четверг, 18 февраля 2016 г.

ОШИҚ ОЛИМ ВА ЖОСУС ХОНИМ

Тарих қатларидаги сирлар
ОШИҚ ОЛИМ ВА ЖОСУС ХОНИМ
Сиёсий ўйинлар жуда қизиқ-да, дунё тарихида уларнинг турли кўринишларини кузатиш мумкин. Шулардан биттаси – АҚШда атом бомбаси яратилиши ва унинг сирини билиб олиш йўлида собиқ Иттифоқнинг қилган найранглари алоҳида эътиборга лойиқ.
Маълумки, ядро қуролининг яратилишида буюк олим Альберт Эйнштейннинг илмий тадқиқотлари ва ихтиролари муҳим аҳамият касб этган. Собиқ Иттифоқ эса мазкур қурол сирларини билиб олиш учун энг йирик рақиби бўлмиш бу давлатга жосуслар юборганди. Улардан бири – ўз давлати манфаатлари учун Эйнштейн билан ишқий алоқалар боғлаб, натижада ўзи ҳам олимга боғланиб қолган гўзал Маргарита Коненкова эди. Аммо, ўшангача буюк олимни «фақат пахмоқ сочлари билангина машҳур» дея ҳазил аралаш гапириб юрган, «Лукас» лақаби остида фаолият юритган бу аёл Эйнштейн билан учрашгач, уни чиндан севиб қолиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган бўлса керак.
«Сотби» аукционига қўйилган суратлар ва соат
1998 йилда шу пайтгача номаълум бўлган, буюк олим томонидан маъшуқасига йўлланган тўққизта ишқий мактуб Нью-Йоркдаги «Сотби» аукционида сотувга қўйилди. Мазкур хатлар ҳамда Эйнштейн ва Коненкова биргаликда тушган бешта сурат (улардан биттасининг орқасига «нисбийлик назариясининг отаси» ўз қўли билан: «Самимий муҳаббатим рамзи. А.Эйнштейн» дея ёзиб берган), шунингдек, Коненкованинг чарм қопламали адреслар дафтари (унда Эйнштейннинг Принстон ва Саранак-Лейкдаги манзиллари ёзилган) ва олимнинг маъшуқасига хайрлашув совғаси – тилла соат ҳам жуда кўп нарсалардан далолат берарди...

САРАПУЛЛИК ГЎЗАЛ
Сарапул шаҳарчасидаги оддий бир оилада туғилган Маргарита Ивановна Воронцова 1915 йилда Москвага келиб, ҳуқуқшунослик курсларига қатнай бошлади. У Поварская кўчасида, шифокор Иван Бунин хонадонида турарди. Маргарита билан танишиб қолган бир ёш ҳайкалтарош уни санъаткорлар доирасига жалб этди, бу ерда эса сал ёши ўтган, бунгача танилиб улгурган буюк рус ҳайкалтароши Сергей Коненков уни севиб қолади. Ҳайкалтарош бўлажак хотини билан илк учрашувдаги таассуротини кейинчалик ўз кундалигига шундай ёзиб қўйган экан:
«Маргарита шунчалар гўзалки, у менга худди номаълум рассомнинг асаридек кўринди. Қўллари ҳам ғайриоддий чиройли, бармоқлари нозик... Мен бундай қўлларни илгари ҳеч ҳам учратмаганман!..»

Маргарита Коненкова
Ҳа, бу қиз кишиларда ўзи ҳақида яхши таассурот уйғотишни уддаларди. Сергей Тимофеевичнинг муҳаббати эса шу қадар кучли эдики, «кекса ошиқ»дан узоқроқда сақлаш учун Маргаритани юртига олиб кетишганида, унинг изидан Сарапулга ҳам борди. Барибир, оила қуриш уларнинг тақдирига ёзилган экан, ёш ва гўзал Маргарита ўзидан анча катта, аммо машҳур ва феъли кенг Коненковга турмушга чиқди.
Маргарита пойтахт ҳаётига тезда мослашиб кетди: у олиймақом доираларда Коненков билан бирга, ял-ял ёниб пайдо бўлар ва кўпчиликнинг эътиборини тортарди. Бироқ уларнинг ўзаро муносабатларини соф деб бўлмасди, чунки Маргарита ўша даврнинг машҳур кишилари – Сергей Рахманинов ва Федор Шаляпин кабилар билан ҳам ишқий саргузаштларни бошидан кечиргани маълум. Кейинроқ, хорижда юрганида ҳам унинг эмиграцияда бўлган рус зодагонлари, масалан, ҳайкалтарош Бромирский ва бошқа маш­ҳур шахслар билан «дон олишиб» юргани ҳақида гап-сўзлар бор... Эри, афтидан, буларни билган, аммо ёш хотинининг бу ишларига унчалик фожиа, деб қарамаган.

МУҲОЖИРЛИК
1923 йили Коненковлар оиласи рус ва совет санъати кўргазмасида қатнашиш учун Нью-Йоркка йўл олишди. Бу ташриф расман бир неча ойга белгиланган бўлса-да, улар АҚШда йигирма йилдан зиёд яшаб қайтишди. Тағин, мазкур хонадоннинг ўз ватанига қайтиши масаласига шахсан Сталиннинг ўзи аралашган: у Сергей Коненковнинг кўп сонли ижодий ишларини кўчириб келиш учун алоҳида пароход ажратишни буюрган, Москвада эса унинг устахонаси учун Горький кўчасидан жой тайёрлаб беришган.
Сергей Коненковнинг Нью-Йоркдаги устахонаси, 1927 йил. Ўртада – Маргарита Коненкова, у эрининг таржимони ва менеджери бўлган
Бир пайтлари чет элга чиқиб кетиб, сўнгра қайтганлардан бирортасига бунчалик эътибор берилмаганлиги сабабли, Коненковларга ғаразли кўз билан қарайдиганлар ҳам кўпайди. Мамлакат ҳаётининг оғир йилларида Коненковлар юрт қайғусига шерик бўлмасдан, хорижда роҳат-фароғатда яшаганига қарамай, ҳукумат уларга ўта кўп нарса тақдим этганлиги кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди.
Иш шу даражага бориб етдики, Маргарита Коненкова «ўзининг ва С.Т.Коненковнинг Ватан олдидаги хизматларини эътиборга олган ҳолда», уларнинг оиласини асоссиз айбловлардан сақлашни илтимос қилиб шахсан Лаврентий Берияга мурожаат қилган. Буюк ҳайкалтарошнинг ватан олдидаги хизмати-ку маълум, аммо Маргарита Коненкованинг хизмати нима бўлди экан?

СИРЛИ АЛОҚАЛАР
ХХ асрнинг 30-йиллари – Коненковлар хонадонининг Америкадаги ҳаёти мобайнидаги энг сирли даврдир. 20-йиллардаги ҳамма нарса маълум – қимматбаҳо буюртмалар, кўргазмалар, дунёни лол қолдирган муваффақиятлар... Яна бир муҳим маълумот: мазкур хонадонга жуда кўп буюк кишилар ташриф буюришар, катта меҳмондорчиликлар бўларди. Сергей Тимофеевич у ерда русчасига ёғочдан бар ясаганди, гармон чаларди, Маргарита эса, ҳамманинг кўзини ўйнатиб, унинг ёнида ўйнаб-кулиб юрарди. Айтиш керакки, кўпчилик таниқли америкаликлар бу ерга айнан Маргаритани кўриш учун келишар, Коненковнинг улардан ҳайкалга буюртма олишига ҳам кўп ҳолларда хотини сабаб бўларди. Аммо негадир кейинроқ Коненков кутилмаганда ўз устахонасига қамалиб, зоҳидона ҳаёт кечира бошлаган...
Коненковлар архивидаги фотосуратларни йиллар бўйича териб кўздан кечириш кимнинг хаёлига келганлиги номаълум, лекин бу иш кутилганидан кўра кўпроқ натижа берган. Энг биринчи суратда Коненковлар жуфтлиги Эйнштейнлар оиласи билан бирга акс этган. Кейингиларида эса Сергей Коненков орадан чиққан, фақат Эйнштейннинг яқинлари ва Маргарита Коненкова тушган.
Коненкова ва Эйнштейн, унинг хотини Эльза, ўгай қизи Маргот. Чапдаги киши эса – АҚШ атом бомбасининг «отаси» Роберт Оппенгеймер 
Энг катта сюрприз бўлган фотосуратда эса Маргарита Коненкова ва Альберт Эйнштейн, унинг хотини Эльза, ўгай қизи Марготдан ташқари, яна бир нотаниш киши ҳам табассум қилиб турарди. Коненковларнинг Мос­квадаги музейига келган америкаликлардан бири эса суратдаги бу кишини дарров таниди: у «Манхэттен» ядро лойиҳаси раҳбари Роберт Оппенгеймер эди! Демак, совет ҳайкалтарошининг хотини «Америка атом бомбасининг отаси» билан ҳам боғланган экан...

У ЖОСУС ЭКАН!
Бу каби чигалликларга жавоб эса, собиқ Иттифоқ НКВД-НКГБнинг қочоқлар ишлари билан шуғулланувчи Тўртинчи бўлимини бошқарган истеъфодаги генерал-лейтенант Павел Судоплатовнинг вафотидан олдинроқ чоп эттирган эсдаликларидан чиқиб қолди. Унинг таъкидлашича, Маргарита Коненкова аслида «Лукас» лақаби билан ишлаган совет агенти экан! Судоплатов ўзининг «Разведка ва Кремль» номли китобида шундай ёзган: «Машҳур ҳайкалтарош Коненковнинг хотини, Лиза Зарубина (НКВД­нинг АҚШдаги резиденти Василий Зарубиннинг хотини) раҳбарлигида ишлаган бизнинг ишончли агентимиз Принстонда йирик физиклар Оппенгеймер ва Эйнштейн билан алоқа боғлади. У Оппенгеймернинг атрофидагиларни ўзига қарата билди. Оппенгеймер Америка компартияси билан алоқани узгач, Лиза Зарубина ва Нью-Йоркдаги бизнинг резидентурамиз ходими Пастельняк (Лука) раҳбарлиги остида Коненкова унга таъсир ўтказиб турди, бундан ававалроқ эса ўзларининг сўл қарашлари билан танилган мутахассисларни ишга олишга уни кўндирганди...»
Судоплатов яна шундай ёзган: «Ўша пайтда, ҳали ҳаммадан сир тутилаётган «олий қурол»ни яратиш ишлари билан машғул бўлган, Эйнштейн атрофида фаолият юритаётган олимлар доираси билан боғланиш операцияларида Михоэлс ва Фефернинг ҳам роли муҳим. Бу одамлар Эйнштейнга яқин бўлган рус эми­грант­лари – Коненковлар оиласи орқали, оғзаки тарзда бўлса ҳам, Принстонда Ферм ва Оппенгеймер иштирокида кўриб чиқилаётган янги «олий қурол»нинг келажаги тўғрисида муҳим маълумотларни бизга етказишди. Зарубинлардан ташқари, АҚШдаги бизнинг разведкамиз йўналиши бўйича Хейфец ва Пастельняк ҳам шуғулланишган».

«Лукас»нинг вазифасига «Манхэттен» лойиҳаси доирасида ядро қуроли яратиш ишлари билан машғул олимларга таъсир ўтказиш кирар эди. Коненкова Эйнштейнни Нью-Йоркдаги совет элчисининг ўринбосари, илмий алоқаларни назорат қилувчи Павел Михайлов билан учраштириши лозим эди. Маълумотларга кўра, «Лукас» ўз ишини бажарган кўринади – Эйнштейн ўз хатларида элчи ҳақида қистириб ўтган.

ОЛИМНИНГ ИШҚ ТАРИХИ
Йигирма ёшида уйланган Альберт Эйнштейннинг биринчи хотини – серб қизи Милева Марич ундан тўрт ёшга катта эди. Уларнинг ўғли Ганс-Альбертнинг кейинроқ ёзишича, онаси аламни кечирмайдиган, қайсар аёл бўлиб, эр-хотиннинг ораси унчалик яхши бўлмаган. Биринчи фарзанди дунёга келиши арафасида Милева туғиш учун ота-онасиникига – Сербияга кетган ва янги туғилган қизи Лизерлни қолдириб келган. Уларнинг кейин ҳам икки ўғиллари бўлган, аммо ўзаро муносабатлари совуқлигича қолган. Аёлларнинг кўнглини овлашга уста бўлган эрини рашк қилавериб, Милева унинг жонига теккан. Охири улар ажрашишга қарор қилишди, бироқ уста математик бўлган аёл ажрашиш пайти шундай шарт қўйган: Альберт келажакда оладиган Нобель мукофотини унга бериши шарт! Гап шундаки, бунақа мукофот олишини Эйн­штейн ўша пайтлари хаёлига ҳам келтирмаганди!
Эйнштейн иккинчи хотини Эльза билан
У билан ажрашгач, анчадан буён Альбертнинг атрофида гирдикапалак бўлаётган қариндоши Эльза пайтдан фойдаланиб қолди. Замондошларининг айтишларича, у «фақат безанишни, тақинчоқларни, ширинликларни ва Эйнштейнни севган» экан. У эрини қаттиқ яхши кўриб, ғамхўрлик қилиши билан бирга, худди ялмоғиздек уни ҳаммадан қизғанарди. Эльза фақат ширинликлар еб уйида ўтиргани учун семириб кетган, аммо кўнгли осмонда эди. Олимнинг ўзи ҳашаматларга бефарқ эди, лекин Маргарита билан учрашгач...
Коненковнинг устахонасига Альберт Эйнштейн илк бора 1935 йилда ташриф буюрганди, чунки Принстон университети маъмурияти физикнинг бронза бюстини ясаб беришни рус ҳайкалтарошига топширганди. Аслида бу икки хонадон аввалроқ, Эйнштейннинг ўгай қизи Марготнинг ташаббуси билан ўзаро танишгандилар. Ўшандан бери Маргарита ва Маргот яқин дугона бўлиб қолишганди.
Кўпинча ошиқ-маъшуқлар ҳақида: «Улар бир кўришдаёқ бир-бирларини севиб қолишди» сингари гаплар айтилади. Аммо Альберт ва Маргарита жуфтлигида ҳаммаси бошқача бўлган. Буюк физик ва Коненкованинг муносабатлари бошланган пайти олим 56 ёшда, жосус хоним эса 39 га кирган эди. Бу муносабатлар аста-секинлик билан ривожланиб борган. 1936 йилда Эйнштейннинг иккинчи хотини Эльза вафот этгач, Маргарита унинг ўрнини мустаҳкам эгаллаб олди.

Маргарита, Альберт,
Эльза
ва Сергей
МУҲАББАТ УЧБУРЧАГИ
Даҳо ҳайкалтарош Сергей Коненков бир мартагина – Эйнштейннинг бюстини ясаш учун Принстонга борган, бир кўришдаёқ олимнинг юз ва гавда тузилишини синчиклаб ўрганиб олиб, кейин «оригинал»сиз ҳам ишини якунлаган. Маргарита эса турли баҳоналар билан тез-тез Принстонга борадиган бўлиб қолди. Унинг олим билан алоқалари асосан муҳаббат йўналишида бошланган бўлса-да, Коненкова ўзининг асосий вазифасини – жосусликни ҳам эсдан чиқармаганди.
Альберт Эйнштейн ҳам Маргаритани чинакамига севиб қолди; у билан кўпроқ бирга бўлиш мақсадида ҳатто ҳийла ишлатди – Сергей Коненковга хат ёзиб, Маргаританинг «жиддий касал» эканлигини маълум қилди. Эйнштейн ўз шифокор ўртоғига қилдириб олган касаллик маълумотномасини ва Коненкованинг «кўпроқ вақтини иқлими соз бўлган Саранак-Лейкда ўтказиши» ҳақидаги тавсияномасини ҳам мактубга илова қилиб жўнатган. Саранак-Лейкда эса Альберт Эйнштейн ижарага коттеж олганди ва ўз хусусий яхтасини сақларди. Буюк ҳайкалтарош алдовга учди ва хотинининг соғлиғидан хавотирланиб, уни жўнатиб юборди.
Ошиқ-маъшуқлар Саранак-Лейкда
Эйнштейн ва Коненкова орасидаги муҳаббат аста-секин кучайиб борган ва айни айрилиш палласида – 1945 йилнинг августига келиб авж палласига кўтарилган. Аммо шунча вақт давомида Маргарита уч кишининг – Эйнштейн, Коненков ва ўз бошлиғи бўлмиш НКВД офицери Пастельнякнинг орасида чопишига тўғри келган. Дарвоқе, Пастельнякни у элчи ўринбосари Павел Михайлов тарзида Эйнштейн билан учраштирган ҳам. Шу тариқа, у бир вақтнинг ўзида учта мураккаб ролни ижро этган – улуғ ҳайкалтарошнинг хотини, буюк олимнинг жазмани ва НКВД жосуси...
Хатлар мазмунига кўра, Эйнштейн ва Коненкова ўзларининг «ошиқона луғат»ларидан фойдаланганлар. Принстондаги махфий учрашув жойини «уяча» деб аташган, ҳар иккаласининг исмларидан биринчи бўғинларини бирлаштириб, ўзлари учун умумий ном – Альмар деган исмни ўйлаб чиқаришган. Шу тариқа, «Альмарнинг кўрпаси», «Альмарнинг креслоси», «Альмарнинг трубкаси» вужудга келган...
Альмар «уяча»си.
Принстон, 1942
Маргаританинг эри, унинг Эйнштейн билан муносабатлари дўстлик доирасидан анча чиқиб кетганлигини сезиб қолган ва, одатига хилоф равишда, катта жанжал кўтарган. Балки Коненков, ёш хотинининг олдинги ишқий саргузаштларига шунчаки шўхлик сифатида қараб, қўл силтаб қўйгандир-у, буниси энди ҳақиқий муҳаббат эканлигини пайқаб, рашк ва алами қўзигандир. Аммо хотини то ўз ватанига қайтгунича Альберт билан учрашишда давом этди, чунки у ҳам олимни чинакамига севиб қолганди!
Кейинчалик, Коненкованинг вафотидан сўнг унинг шахсий буюмлари орасидан Эйнштейн қаламига мансуб бир қанча севги мактубларидан ташқари, ғалати расмлар, аллақандай формулалар билан пала-партиш тўлдирилган варақлар ҳамда немис тилида ёзилиб, остига «А.Э.» дея имзо қўйилган ишқий шеър ҳам чиққан. Мутахассислар олимнинг дастхатини дарҳол танишди, лекин шеърни ўқиш анча қийинчилик туғдирди. 1943 йил Рождество байрамида ёзилган бу шеърни орадан роппа-роса ярим аср ўтгач, 1993 йилдагина ўқишга муваффақ бўлишди.

БУЮРТМА ВА АЖРАЛИШ КУЙИ
1945 йил август ойининг ўртасида Коненковлар ватанларига қайтишди, ажралишдан олдин Маргарита ўз севгилисининг олдига шошилинч тарзда бориб келди. Бундан бир ой олдин, 16 июль куни Нью-Мексико штатида америкаликлар дунёдаги илк атом бомбасининг синов ишларини муваффақиятли ўтказгандилар. Янги портловчи мосламанинг барча сифат ва белгилари ҳамда тахминий синов куни ҳақидаги хабарни эса НКВДнинг Нью-Йоркдаги резидентураси икки ҳафта бурун Москвага етказганди.
Хўш, Эйнштейн ўз маъшуқасининг «бошқа нияти» ҳам борлигини билганми, дерсиз? Хатлар мазмунига қаралса, у буни билган ва севгилисининг ҳурмати учун унинг илтимосини бажо келтирган. Ҳар ҳолда, ўша охирги учрашувларда, Москвадан тегишли рухсат келгач, Коненкова унга ҳаммасини очиқ-ойдин айтиб берган. Олим ҳам, агар рад этса, маъшуқасига оғир бўлишини билган ва фақат унга бўлган муҳаббати туфайлигина СССР разведкаси билан боғланган. Дарвоқе, видолашаётиб, у Маргаритага тилла соатини ҳадя этган; зеро, мангуга хайрлашаётганларини ҳар иккови тушуниб туришарди.
Кейинроқ, Коненковлар қайтиб келгач, унга ёзган хатларидан бирида Эйнштейн совет разведкачиси билан учрашганлиги, ҳатто оиласида ҳам бўлганлиги ҳақида ёзган. Шунингдек, кейинги хатларидан бирида у Маргаритадан, «собиқ буюртмачилар» қистовга олмаяптими, деб ҳам сўраган. Маъшуқасининг мамлакатидаги мазкур буюртмачилар ҳеч қачон «собиқ» бўлмаслигини у билмасди-да.
Коненковларнинг шошилинч ва бехавотир тарзда АҚШдан Москвагача етиб келишлари СССР ҳукумати ҳамда НКВДнинг АҚШдаги вакиллари томонидан тўлиқ таъминланди. Сиэтлгача махсус поездда етиб келган оила аҳлини кутаётган кема Владивостокка олиб келиб қўйган, бу ёғи пойтахтгача яна махсус поезд.
НКВД ташқи разведкаси раҳбари Павел Фитин, Нью-Мексико штатида 16 июлда ўтказилажак илк атом бомбаси синови ҳақидаги хабарни, юқорида таъкидлаганимиздек, икки ҳафта олдиноқ Сталинга, Молотовга, Берияга ва совет атом лойиҳаси раҳбари Курчатовга етказганди. Шунинг учун ҳам 1945 йилнинг 18 июлида – Потсдам конференциясининг очилиш куни АҚШ президенти Гарри Трумэн янги, «ғайриоддий вайронкор кучга эга» қурол яратишганини Сталинга айтганида, советлар етакчиси пинагиниям бузмади. Буни кўрган Англия бош министри Уинстон Черчилль, «Сталин ҳеч нимани тушунмади», деб ўйлади.
Черчилль, Трумэн ва Сталин. Потсдам конференцияси, 1945 йил
Бироқ у адашганди: 1945 йилнинг 18 августидаёқ СССР Давлат Мудофаа Комитетининг 9887-сс/оп сонли қарори қабул қилинди. «ДМК қошидаги махсус комитет тўғрисида»ги бу қарорга кўра, Совет Иттифоқида атом бомбасининг яратилиши саноат асосида йўлга қўйилди, Берияга эса бу ишларда разведка маълумотларидан фойдаланиш чораларини кўриш топширилди. Мазкур мақсадларда илгаридан олиб борилаётган жосуслик ишлари кенг тармоқли бўлиб, айниқса америкалик атомчи-физиклар билан алоқа боғлашга ҳаракатлар қилинаётганди. Маргарита Коненкова мана шу занжирнинг бир ҳалқаси бўлиб хизмат қилган.

СОВЕТ БОМБАСИ: «MADE IN USA»МИ?
Хулласи калом, Эйнштейн ўз мамлакатининг ашаддий душманига атом бомбасини яратишда ёрдам берганми, йўқми? Бу саволга турли томонлар турлича жавоб беришади.
Йель университети тарих профессори Гэддис Смитнинг таъкидлашича, буюк олим ядро лойиҳасига аралашмаган, Лос-Аламос, Ок-Ридж ёки Чикаго лабораторияларида ишламаган эмиш.
Царь-бомба
«Сотби» аукциони консультанти Паул Нидхэм ҳам, ўзини Эйнштейннинг ишқий саргузаштларини кашф қилган киши сифатида баҳоласа-да, унинг севгилиси учун совет разведкасига ёрдам берганига ишончи комил эмас.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси махсус хизматлари умуман бошқача баёнот билан чиқишди: совет разведкасини Альберт Эйнштейн мутлақо қизиқтирмаган эмиш!
Аммо бу таъкидлар биринчи қарашдагина ўринли кўринади. Тўғри, Эйнштейн мазкур лойиҳага тўлалигича аралашмаган, аммо бомба яратилиши жараёни ҳақида тўлиқ маълумот олиб турган. Президент Рузвельтни ядро устида ишлар олиб боришга айнан у ундаганини эслаш кифоя. Яна бир муҳим деталь: Коненковларнинг Америкадан чиқиб кетиши Нью-Йоркдаги резидентура ходими Анатолий Аяцков назорати остида бўлган; унга эса совет атом лойиҳасига қўшган ҳиссаси учун вафотидан сўнг «Россия Қаҳрамони» унвони берилган.
Аслида қандай бўлганди? Балки, бу саволга аниқ жавоб Россия Федерацияси ташқи разведкаси архивидан чиқиб қолар. Ахир, Сергей ва Маргарита Коненковларнинг чет элда бўлиши билан алоқадор барча ҳужжатлар у ерда, 137993 ва 137994 рақамлари остида ҳозиргача махфий сақланаётир...

МАҲЗУН ЯКУН
Маргарита Коненкова юртига қайтгач, унинг Эйнштейн билан ёзишмалари яна ўн йил – олимнинг ўлимига қадар давом этди. Уларда айрилиққа дош беролмаган олимнинг ғуссага ботиб, чўкиб қолганлиги яққол намоён бўлиб туради.
1945 йил 25 декабрда ёзган мактубида Эйнштейн ўз аҳволини шундай тасвирлайди: «...Мен сочларимни буткул ўз ҳолига ташлаб қўйдим, улар ғайриоддий тарзда тез тўкилиб кетяпти. Тез орада ҳеч нима қолмайди. Уячамиз ҳам ташландиқ ҳолга келиб, ҳувиллаб қолгандай гўё. Агар унинг тили бўлганида ҳам, бирор нарса демаган бўларди. Мен ҳозир тиззаларимни Альмарнинг кўрпаси билан ёпиб, буларни ёзиб ўтирибман, дераза ортида эса зим-зимистон тун...»
Олим мактубларида ўзининг тобора чўкиб бораётганини таъкидласа ҳам, севгилисининг янги ҳаётга мослашиб кетишини истайди: «Мендан фарқли равишда, сенда фаол турмуш ва ижод учун яна бир қанча ўн йиллик бордир. Мен сен ҳақингда кўп ўйлайман ва, янги ҳаётга қувонч ҳамда жасорат билан қадам қўйишингни чин дилимдан истайман...»
Бироқ Эйнштейннинг вафотидан кейингина Коненкова янги ҳаётга қадам қўйди: хўжалик ишларига киришиб кетди, қиёфаси эса аввалги «аслзода» хусусиятини тезликда йўқота бошлади. 1971 йилда эри вафот этгач, Маргарита буткул ёлғизланиб қолди – ёшликда ажойиб қоматини сақлаш мақсадида у фарзанд кўришдан бош тортганди. Энди эса у дўстлари ва қариндошларидан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилиб, ҳеч қаерга чиқмади, таркидунё қилди. Ҳафталаб тўшакда ётган пайтлари бўлди, шу сабабли ўта беўхшов семириб кетди. Бу орада уй хизматчиси унинг устидан ошкора кулиб юрди: бекасини фақат қора нон ва селёдка бериб боқди, нарсаларидан пала-партиш фойдаланиб, яроқсиз ҳолга келтириб ташлади, қимматбаҳо буюмларини ўмарди...
Буни қарангки, кўпларни лол қолдирган собиқ соҳибжамол Маргарита Коненкованинг тақдирига хор-зорликда ўлиш ёзилган экан. У 1980 йили, Москванинг Тверская кўчасидаги Коненковнинг музей-квартирасида, овқатланишдан онгли равишда бош тортиб, очликдан ўлди. Чунки энди уни бу ҳаётда ушлаб турган ҳеч нарса йўқ эди, ҳаммаси ўтмишда қолганди... Бугунги кунида эса фақат ҳужжатлар сақланадиган қутичаси бор эди. Қутичада Маргарита учун энг қадрли бўлган бир варақ қоғоз – севгилисининг унга бағишлаб ёзган шеъри сақланарди. Унинг учун бу шеърнинг муаллифи буюк физик, Нобель мукофоти соҳиби бўлган машҳур Альберт Эйнштейн эмас, балки уни севган оддийгина эркак, «Альмар»нинг иккинчи ярми эди...
Икки нафар санитар, Коненкованинг жасадини айланма зинадан олиб тушар эканлар, кираверишдаги бронзадан қилинган ҳайкалгаяланғоч қиз ҳайкалига шунчалик суқланиб қарашдики, носилкани тушириб юбораёздилар. Ана шу ҳайкалда тасвирланган сарвқомат соҳибжамолнинг жасадини ҳозир ўзлари ўликхона (морг)га олиб кетишаётганини улар билишмагандир ҳам. Бу аёл бир пайтлари иқтидорли бир ҳайкалтарошнинг илҳом париси, салоҳиятли бир олимнинг сўнгги муҳаббати ва улкан жосуслик тизимининг муҳим бир ходими бўлганлиги эса уларнинг хаёлига ҳам келмагандир балки...

Интернет материаллари асосида Ҳамидбек ЮСУПОВ тайёрлади.