воскресенье, 29 июня 2014 г.

Айзек АЗИМОВдан таржима: УЛАР УЧИБ КЕЛИШОЛМАЙДИ

(ЭСЛАТМА: Ушбу ҳикоя инсоният фазога чиқмасидан аввал ёзилган – Ҳ.Ю.)

Ҳаёт тажрибаларидан донишманд даражасига етган ригеллиан ирқининг вакили Нарон – тўртинчи авлод галактикалар солномачиси эди.

Унинг иккита китоби бор эди: бири – барча галактикалардаги кўп сонли онгли мавжудотлар тамаддунларининг ҳаммаси рўйхатга олинган катта китоб; иккинчиси кичикроқ бўлиб, унга Галактикалар Федерациясига аъзо бўлиш ҳуқуқини берадиган даражада етуклик ва маҳоратга эришган цивилизациялар киритилганди.

Омадсизлик, биокимёвий ва биофизик тенгсизлик ва ижтимоий адолатсизлик каби турли сабабларга кўра таназзулга юз тутган тамаддунлар катта китобдан ўчирилганди.

Аммо кичкина китобга киритилган Федерация аъзоларидан бирортаси у ердан ўчирилмаганди.

Кекса Нарон ҳузурига келган хабарчига қаради.
– Нарон! – дея хитоб қилди хабарчи. – Ягона Буюк...
– Ҳой, мулозаматни камроқ қилавер. Xўш, нима гап?
– Яна бир организмлар гуруҳи етукликка эришди.
– Яхши! Жуда яхши! Эндиликда унақалар тез етиляпти, бирорта йил янгиликсиз бўлмаяпти ўзи. Xўш, бу сафар ким экан?

Хабарчи галактика кодини ва сайёранинг галактика ичидаги координатларини айтди.
– Ҳа, ҳа, – деди Нарон. – Мен бу оламни биламан.

У ўзининг силлиқ ёзуви билан мазкур сайёра номини катта китобга ёзиб, сўнг иккинчисигаям кўчирди. Анъанага кўра, муайян сайёрада яшовчиларнинг кўпчилиги уни қандай атайдиган бўлса, китобга ҳам у ўша ном билан ёзиларди. Нарон шунинг учун янги сайёрани «EARTH» деб ёзиб қўйди.
– Бу ёш яратиқлар рекорд ўрнатишди, – деди у. – Онг пайдо бўлганидан то етукликкача бўлган йўлни бошқа ҳеч ким бу қадар тез босиб ўтмаганди. Умид қиламанки, ҳисоб-китобларимизда хатолик йўқдир-а?
– Йўқ, жанобим, – деди хабарчи.
– Улар термоядро қувватини олишга эришдилар-да?
– Ҳа, жанобим.
– Ахир, бу асосийси-ку, – Нарон жилмайди. – Яқин орада уларнинг фазо кемалари борлиқни ўргана бошлаб, Федерация билан мулоқотга киришадилар.
– Гап шундаки, Ягона Буюк, – хабарчи истамайроқ давом эттирди. – Кузатувчиларнинг хабар беришларича, улар ҳалиям фазога чиқишмабди.
– Қанақасига? – Нарон ҳайратланди. – Ҳалиям чиқишмабдими? Ҳатто фазовий станциялар даражасигаям-а?
– Ҳозирча йўқ, жанобим.
– Аммо, агар уларда термоядро қуввати мавжуд бўлса, унинг синов тажрибаларини қаерда ўтказишмоқда?
– Ўз сайёраларида, жанобим.

Нарон бутун йигирма футлик бўйи билан тикка туриб кетди ва бор овози билан хитоб қилди:
– Ўз сайёраларида?!
– Ҳа, жанобим.

Нарон секинлик билан ўз қаламини чиқарди ва кичкина китобдаги охирги ёзувнинг устидан чизиб қўйди. Олдин бунақаси бўлмаганди, аммо Нарон ўта донишманд эди ва Галактиканинг бошқа аъзолари каби, юз бериши муқаррар бўлган ҳодисаларни аввалдан кўра биларди.
– Аҳмоқ эшаклар, – дея минғирлади у...

Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.

ДУШАНБА ОҒИР КУНМИ?


Иш ҳафтасининг боши бўлгани учунми, душанбани кўпчилик унча хуш кўрмайди. Душанба – оғир кун, деган қараш қанчалар тўғри ва бу кун одамларнинг иш фаолиятида қандай ўрин тутади?
Тиниб-тинчимаган олимлар шуниям таҳлил этиб кўриб, қуйидаги антиқа хулосаларини беришган:

1. Одамларнинг кўпчилиги душанба куни то соат 11:16 гача жилмайишмайди.
2. Душанбага бўлган нафратга қарши курашишнинг энг яхши усуллари ТВ томоша қилиш, он-лайн харид, шоколад ёки косметика сотиб олиш, шунингдек, меҳнат таътилига чиқишни режалаштириш ҳисобланар экан.
3. Ишчиларнинг 50 фоизи ҳафтанинг айни шу куни ишга кечикиб келишади.
4. Кўпчиликка душанбадан нолиш учун 12 дақиқа вақт етарли бўлар экан.
5. «Душанба синдроми»дан асосан 45 дан 54 ёшгача бўлган кишилар азият чекишар экан.
6. Бу кунлари ишчилар ўз иш унумдорлигини атиги 3, 5 соат давомидагина сақлаб туришади.
7. Душанбаларда бошқа кунлардагига қараганда худкушликлар кўпроқ содир этилади.
8. Бу кунлари инфаркт қурбонлари сони 20 фоизга ошади.
9. Ҳафтанинг нисбатан кам ёмғир ёғадиган куни ҳам душанба экан.
10. Битта ёқимли маълумот: душанба кунлари машина сотиб олиш учун энг мақбул вақт саналади. Чунки дам олиш кунлари асосий савдолар бўлгач, сотувчилар душанбада савдо яхши бўлишига унча умид қилишмайди ва натижада нархларда харидорларга кўпроқ ён босишади.

Албатта, булар барчага бирдек тааллуқли эмас, балки умумий аҳволдан келтириб чиқарилган фактлардир. Ўша умумий аҳволнинг юқорироғи ёки пастроғида бўлиш эса ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Барчангизга хайрли кунлар тилаймиз!

Интернет материаллари асосида Ҳамидбек ЮСУПОВ тайёрлади.

среда, 25 июня 2014 г.

ТИЛАНЧИ

Тошкент марказидаги бир истироҳат боғи катта илм даргоҳларидан бирига ёндош бўлиб, бу ерда ҳамиша одам гавжум бўлади. Кўпчилиги ёшлар – талабалар, истироҳат боғига дам олишга ёки сайрга чиққанлар ва ҳоказо.
Айни шу ерда, университет талабалари ва хиёбонга сайрга чиққанлар ўтиб-қайтадиган йўлакда (бу ерда транспортларга чиқиш учун шу йўлакдан ўтилади) ҳар куни бир тиланчи кампир ўтиради. Юзлари ва қўллари қорайиб кетган, лекин ўзи тўладан келган, овози ҳам ўткир. Мана шу гавдасини кўтара олмай, эртадан кечгача бир жойда ўтирганини кўп кўрганман. Овози сал қалтираб (балки сунъийдир), ўтган-кетганга йиғламсираб ялинади. У гоҳ ўзбекча, гоҳ русча, гоҳ иккаласини аралаштириб тиланади: «Ҳой қизим, барака топгур, бахтинг очилсин, садақа радди бало...», «Сынок, помоги мне, а...» ва ҳоказо.
Бу ерга янги келган пайтларим, кампирнинг олдига баъзи-баъзида имкон қадар бир-икки танга ташлаб ўтардим. Унга ачиниш баробарида ўйлардим: шу кампир эртадан кечгача миқ этмай бир жойда ўтиради, қўзғалмайди. Мадори йўқмикан, касалмикан, ёки ўзини шунақа ғариб кўрсатиб, кишиларнинг раҳмини келтирармикан? Кечқурун-чи, борар жойи, иссиқ-совуғига қарайдиган яқин кишиси бормикан ўзи?
Бир куни, мана шу университетни тугатиб, ҳозирда магистратурада таҳсил олаётган бир ўртоғим билан мана шу кампир олдидан ўтиб қолдик. Ўшанда бояги саволларимни ўртоғимга айтсам, у деди:
– Айтишларича, уни ҳар куни тонгда битта машинада олиб келиб ўтирғизиб кетишаркан. Яна кечқурун ўша машинада келиб, олиб кетишармиш. Чинданам ғалати...
Бунисига янада лол қолдим. Кампирга нисбатан ачинишим икки ҳисса ошгандек бўлди гўё. Хўш, ўша машинадагилар кимлар ўзи? Балки фарзандларидир? Уни шу куйга солиб қўядими фарзанди бўлса? Бегона бўлса, нега олиб кетади? Бу кампирнинг жонини қайғурадиган бирор яқини бормикан ўзи?..
Бир сафар, мана шу университетда дарс берувчи кекса бир профессор билан бирга ўша йўлакдан ўтиб қолдик. Ҳамроҳим – домланинг болалиги уруш, очарчилик дамларига тўғри келган, ёшлиги қийин кечган. Шунга қарамай, ўқиган, илм олган, бир амаллаб нонини топиб еган. Тинимсиз изланишлар натижасида у иқтидорли мураббий сифатида бутун мамлакатга, етук олим сифатида дунё илм аҳлига танилган. Домла ўз умрини мана шу университетга бахшида этган, узоқ йиллардан бери шу даргоҳда муаллимлик ва олимлик нонини еб, бола-чақа боқади. Яъни, унинг ҳаёти ва фаолияти шу ўқув даргоҳи тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, университет ва унинг атрофлари ҳам домлага қадрдон.
Хуллас, домла билан ўша йўлакдан, тиланчи кампир олдидан ўтдик. Тиланчига ачиниш аралаш қараб қўйганимни сезган устоз, ундан сал узоқлашгач, бирдан гап бошлади:
– Анови кампирни кўрдингиз-а, болам? Бундан ўттиз-қирқ йиллар аввал у ёшгина, гўзал, қадди-қомати келишган бир жувон эди. Мана шу паркда ўтарди унинг ҳар куни-ю туни. Ҳали қарасанг униси билан қўлтиқлашиб, ҳали буниси билан қучоқлашиб юрарди. Ўзиям кўрган кўзни ўйнатадиган эди. Шунинг учунми, суюқоёқ бўлсаям, роса ўзига бино қўйган эди. Биз бола-чақа ташвишида чала оч қоринга ишлаб юрган пайтларимиз у кайфу сафода юрар эди. Мана энди унинг аҳволини кўриб турибсиз – қаддини кўтара олмайди. Сиз, болам, шунга қараб ўзингиз хулоса чиқариб, ибрат олинг. Ёшлигингизни ҳар хил ҳою ҳавасларига бой бериб, ўзингизни хор қилманг. Ёшлик сизга бир марта берилган, ундан унумли фойдаланинг – ўқинг, изланинг, ижод қилинг. Келажагингизга асос яратинг. Мана, тақдирнинг ҳикматини кўриб турибсиз: ёшлигини шу паркда ҳою ҳавасларга сарфлагани учун, кексалигида ҳам худди шу паркда тиланиб ўтирибди... Биламан, сиз ёшсиз, бўйдоқсиз, қонингиз қайноқ, кўпчилик тенгдошларингиз қатори ўйнаб-кулгингиз келади. Лекин ёшлик қилиб, умрингизни мана шундай ҳавога совурманг, ўғлим...
Бу гаплардан ҳайрон бўлдим. Наҳотки, ўша кампир...
Кўпни кўрган домламизнинг бу сўзларидан кейин менинг қалбимда ўша тиланчи кампирга бўлган ачиниш ва шафқат ўрнини чексиз нафрат эгаллади. Ўшандан бери бу кампирни узоқдан кўрсам, йўлнинг нариги томонига ўтиб оламан. Ёки, ёнидан ўтганда ҳам, унга умуман эътибор бермай ўтаман.
Булардан ташқари, бу суҳбатдан кейин яна ҳаётдаги айрим қарашларим ўзгарди. Сир эмаски, ҳозирда ҳам ўшандай «кўча қизлари», «тунги капалак»лар учраб туради. Айниқса, кечқурунлари истироҳат боғларига борсангиз, айрим дискотекаларга назар солсангиз ёки бошқа баъзи жойларга сайрга чиқсангиз, улар яққол кўзга ташланиб, гоҳо ўзига чорлаб туради. Домланинг ўша гапидан бери, мен бундайларни кўрганим заҳоти, ўзимча уларнинг кексалигини тасаввур қилмоқчи бўламан. Уларнинг хаёлимда гавдаланган «кексайган нусха»си худди ўша тиланчи кампирга ўхшаб чиқаверади...
Тағин, кекса тиланчиларни кўрганда ҳам беихтиёр ўйлаб кетаман: уларнинг ёшлиги қандай ўтган экан-а?.. Ҳозир бола-чақалари бормикан, ёки бўлсаям ундан воз кечишганми?..
Хўш, ўзимиз қандай яшаяпмиз? Умр дафтаримизни қандай ишлар билан тўлдириб бораяпмиз? Эртага кексайганимизда қандай аҳволга тушар эканмиз? Биз ҳам тиланчига айланиб қолмаймизми – меҳр тиланчиси, оқибат тиланчиси, ширин сўз тиланчиси?..
Ҳамидбек ЮСУПОВ

МИССИОНЕРЛАР ОЛДИДА



Бир неча йил аввал, укамнинг туғилган кунини нишонлашга унинг ижара уйига кетаётган эдим. Олдимдан корейс йигит ва рус қиз чиқиб қолди. Русчада чиройли саломлашиб, мени Инжил ўрганиш учун аллақандай марказга таклиф эта бошлашди. Сал тинглаб туриб, бирдан савол бердим:
– А у вас есть Библия на узбекском языке, полный вариант?
Уларга жон киргандек бўлди. Бундай китоб йўқлиги, аммо марказларида ўзбеклар кўплиги, улар ёрдамида исталган матнни тушуниб олишим мумкинлигини айтишди. Мен ҳам уларнинг усулини қўллаб, иштаҳаларини очдим:
– А у меня есть, но не полностью. Меня интересует Тора, полностью. У меня есть только книга Бытие.
Бунақа гапдан кейин уларнинг чеҳралари очилиши тайин эди. Аммо мен секин қарши ҳужумга ўтдим:
– У меня много что есть. Например, Коран есть на арабском и узбекском. Ещё Авеста есть, но только на узбекском. На русском есть ещё книга «Бхагавад-Гита как она есть». Если хотите, я могу вас учить.
Буларни кутмаган миссионерлар анграйиб қолишди. Секин бир-бирларига бир қараб олишди-да, кулиб юборишди. Сўнг эса кечирим сўраб, ўтиб кетишди. Қитмирлигим тутиб, орқаларидан қичқирдим:
– Если чё, щас у моей братишки день рождение. Пойдём, я научу вас бухать!
Бу гапга улар жавоб бера олмасликлари аниқ эди.

вторник, 24 июня 2014 г.

Ҳамид Оға блоги. Ибтидо...

Ассалому алайкум, аҳли Блоггер!
Мен ҳам келдим!
Умуман олганда, каминани Файзбукда кўпчилик билади: https://www.facebook.com/hamidbek.yusupov
Бошқа ижтимоий тармоқлардаям ҳар замонда бир кўриниб тураман. Боягина ГуглПлюсда профил очдим. Хуллас... Энди бу ерниям бир кўрайлик-чи, нима гаплар экан... :)
Дарвоқе, бошқа тармоқлардаги барча дўстларни бу ердаям дўстлашишга таклиф этаман!