воскресенье, 26 июля 2015 г.

ЙИҒЛАТИБ КЕТГАН ҲОФИЗ

Тупроқдан яралганини ҳис этган Одам
Ривоятлардан бирида айтилишича, азалда Аллоҳ Одамни яратиш ниятини бошқа яратиқларга маълум қилибди. Бутун борлиқ ичра мукаррам бўлиши тақдир этилган Ҳазрати Инсонга дахлдор бўлиш умидида барча унсурлар бош кўтаришибди. «Одамни мендан яратгин» деб, ҳар бири ўз афзалликларини айтиб, мақтанишга тушишибди. Фақат Тупроқ бу мунозарага қўшилмабди. «Мен оёқ остидаман, ҳаммадан пастдаман. Мақтанишга арзигулик бирор сифатим йўқ», деганича, бир чеккада қимтиниб турибди. Шунда Аллоҳга унинг камтарлиги маъқул келибди ва Одамни Тупроқдан яратибди.
Албатта, олишнинг бериши ҳам бор – умрини яшаб бўлган киши жон омонатини Аллоҳга, тан омонатини яна Тупроққа топширади. Қаерда, қанча ва қай тарзда яшаганимиз билан, ҳаммамизнинг борар еримиз бир, демакки, барчамиз баробармиз. Фақат фозил инсонларгина буни юрагидан ҳис қилиб яшайди. Одамзотнинг асли тупроқдан яратилган эканки, ундаги фазилатларнинг энг аввали ҳам камтарлик, хоксорликдир. Минг йилликлар мобайнида одамзот ўзгариб, унинг шахсиятида баъзан ижобий хислатлар, баъзан салбий хусусиятлар етакчилик қилиб келаётир. Бироқ фақат асл Инсонлардагина ўша илк фазилат ҳамиша сақланиб қолган. Мана шундай фазилат соҳибларидан бири Охунжон Мадалиев эди. Унинг қўшиқлари, овози, хатти-ҳаракатлари, сўзлари, қўйингки, бутун борлиғи мана шу хоксорлик ва самимийлик билан йўғрилганди.
Қалблар дийдорлашуви
Уни ҳар ким ҳар хил оҳанг билан, аммо барча бирдай – «Охун» деб атар, ўзи бўлса ҳаммага доимо «Лаббай!» деб жавоб берар, доимо қўли кўксида эди. Ортиқча дабдабага берилмади, ўзига бино қўймади, «юлдуз»ликни даъво қилмади, беш кунлик умрини халқ орасида оддийгина яшаб ўтди. Оддийлик – буюкликнинг бир кўриниши эканлигини бу ҳофиз қисқагина, камтаргина ва самимий ҳаёт йўли орқали яна бир бора исбот этди. Халқини қалбидан севди, қалбидан чиқариб куйлади ва халқининг қалбидан мангу жой олди.
Охун саҳнада ҳам асл фазилатларини камтарона намойиш эта билди: бирор марта бўлсин ўзи ёки қўшиғи ҳақида осмондан келиб гапиргани, ортиқча баҳолагани йўқ. Зероки, ҳофиз руҳиятидаги фазилатлар унинг қўшиқларига ҳам кўчган. Охуннинг саҳнадаги ижроси – ҳофиз қалби билан мухлислари қалбларининг дийдорлашуви эди. У ҳамиша тингловчилари қалбини ҳис этиб турар, шунинг учун ҳам мухлисларининг дил эҳтиёжларига муносиб қўшиқларни дилидан чиқариб куйларди.
Охун ўз тингловчиларининг диди олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этар, шу сабабдан бўлса керак, савияси «бундайроқ» қўшиқ айтмасди. Қўшиқ учун матн танлашга алоҳида эътибор билан ёндашар, ҳар бир шеър мазмунини аввало ўз юрагидан ўтказиб, шунга яраша куй танлар эди. Бу борада унинг аксарият қўшиқлари матни Муҳаммад Юсуф, Иқбол Мирзо, Сайёра Тўйчиева каби истеъдодли шоирлар қаламига мансублиги, айримлари эса ҳали кенг халқ оммасига маълум бўлмаган шоирларнинг танилишга муносиб шеърлари эканлигини эслаш кифоядир. Охун ҳар сафар ижро олдидан шеър матни муаллифини, куй муаллифини алоҳида эҳтиром билан таъкидлаб ўтар эдики, бу ҳозирда ҳам кўпчилик хонандалар ўрнак олса бўлгулик жиҳатдир.
Бақириб-чақириб куйламасди...
Саҳна маданияти, томошабин ва тингловчилар олдида ўзини тутиш одоби ҳақида гап кетганида, шахсан менинг кўз олдимда беихтиёр Охуннинг сиймоси гавдаланаверади. Бирор марта унинг ўзини кўрсатиш мақсадида ортиқча ҳаракат қилгани ёки жазавага тушиб, бақириб-чақириб куйлаганини эслай олмаймиз. Хонанда қўшиқ тинглаш учун келган мухлисларини қаттиқ ҳурмат қиларди, шунинг учун бемаъни қилиқлару қийқириқлар унга бегона эди.
Охунжон Мадалиев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвонига сазовор бўлганди. Ҳақиқатан ҳам, у ўз Ватанига, халқига чин дилдан хизмат қилди. У она халқининг ҳофизи эди.
Охуннинг овозида қандайдир бир дард бор эди. Менга қолса, бу – халқ дарди, дер эдим. Унинг аксарият қўшиқларида ҳам маҳзунлик, армон оҳанги устунроқ эди. Айтиш мумкинки, Охун халқ кўнглини куйга солган АРМОН КУЙЧИСИ эди. Шунинг учунми, ўзи ҳам, бирданига халқ армонига айланиб, боқий дунёга йўл олди.
Шоир сўзида сеҳр бор!
Рус ёзувчиси, публицист ва адабиётшунос Владимир Сергеевич Бушин ўзининг «Миллат шарафи ва шармандалиги» асарида яна бир соҳир қалам соҳиби – Евгений Евтушенкога қуйидаги мазмунда маслаҳат берганлигини эслатиб ўтади: «Женя, шеърларингизда асло ўз ўлимингиз ҳақида ёзакўрманг. Гап шундаки, шоирнинг сўзи сеҳрли кучга эга. У рўёбга чиқиш хусусиятига эга».
Негадир Муҳаммад Юсуф, Шавкат Раҳмон, Аъзам Ўктам каби шоирларимизнинг шу руҳдаги шеърларини ўқиганимизда ёки Нуриддин Ҳайдаров, Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев сингари ҳофизларимизнинг шунга яқин маънодаги қўшиқларини тинглаганимизда, ҳаммамизнинг хаёлимиздан бир гап ўтади: «Раҳматли, эрта кетишини кўнгли сезган экан-да!»
Чиндан ҳам, Охуннинг кўпгина қўшиқларида ўзининг эрта вафот этиши ҳақида башорат бордек гўё. Ўзбекнинг севимли фарзанди бўлган бу ардоқли ҳофиз бир қўшиғида: «Кетаман йиғлатиб онамни...» деганди. Фаришталар «омин» деган эканми, у онасини – она халқини йиғлатиб кетди...
«Нетай, Тупроқ севмиш мени...»
Ҳа, одамзотнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам Тупроқдадир. Мана шу икки оралиқдаги йўл эса умр дейилар экан. Умрнинг узун-қисқалиги унинг қанча муддат давом этганлиги билан эмас, балки бошқалар ҳаётида, қалбида қандай из қолдирганлиги билан ўлчанади.
Зеро, фалон йил дегани ким учундир ўта қисқа туйилса-да, Тупроқ учун бу ўта узоқ муддатли айрилиқ бўлиши мумкин. Охун яна бир қўшиғида буни: «Нетай, Тупроқ севмиш мени», дея ифодалаганди. Ҳа, буюк умрини камтарона яшаб бўлиб, Охун ўз ибтидосига – Тупроққа қайтди. Тупроқ узоқ дош бера олмади бу фироққа – Асл Инсон умрига...
Ҳамидбек ЮСУПОВ