четверг, 10 июля 2014 г.

Ҳуштак чалаётган Хемингуэй



Ўтган асрнинг энг истеъдодли ёзувчиларидан бири, кўп жанглар иштирокчиси Эрнест Хемингуэй болалигида қўлини кесиб олганида, отаси унинг жароҳатини тозалаб, боғлаб қўяди. Шунда ота ўғлига шундай маслаҳат берган экан: “Агар жароҳатинг оғриётган бўлса, ҳуштак чалиб тур. Бу оғриқни енгишга ёрдам беради”. Бола буни бир умрга эслаб қолади ва нафақат тан жароҳатлари, балки кўнгил яралари оғриган пайтлари ҳам ҳуштак чалиб туришни одат қилади.
Дарвоқе, адибнинг ўзи, ёзувчи учун бирор нима ёза олмай қолишдан ёмон нарса йўқ, деб ҳисоблаган ва “Ҳеч нима ёза олмаслигимга кўзим етган куни ўзимни ўлдираман”, деган экан. У 1961 йилнинг апрелидаёқ бунга қўл урмоқчи бўлган, аммо хотини вақтида пайқаб қолиб, шифокорлар ёрдамида унинг ўқланган милтиғини олиб қўйганди. Кейин унга тинчлантирувчи дорилар бериб, шифохонага элтишади. Икки ойдан кейин уни тузалган, деб ҳисоблаб, уйига рухсат беришади.
Эрнест Хемингуэй 1961 йилнинг 2 июль санаси саҳарлаб уйғонар экан, қиладиган ишини олдиндан режалаштириб олганди. У севимли қўшоғиз милтиғини бамайлихотир ўқлар экан, қўллари титрамасди, фақат... адиб ҳуштак чалар эди. Ахир, унинг ёзадиган нарсаси қолмаганди! Дарвоқе, ўз жонига қасд қилиши сабабини изоҳлаш учун бирор қайд ҳам ёзиб қолдирмаган у. Шунчаки, милтиғи учини оғзига тиқиб, иккала тепкини бараварига босган...
Шу тариқа, 62 ёшли Эрнест Хемингуэй қўшоғиз милтиғи ёрдамида ўз ҳаёт китобига нуқта қўйган.
https://www.facebook.com/groups/202524053204998/permalink/208485835942153/

пятница, 4 июля 2014 г.

КИЧКИНТОЙЛАРГА ЖИНСИЙ ТЕНГСИЗЛИК ТАРҒИБОТИ

Кичкинтойлар ўзлари кўраётган нарса-ҳодисалар орқали дунёни англай боришади. Жумладан, мультфильмлар бола дунёқарашини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Аммо кўпчилик мультиклар...
Смурфлар ҳақидаги мультиклар барча болажонларнинг севимли томошаларидан бўлса керак. Мени ўйлантирган жиҳат балки сизнинг ҳам кўнглингизга келгандир: унда бир қанча смурф-болалар ва Смурфетта исмли биттагина смурф-қиз бор. Ҳатто Ота-смурф ҳам бор, аммо Она-смурф йўқ!
Нима бўпти, дейсизми? Бу ерда аёлсиз жамият модели яратилмоқда! Бу эса болалар онгида жинсий тенглик асослари шаклланишига жиддий салбий таъсир кўрсатади, менимча.
Сиз нима дейсиз?

четверг, 3 июля 2014 г.

ВАНГА – ЎЗ ЎЛИМИНИ КЎРА БИЛГАН КЎР

Наталья БАЛЬЦУН

ВАНГА
Бугунги кунда болгариялик башоратчи Ванга ҳақида кўпчилик билади. Унинг исмида ҳам ўзига хос аломат мавжуд: юнончада «Вангелия» – «хушхабарлар берувчи» дегани. Ҳа, чиндан-да, Ванганинг башорат қилиш ва келажакни кўриш қобилияти кўпчиликни ҳайратга солган. Бу аёлнинг ғайриоддий қобилиятлари чексиз эди: у келажакни башорат қила олар, номаълум воқеалар ва кишилар ҳақида хабар берар, ўсимликлар билан суҳбатлашар, ер куррасининг истаган нуқтасига бора олар эди. Унинг кўзи ожиз бўлса ҳам, ҳамма кўролмайдиган нарсаларни кўрар, юзидан эса нур таралиб турар эди.
Ванга Болгарияда, Петрич қищлоғида 1911 йилнинг 30 январида туғилган ва шу жойда яшаган. Кичкиналигида у ҳамма қатори оддий қизча бўлиб, ўз қобилиятлари ҳақида ҳеч нима билмасди. Ванганинг умри авлиёлар ҳаётини эслатади, бу бечора болгар башоратчисининг бошига тушган мусибатларни ҳар қандай оддий одам ҳам кўтара олмасди. Биринчи жаҳон урушида унинг отасини болгар армиясига олиб кетишган, онаси эса, ҳали Ванга эсини танимасидан бурунроқ оламдан ўтган. Қизча узоқ муддат қўшниларининг қарамоғида ўсган.
Ванга озғин, кўк кўзли ва фаросатли қиз эди. У болалигиданоқ, ҳар бир нарса-буюмнинг ўз жойида туришини яхши кўрарди. Унинг мўъжизакор қобилиятлари ҳали яширин эди. Унинг ўзи турли эрмаклар ўйлаб топар, «даволаш» ўйинини севар, яъни, ўртоқларига турли гиёҳларни тавсия қиларди. 11 ёшида Ванга ўзига ғалати ўйин ўйлаб топди, бу эса отасига хуш келмасди. Гап шундаки, у уйда ёки кўчада бирор нарсани қўйиб сўнг кўзларини чирт юмарди-да, худди кўр одамга ўхшаб уни излаб топарди. Отасининг таъқиқлашига қарамай, у «кўр» ўйинини ўйнашда давом этарди.
Ниҳоят, унинг отаси уйланди, Ванганинг ўгай онаси меҳрибон оила бекаси бўлиш билан бирга, унга ҳам жуда ғамхўр эди. Отаси пода боқар, Ванга эса сут тўла мешларни олиб келарди. Бир куни кучли бўрон турди. Осмон қорайиб, кучли шамол эсди, ҳатто дарахтлар илдизи билан қўпорилиб кетди. Кесаклар, барглар ва шох-шаббалар чирпирак бўлиб уча бошлади. Бўрон Вангани ҳам учириб, далага олиб бориб ташлади. Уни узоқ муддатли қидирувдан сўнг зўрға топиб олиб келишди. У жудаям қўрқиб кетган, қум ва чангга тўлган кўзлари очилмас, кучли оғрир эди. Даволашлар ҳеч қандай ёрдам бермади, операцияга эса пул йўқ эди. Ванганинг кўзлари кундан-кунга ожизланиб бораверди. У фақат йиғлар, Худога нола қилиб, мўъжиза билан кўзларини қайтариб беришни сўрарди. Гарчи кўриш қобилияти қайтмаса-да, мўъжиза рўй бераётганини ўшанда у ҳали билмасди.
1925 йилда Вангани кўзи ожизлар уйига олиб боришди ва у уч йил давомида ўша ерда бўлди. Ўгай онасининг ўлимидан кейин эса, укалари ва сингилларини қараш учун уйга қайтишга тўғри келди. Уйда бўлса яна аввалги вазият эди: кундузлари – иш, тунлари эса – кўзёш.
Ванганинг ғайритабиий қобилиятлари аста-секинлик билан, лекин мунтазам тарзда намоён бўла бошлади. Уларнинг қачон пайдо бўлганини ҳеч ким айтиб беролмасди. Аммо, подадан ўғирланган бировнинг қўйини топишда отасига қандай ёрдам берганини кўпчилик эсларди. Қўйнинг яшириб қўйилган жойини Ванга аниқ тасвирлаб берди. Ҳамма ҳайрон бўлди, Ванга эса, буни тушида кўрганини айтди. Бўлажак нохуш воқеа-ҳодисалар ҳақида тушида олдиндан кўра бошлаганини у аллақачон пайқаганди. Бироқ унинг истеъдоди уруш йилларида бор бўйи билан намоён бўлди. Қайғуга тушган, эсидан ажралаёзган одамлар кимга мурожаат қилишни билишмасди. Ванга эса уларни тинчлантирар ёки лоақал яқинларининг аҳволи ва қаердалигини айтиб, тинчлантирарди.
Унинг акаси Васил партизан отрядига кетишга қарор қилганди. Ванга йиғлаб, унинг кетмаслигини илтимос қилди, борса, 23 ёшида ўлишини айтди. Лекин Васил башоратга ишонмади. У июнда кетди, октябрда эса немисларга асир тушди. Уни ваҳшиёна қийноқлардан сўнг отиб ташлашди. Келажакда кутаётган, олдини олиш имкони бўлмаган нарсалар ҳақида кўп билиш Ванга учун қанчалик азоб бўлганини тушунсангиз эди!
Ўзининг ғайриоддий қобилиятларини Ванганинг ўзи, атрофида шаффоф мавжудотлар борлиги билан изоҳлар, аммо уларнинг қаердан пайдо бўлишини тушунтириб беролмасди. Улар Вангага керакли маълумотларни етказиб беришарди (бунда вақт ва масофанинг аҳамияти йўқ эди), башоратчи аёл бўлса улардан олган маълумотларни одамларга айтиб берарди. Рўпарасида турган одамнинг туғилишдан то ўлимигача бўлган бутун ҳаёти Ванганинг онгидан худди кинолента каби ўтар эди. Бироқ «пешонага ёзилган» тақдирдан қутқаришга у ожиз эди.
Ўзидан узоқдаги нарса-ҳодисаларни кўриш ва башорат қилишдан ташқари, касалликларни ҳам даволай билишини Ванга тушунарди. Аммо у буни дорилар билан эмас, гиёҳлар ёрдамида амалга оширарди. Муолажада у кишиларга кўпроқ гиёҳлар қайнатмасида чўмилишни маслаҳат берарди, чунки улар тери орқали яхши таъсир кўрсатар экан. Ванга ҳеч қачон замонавий медицинани инкор этмаган, лекин, дориларни ҳаддан зиёд қабул қилиш зарарли, деб ҳисобларди. Улар «организмдаги мувозанатни тиклаш учун гиёҳлар ёрдамида кириши мумкин бўлган табиат эшигини ёпиб қўяр» экан.
Гиёҳлар ва гулларни у жуда севарди. Тиббиётда айнан уларга Ванга алоҳида аҳамият берарди. Аммо, ҳар ким ўзи яшаётган ўлкада ўсувчи гиёҳлари билан даволаниши лозим, дерди у. Унинг рецептлари кўпчиликка ёрдам берган. Шундай экан, у нега ўз гиёҳлари ва амаллари билан эрини даволамади? Негаки, эрининг ўз ҳаёт йўли бўлиб, уни ўзгартиришга Ванганинг имкони ҳам, ҳаққи ҳам йўқ эди.
Улар йигирма йил давомида мустаҳкам оила сифатида биргаликда яшашди, бироқ кейинги йилларда Митко кўп ича бошлади. Ванга ҳаммасини кўриб-билиб, тушуниб турар, аммо унинг тақдирини ўзгартиролмас, унга аралаша олмасди. Эри ўлаётганида, Ванга унинг кровати ёнида тиз чўкиб турар, кўр кўзларидан ёшлари бир дақиқа бўлсин тинмасди. Эри сўнгги нафасини чиқаргач, у йиғлашдан тўхтади ва уйқуга кетди. Шу ухлагани бўйи Ванга, дафн маросими ниҳоясига етгачгина уйғонди ва: «Мен уни ўзига тайёрлаб қўйилган жойгача кузатиб қўйдим», деди.
Ўлимнинг ўзидан Ванга қўрқмасди. Бунақа ўлим йўқ, дерди у. Ўлим ҳақида, инсон ҳаётдан кетгач ундан қоладиган нарса ҳақида унинг ўзига хос тасаввурлари бор эди. мана, унинг бир театр арбоби билан кечган суҳбатидан парча: «...Мен сенга айтганман-ку: бошқа барча тирик борлиқлар сингари инсон танаси ҳам ўлимдан сўнг чириб кетади. Аммо тананингми, руҳнингми бир қисми – буни қандай аташни ҳам билмайман – йўқолиб кетмайди. Мана, сизлар иккинчи туғилиш ҳақида гапирасизлар. Бунинг нима эканини мен билмайман. Аммо одамдан қоладиган руҳ парчаланиб кетмайди, балки янада юксакроқ поғонага эришиш учун ривожланишда давом этади. Мана шунинг ўзи руҳнинг абадийлигидир».
Гувоҳларнинг кўпчилиги Ванганинг марҳумлар руҳи билан алоқа ўрнатганлигини эслашади. Бир суҳбатдоши: «Нега менинг марҳума онам ҳақида гапиряпсиз?» деб сўраганида, Ванга шундай жавоб берган экан: «Уни сен бошлаб келдинг. Улар ўзлари келишади, чунки мен улар учун бу дунёга эшик кабиман... Менинг олдимга бирор киши келганида, унинг атрофига марҳум қариндошлари тўпланишади. Улар менга саволлар бериб, ўзлари жавоб беришади. Мен эса эшитганларимни тирикларга айтиб бераман, холос».
Бир сафар Ванганинг олдига бир ёш йигит келди. Унинг акасини ёмон одамлар ўлдиришганди. Ўлдирилган кишининг хотини касал бўлиб, уч нафар боласи етим қолганди. Кутилмаганда Ванга остонага чиқиб, унинг исмини айтиб чақирди ва шундай деди: «Сенинг нимага келганингни биламан. Акангни ким ўлдирганини айтиб беришимни хоҳлаяпсан. Балки, кейинроқ буни айтарман, аммо бунинг учун сен, улардан қасос олмасликка ваъда беришинг зарур. Чунки, бундай қилишнинг кераги ҳам йўқ. Тез орада ўзинг уларнинг ўлимини кўрасан».
Ванга ҳеч кимга қасос олишга рухсат бермасди. Инсон фақат яхшилик қилиш учун туғилганига у ишонарди. Қилинган ҳар бир ёмон иш ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Ёвузлик қатъий тарзда жазоланади, агар уни содир этган одамга қайтмаса, албатта авлодларига ўтади.
Мана яна бир воқеа. Бир деҳқон, фарзандлари кўп яшамасдан, гўдаклигиданоқ ўлиб кетаётганидан шикоят қилиб келди. Унинг ўн бир нафар фарзандидан бирортаси яшаб кетмаганди. Ванга эса унга, ҳали ўсмирлик пайтида онасини қаттиқ ранжитганини эслатди. Ўшанда онаси ёши анчага борган пайтда ҳомиладор бўлган, ўспирин бундан ўзича ор қилганди. Онаси фарзанди туғилмаёқ вафот этган ва ўша ўспирин буни тез орада унутиб юборганди. Ўшанда энг муқаддас нарсани – ҳаётни ҳақорат қилгани учун ҳозирда табиат унга нисбатан шафқатсизлик қилмоқда экан. «Фалокатга хотининг сабабчи эмаслигини сен билишинг керак. Бутун умр азобга қолмаслик учун ҳамиша меҳрибон бўлиш лозим», деди унга Ванга.
Ванга янги туғилган ва энди туғилажак чақалоқлар тақдири ҳақида ҳам хабар бера оларди. Қандайдир тарзда у 100, 200 йиллар аввал ва ундан ҳам илгари оламдан ўтган кишиларни кўрар ва улар билан суҳбатлашарди. Олимларнинг таъкидлашларича, бу Ванганинг энг сирли қобилияти эди.
Ванга, гарчи ўзи бу ҳақда гапиришни кўпам ёқтирмаса-да, келажакни ҳам башорат қила оларди. Унинг сўзларига кўра, 200 йилдан сўнг инсоният бошқа оламларда яшаётган онгли мавжудотлар билан алоқа ўрнатади. Ўзга оламлардан ташриф буюрган келгиндилар аллақачондан бери одамлар орасида яшаётганини ҳам у пайқаганди. Хўш, улар қаердан учиб келишади? Ванганинг айтишича, улар яшайдиган сайёра ўзларининг тилида «ВАМФИМ» деб аталар экан. Бу сайёра ЕРДАН КЕЙИНГИЛАРДАН УЧИНЧИСИ эмиш.
Ванганинг бу дунёни тарк этганига кўп бўлгани йўқ. Лекин у ўзидан яхши хотиралар ва хайрли башоратлар қолдириб кетди.
Кўпчилик, Ванганинг ўлимидан сўнг бирор нима содир бўлиши керак, деб ҳисобларди. Аммо унинг юртига табиий офатлар ҳам, сиёсий ёки иқтисодий алғов-далғовлар ҳам таҳдид солгани йўқ. Худди Ванганинг руҳи Болқонда кишиларга доимо хавф солиб турадиган турли бало-қазолардан болгарларни асраб тургандек.
Ванга ўзининг 1996 йил 11 август куни вафот этишини ҳам аниқ билганди. Ўлими олдидан у, ўзидаги сингари қобилиятларга Францияда яшовчи ўн яшар кўзи ожиз бир қиз ҳам эга бўлганлигини айтиб кетган. Насиб қилса, тез орада Ванганинг издоши бўлган бу қиз ҳақида бутун инсоният билса керак.
Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.

peoples.ru» сайтидан олинди.)

“ЎҒИЛ-ҚИЗИНГ КЎП БЎЛСИН...”


Қишлоғимизда туғма ногиронлиги бор бир қиз анча кеч турмушга чиқди. Ногиронлик демасаям бўлади буни, айтарли қўрқинчли эмас – туғруқ пайтидами, ё ҳомилалигидами – тос суяги сал қийшайган, озгина лапанглаб юради. Оддийгина, серфарзанд бир оиланинг кенжаси. Кўриниши бинойидек, ҳатто чиройли, муомаласи яхшилигидан унинг ёнидан кетгиси келмай қолади одамнинг.
Биз томонларда “ўтириб қолган” деб ҳисоблашлари учун қиз камида 25 дан ошган бўлиши керак. Аммо бу қиз чиндан ўтириб қолиб, қўшни қишлоқлик, тағин ўзидан уч ёш кичик бир йигитга турмушга чиқди. Қиз ўша қишлоқда янги очилган хусусий корхона цехида бир жияни билан бирга ишларди. Ўша ёқда танишишган, аммо “ўлдим-куйдим” қилиб юришмаган, фақат кўнгиллари мос келган ва йигит совчи юборган. Бор гап шу.
Тўйида қизни узатаётиб, раҳматли отаси ўрнига оқ фотиҳа бериш учун амакисига навбат беришди. У дуога қўл очди, ҳамма қатори қизга оқ фотиҳа берди, овози титраб бахт тилади ва охирида (аслида ҳали охири эмасди): “Ўғил-қизинг кўп бўлсин...” деди-да, пиқиллаб, сўнг ошкора ҳўнграб йиғлаб юборди.
Шундай хурсандчилик кунида кўпнинг кўзи нам бўлди. Йиғламаган кам бўлди. Чунки у кишини ҳама танир, аҳволидан озми-кўпми хабардор эди барча. Мен эса сал яхшироқ хабардорман, шу боис билганларимдан бирмунчасини сизгаям илиняпман.
Улар аслида атиги икки ака-ука эдилар, каттаси – бояги келин бўлган қизнинг отаси, кичиги эса... бефарзанд эди. Бола кўрмагач, биринчи хотини уни ташлаб, бошқа бировга тегиб кетган. Ёлғиз яшамасин, деб, иккинчи марта уйлантиришган. Қримдан кўчириб келтирилган татар хотинни олиб беришган. Аслида исми татарча бўлган, аммо бошқа – хоразмча исм ҳам қўйишган унга, аммо барибир лақаби – “татар”.
Билмадим, бефарзандликдан алами келибми, ё ҳасад деймизми буни... хуллас, акасининг хонадони билан чиқишолмаган у. Кексайганида суянч бўлади, деган ниятда акаси уларга ўзининг бир ўғлини фарзандликка ҳам берган, аммо бола бечора зуғум қилаверишганидан безор бўлиб, қайтиб борган.
Бу оила эса болалар уйидан дастлаб бир қиз, кейинчалик бир ўғил болани олиб тарбиялаган. Иккаласиям ғирт хоразмча исм берилган, аммо ғирт рус қиёфали. Қизи турмуши бузилиб қайтгач, салкам отаси тенги бир тул эркакка узатишди. Ўғлини уйлантириб қўйишганди, автоҳалокатга учраб, бир одам ўлгач, айбдор саналиб, қамалиб кетди. Оилада қолган келин ҳақида бўлар-бўлмас гап-сўзлар чиққач, униям ҳайдаворишди. Катта ҳовлида сўппайган шу чол-кампир қолди яна.
Қариндошлари буларнинг иссиқ-совуғига қараб турсин, деб, акасининг ўғилларидан бирини оиласи, болалари билан бирга уларникига кўчириб ўтказишди. Аммо кичкинтойлари бемалол ўйнаб-кулолмаган ҳовлида улар ҳам узоқ қолишмади, чиқиб кетиб, қийналиб бўлсаям ўзлари ҳовли-жой қилишди.
Ўғил қамоқдан чиққач ҳам қайтмади, ўша ёқларда қолиб кетди, қайтанга отасиникига кетиб ўтирган хотининиям боласи билан бирга чақиртириб олди. Яна акасининг кўнгли бўлмади, кичкина ўғлини фарзандлари билан уларникига кўчиришди. Аммо тағин ўша аҳвол... Улар ҳам қайтиб кетишди.
Акаси бир умр тракторчилик қилган, ўзи басавлат, аммо кўнгли бўш, мулойим одам эди. Умри меҳнатда ўтиб, эрта кексайди, оёқдан қолди, узоқ ётди. Ўзини билмайдиган бўлди, тилдан қолди. Ана кетди-мана кетди, қилиб кўп ўтиришди. Турмушга чиқиб кетган қизлари, узоқ-яқиндаги қариндошлари келиб туришди. Аммо салкам ён қўшни бўлган укаси йиллаб хабар олмади. Тўнғич фарзандининг айтишича, жони узилар пайти ҳам у бошини бир амаллаб ёнбошга буриб, эшикка кўз тиккан экан: “Амакимнинг келишини кутган, раҳматли”, дейди у. Охири, беоқибат уканинг дийдорини кўролмай жон таслим қилди...
Бу ука аламзадаликданми, билмадим, кўп ичарди. Йўқ, у ичиб олиб, йиғлаб дийдиё қилган эмас, асло! Маст бўлиб кўча-кўйда ётиб қолганини ҳам биров кўрмаган. Фақат ўзини мастликка солиб, гап билан кишиларга озор берарди. Билмаганга ўхшаб бировнинг дардини кавлаштирадими, эски гиналарни эслатадими, бировнинг ғийбатини қиладими... Хуллас, қиладиган иши дилозорлик.
У умри давомида фақат бир мартагина бефарзандлигини пеш қилиб гапирган.
Ўшанда акасининг катта қизи икки фарзандини олиб ота уйига қайтган экан. Қайнонасининг гаплари жонидан ўтганми, овсини билан келишолмаганми... Хуллас, биров у деган, биров бу деган, аммо қайтиб боришни истамаган. Ўшанда амакиси унга: “Кўриб турибсан – икки марта уйланиб ҳам тирноққа зорман. Худо сенга синаб берибдими, сийлаб берибдими, ҳар ҳолда икки фарзандинг бор. Шунга шукур қил-да, урсаям, ўлдирсаям ўша ўз уйингда ўтир...” дебди. Аёлнинг айтишича, умрида ҳеч ким унга бу қадар таъсирли маслаҳат бермаган экан. Шундан кейин бу аёл асло оиласидагилар билан жанжаллашиб ота уйига келган эмас. У ҳам серфарзанд, ҳозирда бир этак неваралари бор...
Орадан йиллар ўтиб, татар хотини ҳам вафот этгач, ука буткул ёлғиз қолган. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар ва... акасининг хонадонидагилар ул-бул чиқариб туришади.
Ўтган йили рўза маҳали ишдан таътилга чиқиб қишлоққа борганимда, озми-кўпми элнинг хизматини қилай, деб ифторликларга қатнашдим, хизматда турдим, кексаларнинг суҳбатини олдим. Бизда ифторликларга борадиган ўзига хос “гуруҳ” бўлади, десам ишонаверинг. Қишлоқнинг мулласи, обрўли кекса-кайвонилар ва... рўзадорлар. Ўша борганимда бу гуруҳда бояги ука ҳам борлигига гувоҳ бўлдим. Собиқ маҳалла оқсоқоли (бизда элатқўм дейишади) билан кўп гурунглашдим. Айтишича, бояги ёлғиз қолган кишини ифторчилар сафига унинг ўзи қўшиб қўйган экан. Ифторликми, бирор маъраками бўлса қатнашиб тураркан; тўртта нон, ул-бул тугиб бериб юборишар экан унгаям. Яна элатқўм унинг ўзи билан секин гаплашиб, қабристондан, акасининг ёнидан унга қабр ҳам тайёрлатиб қўйибди. (Тўғриси, кейинроқ эсладим – акасининг жойи тайин бўлса-да, жони узилганидан сўнггина қабр солинганди).
Дарвоқе, бояги кеч турмушга чиққан қиз, сал бундайроқ хонадон бўлса-да, бирон марта бўлсин борган жойидан нолиган эмас. Рўзғорнинг аравасини куёв билан тенг тортишиб, алоҳида ҳовли солиб чиқишган. Ўғил-қиз-чи, дейсизми? Ҳа, Худо берган – икки қиздан кейин яна эгизак ўғил-қиз!
Лаббай? Бояги кишини сўраяпсизми? Ҳалиям ҳаёт...
“Ёмонга ўлим йўқ”, деган гап бу ерда ўринлимикан, билмадим энди...
Ҳамидбек ЮСУПОВ