среда, 25 июня 2014 г.

ТИЛАНЧИ

Тошкент марказидаги бир истироҳат боғи катта илм даргоҳларидан бирига ёндош бўлиб, бу ерда ҳамиша одам гавжум бўлади. Кўпчилиги ёшлар – талабалар, истироҳат боғига дам олишга ёки сайрга чиққанлар ва ҳоказо.
Айни шу ерда, университет талабалари ва хиёбонга сайрга чиққанлар ўтиб-қайтадиган йўлакда (бу ерда транспортларга чиқиш учун шу йўлакдан ўтилади) ҳар куни бир тиланчи кампир ўтиради. Юзлари ва қўллари қорайиб кетган, лекин ўзи тўладан келган, овози ҳам ўткир. Мана шу гавдасини кўтара олмай, эртадан кечгача бир жойда ўтирганини кўп кўрганман. Овози сал қалтираб (балки сунъийдир), ўтган-кетганга йиғламсираб ялинади. У гоҳ ўзбекча, гоҳ русча, гоҳ иккаласини аралаштириб тиланади: «Ҳой қизим, барака топгур, бахтинг очилсин, садақа радди бало...», «Сынок, помоги мне, а...» ва ҳоказо.
Бу ерга янги келган пайтларим, кампирнинг олдига баъзи-баъзида имкон қадар бир-икки танга ташлаб ўтардим. Унга ачиниш баробарида ўйлардим: шу кампир эртадан кечгача миқ этмай бир жойда ўтиради, қўзғалмайди. Мадори йўқмикан, касалмикан, ёки ўзини шунақа ғариб кўрсатиб, кишиларнинг раҳмини келтирармикан? Кечқурун-чи, борар жойи, иссиқ-совуғига қарайдиган яқин кишиси бормикан ўзи?
Бир куни, мана шу университетни тугатиб, ҳозирда магистратурада таҳсил олаётган бир ўртоғим билан мана шу кампир олдидан ўтиб қолдик. Ўшанда бояги саволларимни ўртоғимга айтсам, у деди:
– Айтишларича, уни ҳар куни тонгда битта машинада олиб келиб ўтирғизиб кетишаркан. Яна кечқурун ўша машинада келиб, олиб кетишармиш. Чинданам ғалати...
Бунисига янада лол қолдим. Кампирга нисбатан ачинишим икки ҳисса ошгандек бўлди гўё. Хўш, ўша машинадагилар кимлар ўзи? Балки фарзандларидир? Уни шу куйга солиб қўядими фарзанди бўлса? Бегона бўлса, нега олиб кетади? Бу кампирнинг жонини қайғурадиган бирор яқини бормикан ўзи?..
Бир сафар, мана шу университетда дарс берувчи кекса бир профессор билан бирга ўша йўлакдан ўтиб қолдик. Ҳамроҳим – домланинг болалиги уруш, очарчилик дамларига тўғри келган, ёшлиги қийин кечган. Шунга қарамай, ўқиган, илм олган, бир амаллаб нонини топиб еган. Тинимсиз изланишлар натижасида у иқтидорли мураббий сифатида бутун мамлакатга, етук олим сифатида дунё илм аҳлига танилган. Домла ўз умрини мана шу университетга бахшида этган, узоқ йиллардан бери шу даргоҳда муаллимлик ва олимлик нонини еб, бола-чақа боқади. Яъни, унинг ҳаёти ва фаолияти шу ўқув даргоҳи тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, университет ва унинг атрофлари ҳам домлага қадрдон.
Хуллас, домла билан ўша йўлакдан, тиланчи кампир олдидан ўтдик. Тиланчига ачиниш аралаш қараб қўйганимни сезган устоз, ундан сал узоқлашгач, бирдан гап бошлади:
– Анови кампирни кўрдингиз-а, болам? Бундан ўттиз-қирқ йиллар аввал у ёшгина, гўзал, қадди-қомати келишган бир жувон эди. Мана шу паркда ўтарди унинг ҳар куни-ю туни. Ҳали қарасанг униси билан қўлтиқлашиб, ҳали буниси билан қучоқлашиб юрарди. Ўзиям кўрган кўзни ўйнатадиган эди. Шунинг учунми, суюқоёқ бўлсаям, роса ўзига бино қўйган эди. Биз бола-чақа ташвишида чала оч қоринга ишлаб юрган пайтларимиз у кайфу сафода юрар эди. Мана энди унинг аҳволини кўриб турибсиз – қаддини кўтара олмайди. Сиз, болам, шунга қараб ўзингиз хулоса чиқариб, ибрат олинг. Ёшлигингизни ҳар хил ҳою ҳавасларига бой бериб, ўзингизни хор қилманг. Ёшлик сизга бир марта берилган, ундан унумли фойдаланинг – ўқинг, изланинг, ижод қилинг. Келажагингизга асос яратинг. Мана, тақдирнинг ҳикматини кўриб турибсиз: ёшлигини шу паркда ҳою ҳавасларга сарфлагани учун, кексалигида ҳам худди шу паркда тиланиб ўтирибди... Биламан, сиз ёшсиз, бўйдоқсиз, қонингиз қайноқ, кўпчилик тенгдошларингиз қатори ўйнаб-кулгингиз келади. Лекин ёшлик қилиб, умрингизни мана шундай ҳавога совурманг, ўғлим...
Бу гаплардан ҳайрон бўлдим. Наҳотки, ўша кампир...
Кўпни кўрган домламизнинг бу сўзларидан кейин менинг қалбимда ўша тиланчи кампирга бўлган ачиниш ва шафқат ўрнини чексиз нафрат эгаллади. Ўшандан бери бу кампирни узоқдан кўрсам, йўлнинг нариги томонига ўтиб оламан. Ёки, ёнидан ўтганда ҳам, унга умуман эътибор бермай ўтаман.
Булардан ташқари, бу суҳбатдан кейин яна ҳаётдаги айрим қарашларим ўзгарди. Сир эмаски, ҳозирда ҳам ўшандай «кўча қизлари», «тунги капалак»лар учраб туради. Айниқса, кечқурунлари истироҳат боғларига борсангиз, айрим дискотекаларга назар солсангиз ёки бошқа баъзи жойларга сайрга чиқсангиз, улар яққол кўзга ташланиб, гоҳо ўзига чорлаб туради. Домланинг ўша гапидан бери, мен бундайларни кўрганим заҳоти, ўзимча уларнинг кексалигини тасаввур қилмоқчи бўламан. Уларнинг хаёлимда гавдаланган «кексайган нусха»си худди ўша тиланчи кампирга ўхшаб чиқаверади...
Тағин, кекса тиланчиларни кўрганда ҳам беихтиёр ўйлаб кетаман: уларнинг ёшлиги қандай ўтган экан-а?.. Ҳозир бола-чақалари бормикан, ёки бўлсаям ундан воз кечишганми?..
Хўш, ўзимиз қандай яшаяпмиз? Умр дафтаримизни қандай ишлар билан тўлдириб бораяпмиз? Эртага кексайганимизда қандай аҳволга тушар эканмиз? Биз ҳам тиланчига айланиб қолмаймизми – меҳр тиланчиси, оқибат тиланчиси, ширин сўз тиланчиси?..
Ҳамидбек ЮСУПОВ

4 комментария:

Unknown комментирует...

Хамид ога, ибратли хикоя учун рахмат сизга!

hmdbk комментирует...

Арзимайди! Бу тўқима ҳикоя эмас, балки айни ҳақиқат.

Surayyo комментирует...

Hamisha blogizdagi maqolalarizni o'qib boraman. Eng birinchi yoqqan va o'zina torgani "Кечикаётган одам кечинмалари" dm dm yoqdi.

hmdbk комментирует...

Катта раҳмат!