Инсониятнинг
фазога илк қадамини қўйган машҳур шахс – Юрий Гагариннинг кейинги ҳаёти
шон-шуҳрат ва янги тажрибалар орасида кечгани маълум. Бироқ бу умрнинг якуни
(агар шундай дейиш жоиз бўлса) фожиали бўлган. Яъни, у 1968 йилнинг 27 мартида,
шериги билан бирга янги қирувчи самолёт синовида иштирок этаётиб, ҳалокатга
учраган.
Лекин ҳамма гап шундаки, фожиа жойида
шеригининг жасади қолдиқлари топилган, Гагарин эса ном-нишонсиз йўқ бўлган. Бу
ҳолат кишилар орасида турли тахминлар пайдо бўлишига, миш-мишлар тарқалишига
асос яратган. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган, «Ufolog.ru»
сайтидан олинган мақолада шу ҳақда сўз боради.
ГАГАРИННИ
ЎҒИРЛАБ КЕТИШГАНМИДИ?
Юрий Гагариннинг ўлими борасида турли миш-миш ва
афсоналар мавжуд. Лекин, фазогир Павел Поповичнинг таъкидлашича, унинг нимадан
ҳалок бўлганлиги аниқ эмас.
Бу ҳалокатнинг сабаблари тўғрисидаги версиялардан бири
расмий доираларда қатъиян рад этиб келинади. Унга кўра, қирувчи самолёт
номаълум учувчи жисм (НУЖ) билан тўқнашган ва ўша «келгинди»лар Ернинг илк
фазогирини олиб кетишган.
Ҳалок бЎлган ким эди?
Юрий Гагарин ўшанда инструктор, тажрибали синовчи-учувчи
Владимир Серёгин раҳбарлиги остида «МИГ-15» қирувчи самолёти штурвалини
бошқариб бораётиб ҳалокатга учраганди. Махсус ҳукумат комиссияси томонидан мазкур
ҳодисанинг тадқиқига бағишлаб тайёрланган барча маълумотлар махфийлаштирилган
ва ҳозиргача ошкор этилмаётир. Фожиа Владимир области Киржак райони ҳудудида,
Новоселово қишлоғидан тахминан уч чақирим узоқликда рўй берганди. Қишлоқнинг
кўпчилик кишилари ўша кунни ҳозиргача яхши эслашади.
Кундузи соат ўн бирларга яқин ўрмончи Владимир Морозов ўз
уйида хотиржам ўтириб чой ичарди. Фақат яқинлашаётган баҳорни ҳис этган
қушларнинг аҳён-аҳёнда сайраган товушигина сукунатни бузарди. Тўсатдан бу
ажойиб ҳолатга раҳна солиб, қўрқинчли портлаш овози келди. Товуш қабристон
томондан келганди.
– Менга гўё ер қимирлагандай туюлди, – дейди Владимир
Васильевич. Машъум воқеани у барча тафсилотларигача эслаб қолган. – Дераза
ойналари жаранглаб кетди. Менинг «ИЖ» мотоциклим бор эди, дарҳол уни миндим-у,
қабристон тарафга йўл олдим.
Морозов фожиа жойига биринчи бўлиб етиб келганди. У ўша
дарага қулаган самолётда ким бўлганлигини ҳатто хаёлигаям келтирмаганди, бу
ҳақда новоселоволиклар кечга борибгина хабар топишди.
– Атрофдаги қорлар қорайиб кетганди, – дея ҳаяжон ила
давом эттиради Владимир Васильевич. – Қайинлар синган, шохларида ипга ўхшаш бир
нималар осилиб ётарди. Билишимча, булар ҳалок бўлган учувчининг ички аъзолари
экан... Сал ўзимга келиб олгач, атрофга разм солдим. Аллақандай ғалати нарсага
кўзим тушди – бу одамнинг жағи эди. Кейинроқ унинг Серёгинга тегишли эканлиги
аниқланди – ясама тишларидан танишибди. Гагариндан бирон нишона қолганми-йўқми
– буниси номаълум.
Кўзи олдидаги манзарадан довдираб қолган Морозов бир нарсани
дастлаб пайқамаган: ўша дамда фожиа жойида худди ўшандай яна бир «МИГ-15» учиб
юрганди. Бунинг устига, унинг учиш баландлиги – бир километр ҳам бу турдаги
аппаратлар учун ўта пастлик қилади. Владимир Васильевичнинг кейинроқ эслашича,
бу қирувчи самолёт арвоҳга ўхшаб, мутлақо товушсиз учарди. Ўрмончи дарага
чиққанида, самолёт ортига қайрилиб, бир зумда кўздан йўқолган.
«Суриштирув» операцияси
Тушга бориб қўрқинчли янгилик бутун қишлоққа тарқалди.
Қишлоқликлар барча ишларини унутиб, ўша ҳодисани ўзаро муҳокама қилишарди.
– Эсимда, кундузги соат иккилар эди, – дейди посёлка
маъмурияти ходимаси Маргарита Шустова. – Ҳаво булутлироқ эди. Магазинга борсам,
кишилар йиғилиб олишган. Ҳамма қабристон яқинига қулаб тушган қандайдир самолёт
ҳақида гапирарди. Тунда эса ҳарбийлар келишди, техникалари билан бирга
қабристон томон йўл олишди. Нима гаплигини улардан сўрасак, «Сизларга тегишли
нарса эмас», дегандай жавоб қайтаришди.
Эртасига эрталаб Маргарита Григорьевна қишлоқдошлари
билан бирга ўша ёққа бориб кўрди. Дарани аллақачон ҳарбийлар ўраб олишганди.
Улар ортида эса, худди роботлардек жим ҳолда погонли кишилар юришарди. Маҳаллий
аҳоли эса пичирлаганча бошқа бир янгиликнинг ғийбатини қилишарди: фожиа рўй
бериши арафасида шу қишлоқлик Людмила Ярцева осмонда учар тарелкага ўхшаган,
жуда нурафшон бир нарсани кўрганмиш. Унинг ўта ёрқин нурларини ҳатто булутлар
ҳам тўса олмаганмиш. Ярцеванинг қасам ичиб айтишича, самолёт унинг кўзи олдида
ана шу нарсага урилиб кетганмиш. Аёл қўрққанидан ўрмон оралаб қоча бошлабди, аммо
тезда кучли товушни эшитиб, ерга йиқилибди.
– Мен самодан келувчи ҳар қандай келгиндилар ва номаълум
учар жисмларга ишонмасдим, – дейди Маргарита Григорьевна. – Лекин ўшанда бир ёш
аскарнинг олдига бордим. Улар бир-биридан икки қадам масофада юриб, бутун дарани
текшириб чиқишаётганди. Нима излаётганларини ўша аскардан сўрадим. У эҳтиёт
қисмлар ва «қора қути»ни қидиришаётганини айтди. Бироқ ҳеч қандай қутини топиша
олмаганди.
Ҳукумат комиссиясининг таъкидлашича, самолётда ҳеч қандай
«қора қути» бўлмаганмиш. Расмий кишилар ҳозиргача мана шу гапни ушлаб олишган.
– Бу бизнинг ишимизни жуда қийинлаштирди, – дея ҳикоя
қилади профессор Сергей Белоцерковский. У ўша пайтда Жуковский номидаги авиация
Академиясида дарс берарди ва Гагариннинг диплом лойиҳасига илмий раҳбарлик
қилганди. Ҳатто фожиа билан алоқадор расмий хулосалар чиқарилиб бўлгандан кейин
ҳам С.Белоцерковский ўз шогирдининг ҳалокати сабабларини излаган. – Ўшанда
самолётнинг бирор қуш ёки метеорологик зонд билан тўқнашиб кетганлиги ҳақидаги
фаразнигина ишончли ҳисоблашганди. Аммо биз қидирувни давом эттириб, бу
фаразнинг нотўғри эканлигини аниқладик. Яна кимдир бошқа тахминни илгари
сурди: гўёки учувчилар ҳавода шунчаки бир шўхлик қилиб кўришган ва уларнинг бу
интизомсизлиги фожиага олиб келганмиш. Бироқ бу – ўтакетган бемаъни фикр.
Серёгин энг тажрибали ҳарбий учувчи бўлиб, жами тўрт минг соатдан ортиқ муддат
парвоз қилган. Гагариннинг қирувчи самолётларни бошқаришда тажрибаси сал камроқ
бўлса-да, ҳар қандай шароитдаям у командирнинг буйруғини сўзсиз бажарарди.
Бундан ташқари, шундай қоида мавжуд: агар ўқув-синов парвозларида фавқулодда
вазият рўй бергудек бўлса, самолётни бошқаришни инструктор ўз қўлига олади.
Лекин бу ерда аллақандай ғайриоддий бир ҳодиса рўй берганга ўхшайди. Тўғри, биз
бу фалокатнинг айнан қандай содир бўлганлигини ҳозиргача ҳам билмаймиз.
Аммо башоратчи уни топди!
1979 йилда афсонавий болгар башоратчиси Вангелия Пандева
(Ванга)нинг сўзлари бутун дунёни ларзага солди. Ўзининг таъкидлашича, у Вамфим
сайёрасининг вакиллари билан сўзлашармиш. Улар эса Вангага «Гагариннинг
ўлмаганлигини, балки олиб кетилганлигини» айтишганмиш.
Бундан кейин Гагарин тақдири тўғрисида 80-йилларнинг
охирларида «НУЖ: эълон қилинмаган ташриф» («НЛО: необъявленный визит»)
телекўрсатуви қаҳрамони, инженер Евгений Емельянов хабар берди. Ўзининг
таъкидлашича, 1989 йилнинг 17 октябридан 18 га ўтар кечаси у «бошқа олам
вакиллари» томонидан ўғирлаб кетилганмиш. Улар Е.Емельяновни ўзларининг
юлдузкезар кемалари ичига олиб киришибди. «Мен кемада дарҳол уч нафар ерликни
кўрдим, – дейди у. – Улардан бири Юрий Алексеевич Гагарин эди! Мен уни
танимаслигим мумкин эмасди!»
Балки бу кишининг гапларига ишонмаслик ва Ванганинг
сўзларини жиддий қабул қилмаслик мумкиндир. Лекин бундай эҳтимолни
парапсихология (кишиларнинг ғайриоддий қобилиятлари)га ва ғайритабиий
ҳодисаларга ишонмайдиган кишилар ҳам рад этишмаётир. Масалан, 1959 йилдан то
1992 йилгача турли фазовий дастурларда иштирок этган киши, фалсафа ва
иқтисодиёт фанлари доктори Александр Субетто шундай дейди:
– Балки шундай бўлиши ҳам мумкин. Мен Гагариннинг ўлими
ҳақидаги барча тахминлар билан танишиб чиққанман, эс-ҳуши жойида бўлган кўплаб
кишиларнинг гувоҳликларини эшитганман. Бир қанча киши шундай таъкидлашаётир:
самолёт аллақандай нурли шар ичига кириб кетганини кўришган. Агар чиндан шундай
бўлса, эҳтимол, Гагаринни ўзга сайёраликлар ўзлари билан олиб кетишгандир.
Балки у – фазога чиққан илк ерлик – қандайдир олий билимлар ташувчисига айланиб
қолгандир.
Александр Ивановичнинг сўзлари кишини бир нарсани эслашга
ундайди: инсоннинг илк фазовий парвози тўғрисидаги кўп тафсилотлар эълон
қилинмаган. Аммо ўта махфий папкаларда сақланаётган маълумотлардан айрим
парчалар барибир турли йўллар билан ташқарига чиққан. Шу маълумотларга
асослансак, ўша дақиқаларда Гагарин ўзининг келажак тақдири тўғрисидаги
алланималарни кўрган.
ВоҚеа Қандай бЎлганди?
Ҳалокат содир бўлишидан олдин, соат 10.19 да «МИГ-15»
ўқув топшириғини бажариш учун учиб кетади. Парвоз кутилмаган ҳодисалардан холи
тарзда, яхши ўтади. Соат 10.30 да Гагарин топшириқ бажарилганлиги тўғрисида
ҳисобот беради ва ортига – базага қайтишга рухсат олади. Айрим манбаларга кўра,
кейинги дақиқа давомида «МИГ-15» экипажи «диск шаклидаги ёрқин объект»ни
кўрганлиги ҳақида аэродромга хабар беради. Экипаж билан алоқа узилмасидан бир
лаҳзагина олдин улар «ҳеч нима кўрмаётганликлари»ни айтишган. Ўшанда буни
ҳавонинг булутлилигига йўйишганди. Лекин Гагарин ва Серёгинни ана шу ёрқин нур
кўр қилиб қўйган бўлиши ҳам мумкин-ку. Тажрибали учувчи Серёгин ҳам, ўзи беш
бармоғидай биладиган машинани бирданига бошқара олмай қолган...
Соат 14.15 да қирувчи
самолётнинг бўлаклари топилган. Балки, гувоҳлар айтаётганидек, самолёт НУЖнинг
ичига кириб кетмагандир, балки аксинча – порлоқ шар ўз мўлжалини топгандир.
Худди шу онда алоқа узилган – одатда НУЖ фаолияти ҳудудида радиоаппаратуралар
ишламай қолади. Шу тариқа, сўнгги сафарга бирга чиққан Гагарин ва Серёгиннинг
йўллари шу ерда айрилди: бири ерга қулади, иккинчиси эса бизга номаълум оламга
равона бўлди.
Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.
Комментариев нет:
Отправить комментарий