суббота, 12 декабря 2015 г.

АСРГА ТАТИГУЛИК УМР

Қардош қирғиз халқининг буюк ўғлони, дунё тан олган адиб Чингиз Айтматовнинг ижоди, асарлари унинг бошқа соҳалардаги фаолиятидан кўра кўпроқ маълум ва машҳур. Бироқ мазкур ёзувчининг ҳаётидаги айрим нуқталар, унинг дунё миқёсидаги тинчликпарварлик ғоялар тарғиботчиси эканлиги айримлар учун янгилик бўлиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, Ч.Айтматов ҳаёти ва фаолиятининг айрим қирралари тўғрисида тайёрланиб, бир пайтлар “NUR” газетасида чоп этилган мақолани дўстларимиз эътиборига ҳавола этмоқдаман.


Болаликдаги балоғат
1928 йил 12 декабрда Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар овулида, ажойиб қўбизчи Айтмат ота хонадонида чақалоқ овози янгради. Унга Чингиз дея исм қўйишганида, балки, келажакда бу бола ўз адаши бўлмиш хоқондан кўра кўпроқ жойларни ўз қалами ила забт этишини, тарихда яхши ном қолдиришини билишмагандир. Шунингдек, унинг ҳали болалигиданоқ турмуш қийинчиликларига дучор бўлишини ҳам на отаси – маданий инқилоб курашчиси, жамоат арбоби Тўрақул оға ва на онаси – шаҳар театри актрисаси Наима Айтматова хаёлига келтирмаган бўлса керак.
Гап шундаки, 1937 йил қатағонида фидойи инсон, фаол жамоат арбоби Тўрақул Айтматов ҳам қамоққа олиниб, оиласи билан бутунлай видолашади. Отаси отилганидан кейин бола Чингиз бувисининг қўлида тарбияланган, унинг меҳнат фаолияти ўн ёшидан бошланган. Бу орада барча эркаклар Иккинчи жаҳон урушига отлангач, турмушнинг барча қийинчиликлари аёллар, қариялар ва болалар зиммасига тушади. Чингиз ҳам ўн тўрт ёшида Шакар қишлоқ кенгаши котиби, солиқ йиғувчи, сўнг тракторчилар бригадасининг ҳисобчиси бўлиб ишлайди.
Ч.Айтматов 1948 йили Жамбулдаги зооветеринария техникумини тугатгач, 1953 йили Қирғизистон қишлоқ хўжалик институтида ўқийди. Сўнг олий маълумотли мутахассис дипломи билан шу йили тажриба фермасининг зоотехниги бўлиб иш бошлайди.
Техникумда ўқиётган кезлари Чингиз жажжи очерк ва мақолалар ёзиб, маҳаллий матбуот саҳифаларида эълон қилдира бошлайди. Кейинчалик ёзувчиликка иштиёқи асосий касбидан устун келиб, 1956-1958 йилларда Москвада ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий адабиёт курсида таҳсил олади. Шу тариқа у ҳаётда ўз йўлини танлайди ва умрининг охиригача дунё халқига ўзининг сара асарлари билан зиё улашади.

Она Замин фуқароси
Чингиз оғанинг шахси ҳақида унинг асарларини ўқиб, қаҳрамонларини кузатиб ҳам муайян маълумотга эга бўлиш мумкин. У инсонни, унинг манфаатлари, ҳис-туйғуларини биринчи ўринга қўювчи, меҳрнинг қадрига етувчи, меҳнатни улуғловчи, бағрикенг киши эди.
Айтматовнинг асарларини ўқиркансиз, улардаги ҳар бир образ ўзига хос бўлса-да, ижобий қаҳрамонлар руҳиятида бир-бирига ўхшаш хислатларни ҳам учратасиз: аввало, меҳнатсеварлик, халқпарварлик, тинчликсеварлик, бир-бировга елкадошлик, миллий анъаналарни улуғлаш қатори ҳаётга янги кириб келаётган илғор мотивларни ёқлаш, жасорат; шунингдек юртга, табиатга, ҳайвоноту наботот оламига, она-Ерга нисбатан чексиз меҳр... Мана шулар марҳум адибнинг ҳам характеридаги муҳим жиҳатлар эди. Айтиш мумкинки, у ўзи севган қаҳрамонларга юрагини улашиб берганди.
Чингиз Айтматовнинг деярли ҳар бир асари инсонларни бунёдкорона меҳнатга, ўзаро бирдамликка ва табиатни асрашга чорлаб туради. У Замин ва Замон, Башарият ва Табиат муаммоларини кўтариб чиқади, шу боисдан ҳам унинг асарлари барча замонларда долзарб, бутун Ер юзи аҳолиси учун миллийдир. Адибнинг ўзи ҳам бутун дунё миқёсида фикрлар, барчани ўзига дўст биларди. Жумладан, бизнинг Ўзбекистонни ва унинг меҳнаткаш, бағрикенг халқини ҳам.

Халқимиз дўсти
Муҳтарам адибимиз бизнинг юртга, халқимизга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўларди. Унинг «Қадим-қадимдан ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деган сўзлариёқ бунинг яққол исботидир. Бундан ташқари, «Пахта иши» бўйича халқимизга туҳмат тошлари отилганда, Ч.Айтматов Кремлнинг съездлар саройида туриб, ўзбекларнинг бунёдкорлигини айтиб, жасорат ила ҳимоя қилганини эслайлик.
1995 йилда ҳурматли Президентимиз Ислом Каримов томонидан «Туркистон – умумий уйимиз» ғоясини ўртага ташлаганларида, буни хорижда юрган Чингиз Айтматов биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Пойтахтимизда бўлиб ўтган «Марказий Осиё маданияти Ассамблеяси»нинг таъсис қурултойида унинг Президенти этиб Чингиз Айтматов, вице-президенти қилиб Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов сайланганди.

Чингиз оғанинг халқлар биродарлигини мустаҳкамлаш йўлидаги фидокорона ҳаракатларини юксак баҳолаб, Президентимиз И.Каримов адибга 1997 йили Ўзбекистон Республикасининг олти йиллиги муносабати билан «Дўстлик» орденини тақдим этди, 1998 йилда эса Ч.Айтматов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

 Ҳақиқат билан юзма-юз

Уруш кетаётган паллада, котиб ва солиқ йиғувчи ўсмир Чингизнинг ҳаётида муҳим бир воқеа содир бўлади. У солиқ сифатида тўпланган пулларни қопларга солиб, Давлат банкининг ўша пайтдаги ягона кассасига топшириб келарди. Касса ўттиз километр узоқликдаги район марказида жойлашган бўлиб, у ерга эса чўл орқали ўтган кимсасиз йўлдан бориларди.
Бир сафар икки қоп пулни отга ортганича ўша ўзига таниш кимсасиз йўлдан кетиб бораркан, рўпарасидан келаётган, увада кийимли, кирза этиклари униқиб кетган, лекин ўзи йигит ёшидаги бир гадога кўзи тушди. Отда икки қоп нарсани олиб келаётган ўсмирни кўриб, тиланчи ундан ейишга бирор нарса беришини сўради. Аммо Чингизнинг қопида халқ бойлиги бўлмиш пул бор эди, ўз бурчига хиёнат қилиб уни бировга беролмасди. Шунинг учун, қанчалик оғир бўлмасин, у индамасдан тиланчининг ёнидан отини ниқтаб ўтиб кетди.
Шунда ҳалиги киши жаҳли чиқиб, унинг ортидан тош отиб, ҳақорат ва қирғишларни ёғдира кетди: «...Сен ҳам бир куни мендай дайдиб юргин, очликдан силланг қуриб қолсин, ўшанда олдингдан бирор ёруғлик чиқмасин! Қанақанги қўрқинчли одамсан сен! Сени ким туққан ўзи?!.»
Чингиз бу гадонинг аслида урушдан қочган ва шу сабабли халқнинг нафратига учраган дайди эканини кейинроқ билган. Аммо, ўша вазиятда ҳақ бўлишига қарамасдан, унга ёрдам беролмагани учун узоқ вақтларгача виждони қийналиб юрди. Кейинчалик – 1957 йилда ёзган «Юзма-юз» номли қиссасида эса у айнан урушдан қочиб келиб, ғорда яшириниб юрган Исмоилнинг фожиасини тасвирлайди. Балки, шу асари билан у ўзининг ўша учрашувдаги айби учун виждони олдида ўзини оқламоқчи бўлгандир... 

Қаҳрамонлари ҳалиям ҳаёт

Айтматовнинг ҳикоя, қисса, роман ва пьесалари турли мавзуларга бағишланган бўлса-да, уларни бир муҳим жиҳат бирлаштириб туради: асар воқеалари худди ёнимизда, кўз олдимизда содир бўлаётгандек туюлади. Бугина эмас, улардаги образлар шу қадар ҳаётийки, гўё ҳар бирининг қиёфасини кўргандай бўласиз. Чунки, адиб ҳамма нарсани халқнинг жонли турмушидан олади, одамларнинг характерини, қиёфасини ишонарли тасвирлайди.
Масалан, «Биринчи муаллим» қиссасида 20-аср бошларида болаларга савод ўргатиш йўлида жон куйдирган Дуйшэн, гарчи рўшнолик кўрмаса-да, кексайган чоғида почтачилик қилиб юради. Қисса бутун жаҳонда шуҳрат қозонишдан ташқари, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир овул халқи бош қаҳрамон қиёфасида ўзларидаги ўқитувчиларни «таниган»лар.
Адиб  шундай хотирлайди: «Китобхонлар турли ёқлардан менга хат йўллаб, айнан Дуйшэндай бир муаллим у овулда ёки бунисида бўлганлиги, айнан ўша одам биринчи мактабни очганлиги, айнан у ўз йўлидан қайтмас инсон бўлганлиги тўғрисида ёза бошладилар. Ҳатто шундай пайтлар ҳам бўлдики, мени аллақачон нафақага чиққан кекса «биринчи муаллимлар» ҳузурига етаклаб боришар, айнан мана шу кекса муаллим менинг Дуйшэним эканлигини айтиб, ишонтиришга уринишарди».
Ёки яна бир мисол: Чингиз оға Москвадалигида, унинг олдига бир аёл келиб, саломлашиб, сўрашади. Адиб кимлигини сўраганида, аёл унинг кўзларига тик боқиб, «Мен – Акбараман», дейди ва ортига қайтиб кетади. Акбара – «Қиёмат» романидаги ўз оиласидан, яшаш жойларидан айрилган она бўри образидир. Бу асарда табиат ва инсоннинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, одамларнинг бир-бири билан бўлган зиддиятлари ва ҳар бир кишининг ичида туғён урган фикрлар хилма-хиллиги тасвирланган. «...Унинг бу нигоҳида  қанчалар азоб изи бор эди, – дейди адиб ўша аёл ҳақида. – Мен даҳшат билан ўйлаб қолдим: агар ўзида инсонликдан асар ҳам қолмади, деб ўйлаётган бўлса, у қандай умр кечирган экан...»
Умуман, Айтматов асарини ўқиётган китобхон унинг ичига кириб кетади, қаҳрамонлар билан бирга йиғлаб-кулади, улар билан ҳамнафас меҳнат қилади, тоғ ошади, саҳро кезади, денгизда улоқиб юради. Зеро, ҳақиқий бадиий асар шуниси билан жонли, унинг муаллифи ҳам асарлари билан тирикдир.

 У яшайверади

2008 йилнинг 10 июнида Германиянинг Нюрнберг шаҳрида муолажа олаётган таниқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов оламдан ўтди. 14 июнь куни Бишкекда ўтказилган билан видолашув ва унинг дафн маросими уч соат давом этди. Давлат филармониясининг кириш жойига қўйилган адиб тобути олдига йигирма мингдан зиёд одам йиғилди. Маросим жойига адибнинг 46 та орден ва медаллари олиб келинди. Республика муфтиси Муротали ажи Жуманов жаноза ўқигач, севимли ёзувчини ўзи васият қилган «Ота Байит» тарихий-мемориал мажмуасига – падари бузруквори ёнига қўйишди.
Адибни сўнгги манзилга кузатиш учун Қирғизистон раҳбарлари, турли давлатлар расмий делегациялари вакиллари келишди. Шунингдек, дунёнинг турли бурчакларидан таъзияномалар ва ҳамдардлик билдирилган мактублар, телеграммалар олинди. Жумладан, Қирғизистон Республикаси Президенти Қурманбек Бакиевга муҳтарам Юртбошимиз томонидан йўлланган мактубда шундай сўзлар бор: «Чингиз Айтматов ўзбек халқига ҳамиша дўсту қадрдон эди ва шундай бўлиб қолади. У ўз Ватанига садоқат ҳамда фидойилик билан хизмат қилиш тимсоли сифатида хотирамизда мангу яшайди».
Дарҳақиқат, Чингиз оға ўз асарларида, яхши амалларида, ўзи илгари сурган ғояларда абадий яшаб қолаверади.

Ҳамидбек ЮСУПОВ

пятница, 23 октября 2015 г.

«ДЕТЕКТИВ ҚИРОЛИЧАСИ»дан таржима: АКТРИСА

Агата КРИСТИ
АКТРИСА
Театр залининг тўртинчи қаторида ўтирган, одмигина костюмдаги, ўрта яшар бир эркак сал олдинга интилиб, саҳнага диққат билан тикилди, сўнг ишончсизлик билан ўз-ўзига шивирлади:
– Бўлиши мумкин эмас – бу Нэнси Тэйлор-ку! Худо ҳаққи, Нэнсининг худди ўзи!
У чўнтагидан театр дастури қоғозини олиб, очди ва энг йирик ҳарфлар билан ёзилган исм-шарифни ўқиди.
«Ольга Стормер! Демак, сен ҳозирда ўзингни шундай атаяпсан... Барибир юлдуз бўлибсан-да. Демак, пулларинг ҳам тўлиб-тошгандир. Ҳақиқий исмингни, балки, унутиб ҳам юборгандирсан? Ҳечқиси йўқ, Жейк Левит сенга буни эслатиб қўяди!»
Биринчи кўриниш тугаб, парда туширилди ва зал томошабинларнинг гулдурос қарсакларидан титраб кетди. Театр саҳнасига бир неча йил олдин кириб келган ва ҳозирда ҳаммага яхши таниш бўлган Ольга Стормер «Қарғовчи фаришта» драмасида Кора ролини ижро этаётганди. Қарсаклар мана шу ижрога ва кўпроқ актрисанинг ўзига аталганди.
Фақат Жейк Левит қарсак чалмасди – у мийиғида кулиб ўтирарди: «Э, худо! Мана, омадим келди! Мен, қаердан пул топишни билмай, бош қотириб юрибман-а. Мана, ўлжа тайёр-ку! Ҳа, у ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади, лекин мен ҳам анойилардан эмасман. Ахир, бу соҳада анча-мунча тажрибам бор. Э, бу аёл  ҳақиқий олтин кони-ку!»
Эртасига тонгда «олтин кони» бўлмиш бу аёл ўз уйидаги меҳмонларни кутиш хонасида ўтириб, Жейк Левитнинг мактубини ўқирди. Унинг ҳар хил тусларга кирувчи юзи худди оқиш ниқоб кийгандек эди, қошлари чимирилган, ўйноқи кулранг-яшил кўзлари эса мактубга худди заҳарли илонга қарагандай қадалган эди.
Актриса ҳис-туйғуларнинг энг нозик қирраларигача акс эттира олувчи жозибадор овози билан котибасини чақирди:
– Мисс Жонс!
Шу заҳотиёқ қўшни хонадан батартиб кийинган, қўлида ёндафтар ва қалам ушлаган чиройли қиз кириб келди.
– Илтимос, жаноб Дэнхенга қўнғироқ қилинг. У менга ҳозироқ керак.
Сид Дэнхен – унинг менежери, ҳар қандай ҳолатга тайёр ҳолда хонага кирди. Унинг бутун умри буюк актрисаларнинг сон-саноқсиз инжиқликларию ожизликлари билан курашда ўтган. Дэнхен вазият талаб этадиган турли ҳолатларда мадҳ этиш, кулдириш, қизиқтириш, кўндириш, қўрқитиш ва тинчлантириш санъатларини мукаммал эгаллаган киши. Унинг уринишлари туфайлигина Ольга ўзини мана шундай хотиржам тутишга ўрганган.
Ольга стол ортидан унга хатни улоқтирди:
– Ўқиб чиқинг!
Хат оддий, арзон қоғозга хатолар билан ёзилганди.
«Ҳурматли хоним.
Мен кеча кечқурун «Қарғовчи фаришта»даги сизнинг чиқишингиздан бағоят ҳайратдаман. Бир пайтлари Чикагода менинг яхшигина дўстим бўларди. Унинг исми Нэнси Тэйлор эди. У ҳақида мақола ёзиш ниятим бор. Агар бу сизни қизиқтирса, куннинг ёки туннинг исталган пайтида ҳузурингизга боришим мумкин.
Ҳурмат билан Жейк Левит».
Дэнхен савол маъносида қошларини кўтарди:
Хўш, нима бўпти? Ким экан бу Нэнси Тейлор?
– Бу қиз ўлиб кетгани яхшийди, Дэнни... – Ольганинг овозида умрининг ўттиз тўрт йиллик барча чарчоғу қувончлари мужассам эди. – Ўзи у, йўқ эди, ўлик эди, то мана бу гўрков уни ковлаб олмагунича.
– А!? Демак, бу...
– Ҳа, Дэнни, бу менман.
– Шантаж қилмоқчи шекилли?
Аёл боши билан тасдиқлади:
– Ҳа. Ва бу одам ўз ишини билиб қилади.
Дэнхен кулимсиради. Ольга эса, нозик ва узун бармоқлари орасидан унга хотиржам ва синчков назар солди.
– Ҳаммасини инкор қилсангиз-чи? – сўради Дэнхен. – Орадан шунча вақт ўтган. Бу айнан сиз эканлигингизга у шунчалик ишонармикан?
Ольга бошини чайқади:
Левит ўзи аёлларни шантаж қилиш билан умр кечиради. У ҳеч қачон адашмайди.
Полиция-чи? – ишончсизлик билан таклиф қилди Дэнхен.
Ольга ўз саросималарини яшириш учун бор кучи билан зўрға сунъий жилмайди. Аслида эса, унга худди оёғи остидаги ер қулаб кетаётгандек туюларди.
– Сиз ўйлаб кўрмадингизми, ҳалиги... ҳаммасини сэр Ричардга айтиб берсангиз-чи? Бу ҳар қандай шантажнинг олдини оларди.
Ольга Стормер ва парламент аъзоси сэр Ричард Эверарднинг унаштирилиши бир неча ҳафта олдин эълон қилинганди.
Кеч. У менинг қўлимни сўраб бўлган, мен розилик берганман.
Демак, ҳаммаси тамом экан-да? – хитоб қилди Дэнхен.
Ольга истеҳзоли кулимсиради:
Бугина эмас. Сиз тушунмайсиз, Дэнни. Ҳаммаси тамомдан ҳам баттар.  Энди, агар Левит ҳужумга ўтса, нафақат менинг, балки Ричарднинг ҳам келажаги қулади, деяверинг. Менинг тушунишимча, вазиятдан чиқиб кетишнинг иккитагина йўли бор.
– Хўш, қандай?
– Пул билан оғзини ёпиш. Тўхтовсиз пул бериб туриш ёки ғойиб бўлиб, ҳаммасини бошқатдан бошлаш, – унинг товушида яна ҳорғинлик сезилди. – Энг кулгилиси шуки, Дэнни, мен ҳеч нарсага ачинмайман. Мен унда оч-наҳор бир дайди қиз эдим ва бу ҳолдан тезроқ қутулишни истардим. Тағин, мен биттасини отиб қўйганман. Тўғри, у кўпроқ ҳайвонни эслатар ва бу ўлимга лойиқ эди. Бундан ташқари, бу шундай ҳолатда содир бўлдики, ҳар қандай суд ҳам мени айбдор деб ҳисобламасди... Буларни эндиликда биламан, лекин ўшанда мен аҳмоқ ва қўрқоқ бир қизча эдим ва қочиб қолганман.
Дэнхен бош ирғади.
– Левитнинг ўзини бирор нима билан қўлга тушириб бўлмайдими? – секингина сўради у.
Ольга бош чайқади:
Бунга шубҳам бор. У ўта қўрқоқ, жиддийроқ бир иш қилишга ярамайди, – у хўмрайди, худди ўз гапини эшитиб кўраётгандек давом этди. Қўрқоқ! Менимча, бундан фойдаланса бўлади!
– Агар сэр Ричард у билан учрашиб, қўрқитиб қўйса-чи? – таклиф қилди Дэнхен.
– Ричард ўта нозик табиатли киши. Бунақа ишлар оқ қўлқопларда қилинмайди.
Унда мен бир уриниб кўрсам...
Кечирасиз-у, Дэнни, лекин сиз бунга янаям мос келмайсиз. Бу ерда куч ва ақл ўртасидаги нимадир керак. Бу ишга айёрлик керак. Бошқача қилиб айтганда, буни аёл киши уддалаши мумкин. Шундаям, ҳаётнинг қоронғи томонларини ҳам яхшигина биладиган аёл бўлиши керак. Ўйлашимча, Ольга Стормер бунга энг яхши номзод. Жим бўлинг, мени чалғитманг.
У олдинга сал эгилиб, юзини қўллари билан беркитди. Салдан сўнг бирданига бошини кўтариб, сўради:
– Менга дублёр бўлмоқчи, ўрнимга саҳнага чиқмоқчи бўлган қиз бор эди-я? Исми Маргарет Райан эди шекилли? Унинг сочлари меникига жуда ўхшайди.
– Сочлари-ку ўхшайди-я, – норози оҳангда деди Дэнхен, Ольганинг ярқироқ сочларига қараркан. – Тўғрисини айтганда, сочлари худди сизникидек, лекин бошқа ўхшашлиги йўқ. Уни кейинги ҳафтада ишдан бўшатмоқчиман.
– Бўшатишни сал орқага суришга тўғри келади, Дэнни, балки, унга Кора ролини ҳам берармиз. – Ольга, ўрнидан туриб кетаёзган менежерини бир имо билан ўрнига ўтқазиб қўйди. – Менга тўғрисини айтинг-чи, Дэнни, сизнингча, мен ролни яхши ўйнайманми? Йўқ, мен бу ерда қимматбаҳо, жимжимадор кийимларда саҳнага чиқиб ўзини кўз-кўз қилиш эмас, балки ҳақиқий ижрони назарда тутяпман.
– Ижроми? Э худо! Ольга, сиз шунчаки актриса эмас, энг аълосисиз! Мен Дузе давридан буён сиздақасини учратмаганман!
– Яхши. Демак, унда ҳаммаси яхши чиқади. Албатта, агар мен адашмаётган бўлсам ва Левит қўрқоқ бўлса. Йўқ, Дэнни, мендан ҳеч нарса сўраманг. Фақат ўша қиз – Райан билан гаплашинг ва у мени қизиқтираётганини айтинг. Менинг номимдан уни тушликка таклиф қилинг. Рад этмаса керак, деб ўйлайман.
– Йўқ, албатта.
– Яна, менга қандайдир кучли таъсир этадиган таблеткалардан керак. Шундай бўлсинки, кишини бир-икки соатга ухлатиб қўйсин, лекин унга жиддий зарар етказмасин.
Дэнхен кулиб қўйди:
– Шунақасидан бор. Тўғри, дўстимизнинг боши ҳавас қилиб бўлмайдиган даражада оғрийди, лекин шу билан ҳаммаси ўтиб кетади.
– Яхши. Ишга киришинг, Дэнни. Қолганини мен ўзим бўйнимга оламан. Мисс Жонс!
Салдан кейин кирган котиба ёндафтарига ёзар, Ольга бўлса, хона ичида у ёқдан бу ёққа юриб, айтиб турарди. У ҳеч қачон жавобларни ўз қўли билан ёзмасди.
*           *          *
Узоқ кутилган хатни олиб очаркан, Жейк Левитнинг оғзи қулоғида эди.

«Ҳурматли жаноб!
Фикримча, сиз хатда тилга олган аёлни мен танимайман. Бироқ, мен жуда кўп одамлар билан учрашаман ва бу борада адашган бўлишим ҳам мумкин. Агар бу англашилмовчиликни тўғирлашда менга ёрдам берсангиз, сиздан жуда миннатдор бўлардим. Сизни бугун кечки соат тўққизда кутаман.
Ҳурмат билан Ольга Стормер».
Левит ҳаммасини тушуниб, бош ирғади. Ақлли ёзилган жавоб! Тан олиш керак, унинг сал жаҳли ҳам чиқди, лекин, барибир, Ольга у билан учрашишга рози бўлди-ку. Олтин кони ишга тушди!
*           *          *
Роппа-роса соат тўққизда у эшик қўнғироғини босди. Уйдан ҳеч ким жавоб бермади, лекин эшик очиқ экан. У эшикни очиб, залга кирди. Атрофга қараб, ўнг томонга – қизил-қора ранглар билан жило берилган, нимқоронғи  меҳмонхонага кирди.
Стол устида, чироқнинг доирасимон ёруғида хат ётарди:
«Илтимос, кутиб ўтирсангиз. Мен тезда қайтаман.
О.Стормер".
Левит ўтириб олди. Унинг сабр-тоқати беқиёс эди, аммо кутиб ўтириб, жуда ўнғайсизланди.
Қандайдир ноқулай эди. Хонада мутлақо тинчлик, ўлик сукунат ҳукм сурарди, шундай бўлса ҳам, Левитни ғалати бир ҳис ҳеч тарк этмасди. Худди у бу ерда ёлғиз эмасдек эди. У пешонасидан терни сидириб, ўз қўлига ҳайратланиб қаради.
Ўнғайсизлик ҳисси тобора ортиб борарди. Ўзича шивирлаб сўкиниб қўйиб, Левит ўрнидан турди ва хона ичида юра бошлади. «Ҳа, майли, бу куттирганларинг учун яхшигина ҳақ тўлайсан ҳали...»
Қора бахмал парда тагидан чиқиб турган қўлни кўриб, Левит ҳовлиққанидан қичқириб юбораёзди. Эгилиб, унга секин қўл теккизиб кўрди – қўл муздай эди.
У пардани силтаб очди. Олдида бир аёл юзтубан ҳолда ётар, унинг бир қўли гавдаси остида қолган, иккинчиси парда тагидан чиқиб турганди. Унинг олтинранг сочлари боши атрофини ўраб олганди. Ольга Стормер!
Левит титроқ бармоқлари билан унинг қўл томирини босиб кўрди. Ўйлаганидек, пулс йўқ эди. «Жин урсин! Бу қизча мендан қочиш учун яхшироқ йўл танламабди!»
Унинг нигоҳи Ольганинг елкасида ётган иккита қизил чилвирнинг учида тўхтади. Улар тилларанг сочлар остидан чиқиб турарди.
Левит  эҳтиёткорлик билан чилвирнинг бир учини тортди ва кутилмаганда аёлнинг боши шилқ этиб бурилиб, юзи кўриниб қолди. У ўлик, кўкимтир рангда эди. Левит чўчиб, ўзини орқага олди.
Унинг боши айланиб кетди, бу ерда қандайдир сир бор эди. Лекин икки нарсага у амин эди: бу аёл ўлдирилган ва у Ольга Стормер эмасди!
Орқадан шитирлаган овозни эшитиб, дарҳол бурилган Левит хизматчи аёлнинг нигоҳига дуч келди. У деворга суяниб турар, юзи ҳам худди фартугидай оппоқ эди, кўзлари эса даҳшатдан қотиб қолганди.  Левит унинг бунчалик тикилиб қарашига ҳайрон бўлди, хизматкор аёл эса даҳшатга тушиб деди:
– Эй худо! Сиз уни ўлдирдингиз!
Эркак бирданига лол қолди, сўнг, нима бўлаётганини тушуниб, шошиб хитоб қилди:
– Йўқ, йўқ... Мен келганимда у ўлган эди.
– Мен... Мен ҳаммасини кўрдим. Сиз уни бўғдингиз.
Левитнинг пешонасидан муздай тер чиқиб кетди: балки, айнан у чилвирни тортаётган сонияда хизматкор кириб қолгандир? Левит нажот истагандай унга назар солди, у эса ўлгудек қўрқиб кетганди. Шубҳа қилмасаям бўлади – полицияда ҳам у айнан шундай дейди. Ҳаммаси унинг кўзи олдида содир бўлди, у шу гапида қатъий туриб олади. Ва бу Левитга анча қимматга тушади – у жонидан айрилади.
«Эй худо! Бунчаликка бормаса керак! Ҳатто ишониш ҳам мушкул... Тўхта! Балки, айнан ишонмаслик керакдир?»
У бирдан хизматкорга қаради:
– Бу сизнинг бекангиз эмаслигини сиз яхши биласиз.
– Албатта, – ўз-ўзидан тасдиқлади у. – Бу унинг дугонаси. Улар иккаласи ҳам шу ерда эдилар ва, одатдагидай, жанжаллашишарди. Актрисалар ҳаммаси шунақа ўзи.
Қопқон! Левит буни энди тушунди.
– Бекангиз қани унда?
– Ўн дақиқа олдин чиқиб кетганди.
«Қопқон! Мен худди қуёндек унга илиндим. Жин урсин! Ахир, бу ярамасдан эҳтиёт бўлиш кераклигини билардим-ку! Буни қара-я, бир ўқ билан икки қуённи урибди: ҳам рақибасидан, ҳам мендан қутуляпти. Ё Раббим, энди мени осишади-ку! Ўзим қилмаган қотиллик учун осишади!»
Хизматкорнинг ҳаракати унинг хаёлини бўлиб юборди – у эҳтиёткорлик билан эшик томон  сурилиб борарди. Левит яшин тезлигида фикрлай бошлади. Унинг нигоҳи телефонга кўчиб, яна аёлга қайтди. Қандай қилиб бўлса ҳам унинг оғзини ёпиш керак эди, бу дордан қутулишнинг ягона йўли эди. Ёнида қуроли йўқ... Тезда хонани кўздан кечириб, хизматкорнинг ёнгинасидаги столда ётган  тўппончани кўрди. Унга биринчи бўлиб етиб олиш керак эди.
Аёл унинг нигоҳини пайқаб, дарров столга отилиб, тўппончани олди ва унинг кўкрагига тўғирлади. Гарчи тўппонча учи қалтираб, у ёқ-бу ёққа ўйнаб турган бўлса ҳам, Левит тушундики, бундай вазиятда адашмаслик керак. Ольга Стормердай аёлнинг тўппончаси мудом ўқлоғлиқ бўлишига эса шубҳа қилмасаям бўлади.
Левит турган жойида қотиб қолди. Хизматкор уни мўлжалга олиб турса ҳам, эшикдан ярим метр узоқликда турар, ўтиб кетиш мумкин эди. Левит ўйладики, агар хизматкорга тегмаса, у ҳам отишга ботинолмайди. У чуқур нафас олиб, ўзини эшикка урди ва зал орқали кўчага чопиб чиқди. Унинг ортидан чиқиш эшиги ёпиларкан, хизматкорнинг ожизгина қичқириғи эшитилди:
– Полиция! Қотиллик!
Левит югуриб бораркан, аёлнинг ўрнида ўзи бўлганида бор овози билан бақириши мумкинлиги хаёлидан кечди. У тезда атрофига қараб, кўчани кесиб ўтди, бурилишдан сўнг эса, шошиб кетаётган оддий одамдек қадам ташлаб кетди.
У энди нима қилиш кераклигини яхши биларди. Энг аввало, имкон қадар тезроқ Грейвс-Эндга етиб олиши лозим. У ердан дунёнинг энг узоқ чеккаларигача борадиган кемалар  йўлга чиқади. Унинг ҳеч қачон ортиқча саволлар бермайдиган бир капитан таниши бор. Кема бортида ва очиқ денгизда эса  у буткул хавфсизликда бўлади.

*           *          *
Икки соатдан сўнг Дэнхеннинг уйида телефон жиринглади:
– Дэнни, илтимос, мисс Райан билан шартнома тузинг. Эртага Кора ролини у ижро этади. Тинчланинг, Дэнни, биласиз-ку, мен билан баҳслашиш фойдасиз. Мен бугунги оқшом учун унинг олдида жуда-жуда қарздорман. Лаббай? Ҳа-ҳа, ҳаммаси жойига тушди, менимча. Дарвоқе, агар у сизга менинг ажойиб гипнозчи эканимни айтиб қолса, ҳайрон бўлманг. Мен ростдан ҳам уни суҳбат орасида ҳушидан кетказиб, ухлатиб қўйдим... Қандай бўларди, кофега сиз берган таблеткалардан иккитагинасини қўшиб бердим ва салгина ҳаракат билан ухлатиб қўйдим-да. Кейин эса уни ўликка ўхшатиб грим қилдим ва пулс билинмаслиги учун чап қўлини билагидан сириб боғлаб қўйдим... Майли, ишонмасангиз ҳам ихтиёрингиз. Майли. Эртага эрталаб ҳаммасини батафсил гапириб бераман. Ҳозир шошилмасам бўлмайди – хизматкорим кинодан қайтади ҳозир. Унинг фартугини кийиб олганимни кўрса, нима деб ўйлайди, ахир. Эҳ, Дэнни, афсуски, сиз бугун мени кўрмадингиз-да! Бу оқшом мен умримдаги энг зўр ролимни ўйнадим! Мен ҳақ эканман – Жейк Левит ростданам қўрқоқ бўлиб чиқди. Ва... о, Дэнни, мен ҳақиқатдан ҳам буюк актрисаман!
Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.



* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

«ДЕТЕКТИВ ҚИРОЛИЧАСИ» ҲАҚИДА
Агата Кристи номи детектив ихлосмандларига яхши таниш. Унинг маҳоратини тасаввур этиш учун «Ўнта негр боласи», «Шарқий экспрессдаги қотилллик» филмларини эслаш кифоя. Лекин бу ёзувчининг ҳаёти ва ижоди ўзбек китобхони учун қоронғу. Адибанинг ҳаёти, ижодий фаолияти бир неча китоб бўлгулик даражада қизиқарли, қувончли ва ғуссали воқеаларга бойдир. Шу сабабли ҳам биз қуйида Кристи ҳаётидаги айрим нуқталарини қисқача келтириш билангина чекланамиз.
Мэри Кларисса Миллер (кейинчалик, чўқинтириш маросимида унга Агата исми қўйилган) 1890 йилнинг 15 сентябрида Англияда туғилган. У америкалик Фредерик Миллер ва инглиз Клара Бемернинг кенжа – учинчи фарзандидир. Ўзининг эътироф этишича, унинг бахтли болалиги кейинчалик шундай таниқли бўлишига асос яратган. Энагасининг халқ оғзаки ижодидан олган эртаклари ва онасининг фантастик ҳикоялари унинг болалик тасаввурига кучли таъсир кўрсатган. Ҳаммани ҳайрон қолдириб, у тўрт ёшиданоқ ўқишни ўрганган ва шундан кейин китоб унинг ажралмас дўсти бўлган. Унга энг яхши совға – эртак китоблари, унинг энг севимли жойи эса ўқув хонасидаги кутубхона бўлган. Диккенс, Дюма, Теккерей, кейинроқ Лоренс, Грэм Грин ва Элизабет Боуэн асарларини, лорд Теннисон, Йейтс ва Томас Стернз Элиот шеърларини севарди. Шунингдек, Артур Конан Дойл («Шерлок Холмс ҳақида ҳикоялар»нинг муаллифи) китобларини севиб ўқирди. Кичкина Агата ўртоқлари билан ўйнайдиган ўйинлар сценарийсини тузар, боғда сайр қилганда эса ... ўзи ижод қилган оперетталардан парчалар куйлаб юрарди. Шеърлар ҳам ёзган, кейинчалик уларни икки тўплам ҳолида чоп эттирган.
...Қишнинг совуқ кунларидан бирида, гриппдан соғайгач, Агата карта ўйнаб ўтирарди. Унинг хонасига кўз ташлаган онаси, қизининг зерикиб ўтирганини кўриб, «бундай ўтиргунча, ҳикоя ёзсанг бўлмайдими?!» деб қолди. Агата бунга шунчаки танбеҳ деб қараганди, аммо онаси унга дафтар ва ручка олиб келди. Қиз нима ҳам дерди, ҳар ҳолда, ҳикоя ёзиш карта ўйнашдан кўра қизиқроқ. Шундай қилиб, унинг яна бир қизиқиши юзага келди – ҳикоя ёза бошлади.
У ҳарбий Арчибальд Кристи билан турмуш қурди, Биринчи жаҳон уруши даврида ҳарбий госпиталда ишлади. Унинг илк романи – «Стайлздаги сирли воқеа» 1915 йилда тугатилган бўлса-да, беш йилга яқин нашриётларда сарсон бўлиб юрди. Ниҳоят, 1920 йили «Бодли Хед» нашриёти китобни чоп этди. Бу китоб кейинчалик адабиётда катта шов-шувга сабаб бўлган, ўша пайтда эса, «Детектив қироличаси»нинг етишиб келаётганини деярли ҳеч ким сезмаган. Икки минг нусхага яқин китоб сотилган, муаллифнинг қалам ҳақи эса бор-йўғи... 25 фунт-стерлингни ташкил этган.
Арчибальд фронтдан қайтгач, Агата у билан Лондонга жўнаб кетган. Кейинчалик улар Англиянинг Африкадаги колонияларидан бирига Кейптаунга йўл олишди. Ундан Австралия, кейин Янги Зеландия, Гонолулуга ўтишди. Англияга қайтгач, бу саёҳатларида кўрган-билганларидан Агата ўз асарларида унумли фойдаланди. Кристининг кейинги роман ва ҳикояларини мухлислар интиқлик билан кутадиган бўлиб қолишди. Кейинроқ эр-хотин Гавайга бориб келишди, унинг асарлари ҳам дунёқарашига мос равишда ривожланиб, шуҳрати ошиб борарди.
Онасининг ўлимидан сўнг Агатанинг соғлиғи ёмонлашди, сўнг эри билан ажрашди. Кейин бошқа юртларга турли мақсадларда (саёҳат, археология ва ҳоказо) сафар қилди ва археолог Макс Мэллоуэн билан танишиб, турмуш қурди.
Агата Кристи деярли ярим дунёни кезиб чиққан, саёҳатлар натижаси ўлароқ у турли ерлар, турли миллат вакиллари ҳақида бир-биридан гўзал асарлар яратган. Улардаги инсон руҳияти тасвири эса ўта жонли ва табиий чиққан.
«Детектив қироличаси» 1976 йилда вафот этган. Унинг асарлари эса мухлислари билан бирга яшаб келмоқда.

понедельник, 31 августа 2015 г.

ФИРЪАВННИНГ МАХФИЙ КОСМОДРОМИ

Дунёнинг етти мўъжизасидан ҳисобланмиш Миср пирамидалари Ер юзидаги энг сирли объектлардан саналади. Уларнинг жойлашган ўрни, қурилиш материали ва услуби, геометрик ўлчамлари, иншоотларни барпо этишда ишлатилган ишчи кучи каби масалалар хусусида турли замонларда ҳар хил фикрлар билдирилган ва  билдирилмоқда. Бу мулоҳаза, фараз ва тахминларнинг айримлари шунчалик улуғворки, унча-мунча кишининг тушуниши қийин. Баъзи фикрлар шу қадар саёзки, эшитиб одамнинг кулгиси келади.
Шунингдек, эҳромлар ёнида қад ростлаган одам бошли шер ҳайкали – Сфинкс ҳам, инсоният олдидаги буюк жумбоқнинг ифодасидек, асрлар бўйи тарихни «кузатиб» келаётгандек гўё. Улуғвор бу ҳайкални қадимдан «Абул-ҳавл», яъни «Даҳшат отаси» дея таърифлашади.

Замонавий ахборот тармоғи бўлмиш Интернетда ҳам Миср эҳромлари тўғрисида турли-туман маълумотлар мавжуд. «kurilka.citforum.ru» сайтида эълон қилинган қуйидаги мақолани сизнинг эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

* * * 
Семён ВОРОНА
ФИРЪАВННИНГ МАХФИЙ КОСМОДРОМИ
Янги даврга келиб, инсоният яна ўз нигоҳини пирамидаларга қаратаётир. Улар ҳақида янги фаразлар туғилмоқда, эскилари қайта жонланмоқда. Ўз-ўзидан шундай савол туғилади: «Пирамидаларни нима қилсак экан?» Бу борада энг бемаъни лойиҳа муаллифлари пирамидаларнинг барча тошларини алоҳида ажратиб олишни тавсия этишаётир. Лоақал улардан биттасини – Хеопс эҳромини. Хўш, бу нимага керак экан, дейсизми? Унинг ичида нималар борлигини буткул очиб кўриш учун-да!
Хеопс пирамидасини бузиб, бошқатдан қуриш ишига 2001 йил бошиданоқ киришиш мумкин эди. Шунда ўн олти йил давомида (яъни 2017 йилгача) уни бузиш давомида тошларини алоҳида рақамлаб, қайтадан жой-жойига териб чиқишга улгуришарди.
Хўш, пирамидалар ичидан нимани топишимиз мумкин ўзи? Мисршунос Сергей Силаевнинг фикрига кўра, пирамидалардан (аниқроғи, уларнинг ички «ўзаги»дан) замин узра ҳамда юлдузлараро саёҳат қилиш учун фойдаланишган. Бу «ўзак»да нима бор ва у қандай ишлайди – буниси номаълум. Америкалик Раймонд Мэннэрс бир нарсага қаттиқ ишонади: Хеопс пирамидасининг қирралари дастлаб ичга ботган шаклда бўлиб, кўзгусимон материал билан қопланган бўлган. Йилига бир марта пирамидани олов тўфони қоплаб олган ва унинг чўққисидан юқорига томон нур устуни ҳосил бўлган... Раймонд Мэннэрс тарихчи эмас, балки инженер. Аммо у тасвирлаб берган ҳодиса юлдузлараро сайр қи­лишнинг энг мос келувчи шартидир. Дарвоқе, Мисрда ҳукмронлик қилган 60 нафар фиръавн, ҳатто мумиёларини ҳам қолдирмасдан, номаълум тарзда ғойиб бўлишган. (Кези келганда айтиб ўтиш керакки, Америка ҳиндуларининг сардорлари ҳам пирамидалар ёрдами билан изсиз йўқолишган).
Кўпгина жиддий олимларнинг якдиллик билан билдирувчи фикрига кўра, пирамидалар ичида аллақандай сирли нарса бор. Хўш, айнан нима? Миср эҳромларидан бири – маъбуда Хатор мақбараси деворларига ажабтовур суратлар чизилган. Уларда тасвирланган коҳин (руҳо­ний)лар қўл­ларида улкан... электр лампочкаларини ушлаб олишган! Бу предметлар тарихга «Рамзес лампочкалари» но­ми билан кирган. Қадимги мисрликларнинг электрдан фойдаланганликлари ҳа­қида олимлар анчадан бери сўз юритишса-да, бунга унчалик жиддий қарамагандилар. Мана, яна шу мавзу ўртага чиқаётир. Гап шундаки, мақбара деворларидаги сурат ва ёзувлар ўта нозик чизилган бўлиб, шифт ва деворларда бирорта тутун изи – қурум йўқ. Деворга расм тушириш жараёнида мақбара ва эҳ­ромлар ичи­ни айнан мана шу «Рамзес лампочкалари» билан ёритишган бўлса-чи!?
Булардан ташқари, Мисрда қазишмалар пайтида, ичида аллақандай металл пластинкалар қолдиқлари бўлган идишлар кўп топилган. Яқинда шундай фараз юзага келди: бу нарсалар – кимёвий электр энергияси манбаларининг, соддароқ айтганда – аккумулятор батареяларининг деталларидир балки? Баъзиларнинг фикрича, бу фактлар қадимий мисрликларнинг ўзга сайёраликлар билан алоқаси бўлганлигини билдиради. Бошқаларнинг айтишларича, миср­ликларнинг ўзлари биз тасаввур қилган даражадан анча юксак тараққиётга эришганлар.
Умуман олганда, пирамидаларни бузиш учун қандай асослар мавжуд? Улар ичидан бирор нима топиш мумкинмикан?
Келинг, гапни шундан бошлаймиз: Хеопс пирамидасининг ички тузилиши ҳақида олимлар етарлича тасаввурга эга эмаслар. У ердаги хоналар, галереялар ва йўлакларнинг жуда кам қисми бизга маълум. Мисршуносларнинг фаразларига кўра, бу тош иншоот ичида кўп тармоқли лабиринтлардан анчаси мавжуд. Улар нафақат пирамида танасидаги, балки унинг остидаги бизга номаълум бўлган хоналарга олиб бориши мумкин. Қаердан келиши ва нимани шамоллатиши номаълум бўлган шамоллатиш (вентиляция) йўлакчалари ҳам шундан гувоҳлик бераётир.
Таниқли археолог Жон Киннаман 1961 йилда – ўз ўлими олдидан, ёшлигида бошидан кечирган бир қизиқ саргузашт ҳақида айтиб ўтган. Айтишига қараганда, 1924 йилда у Хеопс пирамидаси остидаги олдинлари номаълум бўлган тоннелга кириб қолган экан. Кириш жо­йига у мисршунос сэр Флиндерс Петри билан бирга, мутлақо тасодифан дуч келиб қолган. Олимнинг таъкидлашича, у тоннел охирида кўп сонли, вазифаси номаълум бўлган механизмлар билан тўла бир хонага кириб қолган. Улардан бирини Киннаман «антигравитацион машина» деб тавсифлаган. (Гравитация – бутун олам жисмларининг тортишиш кучи, антигравитация – шу кучни енгиб ўтиш қудрати).
Юқоридаги ҳикоя бу каби ҳодисаларнинг ягона гувоҳи эмас. 1945 йилда, Киннаман саргузаштидан кейин орадан йигирма йил ўтиб, Миср қиролининг ўғли шаҳзода Фаруқ пирамидалар атрофида айланиб юриб, тасодифан Сфинкс ёнидаги аллақайси плитани босган. Кутилмаганда махфий механизм ишга тушиб кетган ва пастдаги катта хонага олиб борувчи йўлак эшиги очилган. Шаҳзоданинг айтишига қараганда, у ерда... роботлар турган экан!
Хўш, булар шаҳзоданинг хаёлотими ёки чиндан ҳам у бирор нимани кўрганмиди? Гап шундаки, Фаруқ бу кириш эшигини кўрсатиб бера олмади. Чунки у ўша жойга тунда кирганди, қайтиб чиққач, уни қайта топа олмади. Шунинг учун, обрўли киши бўлишига қарамасдан, унинг бу гувоҳлигига илмий доираларда киноя билан қарашди.
Нима бўлганда ҳам, пирамидалар ичида ҳали бизга номаълум лабиринтларнинг бўлиш эҳтимоли ўта юқори. Ўтган асрнинг 90-йилларида олимлар номаълум тоннелларни топиш учун яна бир бор ҳаракат қилиб кўришди. Немис инженери Рудольф Гантенбринк пирамидадаги шамоллатиш (вентиляция) туйнукларидан бирига кичик роботни киритди. «Апуаут» (қадимий миср тилидан ўгирганда «илк очувчи», «кашфиётчи» маъносини беради) деб номланган бу робот телекамералар билан жиҳозланган эди. Эгри-бугри шамоллатиш йўлакчасида 60 метр йўл юргач, у силлиқланган плиталар билан қопланган тоннелга кириб қолди, кейин эса деворга дуч келди. Телекамераларнинг кўрсатишича, бу деворда эшик мавжуд бўлиб, унинг сариқ металлдан ишланган иккита тутқичи ҳам бор эди! Афтидан, эшик юқорига кўтарилиб очиларди. Уни олдин очишган шекилли, пол ёнида кичик ёриқ кўринарди. Аммо... эшик ортида нималар яширинган экан? Буни ҳозирча ҳеч ким айтиб бера олмайди.
Япон олимлари пирамидани тўлқинлар ёрдамида текшириб кўришга қарор қилишди. Уларнинг жиҳозлари пирамида ичида олдиндан маълум  бўлмаган камида учта хона борлигини кўрсатди. Уларнинг орасидан яқинроқда жойлашган биттасига олиб борувчи кичик тешик очишга муваффақ бў­лишди. Унга телекамера киритишганида, экранда ўлчамлари 30х5х3 метрни ташкил этувчи, қисман қум билан тўлдирилган зал намоён бўлди. Қум орасидан эса... ға­ройиб металл қурилмаларнинг учлари чиқиб турарди! Ёритиш етарли бўлмаганлигидан, уларни атрофлича ўрганишнинг имкони бўлмаган.
Яқинда америкалик геофизиклар Томас Добеки ва Джозеф Шор пирамидалар ёнидаги Сфинкс тагида чиндан ҳам бир нечта хона мавжудлигини аниқлашди. Уларга кириш йўли ҳам топилди. Аммо у маҳкам ёпилиб қолган бўлиб, ярим аср олдин шаҳзода Фаруққа очилганидек осон очилмасди. Америкаликларнинг гувоҳлик беришларича, қудуқ ичида, ўттиз метр чуқурликдан кетувчи тор йўлак Сфинкс томонга олиб борар эмиш. Унинг оғзи ҳам катта плита билан ёпилган. Сфинкс остидаги хона ҳам пирамидалар билан, уларнинг тагидаги хоналар ва заллар билан  ўзаро боғланган бўлиши эҳтимолиям мавжуд.
Лекин тадқиқотчиларнинг энг дадиллари бир нарсага ишонишади: пирамида – ўзга сайёраликларнинг махфий космодромига ўхшаш бир қурилмадир. Масалан, америкалик мисршунослар Грэхэм Хэнкок ва Роберт Боуэллнинг таъкидлашларича, пирамидалар эрамиздан аввалги 10500 йилда, яъни, ҳозир тахмин қилинаётганидан деярли саккиз минг йил олдин қурилган. Бунга қадимий матн­лардан далиллар топган япон ва рус олимларидан айримлари ҳам бу хаёлий фаразга қўшилишади. Уларнинг махсус компьютер дастурлари ёрдамида аниқлашларича, Орион Белбоғи юлдуз туркуми эрамиздан олдинги 10500 йилда қандай жойлашган бўлса, пирамидалар ҳам худди ўша тартибда жойлашган. Бундан келиб чиқадики, эҳромларни мисрликлар эмас, балки фазодан келган меҳмонлар барпо этишган экан. Улар Орион Белбоғи юлдуз туркумида жойлашган Сириус юлдузи томондан учиб келишган. Пирамидалар қурилишида келгиндилар ерлик қурувчиларни бошқариб туришган. Сириус юлдузини ўз отасидан ҳам қаттиқроқ севишга ҳам мисрликларни ўшалар ўргатишган бўлса керак. Мисрликларнинг Янги йили осмонда чақноқ Сириус юлдузи порлашидан бошланиши ҳам бежиз эмас. Демак, келгиндиларнинг сирлари ҳам айнан пирамидалар ичида ёхуд остида яширилган бўлиши мумкин.
...Яна бир қизиқ факт. Хеопс пирамидаси доимо титраб туришини кўпчилик билмайди. Мазкур ҳодисанинг механизми номаълум, аммо бу титраш туфайли чиқаётган товушни олимлар махсус асбоблар ёрдамида ёзиб олишган. Бу товуш, мусиқашуносликдаги «фа-диез-мажор» аккордини ифодаловчи тўртта нотадан ташкил топган бўлиб, инсон қулоғи уни эшита олмайди.
Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.