суббота, 2 августа 2014 г.

РАДИОТЎЛҚИНЛАР ОРАЛАБ...

ИЗОҲ: Бу мақолам "Оила даврасида" газетасининг 2014 йил 31 июлдаги 31 (117)-сонида чиққан. Бироқ у ерда нашр талабларидан келиб чиққан ҳолда таҳрир қилинган. Мен эса бунинг барча "тиканак"лари сақланган ҳолдаги вариантини баҳам кўришни истадим.
Хуллас...

РАДИОТЎЛҚИНЛАР ОРАЛАБ...
ёки «Овознигорнинг мурУВватини» бураганда
Ҳозирда «FM» тўлқинида фаолият юритаётган радио каналларимиз бисёр. Ҳар бирининг ўз услуби, ўз шиори, «ўз» қўшиқлари, ўз мухлислари ва ўз ... камчиликлари бор.
«Нима бўлибдики, гапни камчиликдан бошладинг?» дерсиз балки. Тўғри, иш бор жойдагина камчилик бўлади. Лекин, шу камчиликларга йўл қўймаслик ҳам унчалик қийин эмас-да...
«Хусусий радиоларда қўйилаётган қўшиқлар ҳақида гапирмаган битта сен қолувдинг ўзи» дейсизми? Йўқ, қўшиқлар савияси – алоҳида масала, каттароқ муаммо.
Рекламаларми? Э, йўқ, униям қўятуринг ҳозир. Балки бошқа сафар...
Хуллас, радиоларда кечаю кундуз тинмай меҳнат қилувчи (агар уларниннг ишини шундай аташ мумкин бўлса), тингловчилар билан энг кўп ва бевосита мулоқотда бўлувчи бошловчилар ҳақида дилимиздагиларнинг бир парчасини (аттанг, сал нордонроқ жойи тўғри келди-да!) оқ қоғознинг пок юзига туширишга жазм қилдик.
«Ие, нима бўпти бошловчиларга, мана, масалан, фалон-фалонлар яхшигина олиб боради...» дейишингиз турган гап. Тан олиш керак, савияли, хушовоз, зийрак ва ҳозиржавоб бошловчиларимиз йўқ эмас. Лекин, келинг, ҳозир уларни яхши-ёмонга ажратиб ўтирмайлик-да, «Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнади», деганларидек, бир бошдан, йўғе, «FM» тўлқин чизиғининг у ёқ-бу ёғидан уларнинг фаолиятига бир назар солайлик.
Хўш, тайёрмисиз? Унда, кетдик тўлқинлар оралаб! (Фақат эҳтиёт бўлинг, тўлқин суриб кетмасин!)
*  *  *
Эрта билан уйғонасиз, дастлаб телефонингиздан бир хабар оласиз, кейин эса телевизор ёки радионинг қулоғини бурайсиз. Энди, телевизор қўйсангиз, уни эшитиш камлик қилади, қараб ҳам ўтириш керак. Яхшиси, радиони баралла қўйиб, одатий юмушларга уннайсиз. Уйқусираб, тўғирлагични дуч келган томонга буриб, охири биттасида тўхтайсиз: «Вжрр...» Қулоқ солиб кўрсангиз, бу тиниб-тинчимас бошловчилар туни билан ухламай, ўзларига ўхшаган бек... (э, кечирасиз, адашиб кетадиган одатим бор, узр, «бекор» эмас) бедор мухлислар билан гурунглашиб чиққан бўлади. Афсуски, айримларининг ухламагани шундоқ билиниб туради. «Ҳа, энди, сен хуррак отиб ётганингда улар ишлаган-да!» дейсизми? Ҳа, буни ўзлариям писанда қилиб қўйишади: «...Тонггача хизматингизда ди-джей Фалончи бўлди». Тавба, кимнинг хизматини қилибди? Қанақа хизматини? Пашша қўриб ўтирибдими, ёки шам ушлаб турибдими?
«Ээ...» дейсиз-да, бошқа ёққа бурасиз: «Вжрр...»
Бу ёқда яна бири. Унгаям қўнғироқ қилишади-да, ёнидаги синглисими-ей, аллакимни уйғотиб беришни сўрашади мухлислар. Бечора кўнгли бўш-да, «Фалончи!!!» дея бақиради овози борича. Майли, будиль... (э, узр) бошловчининг нияти яхшику-я, лекин шу битта ғафлат босганни деб бутун пойтахт тингловчиларининг қулоғини батангга келтириш шартмикан? «Қўй-е!» дейсиз-да, яна радио жониворнинг қулоғини бурайсиз: «Вжрр...»
Шу орада хаёлингизга бир гап келади: «Радиобошловчилик бизда анча шаклланган. «Диктор» сўзи-ку, майли, ғарбона бўлсин. Ахир, «бошловчи», «сухандон» каби сўзларимиз ҳам бор-ку! Манави «Ди-джей» деган, сўзга ўхшаган нарса қаердан чиққан ўзи!?»
Қайсидир каналда тўхтайсиз: мунажжимлар башорати кетяпти. Вақтида очганингизни қаранг, навбат сизнинг буржингизга келибди. Эшитиб, шод бўласиз. Кейингиларини эшитиш шарт эмас, яхшироқ қўшиқ излаб, канални ўзгартирасиз: «Вжрр...» Бу тўлқинда ҳам мунажжим буванинг фоли, лекин... буниси ёмонроқ туш кўрганми, сизнинг буржингиз олдига хавфли кунни ёзиб қўйибди!..
«Вжрр...» – кейинги тўлқинда янгиликлар ўқиляпти, лекин бўш... (йўғе) бошловчиси эфирга чиқишдан олдин ҳам матнга бир кўз ташлаб олса яхши бўларди-да... Бир пайт, унда айтилаётган воқеалар ҳақида кеча қайсидир каналда хабар берилганини эслаб қоласиз. «Э, булар янгилик эмас, аллақачон эскилик бўлиб улгурди-ку!»
Ишқилиб, нонушта қилиб олгач, ишгами, ўқишгами отланасиз. Йўлни радио ҳамроҳлигисиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Агар шахсий машинангизда ё таксида бўлса яхши – битта тўлқин ёқмаса, бошқасига сузиб ўтса бўлади. Лекин, автобус ёки трамвайда кетар бўлсангиз... Ҳайдовчининг дидига «тасанно» ўқиб борасиз ичингизда (ташқарига чиқариш ноқулай – кимдир буни маза қилиб тинглаб кетаяпти-да!) Шу, жибла... (э, узр) бошловчи бечора ҳам бирон жойга шошяптими, лаби лабига тегмай бидирлайди. Айрим сўзларини англаб етишга зўрға улгурасиз: сўзлаётган нарсасида (буни гап деб бўлмайди-да!) на нуқта-вергул, на маза-матра бўлади. Шунда, эрталабки ўйлаганларингиз нотўғри эканига амин бўласиз: «Бундайларга «сухандон» ёки «бошловчи» деган ном ҳайф, булар айнан «ди-джей» экан!» Атрофингизга қараб, шундоқ ёнгинангиздаги ўриндиқда қулоғига «наушник» тақиб олиб, кўзини юмганича ўтириб бораётган ўсмирларга ҳавас қилиб кетасиз. Йўқ, улар ўтириб, сиз тикка туриб кетаётганингиз учун эмас. Улар ўзларига ёққан нарсани тинглаб кетаётганлари учун...
Хуллас, ишга эсон-омон етиб олганингизга шукрлар қилиб, кириш эшиги олдида бошингизни қаттиқроқ силкитиб оласиз. Йўқ, ёмғир ё қор ёғаётгани йўқ, шунчаки, боягиларни бошингиздан қоқиб тушириш учун...
...Қайтишда яна шу аҳвол. Чарчаб чиққансиз, «Эй, ҳайдовчи ака, шунингизни яхшироқ каналга қўйиб қўйсангиз, ёки умуман ўчирсангиз қандоқ бўларкин?!» дейишга эринасиз. У ёқда эса қандайдир радио ўйини кетяпти. Биттаси телефон қилиб тушади-да, «Илтимос, саволни қайтариб юборинг...» дейди. Ўзи ўн дақиқадан бери шу саволни қайтаради бошловчи бечора. Начора, мухлислар ҳам ўзига яраша-да... Савол қайтарилгач, ҳалиги иштирокчи энди «Вариантлар йўқми?» деб сўрайди. Вариантлар айтилгач, ёрдам сўрайди...
Энди ҳайдовчи ҳам чидай олмай, рулни бошқа тўлқинга буради: «Вжрр...» Бу ёқда қайсидир тилдаги қўшиқ ниҳоялаб қолган. Тугагач, яна аллақайси тилда кимдир бидирлай кетади. Разм солиб тингласангиз... Йўғ-е! Бўлиши мумкин эмас! Ўзбекча! Тўғри, соф ўзбекчамас, озроқ жаргон, озроқ русча акцент, озроқ инглизчами-ей, қандайдир бирикмалар, озроқ адабий тил унсурлари ва... қолгани ғирт шева!
Гап айланиб тил масаласига келгач, яна ўйлайсиз: аслида, шу каналнинг номи ҳам, агар ўзбек тилининг ҚОНУН-ҚОИДАЛАРига риоя қилинса, «Радио “Фалон”» эмас, балки, «“Фалон” радиоси» бўлиши керак-ку! Қолаверса, ҳозиргина эълон қилинган, «тўлқинларда куйлайдиган» ҳам «Группа “Писмадон”» эмас, аслида, «“Писмадон” гуруҳи» деб айтилиши лозим. «Э, сени ўқитганга раҳмат...» деб қўясиз (яна ичингизда, албатта)...
Кечқурунги дастурлар бир-биридан қизиқ. Биттасида «эс емас»... (э, яна адашдим) «SMS-хабарлар». Кимдир танишига айтмоқчи бўлган гапини «сотка»сидан хабар тариқасида радиога юборади. Қўшма... (йўғе, узр,) бошловчи уни бутун шаҳарга ўқиб эшиттиради. Сал ўтмай унисидан «жавоб хати» келади. Буям эл билан баҳам кўрилади... Ие, шошманг! Иккаласидаям «сотка» бор экан, дил изҳорларини бир-бирига юборса, ёки ётиб олиб гаплашса ҳам бўларди-ку! Нима, энди шундан ҳамма хабар топиши шартми!? Яхшиямки, хусусий телевидение бизда бу даражада ривожланмаган...
«Вжрр...» – бошқа каналга ўтасиз. Бунисида ҳам савол-жавоб ўйини кетмоқда. Савол берилган, лекин жавоб берувчи мўлжалга аниқ уролмаяпти. Бечора ёрд... (э, кечирасиз) бошловчи унга йўналиш беради: юқорига, пастга, ўнгга, чапга... «Э, фаросатингга балли!» дейсиз-да, бошқа тўлқинга бош урасиз: «Вжрр...»
Бунда ҳам бевосита алж... (йўғе, узр) суҳбат. Кимдир сим қоққан, масх... (э, жин урсин!) бошловчи билан кўча гапини қилиб олгач, ёнида ўтирган опасигами, бошловчининг ўзигами, саломлар йўллайди. Кейин қайсидир юлдузнинг фалон чиран... (уффф!) қўшиғини қўйиб беришни сўрайди. (Бизнинг осмонимиз кенг, юлдузлар кўп, қўшиқлар эса...)
«Вжрр...» Бу ёқдаги бошловчи «соат миллари (соат ёки вақт эмас!) 21 дан 15 дақиқа ўтганини эслатиб» ўтади. «Э, вақт ўлчовини асбобнинг қисмидан ажрата олмаган чаласаводнинг гапини эшитгандан кўра...» дейсиз-да, кейинги тўлқинга сузиб ўтасиз.
«Вжрр...» Ие! Бу тўлқиндаги бошловчи ё чарчаганидан ухлаб гапиряпти, ё сал сархушроқ. Бечора ёқар-ёқмас, чўзиб-чўзиб алаҳ... (э, кечирасиз) гапиряптики, худди урғочи чумолининг изидай ёзувда, ўн дақиқага мўлжаллаб ёзилган нутқни бир соатда ўқиб беришга маҳкум қилингандек. Тағин шу тезликдаям тутилиб-тутилиб қоляпти. Ачиниб кетасиз, чидолмасдан, яна радио жониворнинг қулоғини бурайсиз.
«Вжрр...» Кейинги бошловчи эса, «Хуш келибсиз иккинчи мусиқий соатимга...» деб сизни қарши олади. (У бўлмаса, шу соатга киролмасмидик балки...) «Эй оғайни, соат ҳам, кун ҳам, йил ҳам, умуман, вақт Худоники!..» деб, жаҳл билан унинг соатидан чиқиб кетасиз.
«Вжрр...» Бошқа каналда хушовозгина бир қиз яхшигина бир шеърни ёмонгина қилиб ўқимоқда. Аслида-ку, шеър ­– ритмик жиҳатдан тартибга, оҳангга солинган, паузалар билан маълум қисмларга ажратилган, ифодали ўқишга мўлжалланган ва мосланган бадиий асар, санъат намунаси. Бу бошловчи эса, («Эй, йўқ, буниси энди ғирт «дди-дджжейй» экан!») айнан мисранинг ўртасида ҳанс... (ие, узр) нафас ростлаб олади. Худди шу «нафас ростлаши» сўзлар талаффузидан-да баландроқ эшитилади. «Ҳайф сенга шу овоз...» дейсиз-да, бошқа тўлқинга ўтасиз.
«Вжрр...» Бу ёқдаям бир йигит шеърбо... (э, кечирасиз) шеърхонлик қиляпти. Шундай ҳиссиз, шунақанги совуқ оҳангдаки, этингиз увишиб кетади. Шоир бўлмаганингизга шукрлар қиласиз...
Ҳаммасидан ҳафсалангиз пир бўлиб, кўрпа остига кирар экансиз, кун бўйи радио деган шу бечорадан эшитганларингиз орасида энг бамаъниси қулоғингиз остида жаранглагандай бўлади: «Вжрр...»
Ҳамидбек ЮСУПОВ,
тингламовчи.


Комментариев нет: