суббота, 12 декабря 2015 г.

АСРГА ТАТИГУЛИК УМР

Қардош қирғиз халқининг буюк ўғлони, дунё тан олган адиб Чингиз Айтматовнинг ижоди, асарлари унинг бошқа соҳалардаги фаолиятидан кўра кўпроқ маълум ва машҳур. Бироқ мазкур ёзувчининг ҳаётидаги айрим нуқталар, унинг дунё миқёсидаги тинчликпарварлик ғоялар тарғиботчиси эканлиги айримлар учун янгилик бўлиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, Ч.Айтматов ҳаёти ва фаолиятининг айрим қирралари тўғрисида тайёрланиб, бир пайтлар “NUR” газетасида чоп этилган мақолани дўстларимиз эътиборига ҳавола этмоқдаман.


Болаликдаги балоғат
1928 йил 12 декабрда Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар овулида, ажойиб қўбизчи Айтмат ота хонадонида чақалоқ овози янгради. Унга Чингиз дея исм қўйишганида, балки, келажакда бу бола ўз адаши бўлмиш хоқондан кўра кўпроқ жойларни ўз қалами ила забт этишини, тарихда яхши ном қолдиришини билишмагандир. Шунингдек, унинг ҳали болалигиданоқ турмуш қийинчиликларига дучор бўлишини ҳам на отаси – маданий инқилоб курашчиси, жамоат арбоби Тўрақул оға ва на онаси – шаҳар театри актрисаси Наима Айтматова хаёлига келтирмаган бўлса керак.
Гап шундаки, 1937 йил қатағонида фидойи инсон, фаол жамоат арбоби Тўрақул Айтматов ҳам қамоққа олиниб, оиласи билан бутунлай видолашади. Отаси отилганидан кейин бола Чингиз бувисининг қўлида тарбияланган, унинг меҳнат фаолияти ўн ёшидан бошланган. Бу орада барча эркаклар Иккинчи жаҳон урушига отлангач, турмушнинг барча қийинчиликлари аёллар, қариялар ва болалар зиммасига тушади. Чингиз ҳам ўн тўрт ёшида Шакар қишлоқ кенгаши котиби, солиқ йиғувчи, сўнг тракторчилар бригадасининг ҳисобчиси бўлиб ишлайди.
Ч.Айтматов 1948 йили Жамбулдаги зооветеринария техникумини тугатгач, 1953 йили Қирғизистон қишлоқ хўжалик институтида ўқийди. Сўнг олий маълумотли мутахассис дипломи билан шу йили тажриба фермасининг зоотехниги бўлиб иш бошлайди.
Техникумда ўқиётган кезлари Чингиз жажжи очерк ва мақолалар ёзиб, маҳаллий матбуот саҳифаларида эълон қилдира бошлайди. Кейинчалик ёзувчиликка иштиёқи асосий касбидан устун келиб, 1956-1958 йилларда Москвада ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий адабиёт курсида таҳсил олади. Шу тариқа у ҳаётда ўз йўлини танлайди ва умрининг охиригача дунё халқига ўзининг сара асарлари билан зиё улашади.

Она Замин фуқароси
Чингиз оғанинг шахси ҳақида унинг асарларини ўқиб, қаҳрамонларини кузатиб ҳам муайян маълумотга эга бўлиш мумкин. У инсонни, унинг манфаатлари, ҳис-туйғуларини биринчи ўринга қўювчи, меҳрнинг қадрига етувчи, меҳнатни улуғловчи, бағрикенг киши эди.
Айтматовнинг асарларини ўқиркансиз, улардаги ҳар бир образ ўзига хос бўлса-да, ижобий қаҳрамонлар руҳиятида бир-бирига ўхшаш хислатларни ҳам учратасиз: аввало, меҳнатсеварлик, халқпарварлик, тинчликсеварлик, бир-бировга елкадошлик, миллий анъаналарни улуғлаш қатори ҳаётга янги кириб келаётган илғор мотивларни ёқлаш, жасорат; шунингдек юртга, табиатга, ҳайвоноту наботот оламига, она-Ерга нисбатан чексиз меҳр... Мана шулар марҳум адибнинг ҳам характеридаги муҳим жиҳатлар эди. Айтиш мумкинки, у ўзи севган қаҳрамонларга юрагини улашиб берганди.
Чингиз Айтматовнинг деярли ҳар бир асари инсонларни бунёдкорона меҳнатга, ўзаро бирдамликка ва табиатни асрашга чорлаб туради. У Замин ва Замон, Башарият ва Табиат муаммоларини кўтариб чиқади, шу боисдан ҳам унинг асарлари барча замонларда долзарб, бутун Ер юзи аҳолиси учун миллийдир. Адибнинг ўзи ҳам бутун дунё миқёсида фикрлар, барчани ўзига дўст биларди. Жумладан, бизнинг Ўзбекистонни ва унинг меҳнаткаш, бағрикенг халқини ҳам.

Халқимиз дўсти
Муҳтарам адибимиз бизнинг юртга, халқимизга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўларди. Унинг «Қадим-қадимдан ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деган сўзлариёқ бунинг яққол исботидир. Бундан ташқари, «Пахта иши» бўйича халқимизга туҳмат тошлари отилганда, Ч.Айтматов Кремлнинг съездлар саройида туриб, ўзбекларнинг бунёдкорлигини айтиб, жасорат ила ҳимоя қилганини эслайлик.
1995 йилда ҳурматли Президентимиз Ислом Каримов томонидан «Туркистон – умумий уйимиз» ғоясини ўртага ташлаганларида, буни хорижда юрган Чингиз Айтматов биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Пойтахтимизда бўлиб ўтган «Марказий Осиё маданияти Ассамблеяси»нинг таъсис қурултойида унинг Президенти этиб Чингиз Айтматов, вице-президенти қилиб Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов сайланганди.

Чингиз оғанинг халқлар биродарлигини мустаҳкамлаш йўлидаги фидокорона ҳаракатларини юксак баҳолаб, Президентимиз И.Каримов адибга 1997 йили Ўзбекистон Республикасининг олти йиллиги муносабати билан «Дўстлик» орденини тақдим этди, 1998 йилда эса Ч.Айтматов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

 Ҳақиқат билан юзма-юз

Уруш кетаётган паллада, котиб ва солиқ йиғувчи ўсмир Чингизнинг ҳаётида муҳим бир воқеа содир бўлади. У солиқ сифатида тўпланган пулларни қопларга солиб, Давлат банкининг ўша пайтдаги ягона кассасига топшириб келарди. Касса ўттиз километр узоқликдаги район марказида жойлашган бўлиб, у ерга эса чўл орқали ўтган кимсасиз йўлдан бориларди.
Бир сафар икки қоп пулни отга ортганича ўша ўзига таниш кимсасиз йўлдан кетиб бораркан, рўпарасидан келаётган, увада кийимли, кирза этиклари униқиб кетган, лекин ўзи йигит ёшидаги бир гадога кўзи тушди. Отда икки қоп нарсани олиб келаётган ўсмирни кўриб, тиланчи ундан ейишга бирор нарса беришини сўради. Аммо Чингизнинг қопида халқ бойлиги бўлмиш пул бор эди, ўз бурчига хиёнат қилиб уни бировга беролмасди. Шунинг учун, қанчалик оғир бўлмасин, у индамасдан тиланчининг ёнидан отини ниқтаб ўтиб кетди.
Шунда ҳалиги киши жаҳли чиқиб, унинг ортидан тош отиб, ҳақорат ва қирғишларни ёғдира кетди: «...Сен ҳам бир куни мендай дайдиб юргин, очликдан силланг қуриб қолсин, ўшанда олдингдан бирор ёруғлик чиқмасин! Қанақанги қўрқинчли одамсан сен! Сени ким туққан ўзи?!.»
Чингиз бу гадонинг аслида урушдан қочган ва шу сабабли халқнинг нафратига учраган дайди эканини кейинроқ билган. Аммо, ўша вазиятда ҳақ бўлишига қарамасдан, унга ёрдам беролмагани учун узоқ вақтларгача виждони қийналиб юрди. Кейинчалик – 1957 йилда ёзган «Юзма-юз» номли қиссасида эса у айнан урушдан қочиб келиб, ғорда яшириниб юрган Исмоилнинг фожиасини тасвирлайди. Балки, шу асари билан у ўзининг ўша учрашувдаги айби учун виждони олдида ўзини оқламоқчи бўлгандир... 

Қаҳрамонлари ҳалиям ҳаёт

Айтматовнинг ҳикоя, қисса, роман ва пьесалари турли мавзуларга бағишланган бўлса-да, уларни бир муҳим жиҳат бирлаштириб туради: асар воқеалари худди ёнимизда, кўз олдимизда содир бўлаётгандек туюлади. Бугина эмас, улардаги образлар шу қадар ҳаётийки, гўё ҳар бирининг қиёфасини кўргандай бўласиз. Чунки, адиб ҳамма нарсани халқнинг жонли турмушидан олади, одамларнинг характерини, қиёфасини ишонарли тасвирлайди.
Масалан, «Биринчи муаллим» қиссасида 20-аср бошларида болаларга савод ўргатиш йўлида жон куйдирган Дуйшэн, гарчи рўшнолик кўрмаса-да, кексайган чоғида почтачилик қилиб юради. Қисса бутун жаҳонда шуҳрат қозонишдан ташқари, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир овул халқи бош қаҳрамон қиёфасида ўзларидаги ўқитувчиларни «таниган»лар.
Адиб  шундай хотирлайди: «Китобхонлар турли ёқлардан менга хат йўллаб, айнан Дуйшэндай бир муаллим у овулда ёки бунисида бўлганлиги, айнан ўша одам биринчи мактабни очганлиги, айнан у ўз йўлидан қайтмас инсон бўлганлиги тўғрисида ёза бошладилар. Ҳатто шундай пайтлар ҳам бўлдики, мени аллақачон нафақага чиққан кекса «биринчи муаллимлар» ҳузурига етаклаб боришар, айнан мана шу кекса муаллим менинг Дуйшэним эканлигини айтиб, ишонтиришга уринишарди».
Ёки яна бир мисол: Чингиз оға Москвадалигида, унинг олдига бир аёл келиб, саломлашиб, сўрашади. Адиб кимлигини сўраганида, аёл унинг кўзларига тик боқиб, «Мен – Акбараман», дейди ва ортига қайтиб кетади. Акбара – «Қиёмат» романидаги ўз оиласидан, яшаш жойларидан айрилган она бўри образидир. Бу асарда табиат ва инсоннинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, одамларнинг бир-бири билан бўлган зиддиятлари ва ҳар бир кишининг ичида туғён урган фикрлар хилма-хиллиги тасвирланган. «...Унинг бу нигоҳида  қанчалар азоб изи бор эди, – дейди адиб ўша аёл ҳақида. – Мен даҳшат билан ўйлаб қолдим: агар ўзида инсонликдан асар ҳам қолмади, деб ўйлаётган бўлса, у қандай умр кечирган экан...»
Умуман, Айтматов асарини ўқиётган китобхон унинг ичига кириб кетади, қаҳрамонлар билан бирга йиғлаб-кулади, улар билан ҳамнафас меҳнат қилади, тоғ ошади, саҳро кезади, денгизда улоқиб юради. Зеро, ҳақиқий бадиий асар шуниси билан жонли, унинг муаллифи ҳам асарлари билан тирикдир.

 У яшайверади

2008 йилнинг 10 июнида Германиянинг Нюрнберг шаҳрида муолажа олаётган таниқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов оламдан ўтди. 14 июнь куни Бишкекда ўтказилган билан видолашув ва унинг дафн маросими уч соат давом этди. Давлат филармониясининг кириш жойига қўйилган адиб тобути олдига йигирма мингдан зиёд одам йиғилди. Маросим жойига адибнинг 46 та орден ва медаллари олиб келинди. Республика муфтиси Муротали ажи Жуманов жаноза ўқигач, севимли ёзувчини ўзи васият қилган «Ота Байит» тарихий-мемориал мажмуасига – падари бузруквори ёнига қўйишди.
Адибни сўнгги манзилга кузатиш учун Қирғизистон раҳбарлари, турли давлатлар расмий делегациялари вакиллари келишди. Шунингдек, дунёнинг турли бурчакларидан таъзияномалар ва ҳамдардлик билдирилган мактублар, телеграммалар олинди. Жумладан, Қирғизистон Республикаси Президенти Қурманбек Бакиевга муҳтарам Юртбошимиз томонидан йўлланган мактубда шундай сўзлар бор: «Чингиз Айтматов ўзбек халқига ҳамиша дўсту қадрдон эди ва шундай бўлиб қолади. У ўз Ватанига садоқат ҳамда фидойилик билан хизмат қилиш тимсоли сифатида хотирамизда мангу яшайди».
Дарҳақиқат, Чингиз оға ўз асарларида, яхши амалларида, ўзи илгари сурган ғояларда абадий яшаб қолаверади.

Ҳамидбек ЮСУПОВ

Комментариев нет: