четверг, 29 декабря 2016 г.

ҚАТЛ КУНИ (детектив ҳикоя таржимаси)

Суд старшинаси ўрнидан туриб, ҳукмни ўқий бошлаганида, округ прокурори ёрдамчиси Уоррен Селви уни шундай қиёфада тингладики, гўё ҳакамнинг қарори эмас, балки унинг шаънига юксак мақтов ўқилаётгандек. Суд залида: «...айбдор деб топилсин», деган сўзлар янграганида, айбланувчи Мюррей Родман буткул чўкиб, ёниб тугаган гугурт чўпидек қовжираб қолди.
«Унинг айбини мен исботлаб берганим учун у айбдор», дея кўнглидан кечираркан, Уоррен ўз ҳаяжонини зўрға босиб турарди...
Судьянинг зал бўйлаб кезган нигоҳи прокурор ёрдамчисининг юзига келиб тўхтади. Селвининг озғин, буғдойранг юзидаги қувончни кўриб, адолат ўрнатувчи сесканиб кетди. Уоррен бу мамнунлигини яшириши кераклигини биларди, аммо ўз ҳиссиётларини жиловлаб туролмади. Ахир, у бугун ҳаётидаги биринчи ишида ютиб чиққанди.
Прокурор ёрдамчиси тезда қоғозларини йиғиштирди, бутун кучи билан жиддий қиёфага киришга уриниб, қоғозларни портфелга жойлади ва уни полга қўйди.
– Узр, – дея мулозамат билан кечирим сўради у ва одамлар орасидан туртиниб-суртиниб чиқиш эшиги томон юраркан, фақат Доринни ўйларди.
Уоррен хотинининг чеҳрасини, кайфиятига монанд ҳолда гоҳ қатъий, гоҳида эса мулойим тусланувчи оч қизил лабларини кўз олдига келтирди. Суд ишидаги ғалабасини айтса, Дорин уни қандай қабул қилишини, қучоқлаб олишини тасаввур қилишга уринди.
Унинг ширин хаёлларини округ прокурори Гарсон тўзитиб юборди. Прокурор қўлини чўзиб, табассум билан бош ирғар, бу билан у шербаччанинг ғалабасидан қониққан арслонни эслатарди. Гарсоннинг иккинчи ёрдамчиси Вэнс ҳам жилмайди, бироқ унинг самимийлиги камроқдек эди. Ёш ҳамкасбининг ғалабаси туфайли шериклари орасида юзага келган умумий хурсандчилик уни кўпам қувонтирмаётгани кўриниб турарди.
Уларни шу ердаёқ мухбирлар ва сураткашлар ўраб олиб, Селвини  саволга тутиб, суратга ола бошлашди. Ҳали яқин-яқинларгача кишиларнинг бундай эътибори Уорреннинг бахтли бўлиши учун етарлидек эди.
Яқинларда, лекин ҳозир эмас. Энди унинг ҳаётида Дорин бор... У яна хотини ҳақида ўйлади, шу заҳотиёқ уйда пайдо бўлиб қолгиси келди – уйда уни энг ширин ва ёқимли мукофот кутарди.
Гарсон ёрдамчиси Селвини йўлак ёнидаги кулранг машина томон бошлаб борди. Улар ўтириб, машина жойидан қўзғалгач, округ прокурори ёш ёрдамчисининг тиззасига уриб, табассум билан сўради:
– Хўш, қалай, ғолиб бўлиш ёқиб қолдими?
– Ёқди, – дея бош ирғаркан, Уоррен Селви ўзини вазмин қиёфага солишга интиларди. – Лекин, жин урсин, Гар, бу ғалаба битта ўзимники эмас. Ҳамма меҳнат қилди...
– Қўйсанг-чи, – Гарсон хайрихоҳлик билан елка қисди, унинг кўзларида қувноқ учқун чақнагандек бўлди. – Мен сени бутун жараён давомида кузатиб бордим, Уоррен. Сен худди қон изини кузатган изқуварга ўхшардинг. Сен адолатнинг қасоскор қиличига айландинг. Бу йигитни электр стулига мен эмас, сен ўтқазяпсан...
– У айбдор, буни яхши биласан! – Уоррен Селви бошлиғининг овозида кинояни сезиб, қатъият билан унинг гапини бўлди. – Бизнинг йигитлар рад этиб бўлмайдиган шунчалик далил йиғишгандики, суд аъзоларига хотинининг ўлимида уни абдор деб топишдан бошқа иш ҳам қолмаганди.
– Тўғри. Лекин уларни шунга сен ишонтирдинг... Масалага четдан қараб кўр, Уоррен. Агар сенинг ўрнингда бунчалик ғайратли айбловчи бўлмаганида эди, суд аъзолари бу қадар тез бир фикрга келолмасдилар. Камтарликни йиғиштир, Уоррен. Сен мақтовга тўла лойиқсан.
Энди Селви чўзинчоқ юзидаги табассумни тия олмай, ўзини юмшоқ ўриндиқ суянчиғига ташлади.
– Балки ҳақдирсан, – деди у. – Мен унинг айбдор эканлигига ишонардим ва бунга суд аъзоларини ҳам ишонтиришга уриндим. Гап фақат асосли далиллардагина эмас, Гар, буни ҳис қилиб туриш ҳам... Сен буни яхши биласан.
– Албатта, албатта, – округ прокурори ойнага қараб, эътиборсизроқ гапирди. – Хотининг қалай, Уоррен?
– Жуда яхши.
– Хурсандман. Жозибадор хотининг бор-да.
* * *
Уоррен Селви уйига кириб келганида, Дорин диванда ётарди. Эри уни қуча олиши учун у сал ўрнидан қўзғалди.
– Янгиликдан хабаринг борми, Дорин? – сўради Уоррен. – Нима бўлганини эшитдингми?
– Ҳа, аллақачон радиода айтишди.
– Хўш, нима дейсан? Умид қиламанки, бунинг нима эканини тушунасан? Бугун мен илк ғалабамни қўлга киритдим. Дастлабки ва улкан ютуқ... Энди, Дорин, мени ҳеч ким тажрибасиз ходим дея олмайди.
– Уни нима қилишади?
Селви ҳайрон бўлиб, хотинининг кайфиятини билиш учун унга қаради.
– Мен унга ўлим жазосини беришларини талаб қилдим! – қизишиб жавоб берди у. – Бу ярамас бемалол ўз хотинини ўлдирган. Менимча, қатл унинг учун одил жазо бўлади.
– Мен шунчаки сўрадим-қўйдим, Уоррен, – хотиржам тарзда изоҳ берди хотини ва ияги билан унинг елкасига суйкалди. – Хафа бўлма.
– Қатл – бу ишимизнинг қаттиқ таркибий қисмидир, – Селви елка қисди. – Буни мендан яхши биласан, Дорин. Умид қиламанки, агар электр стулига ўтқазишса, унинг ўлимида мени айбламассан?
Дорин худди хафа бўлсамми-йўқми, дегандек бир нафас сал ўзини тортиб турди-да, сўнг бирданига эрини қучоқлаб, қулоғига шивирлади:
– Албатта, йўқ.
Улар бу ғалабани бутун ҳафта бўйи нишонлашди. Ўзлари ёлғиз ёки энг яқин дўстлари доирасида тинч байрам қилишди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шодлигини одамларга билдирмаслик кераклигини Уоррен тушунарди.
Суд айбланувчи Мюррей Родманга ўлим жазоси ҳукмини чиқарган куни Уоррен ва Дорин бир бутилка бренди сотиб олиб, кечқурун уйда ичишди. Дорин жуда шод эди, кўп кулиб, ҳазиллашарди. Селви хотинининг қизарган юзига тикиларкан, мана шунинг ўзи дунёдаги энг катта бахт эканлигини ўйларди.
У нимагаки эришган бўлса, барчасига ўз меҳнати орқали етишган. Университетда Уоррен ўртамиёна ўқиганди. Шунинг учун ишга тақсимлашда уни округ прокурори идорасига учинчи ёрдамчи қилиб юборишди... Майли-да, энди ҳаммаси ўзгаради.
Бундай катта муваффақиятдан сўнг Гарсон уни ўзига иккинчи ёрдамчи қилиб, эҳтимол, ҳатто биринчи ёрдамчи қилиб тайинласа ажабмас. Ишдан ташқари, унинг гўзал ва севимли хотини бор. Демак, фахрлансам арзийди, дея ўйлади Уоррен ва, Мюррей Родман шахсида унга шундай имконият йўллагани учун тақдиридан яна бир (ким билади, нечанчи) бора миннатдор бўлиб қўйди...
* * *
Родман қатл этиладиган куни Уоррен Селви кўчадан бораётганди, дорихонадан чиққан кекса, увада кийимли, кир шляпасини кўзларигача бостириб олган эркак киши уни тўхтатди. У кир пальтосининг чўнтагига қўлларини тиқиб олган, шишинқираган юзини қоплаган соқол-мўйлаби оқарган эди.
– Сизни бир дақиқага мумкинми? – сўради у.
Селви уни тиланчи деб ўйлаб, майда олиш учун чўнтагига қўл юборди.
– Йўқ, – дея қария уни тезда тўхтатди, – менга пул керак эмас. Мен шунчаки сиз билан гаплашмоқчиман, мистер Селви.
– Сиз мени танийсизми? – Уоррен ҳайрон бўлди.
– Албатта, мистер Селви. Мен сиз ҳақингизда кўп ўқиганман.
– Узр, мен шошиб турибман, – округ прокурори ёрдамчиси бирданига жиддий тусга кирди. – Афсуски, ҳозир иш юзасидан муҳим учрашувим бор, кечиксам бўлмайди.
– Жуда муҳим гап, мистер Селви. Чин сўзим! Балки, бирор жойга кирармиз? Қаҳва ичамиз, гаплашиб оламиз. Беш дақиқагина вақтингизни оламан.
– Яхшиси ҳаммасини хатда ёзиб жўнатинг ёки ишхонамга боринг. Идорамиз манзили Чамберс-стрит...
– Гап ўша киши ҳақида кетяпти, мистер Селви... – чол тушунтирди. – Бугун тунда қатл этиладиган инсон тўғрисида.
Уоррен дайдининг жиддий кўзларига тикилиб қаради. Унинг ҳазиллашмаётганини пайқаб, розилик билдирди:
– Яхши, юринг. Анови бурчакда кафе бор. Фақат қаранг-а, беш дақиқадан кўп гаплашмаймиз.
Кафеда одатий тушлик шовқини ҳукмрон эди. Улар қийинчилик билан, бир бурчакда бўш жой топиб ўтиришди ва официант столни тозалагунча жим ўтиришди.
Официант қаҳва келтириб қўйиб кетгач, чол сал олдинга эгилиб, жиддий оҳангда деди:
– Менинг исмим Арлингтон, Фил Арлингтон. Агар мен кейинги бир неча ойни Флоридада ўтказмаганимда эди, ишнинг бунчалик чигаллашиб кетишига йўл қўймаган бўлардим. Биласизми, гап шундаки, Флоридада мен радио эшитмадим ва газета ўқимадим.
– Сизни тушунмаяпман, мистер Арлингтон. Сиз Родман иши бўйича гапиряпсизми?
– Ҳа, у ҳақда. Мен Флоридадан қайтиб, у бечоранинг ўлимга ҳукм этилганини эшитгач, ўзимни йўқотиб қўйдим. Ишонаманки, мени тушунарсиз? Тушунасизми, мен чўчидим... Қўрқдим...
– Нимадан қўрқдингиз?
– Мени виждон азоби қийнади, – буғи чиқиб турган қаҳвадан кўз узмай тушунтирди Фил Арлингтон. – Олдинига нима қилишни билмай бошим қотди, лекин кейин ўйладимки... Жин урсин, ахир бу Родман ҳали жуда ёш йигит-ку. Ёшиям... Ўттиз саккиздами, а? Мен эса олтмиш тўрт ёшдаман, мистер Селви. Сизнингча, қандай йўл тутган маъқул?
– Ким учун маъқул? – жаҳли чиқа бошлаган Уоррен Селви соатига қараб қўйди. – Гапни шунча айлантирганингиз етар, мистер Арлингтон. Мен ишдаман, сиз эса беҳуда гаплар билан вақтимни оляпсиз.
– Шунда мен сиздан маслаҳат сўрашга қарор қилдим, – дея Арлингтон лабини ялаб қўйди. – Мен олдин таваккал қилиб, полицияга бормоқчиям бўлдим. Лекин ўйлаб кўриб, олдин сиз билан гаплашишга аҳд қилдим. Нима дейсиз, мистер Селви, қилган ишимни полициячиларга айтсаммикан, йўқми?
– Нима!?.
– Жавоб беринг. Ўша аёлни Родман эмас, мен ўлдирганимни айтсаммикан?
Кутилмаганда туман тарқалиб, ҳамма нарса ўз жойида кўрингандек бўлди. Уорреннинг қўллари тўсатдан қотиб қолгандек бўлди.
– Нималар деяпсиз? – округ прокурорининг ёрдамчиси ишонқирамай сўради. – Мюррей Родман ўз хотинини ўлдирганини биз рад этиб бўлмайдиган далиллар асосида исботлаганмиз...
– Ҳамма гап шунда-да, хотинни у ўлдирмаган. Мен ўшанда оч қолиб,  Уилфордда ярим кун сарсон юргандим. Дуч келган бир уй эшигини қоқдим. Эшикни чиройли жувон очди. Уникида иш-ку топилмади, аммо у мени сэндвич билан сийлади.
– Бу айнан миссис Родман эканини сиз қаердан биласиз? – Селви бўш келмади.
– Биламан. Мен газеталарда суратини кўриб, аёлни ҳам, уйини ҳам танидим. Хуллас, миссис Родман менг яхши меҳрибонлик қилди. Лекин, агар унинг ўзи мени ошхонага таклиф қилиб, бир неча дақиқага чиқиб кетмаганида эди, ҳеч нима содир бўлмасди.
– Нима содир бўлмасди? – кескинлик билан қайта сўради Уоррен Селви. – Нима?
– Қотиллик. У чиқиб кетганида, мен буфетни очиб, идишлару банкаларни кавлашга тушдим. Аёллар кўпинча пулларини ошхонада, банкаларга яшириб қўйишади. Ҳалиги, қора кунга, дегандай... Мен берилиб кетганимдан, унинг келиб қолганини ҳам пайқамабман. У бақириб-чақирмади, лекин унинг кўзларидан, аҳволим чатоқ бўлишини сездим. Менга ўшанда нима бўлганини билмайман. Бирданига унга ташландим ва ўлдириб қўйдим...
– Мен сизга ишонмайман, – Селви бош чайқади. – Қўшнилардан биронтаси бегона кишини кўрмаган. Родманлар ҳамиша жанжаллашишар ва тез-тез ёқалашиб туришарди...
– Эҳтимол, мистер Селви, жанжаллашишгандир, – Арлингтон елка қисди. – Қаёқдан билай буни? Лекин уни мен ўлдирдим... Шунинг учун ҳам маслаҳат сўраб олдингизга келдим, – қария пешонасини артиб, сўради: – Агар айбимга иқрор бўлсам, мени нима қилишади?
– Электр стулда Родман ўрнига сизни қатл этишади, – Селви қуруққина жавоб берди. – Сиз шуни хоҳлайсизми?
– Йўқ, – ранги оқариб кетган чол бош чайқади. – Турмага тиқишса рози бўлардим, бироқ электр стул ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
– Тўғри, – деди Уоррен. – Сизга маслаҳатим: ҳаммасини эсдан чиқаринг. Тушуняпсизми, мистер Арлингтон? Бунга бошқа томондан қараб кўринг. Буларнинг бари шунчаки ёмон туш эди, деб ҳисобланг... Шундай экан, серқуёш Флоридангизга боринг ва ҳаммасини тезда эсингиздан чиқаринг.
– Лекин бугун Мюррей Родманни қатл этишади...
– Чунки у айбдор, – Селви столга шапалоғи билан уриб қўйди. – Мен унинг айбини исботладим. Тушуняпсизми, исботладим!
– Ҳа, сэр, – деркан, чолнинг пастки лаби титраб кетди.
Уоррен Селви ўрнидан туриб кетаётиб, столга бешталикни ташлади:
– Пулини тўлаб, қайтимини ўзингизга олиб қолинг.
* * *
Кечқурун Селвининг квартирасида асабий ҳолат ҳукм сурарди.
– Соат неча? – Дорин бу саволни тўртинчи марта берди.
– Ўн бир, – деди хомуш ҳолда Селви.
– Демак, яна бир соат кутарканмиз, – у диванга ўрнашиброқ ўтирди. – Қизиқ, у ҳозир нималарни ўйлаётган экан...
– Бас қил!
– О, бугун биз асабийлашяпмиз!
– Минг марта айтдим сенга, Дорин, мен фақат ўз вазифамни бажардим. Ҳозир эса ҳукумат ўз ишини бажаради.
Дорин қип-қизил тилининг учини лабларидан сал чиқариб, ўйчан ҳолда гапирди:
– Лекин ахир уни сен электр стулга ўтқаздинг, Уоррен, шундай эмасми? Буни инкор этмассан?
– Мен эмас, ҳакамлар! – деди округ прокурори ёрдамчиси кескин.
– Бақирма менга, илтимос.
– Кечир, Дорин... – Уоррен Селви хотининг бўйнини сийпалаб қўйиш мақсадида эгилди, лекин шу лаҳзада телефон жиринглаб қолди. У сўкиниб, трубкани ғазаб билан кўтарди. – Ҳа?
– Мистер Селви? Мен, Фил Арлингтонман...
– Сизга нима керак? – ғазабдан титраган Селви бақирди.
– Мистер Селви, нима қилсам ҳам бугунги суҳбатимиз ҳеч калламдан кетмаяпти. Айтмоқчиманки...
– Арлингтон, гапимни эшитинг. Мен ҳозироқ сиз билан гаплашиб олмоқчиман. Меникига келинг.
– Ҳой? – диванда ётган Дорин ҳайрон бўлди. – Кимни уйга таклиф қиляпсан?
– Эшитяпсизми мени, Арлингтон? Қандайдир ишга қўл урмасингиздан олдин сиз билан гаплашиб олишим, бу ишингиз нимага олиб боришини тушунтиришим лозим. Менимча, нима қилаётганингизни билиб қўйишингиз керак.
– Балки, сиз ҳақдирсиз, мистер Селви, – Фил Арлингтон қисқа тин олиб, сўнг хўрсиниб қўйди. – Фақат мен ҳозир шаҳар марказидаман, сизникига улгуриб боролмайманми, деб қўрқаман...
– Улгурасиз. Метро билан келинг, тезроқ келасиз. Кейин 86-кўчага кирасиз...
Уоррен уй манзилини тушунтириб бўлиб, трубкани қўйганида, қизариб кетган Дорин унинг олдида ғазабдан титраб турарди.
– Дорин, шошма, – деди у уялганнамо. – Кечир, лекин бу жуда муҳим гувоҳ. У билан фақат бемаҳалда кўриша оламан.
– Вақтингиз яхши ўтишини тилайман, – деди совуқ оҳангда Дорин ва қатъият билан ётоқхонасига қараб кетди.
– Дорин...
Лекин хотини дарров эшикни қарсиллатиб ёпди. Икки сониядан кейин қулфнинг шарқиллаши эшитилди. Селви қизиққонлиги учун хотинини ўзича сўкиб қўйди ва буфетни очиб, бир бутилкага қўл чўзди.
Фил Арлингтон эшик қўнғироғини чалганида, бутилка яримлаб қолганди.
Округ прокурори ёрдамчисининг ҳашаматли уйида Арлингтоннинг уринган шляпаси ва кир пальтоси жуда аянчли кўринарди. Чол уларни ечиб, атрофга уятчанлик билан кўз ташлади.
– Ҳозир бизнинг чорактакам бир соат вақтимиз қолган, – деди у. – Мен албатта нимадир қилишим лозим, мистер Селви.
– Сиз нима қилишингиз кераклигини мана мен биламан, – Уоррен жилмайди. – Қиттаккина ичиб олиб, ҳаммасини ўйлаб кўришингиз керак.
– Менимча, мен... – Арлингтоннинг нигоҳи Селвининг қўлидаги бутилкага тушди ва кейин ҳеч ундан ажралмай қолди.
Уоррен ғолибона жилмайиб қўйди.
Ўн бир яримга етганда, Фил Арлингтоннинг тили зўрға калимага келарди. Бояги безовталик унинг нигоҳларини тарк этган, ўзи яқиндагина қайғуриб тургани – Мюррей Родманнинг қисматини унутганди. Селви меҳмонга узлуксиз қуйиб берарди.
Арлингтон ўзининг болалиги ҳақида, ўзини хушламасдан ёмон муносабатда бўлганлар тўғрисида гапира кетди. Яна ярим соат ўтгач, чолнинг боши оғирлашиб, елкасига оғиб тушди, кўзлари юмилиб кетди. Бироқ соатнинг бонги уни уйғотиб юборди.
– Нима бу? – хитоб қилди Фил Арлингтон.
– Ҳеч нарса, – Уоррен Селви жилмайди. – Соат, холос.
– Соат? Соат неча? Ҳозир соат неча?
– Ўн икки, мистер Арлингтон. Мана ниҳоят, ўйлайманки, хавотирларингиз тугади. Мистер Родман ўз жиноятига яраша жазо олди.
– Йўқ! – чол бақириб юборди, у ўзини у ёқ-бу ёққа ташлаб, атрофига ёввойиларча қарарди. – Йўқ, буниси адолатданмас! Миссис Родманни мен ўлдирганман, у эмас! Қилмаган иши учун уни қатл этиш мумкин эмас...
– Тинчланинг, мистер Арлингтон. Ҳаммаси ортда қолди. Энди сиз ҳеч нимани ўзгартира олмайсиз.
– Ҳа, ҳа... Айтиб беришим керак... полицияга...
– Нега энди? Барибир Родман ўлиб бўлди. Соат ўн иккига бонг уришни тугатгач, жаллод токни улаган. Ҳозир сиз унга ҳеч қандай йўл билан ёрдам беролмайсиз.
– Шундай қилишим керак!.. – қария ҳўнграй бошлади. – Наҳотки тушунмасангиз? Менинг виждоним энди хотиржам яшашга йўл қўймайди, мистер Селви. Илтимос...
Фил Арлингтон бирдан ўзига келиб, телефонга отилди, лекин Уоррен унинг йўлини тўсиб, трубкага қўлини қўйди.
– Бундай қилманг, – огоҳлантирди у.
Қисға олишувда Селвининг қўли баланд келди, аммо Арлингтон ҳечам таслим бўлай демасди.
– Мени тўхтатиб қололмайсиз, мистер Селви. Мен ўзим полицияга бораман ва ҳаммасини айтиб бераман. Сиз ҳақингизда ҳам...
Арлингтон энди эшикка ўзини урди. Бироқ Уоррен Селви унинг қўлидан ушлаб қолди ва деди:
– Сен ўзингни ўзинг азобга дучор қиласан, тентак чол! Родман ўлган...
– Менга барибир!
Уоррен ўзини ўнглаб туриб, чолнинг соқолдор юзига бор кучи билан бир мушт туширди. Қария гандираклаб кетди, лекин қайсарлик билан яна эшикка талпинди.
Ғазабдан ўзини тутолмай Селви иккинчи зарбани берди ва чолнинг озғин бўйнидан ушлади. «Бу нотавоннинг жони ўзи чиқай деб турибди, деб ўйлади округ прокурори ёрдамчиси. Агар сал бўғсам, у нафас олишниям, хириллаб айтаётган гаплариниям тўхтатади...»
Уоррен Фил Арлингтоннинг томоғини тобора кучлироқ сиқа бошлади. Тахминан ярим дақиқалардан сўнг қўйиб юборганида, чол унга суянганича сидирилиб пастга йиқилди.
Орқа томондаги шовқинни эшитган Селви ўгирилиб, ётоқхонасининг эшиги олдида турган хотинини кўрди.
– Дорин, қулоқ сол... – дея минғирлади у.
– Сен уни бўғдинг, – Дорин эрини айблади.
– Мен ўзимни ҳимоя қилдим! – қичқирди Уоррен. – У эшикни бузиб кириб, уйни ўмармоқчи эди.
Дорин ётоқхонага қайтиб, эшикни ёпиб олди, ортидан қулфнинг буралган овози эшитилди. Селви ётоқхона эшигига ташланиб, уни муштлай бошлади. У яна бир неча сония тутқични тортиб, хотинини чақирди, лекин жавоб ўрнига телефон рақами терилаётганини билдирувчи товушни эшитди...
* * *
Гарсоннинг иккинчи ёрдамчиси – Вэнс етиб келди, усиз ҳам ўзи аҳвол чатоқ эди. Вэнсни лақиллатиш осонмас, дея хаёлидан кечирди Уоррен. У чолни ўзи чақирганини билса, Арлингтон уй эшигини бузиб очганлиги ҳақидаги уйдирма иш бермаслиги аниқ. Бундан ташқари, рақиби оғир аҳволга тушганидан Вэнс тоза қувонади-да...
Аммо Уоррен адашибди. Вэнс жасадга бир неча дақиқа ачиниб қараб турди-да, шундай деди:
– Ҳеч нимага тушунмаяпман, Уоррен. Бу беозор чолни ўлдириш сенга нима учун керак бўлиб қолди?
– Беозор? – хитоб қилди Селви. – Беозор дейсанми?
– Албатта, беозор. Ахир бу қария Арлингтон-ку. Мен уни яхши биламан.
– Уни танийсанми? – Уоррен ҳайратдан оғзини очиб қолди.
– Албатта, танийман. Мен Беллэйр округида ишлаганимда, бир неча бор унга дуч келганман. Бу жинни бирорта ҳам қотилликни эътиборсиз қолдирмасди. Кимнидир ўлдиришса, Арлингтон менинг олдимга келар ва ҳаммасини ўз бўйнига оларди... Ҳеч ақлимга сиғмаяпти, уни ўлдириш сенга нимага керак эди, Уоррен?
Муаллиф: Генри СЛИЗАР
Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.