четверг, 21 августа 2014 г.

БУЮК МАСХАРАБОЗ ВА АКТЁР


«Қонида бор»-да...

Кўпчиликка севимли бўлган бу артист Россиянинг Смоленск губерниясига қарашли Демидов шаҳарчасида 1921 йилнинг 18 декабрида дунёга келган. Унинг серқирра санъаткор даражасига етишувига бир неча омиллар сабаб бўлган. Биринчи навбатда эса, ўзбекча қилиб айтганимизда, у «наслига тортган». Чунки, унинг отаси – Владимир Андреевич эстрада қўшиқчиларига ва цирк ижрочиларига матнлар ёзиб берарди, бундан ташқари, «Теревьюм» номли кўчма театр ташкил қилганди. Унга ўзи асарлар ёзар ва роль ижро этарди, шунингдек, бўлғуси буюк комик актёрнинг онаси ҳам мана шу театрда қўшиқлар куйлаб турарди. Уларнинг оиласи 1925 йилда Москвага кўчиб келди ва хонадон бошлиғи олдингидек ижод қилиш билан бирга, «Гудок» ва «Известия» газеталарида ҳам ишлаган.
Бу ерда ёш Юрийни отаси илк бора циркка олиб борганида у тўрт ёшда эди. Бу «бир боқишда муҳаббат» эди: у мана шу ёшиданоқ циркка, масхарабозликка кўнгил қўйди. Гўдак онги билан у циркнинг улуғворлигини ҳис этди, масхарабозларнинг ҳар бир ҳаракатию сўзини хотирасига абадий муҳрлади. Масхарабоз бўлишни орзу қилиб, у мактабда турли кечаларда роллар ўйнади, карнавалларга масхарабоз кийимида борди, оддий суҳбат жараёнида ҳам имкон қадар ҳаммани кулдиришга, лоақал кўнглини кўтаришга интилди. Латифалар тўқиди, эшитганларини тўплади ва уларни бошқалар тушунмайдиган, қисқартирилган шаклда бир дафтарга ёзиб борди.
Лекин унинг масхарабоз бўлиш орзуси сал кейинроқ амалга ошадиган бўлди. Ўша пайтда эса, кўпчилик тенгдошлари қатори уни ҳам ҳарбий хизмат кутиб турарди.

Икки уруш қатнашчиси

Юрий ҳали ўн саккиз ёшга тўлмаёқ, мактаб партасидан тўппа-тўғри армияга йўл олди ва Фин урушида иштирок этди. Ундан сўнг Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, қамал пайти Ленинградни ҳимоя қилди. Бир неча бор ўлим билан юзма-юз келди, ёнган танк ичида қолиб кетди... 1939 йилдан 1946 йилгача бошидан кечирган бу оғир кунлар таассуротларидан у кейинчалик, кинодаги ролларида унумли фойдаланган. «Урушсиз ўтган йигирма кун» фильмидаги ҳарбий журналист Лопатин роли, «Улар Ватан учун жанг қилдилар» картинасидаги жангчи Некрасов ролини томоша қилганимизда биз бунга яна бир бор амин бўламиз.
Никулиннинг латифагўйлиги армияда унга қўл келди. Бир сафар оғайниси билан кўп латифа айтиш бўйича мусобақа қилиб, ўн қути папиросдан гаров боғлашди. Гаров шартига кўра, агар рақиб бошиданоқ бу латифани эшитганлигини айтса, латифагўй бошқасини бошлаши керак.
Оғайниси энди латифани бошлаб, биринчи жумласини тугатмай турибоқ Никулин: «Биламан!» деб унинг гапини бўлиб қўяверди. Ниҳоят, латифа айтиш навбати унга келди. Икки соат давомида у тинмасдан латифа айтди, казармада қаҳқаҳа авжига чиқди. Ҳамма Никулинни ғолиб деб тан олиб тўхтатишганида, у ҳали бисотидаги латифаларнинг ярмига ҳам етмаганди. Аммо на илож: тингловчилар кулавериб чарчаб қолишган ва тонг ҳам яқинлашиб қолганди.

«Актёрликни эсдан чиқаринг!»

Урушдан қайтган Юрий келгуси ҳаётини ўзича режалаштирганди: институтда ўқиб, актёр бўлади. Шу мақсад билан у бир неча институтга, Шепкин номдаги билим юртига кириш имтиҳони топширди. Шунча жойда ўқиб нима қиларди, дейсизми? Ҳамма гап шунда-да, у булардан бирортасига ҳам кира олмаган! Чунки унинг кўриниши кинога мос эмас, ўзида актёрлик қобилияти мутлақо йўқ, деб ҳисоблашган.
Киноартистликни орзу қилган Юрий Никулинни 1946 йилда бир институтда кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичиданоқ четлаштиришган. Бунинг устига, қабул комиссияси раиси – кинорежиссёр Сергей Юткевич унга қатъий тарзда шундай деган экан: «Яхши йигит, сиз бирор театр институтига киришга ҳаракат қилиб кўринг, балки омад кулиб боқар. Кино учун эса сиз мутлақо ярамайсиз, шундай экан, кинода ўйнаш фикрини миянгиздан мутлақо чиқариб ташланг!»
Шунча гапдан сўнг Никулин киноартист бўлишдан умид қила олармиди? Мана шу «кинога тушмайдиган» башарали йигит вақти келиб ўнлаб фильмларда бош ролларни ўйнашини ўша пайтда на киноижодкорлар, на танқидчилар, ҳатто унинг ўзи ҳам хаёлига келтирмаган бўлса керак. Ҳозирча эса...

Уни цирк кутаётганди

Актёрлик илинжида яна бир неча самарасиз уринишлардан сўнг Юрий болалик орзуси – масхарабозликда ўз омадини синаб кўрмоқчи бўлди. У Москва цирки қошидаги масхарабозлик студиясига борди. Чиндан ҳам ўша жойда у бахтини топди – ўқиди, тугатгач, ўша ернинг ўзида ишлай бошлади. Орадан бир қанча йиллар ўтиб эса у мана шу даргоҳда бош режиссёр бўлди. Никулин ўзининг циркдаги илк фаолияти даврида омади келиб, «Карандаш» лақабли машҳур масхарабозга шогирд тушади.
Тез орада эса у ўзининг доимий шериги – Михаил Шуйдин билан саҳналарга чиқа бошлайди. Уларнинг ижодий жуфтлиги бутун дунёга танилганди. Никулиннинг ўзига хос цирк кийимлари – ўлчами одатдагидан жуда катта ботинкалари ва меъёрдан қисқа чипор иштони ҳозиргача мухлислар эътиборини жалб этади. У 1981 йилда цирк саҳнаси билан хайрлашди, аммо циркдан буткул узилиб кета олмасди. 1982 йилда Юрий Владимирович Никулин Москва циркига бош режиссёр, 1984 йилда эса – директор бўлди. Шунда унинг ҳаётидаги янги давр – бунёдкорлик даври бошланди. У жонажон циркининг қайта таъмирдан чиқарилиб, янгича услубда иш бошлашига жуда катта куч сарфлади.
Никулин цирк саҳнасидаги эллик йиллик ижоди давомида жуда кўп бетакрор номерлар яратди, халқ ва ҳатто ҳукумат вакилларининг кўнглига йўл топа билди. Умуман, у шу касб-кори билан дунё кезди, бахтини топди, жумладан...

Келинниям циркдан топди

Юрий Никулин циркда, Карандаш гуруҳи таркибида томоша кўрсатадиган пайтлар. Тимирязев академияси талабаси Татьяна Покровская Карандашга ўргатилган от олиб келди. Никулин эса бу қизни цирк томоша қилишга таклиф қилди. Албатта, бу таклифни қиз рад эта олмасди.
Тасодифми, тақдирми, ишқилиб намойиш пайти Юрий от оёғи остига йиқилиб тушди. Жароҳати туфайли уни касалхонага ётқизишди ва Татьяна уни кўришга бориб турди. Орадан ярим йил ўтиб эса улар оила қуришди. Тўғри, бунга осонликча эришиб бўлмади, бўлажак куёвнинг масхарабоз эканлигини эшитиб, Татьянанинг қариндошлари шундай даҳшатга тушишдики... Барибир, кейин ҳаммаси ўрнига тушиб кетди ва Юрий билан Татьяна деярли ярим аср ҳамнафасликда ҳаёт кечиришди. Ўғил кўриб, унга Максим дея исм қўйишди, ширин-шакар невараларнинг бобо ва бувиси бўлишди.
Дарвоқе, Татьяна Никулина ҳамиша – ҳам ҳаётда, ҳам цирк саҳнасида эрининг яқин ҳамкори эди. У дастлаб «томошабин ролини ўйнарди»: саҳнадаги ҳамма нарсага ишонган киши бўлиб ўтириб, сўнг ўзи ҳам ўртага чиқар ва томошада иштирок этарди. Кейинчалик эса Татьяна Никулина циркда ҳайвон ўргатувчи бўлиб ишлади ва ҳатто инглизчадан таржималар ҳам қилди.
Шундай қилиб, Юрий Владимировичнинг орзулари битта-битта амалга оша бошлади. Бир пайтлари уни кинога олишмаганди, энди эса...

Кинога ўзлари таклиф қилишди!

Никулин ўзининг кинодаги илк ролини 37 ёшида ўйнади. У «Русча савол» («Русский вопрос») фильмини суратга олиш жараёнида, америкалик ролида «Цветной» бульвари бўйлаб роса югурган. Фильм ишланиб, томошага қўйилгач, унда ўзини кўриш илинжида Никулин кўп бора кинотеатрга тушди, бироқ у тушган кадрлар кесиб ташланган экан. Кейинчалик ёзувчи Владимир Поляков, сценарийси ўз қаламига мансуб бўлган «Гитарали қиз» («Девушка с гитарой») фильмидаги кичикроқ бир ролга уни таклиф қилди. Никулин бу картинада омадсиз пиротехник роли ижро этган, унда атиги икки оғизгина сўз гапириши керак эди: «Ҳечқиси йўқ, ҳозир портлайди!» Бунда у ўзини ва эпизоддаги шеригини портлатиб юборишига сал қолган, кейин, хайрлашув олдидан ундан шу тариқа узр ҳам сўраб қўйганди: «Кейинги сафар бунданам зўр бўлади»...
Нима бўлганда ҳам, шу рол унга нисбатан киноижодкорларнинг эътибори уйғонишига сабаб бўлди. Кейин эса «Сотилмаслар» («Неподдающиеся») ва «Мутлақо жиддий» («Совершенно серьезно») фильмларида у ажойиб кулгили образлар яратди. Томошабинлар ҳам, режиссёрлар ҳам Никулиннинг кулдира билиш қобилиятига тан беришарди, у буни бошқаларга нисбатан анча юксак маҳорат билан уддаларди. Бунга ҳеч ҳам шубҳа йўқ, унинг «Хаёлпарастлар» («Фантазёры») ва «Етти чол ва битта қиз» («Семь стариков и одна девушка») фильмларини эслашнинг ўзи кифоя. Кейин эса Никулин «Бриллиант қўл» ва «Ўн икки стул» фильмларида ажойиб образлар яратди.
Барибир, Никулиннинг комик истеъдодини Леонид Гайдай чинакамига кашф эта билди. Айнан мана шу режиссёр Моргунов, Вицин ва Никулин ижросидаги бетакрор учликка – Қўрқоқ, «Ўтириб чиққан» ва Валакисаланг («Трус, Бывалый, Балбес») учлигига жон бахш этди. «Кўппак Барбос ва ғайриоддий кросс» («Пес Барбос и необычный кросс») ҳамда «Самогончилар» («Самогонщики») каби қисқа метражли фильмларидан сўнг бу учлик роса шуҳрат қозонган.
Леонид Гайдай Никулинга шундай маслаҳат берганди: «Сиз грим қилсангиз, ўта оддий чиқади. Юзингиз ўзи шусиз ҳам кулгили. Яхшиси, Сизга фақат узун киприклар қўйишсин, шунда яна ҳам аҳмоқроқ киши қиёфаси чиқади». Кейинроқ эса Қўрқоқ–«Ўтириб чиққан»–Валакисаланг учлиги ««Ы» операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари», «Кавказ асираси, ёки Шурикнинг янги саргузаштлари» каби ажойиб комедияларда ҳам жуда фусункор чиқди. Бу қаҳрамонлар бевосита халқ дилига яқин бўлгани учун, ҳатто оғзаки ижодга ҳам ўтиб кетди, улар тўғрисида халқ латифалари тўқилди.

Йиғлата билган масхарабоз

Гарчи Никулин кулгили роллари билан шуҳрат топа бошлаган бўлса-да, режиссёрлар унга жиддий ролларни ҳам ишониб топширишарди. Режиссёр Л.Кулиджановнинг «Дарахтлар улкан бўлган пайтлари» («Когда деревья были большими») мелодрамасида у ўйнаган талабчан Кузьма Иорданов роли бунга яққол мисолдир. Бунда актёр қаҳрамоннинг бутун ҳаётини акс эттира билди: ўтмиши ва бугунини намоён этиб, келажагига ишора қилди. Бу образда инсоннинг чуқур кечинмалари – уят ва виждон азобидан тортиб то ёлғизлигу бахт қувончигача бўлган руҳий ҳолатларини кўрамиз.
Юрий Никулиннинг кинодаги фаолиятида «Бери кел, Мухтор!» («Ко мне, Мухтар!») картинасидаги замондош киши – довюрак милиция лейтенанти Глазичев роли, шунингдек, моҳиятан унга мутлақо қарама-қарши бўлган, «Андрей Рублев» фильмидаги роҳиб Патрикей роли алоҳида ўрин тутади. Ҳатто «Бери кел, Мухтор!» фильми экранларга чиққач, хизмат итларини ўргатувчилар ва ит ишқибозлари Никулин олдига турли зотдаги кучуклар ва каттакон итларини етаклаб кела бошлашди! Юрий Владимирович эса ҳазил қилади: «Энди бу фильмнинг иккинчи қисмини ишлаб, унга «Йўқол бу ердан, Мухтор!» деб номлаш керак».
Актёр «Дала қўриқчиси» («Чучело») фильмида буткул ўзгача қиёфада намоён бўладики, бу образда ҳатто Никулинни таниб олиш ҳам қийин. Шу тариқа, у тобора мураккаб, баъзан бир-бирига зид характерли турли ролларни ижро этиб, етук актёр даражасига кўтарилди. Томошабинлар энди янги фильм ижодкорлари қаторида Юрий Никулин номини кўриб, бу фильмда у қандай – кулгили ёки жиддий киши ролини ўйнашини билмай, қай қиёфани жонлантиришини ҳаяжон билан кутадиган бўлишди. У кинодаги ўттизтача роли орқали, кишини кулдира оладиган ва керак бўлса йиғлата биладиган универсал санъаткор эканлигини намойиш қилди.

Телекўрсатув ва китоблар

Умри давомида тўплаган латифалари Никулинга кексалик йилларида янада асқотди. Актёр улар асосида «Оқ тўтиқуш» («Белый попугай») телевизион клубини ташкил этди. Телеклубга таниқли артистлар, мамлакатнинг машҳур кишилари таклиф этилар ва қувноқ давра вужудга келарди. Шунингдек, телетомошабинлардан келган мактубларда ҳам бир-биридан яхши латифалар бўлар, улар кўрсатув орқали бутун халқ билан баҳам кўриларди. Мазкур телеклубда «тандирдан ҳозиргина узилган» латифалар билан бирга эски, баъзан унутилиб кетганлари ҳам айтиларди.
Никулин уларни ҳам тўплаб борди ва китоб ҳолида чоп эттирди. Аниқроғи, китобда чиқмасидан олдинроқ бу латифалар «Огонёк» журналида махсус серия сифатида босилган. Журнал таҳририятида Никулинни ҳам жамоатчилик кенгаши таркибига қўшиб қўйишганди. «Нима, энди мен журналистларга қандай ёзишни ўргатаманми? Ундан кўра, уларга латифа айтиб берганим тузукроқ» дея, у таҳририятда давраларни қизита бошлади. Натижада бош муҳаррир Виталий Коротичда бир ғоя туғилди: бу латифаларни журналда босиб чиқаради! Шу тариқа, «Огонёк» ҳам «Никулин латифалари» билан бойиди ва кейинчалик масхарабозга уларни китоб ҳолида нашр этишни таклиф қилишди.
Энди иш жиддий тус ола бошлади. «Жин урсин шу латифаларни! – деган экан ўшанда у. – Бировга айтиб бериш анча осон эди. энди бўлса уларни тўплаш, саралаш, баҳолаш керак!» Чиндан ҳам, дафтарда фақат якуний қисми ёки эслатувчи иккитагина сўзи ёзиб қўйилган минглаб латифаларнинг ҳаммасини хотирада қайта тиклашнинг ўзи бўладими? Ҳатто бунинг учун бутун оилани оёққа турғизиб, тунги соат учгача ухлатмаган пайтлари ҳам бўлган экан.
Никулиннинг кўп қиррали санъаткор эканлиги унинг хотиралар тўплами – «Деярли жиддий» китобида ҳам ўз исботини топди. Шу ерда севимли артистимизнинг яна бир истеъдоди – бадиий диди яққол намоён бўлади. У ўз китобига эпиграф сифатида Станислав Ежи Лецнинг қуйидаги сўзларини танлаган: «Умр кишиларнинг жуда кўп вақтини олиб қўяди». Никулиннинг мазкур ўткир қалам соҳиби ижодига бўлган эҳтироми кучли эканини яна бир деталда кўришимиз мумкин: артист «Деярли жиддий» асарини ҳам унинг пурҳикмат ибораси билан бошлаган: «Ҳаётда ҳамма нарса ўз аслидан бошқачароқ кўринади».
Бу китобида Юрий Владимирович бошидан кечирганларини енгил киноя билан ҳикоя қилиб берган. Ўзи ҳақида сал юмор билан, бошқалар (қариндошлари ва яқинлари, таниқли ва нотаниш, аммо кино ва цирк учун муҳим бўлган кишилар) ҳақида эса жиддий сўз юритади. Кулгига тўла бўлиш билан бирга, китобда бирорта ёлғоннинг ўзи йўқ. Муаллиф ўз ҳаётини, умуман ҳаётни безаб кўрсатмайди. Китобни ўқиркансиз, сизда шундай таассурот уйғонади: худди Никулин сизнинг ёнингизга ўтириб олиб, ҳаётини айнан сизга гапириб бераётир. Бундай маҳорат эса унча-мунча ёзувчига насиб этмаган.

Жонажон цирк ва сиёсат

1984 йилда «юқори»дагилар Юрий Владимировичга «Союзгосцирк» директори лавозимини таклиф этишди, аммо Никулин, олий маълумоти йўқлигини баҳона қилиб, буни рад этди. Бунинг асл сабаби эса – унинг мансабга қизиқмаслиги, шунингдек, ҳар хил «ўйин»лардан узоқ юриш истаги эди. Аммо ўзининг қадрдон Москва циркига директор бўлишга жон деб розилик билдирди.
Шу ўринда, Никулин фаолият юритган даврда унинг севимли соҳасига бўлган муносабатларни ҳам эсга олиб ўтмоқ жоиз.
1919 йилда Ленин сал мавҳумроқ ифода билан бир декрет чиқарди: «Театр ишини цирк санъатининг демократик йўналиши билан бирлаштириш тўғрисида». Нима бўлганда ҳам, цирк артистлари бу санани ҳозиргача байрам сифатида нишонлашади.
Сталин циркни хушламасди, лекин шунга қарамай, уруш пайти, цирк анжомлари юкларини ҳарбий юклар билан тенг кўришга, цирк ҳайвонлари учун худди тинчлик пайтидагидек озуқа ажратишга буйруқ берганди.
Хрушчёв бўлса циркни жуда севарди. У масхарабоз Никулин ва Шуйдинларнинг биргаликдаги чиқишидан шу қадар завқланиб кулардики, бу ҳолат залдан ҳам, саҳнадан ҳам яққол кўринарди.
Брежнев эса қизи Галина цирк артисти Евгений Милаевга турмушга чиққач, циркка алоҳида эътибор билан қарай бошлаганди. Милаевга «Социалистик Меҳнат Қаҳрамони» унвонини беришди, аммо фақат унигина тақдирлаш бошқаларнинг кўзига бошқачароқ кўриниши мумкин эди. Шу сабабли масхарабоз, Никулиннинг устози Михаил Румянцев (Карандаш) ва ҳайвон ўргатувчи Ирина Бугримова ҳам Социалистик Меҳнат Қаҳрамони бўлишди.
Горбачёвнинг циркка муносабати ҳақида бир нима дейиш қийин. Аммо қайта қуриш авжига чиққан бир пайтда унинг ижодкор зиёлилар билан ўтказган учрашувини эслаш ўринли. Унда Юрий Владимировичга сўз беришганида, шундай деганди: «Циркда ҳайвонларга атиги икки-уч кунга етгулик гўшт қолди. Кейин биз забастовка эълон қиламиз. Яъни, йўлбарсларга тўла қафасларни юк машиналарига ортиб, Моссоветга юриш қиламиз. Ҳукумат, табиийки, милиция кучларини чақиради, биз эса бунга жавобан йўлбарсларимиз учун гўшт талаб уиламиз! Агар шунда ҳам ҳеч нимага эриша олмасак – қафасларни очиб юборамиз! Ўшанда бизнинг ҳайвонларимиз сизнинг милиционерларингиз билан қорин тўйғазишади. Шу натижа Сизни қониқтирадими, ҳурматли ўртоқ Президент?»
Бир дақиқалик танаффусдан сўнг Горбачёв хандон отиб кула бошлади. Никулин циркка қайтганида, икки ҳафтага етгулик гўштни аллақачон келтириб қўйишган экан.
Ельцин ҳам Юрий Владимировични яхши кўрарди. Улар иккаласи бурунлари теккудек бир-бирига яқин туриб тушган фотосуратга ўз вақтида кўплар қизиқ тагсўз ёзиб юборишган. Масалан: «Буюклик билан кулгилилик ораси бир энлик», «Мен ҳақимдаги латифани биласанми?» Энг кулгили сўзни эса «Мўъжизалар майдони» телекўрсатуви бошловчиси Леонид Якубович топган: «Президент ва масхарабоз. Чапдагиси Президент».

«Жодугар»

Аммо Юрий Владимировичнинг атрофида ҳамиша ҳам фақат яхши ниятли кишилар бўлавермаган. Циркда директор бўлган йиллари бир аёл Никулиннинг пинжига кириб олиб, унга ўз таъсирини ўтказа билганди. Виктория Виклюк исмли бу шахсни бутун цирк дунёси яхши билар ва ундан ҳамма ҳайиқарди. Унинг циркдаги номерлари деярли томошабинларнинг эсида қолмайдиган даражада бўлса-да, унинг директорга таъсири худди жодугарнинг аврашидек эди. Юрий Владимировичнинг ўрнига ҳам гастролларни у тайинлар, маошларни белгилар эди. Москвадаги етти йиллик фаолияти давомида у «Арена» меҳмонхонасининг энг люкс хонасида яшаган.
Иш шу даражага борганки, Америкага қилинадиган сафар чоғи, Виктория Виклюк Никулиннинг шахсий врачи сифатида расмийлаштирилган. Кейин бу «жодугар»нинг нафси янада ҳакалак отиб, ҳатто Юрий Владимировичнинг шуҳратига ҳам ҳасад қила бошлаган. Худди директорни йўқ қилса ўрнига ўзи чиқиб оладигандек, буюк артистга қарши материаллар тўплашга киришган. Никулиннинг суҳбатларда, шунчаки айтган гапларини магнитофонга ёзиб борган...
Ўз раҳбарини дилдан севган цирк жамоаси Викториянинг бу ишига энди хотиржам қараб туролмасди.  Уни бу ёвуз таъсирдан қутқариш мақсадида циркнинг иқтисодий директори Михаил Седов жамоа йиғилиши ўтказди. Унда фақат икки киши қатнашмади – Никулин (ўша пайтда у Францияда эди) ва Виклюкнинг ўзи. Йиғилиш бу «жодугар»ни ишдан четлатишга қарор қилди. Қарорни Никулинга топширишганида, унинг жамоа фикрига қўшилишдан бошқа йўли ҳам қолмаганди.
Йиғилишдан кейин кўп ўтмай, Михаил Седовни ўз подъездида учта ўқ билан ўлдириб кетишди. Унинг ортидан чиқаётиб салгина кечиккан қизи эса тасодиф туфайли омон қолди. Қотиллар ҳозиргача топилмаган.
Иқтисодий директорнинг ўлимидан сўнг, албатта, бу лавозимга ўтиришдан ҳамма чўчирди. Шунда Юрий Владимирович энг маъқул йўлини топди: бу вазифага ўз ўғли Максимни тайинлади. У шу вазифада бир йил давомида ҳеч қандай маош олмасдан ишлаб берди.
Буюк масхарабозга бағишланган телекўрсатувда Эльдар Рязанов Никулиннинг ўзидан шу ҳақда сўраганди: «Юра, ҳамкасабангнинг ўлдирилишидан сўнг, бу ўринга ўз ўғлингни қўйишга қўрқмадингми?» Буюк қалбли масхарабоз ўйлаб ўтирмасдан жавоб берди: «Нима учун мен бу хавфли ўринга бошқа бировнинг ўғлини қўйишим керак экан?»

Буюкларнинг ўрни билинади

Юрий Владимировични гарчи ҳамма – давлат раҳбарларидан тортиб оддий мухлисларгача – буюк инсон деб билса-да, у ўта оддий одам эди. Никулин доимо ҳамма билан бир хил самимий муносабатда бўлган, ўзи ҳақида ҳам жуда оддий гапирган: «Тунлари китоб ўқишни яхши кўраман, карта ўйнашни, меҳмонга боришни, машина ҳайдашни ёқтираман. Тағин, ақлли кишиларни, қўшиқларни (тинглаш ва куйлашни), латифаларни, дам олиш кунларини, кучукларни, ботаётган қуёш нурларига чўмилган Москва кўчаларини, макарон билан котлетни яхши кўраман. Эрта уйғонишни, навбатда туришни, пиёда юришни ёқтирмайман. Кўчаларда мени тиқилинч қилишларини, мени алдашларини ёмон кўраман. Кузни ёқтирмайман».
Айтганидек, 1997 йилнинг кузини – ўзи ёқтирмаган фаслни у кўрмай кетди. Буюк артистнинг юраги касал бўлиб, соғлиғи ўта оғирлашгани сабабли уни операция қилмаса бўлмасди. Никулиннинг ҳаёт-мамоти учун бўлган жанг ўн олти кун давом этди. Бу кунлар давомида оммавий ахборот воситалари халқ артистининг соғлиғи ҳақида кундалик маълумот бериб турди. Сталиндан кейин ҳеч кимнинг саломатлигига бу қадар эътибор берилмаганди.
Шифокорлар қўлларидан келган ҳамма нарсани қилишди: янги тиббий аппаратлар, энг сўнгги тиббий технологиялар, самарали дори воситалари қўлланилди. Аммо барибир мўъжиза рўй бермади. Юрий Владимирович Никулин 1997 йилнинг 21 августида, соат 10 дан 16 минут ўтганда омонатини эгасига топширди.
26 август куни, «Цветной» бульваридаги цирк биносида Никулин билан видолашиш маросими ўтказилди. Унда Россиянинг ўша пайтдаги Президенти Борис Ельцин ва давлатнинг бошқа катта кишилари, таниқли санъаткорлардан ташқари, актёрнинг оддий мухлислари ҳам қатнашди. Тобут ёнида тураркан, Евгений Александрович Моргунов шундай деди: «Бир пайтлар Юра билан бирга Гайдайнинг тобути ёнида худда мана шундай тургандик. Одамлар нега ўладилар-а? Худди уларнинг бундан муҳимроқ иши қолмагандек».
Никулинни Новодевичье қабристонига қўйишди. «Цветной» бульваридаги цирк буюк масхарабознинг номи билан атала бошлади ва уни Максим Никулин бошқаришда давом этди.
Русларда шундай мақол бор: «Незаменимых людей не бывает...» Яъни, «Алмаштириб бўлмайдиган кишининг ўзи бўлмайди». Аммо шундай кишилар борки, уларсиз дунё камбағаллашиб, бўшаб қолади. Чунки улар оламни олдингидан кўра яхшироқ, гўзалроқ, мукаммалроқ қилганлар. Шунинг учун ҳам биз уларни ҳамиша эслаб юрамиз. Агарки киши инсонлар хотирасида мавжуд экан, унинг ўзи ҳам барҳаётдир. Юрий Владимирович Никулин ҳам миллионлаб мухлисларининг қалбларида, ҳаётида, тарихда из қолдириб кетди. Ҳа, унинг қувноқ, яхшиликка ундовчи, ишончга чорловчи изи ҳеч қачон сўнмайди.


Интернет материаллари асосида Ҳамидбек ЮСУПОВ тайёрлади.

6 комментариев:

SangzorUZ комментирует...

Hamid og'a rahmat maza qilib o'qidim. Nikulinning hayotini ko'rganday tasavvurga ega bo'ldim. Ijoddan charchamang

Анонимный комментирует...

Зўр! Одатда бундай мақолаларни ўқимасдим, омад!!!

hmdbk комментирует...

Катта раҳмат! Қадрига етгувчилар бўлса, биз ҳам чарчамаймиз! ;)

hmdbk комментирует...

Одатда ўқимайдиган кишилар ҳам ўқиётганидан мамнунман! Раҳмат!

Unknown комментирует...

Дунёдаги ажойиб одам хакидаги ажойиб макола. Рахмат Хамид ога!

hmdbk комментирует...

Эътибор учун сизга раҳмат! :)