳ Сомеъ деган киши йўқ умуман!
Кутганимдек бўлмади, унинг кўзларидаги ғазаб юмшамади.
– Жоҳил! – дея қўли билан орқасидаги жавонни кўрсатди. – Бу китобларни ким ёзди бўлмаса?
Жавонларга боқиб, Сулаймон Сомеънинг китобларини кўрдим. У бўлса тушунтиришда давом этди:
– Пастдагилар эса китоб бўлиб чиқарилмаган ишларим. Сулаймон Сомеъ ҳасад қилди, нашр этилишига рухсат бермади.
Ҳайратдан қотиб қолдим.
– Ҳалиям ишонмасанг, мана бунга қара, – дея стол тортмасини очди. Диққат қилиб турсам, тортмадан кумуш мактуб очгични олиб менга узатди:
– Буни менга ижодимнинг 25 йиллик юбилейида совға қилишган.
Аввалига қўрқув билан тисарилдим, қо​чишни ўйладим. Ке​йин ўзимни қўлга олиб:
– Кўрсам бўладими? – дея чаққонлик билан мактуб очгични қўлидан тортиб олдим. – Ёлғон гапиряпсан. Бу сеникимас, Сулаймон Сомеъники, – юзида акс этган довдирашни кўришим биланоқ овозимни баландлатдим: – Сен Солиҳ Сомеъ эмассан, сен Солиҳ Борамсан!
Рўпарамдаги киши яна мусаҳҳиҳ Солиҳ Бейга «айланди». Бўйнини эгиб, бўйсунувчан эзик нигоҳ билан менга тикилди. Аммо энди ҳечам чекиниш ниятим йўқ.
– Сен мунаққид эмассан, – дедим.
– Бўлишим мумкин эди, – деди у титроқ бир товуш билан. – Сулаймон Сомеъ тўсди менинг йўлимни. Уни ҳурмат қилардим. Ҳар бир ёзган нарсамни унга олиб борардим. Ёқтирмасди, мени ерга урарди. «Сендан нари борса мусаҳҳиҳ чиқади», дерди.
– Касбингни паст кўрма, – дедим; ниятим – «Солиҳ Сомеъ»нинг яна юзага чиқишига йўл қўймаслик эди. – Мусаҳҳиҳлик ҳам аҳамиятли иш.
– Аммо Солиҳ Сомеъ унақа демаяпти.
– Уни қўявер. Ёлғон айтади. Биласанки, у қотил. Бунинг устига, айбини ҳам Ойтуғ Бейга ағдармоқчи бўлди.
– Ёмон нияти йўқ эди аслида. Сулаймон Сомеъга, унинг қилганлари хато эканини айтмоқчийди. Аммо шу пайт Ойтуғ Бей келиб қолди. Унинг ёнида гапиролмасди. Ташқарига чиқиб кутиб турди. Ойтуғ Бей кетгач, уйга қайтиб кирди. Тан​қидларининг ноўрин эканини, одамларга сал ҳурмат билан муомалада бўлиши кераклигини айтди. Лекин Сулаймон Сомеъ, худди менга қилганидек, унга ҳам дағдаға қила бошлади.
Овози баландлашидан билдимки, «Солиҳ Сомеъ» яна юзага чиқаётир.
– Уни ўлдиришга ҳаққи йўқ эди! – дедим дангал. – Эртага у алам устида Солиҳ Борамни ҳам ўлдириши мумкин.
Мусаҳҳиҳ энди мадад тилагандек илтижоли кўзлари билан менга қаради.
– Полицияни чақириб, уни ушлаб берайлик, ягона чораси шу! – дедим кескин бир тарзда.
– Қўлимдан келмайди, – деди у.
– Сен қилолмасанг, мана мен қиламан бу ишни, – дедим. – Телефон қаерда?
У индамасдан, китоб жавонининг пастки токчасида турган телефон аппаратини кўрсатди.
Дарров телефонга ёпишиб, Навзодга қўнғироқ қилдим. Дарҳол етиб келишларини айтишди. Солиҳ Бей иккимиз жим ҳолда уларни кутарканмиз, гўёки ҳеч нарса бўлмагандек:
– Биласанми, – деди. – Романингда хато кўп эди.
Туркчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.

***************************************************************************************************
МУАЛЛИФ ҲАҚИДА
Замонавий турк адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири – Аҳмад УМИД 1960 йилда Газиантеп шаҳрида дун​ёга келган. Илк мактаб ва лицей таҳсилидан сўнг Мармара университетини тугатган. Ўқувчилик пайтларидан адабиётга қизиқиб, айниқса сиёсий ва ижтимоий мавзуларни берилиб ўқиган. Натижада ўзи ҳам ижодга қўл урган.
Ижодини 1983 йилда ҳикоянависликдан бошлаган бўлса-да, 1989 йилда нашрдан чиққан илк китоби шеърлар тўплами эди. 1990 йилда «Яна ҲИШТ» номли маданият ва санъат журналига асос солди. Илк ҳикоялар тўплами – «Оёқяланг эди тун» китоби 1992 йилда чоп этилди. Мазкур нашр турк адабиётида янги бир забардаст ёзувчи етишиб келаётганидан дарак эди. Адиб шу йили асарлари учун мукофотга ҳам сазовор бўлган.
1994 йилда «Бир овоз бўларди кечани» ҳикоялар тўплами, ундан кейин эса болалар учун «Масал ичида масал» номли китоби нашрдан чиқди. Шу тариқа, Аҳмад Умиднинг китобларини адабиёт ихлосмандлари интизорлик билан кутадиган бўлишди.
Кейинчалик адиб сиёсий ва детектив адабиётга қўл уриб, роман ва ҳикоя жанрларида анча муваффақиятларга эришди. Аҳмад Умиднинг бир қанча асарларида комиссар Навзод ва унинг ёрдамчиси Али образлари турли саргузаштларга дуч келади, ҳақиқат учун курашишади. Улар ҳозирги турк адабиётида энг севимли қаҳрамонлардандир.
Аҳмад Умиднинг «Агатанинг калити» тўпламидан ўрин олган «Китоб қотили» ҳикоясини биз «umitzeynep.blogcu.com» сайтидан олиб, ўзбекчага ўгирдик. Яқинда мазкур таржимани «ДАРАКЧИ» газетаси маъқул кўриб эълон қилган эди.