Аҳмад УМИД
КИТОБ ҚОТИЛИ
Комиссар Навзод билан унинг ёрдамчиси Али кўзларини узмасдан тикилиб, мени диққат билан кузатишарди. Сигарета тутунидан бўғриққан бу кичик хонага кирганимиздан бери учинчи бора комиссар Навзод мендан шу гапни сўраши:
– Агар шанба куни, соат ўн етти яримдан ўн тўққизгача қаерда бўлганингизни айтмасангиз, сиздан ҳам гумонсирашимизга тўғри келади.
– Тушунмаяпман, – дедим ҳайрат билан. – У танқидчини нега мен ўлдирарканман?
– Охирги романингизни танқид қилиб, роса ерга урган, – дея бошимни қотиради Али. Олифтанамо кийимлари, мулозаматли муомаласи билан у полициячидан кўра кўпроқ даллолга ўхшаб кетарди.
– Бунинг учун одам ўлдирадими киши?
– Нималар деяпсиз ўзи? Кимдир ёмонроқ қаради, деб ҳам жиноятга қўл ураётганлар бор мамлакатимизда.
– Мен унақалардан эмасман.
– Бунга ҳозирча ишонолмаймиз, – деди Навзод.
– Бунинг устига, бизга ёлғон гапирганингиздан кейин, – дея унинг гапини тасдиқлади Али. – Эмишки, шанба куни ҳужжат имзолаш учун Эскишаҳарга борганмиш бу киши.
– Мен сизларга ёлғон гапирганим йўқ... Имзо иши ростданам бор эди, сўнгги соатларда бекор қилинди.
– Бизни эмас, рафиқангизни алдагансиз, – деркан, Али «рафиқангиз» сўзига алоҳида урғу берди. – Хотинига ёлғон гапирган киши, ким билади, бизга қандай эртаклар айтаркан?
Қарасам, вазият мен ўйлаганимдан кўра жиддийга ўхшаяпти. Тўғрисини айтишдан бошқа чорам йўқ, шекилли.
– Биласиз-ку... – дейман гапни узоқдан бошлаб. – Сизнинг ҳам бошингизга тушгандир балки... Вақт ўтиши билан оилада бир хиллик келиб чиқа бошлайди, киши бундан зерикиб, саргузаштлар излайди...
Гап қаёққа бораётганини тушуниб Али қиқирлади, комиссарнинг эса қошлари чимирилди:
– Илтимос, очиқроқ гапирсангиз?
– Хўп, – дея тушунтира бошладим. – Шанба куни бир аёл танишим билан бирга эдим. «Кактус» кафесида учрашдик, Бейўғлида. Тушдан кейинги соат беш яримлар атрофида.
Мен гапираётганимда Али дафтарига қайдларни тушира бошлади.
– Гапларингизни тасдиқлаш учун кафеда бирор гувоҳ бормиди?
– Бармен Эҳсон мени танийди. Ундан сўрашингиз мумкин.
– Хўп, кейин нима қилдинглар?
– Ўртакўй мавзесига тушдик, бир ресторанда овқатланиб, у ердан қизнинг уйига кетдик.
– Ким эди у қиз?
– Исми Нармин, ёш шоира.
– Телефони борми?
Нарминнинг телефон рақамини ёддан айтдим. Навзод эса, рақамни ёзиб олган ёрдамчисига ўгирилди:
– Сен ўша «Кактус» кафесидаги барменни, кейин қизни суриштириб кўр.
– Бош устига, бошлиқ, – деркан, Али ўрнидан қўзғолди. Ёрдамчиси чиқиб кетмасидан, комиссар яна бир топшириқ берди:
– Йигитлардан ҳам сўраб кўр-чи, эшикбонни келтиришибдими? Нашриёт хўжайини билан юзлаштирамиз.
Демак, қайсидир нашриётнинг хўжайини ҳам бор. Ким экан, ажабо? Ёки менинг ношириммикан? Лекин буниси ўта аҳмоқона иш!
– Ўша нашриётчи, – дедим Али чиқиб кетгач, – Ойтуғ Гўкча эмасми?
Навзод бироз шошиб, аммо совуққонлигини йўқотмасдан юзимга қаради.
– Қаердан биласиз?
– Китобимни танқид қилгани учун Сулаймон Сомеъни ўлдирган, дея мени қотилга чиқардингиз, демак, ноширимни ҳам айбдор ҳисобласангиз керак. Ойтуғ Оғани ҳам сўроққа тутдингизми?
Саволимга жавоб бериш ўрнига, комиссар стол устидаги сигарета қутисига қўл чўзди. Бир дона олиб, лабларига яқинлаштираркан, кўзларини менга қадаб, «Чекасизми?» дея сўради.
Олдим, то чекиб тугатгунча айтарли гаплашмадик. Аслида вазиятни сал англаб олиш учун бир-икки савол ташлаб кўрдим, аммо комиссар ёқар-ёқмас, мавҳум муомала қилди. Токи Али келиб, гапларимни бармен ва Нармин тасдиқлаганини айтгунча шу мавҳумлик давом этди. Ёрдамчисининг бу хабаридан сўнг эса комиссар юмшади. Тўртбурчак қиёфасидаги қаттиқ аломатлар ёйилиб, нигоҳларига ҳамоҳанг бир ифода ўрнашди.
– Ойтуғ Гўкчани яхши танийсизми? – дея сўради.
– Танийман. Уни айбдор, деб ўйлаяпсизми?
– Сулаймон Сомеъ танқид қилган учта китоб унинг нашриётида босилган.
Бу гапни эшитиб кула бошладим.
– Шунчалик кулгилими? – деди Навзод.
– Кулгили-да, – дедим. – Раҳматлининг танқид қилган китоблари у мақтаганларидан кўра кўпроқ сотиларди.
Иккала полициячи ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қарашди. Аввал Навзод ўзини йиғиштириб олди:
– Аммо мусаҳҳиҳ Солиҳ шанба куни шу ноширингизни танқидчининг уйида кўрган.
– Мунаққиднинг уйида Солиҳнинг нима иши бор экан? – дедим ҳайратланиб.
– Сулаймон Сомеънинг янги китоби таҳририни олиб келган. У уйдалигида Ойтуғ Бей келган. Солиҳ уларни ёлғиз қолдириб чиқиб кетган.
– Бунда шубҳали бирор ҳолат йўқ, иккаласи дўст эдилар. Бунинг устига ўша, Солиҳ Бей таҳрир қилиб келган китоб ҳам бизнинг нашриётда чиқадиган эди.
Бироз муддат хонада ҳеч ким гапирмади. Сукунатни яна комиссар бузди:
– Хўп, Ёқуб Қирочни танийсизми?
– У дўстим бўлади, – дедим. – Туркиянинг энг яхши ҳикоянависларида н бири у.
– Ўша яхши ҳикоянависингиз бир неча кундан бери қорасини кўрсатмаяпти.
– Ёқуб ўзи девонасифат одам, – дедим ўртоғимни ҳимоя қилиш учун. – Кўнглига тушган пайти ҳеч кимга айтмасдан, боши оққан томонларга кетиб қоладиган одати бор.
– У уч кун олдин бир жойда Сулаймон Сомеъ билан ёқалашиб қолган экан.
– Хабарим бор, нохуш бир воқеа. Аммо Ёқуб бировни ўлдира олмайди.
– Уни топсак, буниям аниқлаймиз, – деди Навзод бош чайқаб.
– Сулаймон Сомеъни ёзувчилар хушламас эканлар, – дея бу сафар Али сўроқ бошлади. – Сизнинг ҳам ундан аччиқланган пайтларингиз бўлганми?
– Авваллари роса жаҳлим чиқарди, бироқ кейинчалик, унинг танқидлари кўп ҳолларда ноҳақ экани, гина-кудуратга асосланганини пайқаганман. Ўзини ўзи еб битирарди, бечора.
– Лекин бошқалар сиз каби фикрламас эканлар, унинг умрига умрига нуқта қўйишибди, – деди Али.
– Нега қотилни айнан адабиёт аҳли орасидан излаяпсиз? Бошқа биров, масалан, ўғри бўлиши мумкин-ку?
– Уйдан ҳеч нарса ўғирланмаган. Тағин, жиноятдан сўнг қотил, адабиётга оид муҳим журналларни излаган, танқидчини ўлдиргани ҳақида телефон орқали хабар берган. Ўзининг адабиёт ихлосманди эканлигини, Сулаймон Сомеънинг эса китоб қотили, адабиёт душмани эканлигини айтган. Жиноятнинг сабаби сифатида эса, Сулаймон Сомеънинг адабиётга зарар бераётганини пеш қилган.
– Қизиқ, – дедим. – Балки қотил ашаддий бир адабиёт мухлисидир. Севган адибини Сулаймон Сомеъ танқид қилгач, у жиноятга қўл ургандир?
– Бу гапингиз тўғри бўлиши мумкин эди, аммо Сулаймон Сомеъ уни уйига киритган. Одамлар билан унча чиқиша олмайдиган мунаққиднинг дуч келган мухлисни ўз уйига киритаверишига ишониб бўлмайди. Қотил танқидчининг яқин танишларидан бири бўлса керак. Жиноят пичоқ ёки ханжар каби, тиғли бир нарса билан амалга оширилган. Ижодининг 25 йиллиги тадбирида совға қилинган, мактуб очишга мўлжалланган кумуш пичоқча бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпмиз. Ҳамиша стол устида турадиган мактуб очгични тополмадик, далилни йўқотиш учун қотил олиб кетган бўлса керак.
– Унинг қўнғироқ қилиши, – дедим ўйга чўмиб, – сизни чалғитиш учун қилинган бўлишиям мумкин-ку? Балки қотил, жиноятини адабиётшуносларг а тўнкаш учун шу йўлни танлагандир?
– Бўлиши мумкин, аммо ҳозирча бу ҳақда қўлимизда ҳеч қандай далил йўқ, – деди Навзод. Кейин ташриф қоғозини узатаркан, қўшиб қўйди: – Сиздан илтимос, бирор нимадан хабар топсангиз ёки эшитиб қолсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
– Хавотирланманг, – дедим ўрнимдан туриб. – Бирор нимани билсам хабардор қиламан.
Уйга келиб, хотинимнинг саволларига бир амаллаб жавоб бергач, ижод хонамга кириб, Сулаймон Сомеъни ким ўлдирган бўлиши мумкинлигини ўйлай бошладим. Қотилнинг ёзувчи бўлиши менга жуда кичик бир эҳтимолдай туюлади. Адибларнинг кўпчилиги, ўзлари сезсалар-сезмаса лар-да, мангуликка интиладилар. Аммо бу абадийликни жиноятлар билан эмас, балки асарлари билан таъминлашга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун, агар ақлдан озган бўлмаса, бирорта ёзувчи мангулик орзусини мунаққидни ўлдириш жиноятига қурбон қилишига ишонмайман. Хўш, унда ким бўлди экан бу қотил? Қариндошлари десам, у бадавлат эмас эдики, бирортасига каттароқ мерос қолса. Ишқий можаро десам, Сулаймон Сомеъ бунақа ёшдан ошганига анча бўлган. Сиёсий жиноятмикан десам, сиёсатга аралашмаслигини ҳамма билади. У ҳолда ким, нега ўлдирди бу кишини? Шуларни ўйлаб ўтирсам, худди саволимга жавоб бергандек, телефон кетма-кет жиринглай бошлади.
– Алло, эшитаман?
– Алло, – деди қувноқ бир овоз. – Мен, Ёқубман.
– Ёқуб... Оғайни, қаердасан? Полиция сени излаяпти.
– Уйга келишибди, эшитдим. Сулаймон Сомеъ иши бўйича. Нақадар ифлос-а у! Ўлигиям бизни тинч қўймайди.
– Унақа дема, нима бўлсаям адабиётга алоқадор одам.
– Ўшами? Кулгимни қистатма... Сенам қизиқсан-а, сен ҳақингда ёзмаган бўҳтони қолмади. Тағин ёнини оласан!
– Нима бўлса, бўлиб ўтган, – дедим. – Ўлди-кетди, орқасидан гапирмайлик энди.
– Нега гапирмас эканмиз? Ўлганлиги уни оқлаёлмайди.
– Балки сенга ёмонлиги теккандир, аммо...
– Менга ёмонлиги тегиши муҳим эмас, – дея портлаб кетди у. – Асли ёмонлиги адабиётга тегди. Унга таъзим қилганларни кўкларга кўтариб мақтар, йўлига юрмаганларни эса ерга киритишга уринарди. Бунақа танқидчилар бор мамлакатда адабиёт тараққий этадими? У бир душман эди. Китоб қотили эди.
– Бу сўзларни қаердан эшитдинг? – дея сўрадим ваҳима билан.
– Қайси сўзларни айтяпсан? – деди у довдираб.
– «У бир душман эди, китоб қотили эди», деган гапларингни.
– Эслай олмайман... Газетада ўқигандим, шекилли.
Бошим қотди, танқидчини Ёқуб ўлдирган бўлиши мумкинми? Чидолмасдан, яна сўроққа тутдим:
– Қаердасан? Айт, бориб олиб келай.
– Қўявер... Истанбулдан ташқарида бир жойдаман-да.
– Қачон чиқиб кетгандинг Истанбулдан?
– Шанба кечаси.
«Жиноятдан сўнг», деган фикр хаёлимдан ўтди.
– У ёқ-бу ёқда сандироқлаб юрма, – дедим огоҳлантирувчи оҳангда. – Қўлга олишса, бошинг балога қолади. Яхшиси кел-да, полицияга таслим бўл.
– Боролмайман. Бу ерда кайфим чоғ. Ўша ярамас ўлибди, дея оромимни бузиш ниятим йўқ.
– Тушунмаяпсан...
– Тушуняпман, тушуняпман... Шунча меҳрибончилик қилганинг етади. Майли, омон бўл, – дея трубкани қўйиб қўйди у.
Бу орада эшик очилиб, хотиним кириб келди.
– Боя айтишни унутибман, – дея қўлидаги папкани узатди. – Мусаҳҳиҳ Солиҳ Бей келиб, мана бу қораламаларингиз ни ташлаб кетувди. У ер-бу ерини тўғирлабди, уч саҳифалик илова ҳам ёзибди.
Хаёлим ҳамон Ёқубда, бир лаҳза хотинимнинг нима деётганини англаёлмай турдим. Узатган папкасини қўлидан олаётиб, ҳаммасини тушундим. Эски романимнинг иккинчи нашри учун тайёргарлик кўраётгандик. Папкани очиб, ичидагиларни чиқардим. Саҳифаларда қизил ручкада белгиланган ҳарфлар, жумлалар кўринади. Булар яхши-ку, лекин романнинг охирига қўшилган, «Танқид ва таклифлар» сарлавҳали уч варақ ёзув нима экан?
Хотиним хонамдан чиқаркан, Солиҳ Бейнинг яна бир илтимоси борлигини – тузатишларни киритгандан сўнг уйига жўнатишимизни сўраганини айтди. Қизиқ, илгари ҳеч бунақа одати йўқ эди, қораламаларни нашриётдан оларди.
Хотиним чиқиб кетгач, тағин Ёқубни қотилми-йўқми дея ўйга толдим. Полицияга қўнғироқ қилсаммикан? Йўқ, Ёқубга нисбатан бундай қилолмайман. Яхшиси, бояги телефондаги суҳбатимизни эсимдан чиқараман, вассалом. Шундай дея, Солиҳ Бейнинг тузатишларига қайтдим.
Аввало, нималарни ёзган экан, дея «Танқид ва таклифлар»ини ўқий бошладим. Образларни янада ёрқинроқ ифодалашим учун бир неча таклифлар билдирганки, сўзларида жон бор. Асардаги воқеалар тасвири билан алоқадор қайдлари ҳам бор. Ўйлаб кўришга арзийди. Аммо менга асосий таъсир қилган нарса – қайдларнинг охирига илова қилинган охирги абзац эди. Унда романнинг яхши эканлиги, мавҳумликнинг аниқликдан кўра устунроқ эканлиги ҳақида сўз юритиларди. Бу абзац, худди романнинг қисқача тавсифи каби, шу қадар чуқур маъноли, мазмундор эдики, мисоли бир ажойиб шеърдай кишини ҳаяжонга соларди. Бирор жойдан ўғирлаган бўлса керак, дея хаёлимдан кечди. Лекин шу гумоним ҳам ҳаяжонимни, унинг ёзганларига нисбатан ҳурматимни камайтирмади. Солиҳ Бей билан суҳбатлашгим келди ва қораламаларни ўзим олиб боришга қарор қилдим.
Эртасига Ёқубни Бўдрумда қўлга олиб, дарҳол Истанбулга келтиришибди. Ёқуб ўша жиноят содир этилган пайти ўз уйида ёлғиз бўлганини айтса-да, унга ишонишмабди. Уйини тинтув қилиб, мактуб очгични топа олишмаса-да, тергов давом этарди.
Сулаймон Сомеъни тупроққа топширадиган куни мен Солиҳнинг уйига бордим. У Қуртулуш мавзесидаги эски бир кўп қаватли бинода туради. Мени кўриб, юзи буришди, аммо кейин ўзини тутиб олди.
– Қораламаларни келтиргансиз, фаҳмимча, – деди у ўзига ишонган бир тарзда. – Мен ҳам сизни кутаётгандим, марҳамат.
Бу кишига нима бўлибди, дея ўйлаб қолдим. Деворлари кутубхонага айлантирилган кенггина хонанинг ўртасида, ёғоч стол ёнидаги иккита оромкурсидан бирига ишорат қилиб:
– Марҳамат, ўтиринг, – деди-да, биттасига ўзи ўтирди. – Қайдларимни ўқимоққа фурсат тополдингизми?
– Ҳа, ўқидим, – дедим, унинг устунлигини қабул қилганимга ўзим ҳам ҳайрон бўлиб. Тўсатдан, айни шу саҳнани аввал ҳам бошимдан кечирганимни эслагандек бўлдим. Ҳа-ҳа, илк романим чиқишидан олдин Сулаймон Сомеънинг олдига борувдим. Ўшанда, худди Солиҳ Бейнинг ҳозирги муомаласидек, баланддан туриб муносабатда бўлганди мен билан...
– Шу романингни чиқаришга шошилибсан, – деди Солиҳ Бей дангаллик билан. – Камчиликлари бор.
– Лекин... – дея ўзимни ҳимоя қилмоқчи бўлдим.
– Лекин-пекини йўқ, сиз ёшлар ҳамиша шунақа ҳовлиқасизлар, – деди у. – Қанақа чиқсаям, китобингиз чиқса бўлди! Шон-шуҳрат ортидан қувасиз...
Қарасам, менга очиқча ҳужумга ўтяпти. Сулаймон Сомеъдан ҳам ўтказиб юборди, дея хаёлимдан кечирдим. Бироқ аслида адашаётган менмас, ўзи. Ахир, мен энди шунчаки бир ҳаваскор ёзувчи эмасман.
– Ўзингизни босиб олинг, Солиҳ Бей! – дея бақирдим. – Сиз қанақа оҳангда гапиряпсиз?
У довдираб, қорачиқларидаги қаттиқ ифодалар юмшади, нигоҳи гўё този итнинг ўлик боқишларига айланди. Энди рўпарамда ўзим билган ўша ҳорғин, эзилган Солиҳ Бей ўтирарди.
– Қаранг, – дедим бироз овозимни пасайтириб. – Сиз жуда яхши мусаҳҳиҳсиз. Аммо бу сизга менга дағдаға қилиш ҳуқуқини бермайди.
Қарасам, ўрта яшар одам оромкурсига чўкиб, яхшигина кичрайиб қолди.
Унга ачина бошладим. Бечора аста-секин ақлдан озяпти, шекилли.
– Айниқса, – дея кўнглини кўтаришга уриндим. – Ёзган қайдларингиз ёққанини таъкидлашим жоиз. Ҳаммасидан ҳам, ўша охирги абзац... Фикрларингиз учун сизни табрикласам арзийди.
– У қайдларни мен ёзмадим, – деди у уятчан бир тарзда.
– Ким ёзди унда?!
Унинг нигоҳи ваҳима билан хонанинг кириш эшигига қаради, биров эшитиб қолишидан қўрққандек: «Солиҳ Сомеъ», дея шивирлади.
Солиҳ Сомеъ дегани ким бўлди энди? Рўпарамдаги кишининг фамилияси Борам бўлса, Солиҳ Сомеъ дегани қаёқдан чиқди?
– Сулаймон Сомеъ, демоқчимисиз?
– Йўқ, у ўлди. Энди Солиҳ Сомеъ бор, – дея изоҳ берди у. Ҳуркак кўзлари ҳалиям хона эшигида. Мен ҳам эшикка ўгирилиб қарадим.
– Унақа одамни танимайман, – дедим, унинг қаерга тикилётганини билмоққа уриниб.
– Нега танимайсиз? – дея бирдан бақирди у.
Ҳайрон бўлиб унга қарадим. Доимий эзгинликни устидан улоқтириб ташлаган, боягидек шафқатсиз оҳангда гапиряпти. Унинг ақлдан озганини фаҳмладим. Аммо сал паст келсам, «Солиҳ Сомеъ» шафқат қилмаслигини ҳам биламан.
– Овозингни пасайтир! – дея, ўзим ҳам камида уникидек баланд овозда бақирдим. – Алдаяпсан. Солиҳ Сомеъ деган киши йўқ умуман!
Кутганимдек бўлмади, унинг кўзларидаги ғазаб юмшамади.
– Жоҳил! – дея қўли билан орқасидаги жавонни кўрсатди. – Бу китобларни ким ёзди бўлмаса?
Жавонларга боқиб, Сулаймон Сомеънинг китобларини кўрдим. У бўлса тушунтиришда давом этди:
– Пастдагилар эса китоб бўлиб чиқарилмаган ишларим. Сулаймон Сомеъ ҳасад қилди, нашр этилишига рухсат бермади.
Ҳайратдан қотиб қолдим.
– Ҳалиям ишонмасанг, мана бунга қара, – дея стол тортмасини очди. Диққат қилиб турсам, тортмадан кумуш мактуб очгични олиб менга узатди:
– Буни менга ижодимнинг 25 йиллик юбилейида совға қилишган.
Аввалига қўрқув билан тисарилдим, қочишни ўйладим. Кейин ўзимни қўлга олиб:
– Кўрсам бўладими? – дея чаққонлик билан мактуб очгични қўлидан тортиб олдим. – Ёлғон гапиряпсан. Бу сеникимас, Сулаймон Сомеъники, – юзида акс этган довдирашни кўришим биланоқ овозимни баландлатдим: – Сен Солиҳ Сомеъ эмассан, сен Солиҳ Борамсан!
Рўпарамдаги киши яна мусаҳҳиҳ Солиҳ Бейга «айланди». Бўйнини эгиб, бўйсунувчан эзик нигоҳ билан менга тикилди. Аммо энди ҳечам чекиниш ниятим йўқ.
– Сен мунаққид эмассан, – дедим.
– Бўлишим мумкин эди, – деди у титроқ бир товуш билан. – Сулаймон Сомеъ тўсди менинг йўлимни. Уни ҳурмат қилардим. Ҳар бир ёзган нарсамни унга олиб борардим. Ёқтирмасди, мени ерга урарди. «Сендан нари борса мусаҳҳиҳ чиқади», дерди.
– Касбингни паст кўрма, – дедим; ниятим – «Солиҳ Сомеъ»нинг яна юзага чиқишига йўл қўймаслик эди. – Мусаҳҳиҳлик ҳам аҳамиятли иш.
– Аммо Солиҳ Сомеъ унақа демаяпти.
– Уни қўявер. Ёлғон айтади. Биласанки, у қотил. Бунинг устига, айбини ҳам Ойтуғ Бейга ағдармоқчи бўлди.
– Ёмон нияти йўқ эди аслида. Сулаймон Сомеъга, унинг қилганлари хато эканини айтмоқчийди. Аммо шу пайт Ойтуғ Бей келиб қолди. Унинг ёнида гапиролмасди. Ташқарига чиқиб кутиб турди. Ойтуғ Бей кетгач, уйга қайтиб кирди. Танқидларининг ноўрин эканини, одамларга сал ҳурмат билан муомалада бўлиши кераклигини айтди. Лекин Сулаймон Сомеъ, худди менга қилганидек, унга ҳам дағдаға қила бошлади.
Овози баландлашидан билдимки, «Солиҳ Сомеъ» яна юзага чиқаётир.
– Уни ўлдиришга ҳаққи йўқ эди! – дедим дангал. – Эртага у алам устида Солиҳ Борамни ҳам ўлдириши мумкин.
Мусаҳҳиҳ энди мадад тилагандек илтижоли кўзлари билан менга қаради.
– Полицияни чақириб, уни ушлаб берайлик, ягона чораси шу! – дедим кескин бир тарзда.
– Қўлимдан келмайди, – деди у.
– Сен қилолмасанг, мана мен қиламан бу ишни, – дедим. – Телефон қаерда?
У индамасдан, китоб жавонининг пастки токчасида турган телефон аппаратини кўрсатди.
Дарров телефонга ёпишиб, Навзодга қўнғироқ қилдим. Дарҳол етиб келишларини айтишди. Солиҳ Бей иккимиз жим ҳолда уларни кутарканмиз, гўёки ҳеч нарса бўлмагандек:
– Биласанми, – деди. – Романингда хато кўп эди.
Туркчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.
***************************************************************************************************
МУАЛЛИФ ҲАҚИДА
Замонавий турк адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири – Аҳмад УМИД 1960 йилда Газиантеп шаҳрида дунёга келган. Илк мактаб ва лицей таҳсилидан сўнг Мармара университетини тугатган. Ўқувчилик пайтларидан адабиётга қизиқиб, айниқса сиёсий ва ижтимоий мавзуларни берилиб ўқиган. Натижада ўзи ҳам ижодга қўл урган.
Ижодини 1983 йилда ҳикоянависликдан бошлаган бўлса-да, 1989 йилда нашрдан чиққан илк китоби шеърлар тўплами эди. 1990 йилда «Яна ҲИШТ» номли маданият ва санъат журналига асос солди. Илк ҳикоялар тўплами – «Оёқяланг эди тун» китоби 1992 йилда чоп этилди. Мазкур нашр турк адабиётида янги бир забардаст ёзувчи етишиб келаётганидан дарак эди. Адиб шу йили асарлари учун мукофотга ҳам сазовор бўлган.
1994 йилда «Бир овоз бўларди кечани» ҳикоялар тўплами, ундан кейин эса болалар учун «Масал ичида масал» номли китоби нашрдан чиқди. Шу тариқа, Аҳмад Умиднинг китобларини адабиёт ихлосмандлари интизорлик билан кутадиган бўлишди.
Кейинчалик адиб сиёсий ва детектив адабиётга қўл уриб, роман ва ҳикоя жанрларида анча муваффақиятларга эришди. Аҳмад Умиднинг бир қанча асарларида комиссар Навзод ва унинг ёрдамчиси Али образлари турли саргузаштларга дуч келади, ҳақиқат учун курашишади. Улар ҳозирги турк адабиётида энг севимли қаҳрамонлардандир.
Аҳмад Умиднинг «Агатанинг калити» тўпламидан ўрин олган «Китоб қотили» ҳикоясини биз «umitzeynep.blog cu.com» сайтидан олиб, ўзбекчага ўгирдик. Яқинда мазкур таржимани «ДАРАКЧИ» газетаси маъқул кўриб эълон қилган эди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий