Қадим-қадимданоқ бутун дунё халқлари Ер куррасини севишади, уни Она сифатида қадрлашади. Ўзимиздаги «Она Замин» бирикмаси ҳам бу қарашларнинг ифодасидир. Аслида, чуқур ўйлаб кўрилса, инсониятни, қолаверса, бутун тирик мавжудотни егулик билан таъминлаб турувчи ҳам мана шу Ер, унинг тупроғи ҳисобланади. Зеро, бизга емиш бўлувчи барча ўсимликлар Замин бағридан озиқланади; гўштга ишлатиладиган чорваю бошқа ҳайвонларнинг озуқаси ҳам ўсимликлар ҳисобланади. Бошқа жонзотлар гўшти ҳисобига яшайдиган йиртқич ҳайвонларнинг емишлари ҳам, аслида ана шу Ердан униб чиққан ўсимликлар ҳисобига вояга етган бўлади. Хулоса шуки, барча тирик мавжудотнинг озуқа манбаи, уларнинг бошпанаси – Она-Ердир.
Қадимий Америка ҳиндулари Қуёшни Ота, Ерни Она сифатида эъзозлашган, уларга сиғинишган. Улар Заминни шунчаки моддалар йиғиндиси деб эмас, балки ҳақиқий жонли организм деб ҳисоблашган. Ҳозирги олимларнинг айримлари ҳам, сайёра устида бир қанча тадқиқотлар ўтказиб, охир-оқибат ўша ҳиндуларнинг фикрига қўшилмоқдалар. «Ufolog.ru» сайтида эълон қилинган қуйидаги мақолада шу хусусда сўз юритилади.
Михаил КОСТИН
ЕР ҲАМ ТИРИК ЖОНЗОТМИ?
Биз яшаётган сайёрага илк бора жонли мавжудот сифатида қараган киши – машҳур ёзувчи (Шерлок Холмс ҳақидаги ҳикоялар муаллифи) ва қизиқувчан олим Артур Конан Дойль эди. У ўзининг «Замин ҳайқирганда» номли чуқур маъноли илмий-фантастик романини шу мавзуга бағишлаган. Адиб асар қаҳрамони профессор Челленджер тилидан қуйидаги фаразни илгари суради: Ер тирик жонзот бўлиб, ундаги ўсимликлар худди жонли организмлар танасини қоплаган тукларга ўхшайди. Вулқонлар – Заминнинг иссиқлик нуқталаридир, сувларнинг кўтарилиб-пасайиши бўлса, Ернинг нафаси ҳисобланади. Романнинг ниҳоясида профессор Заминга ўзининг тириклигини билдириб қўйишга қарор қилади. Шу мақсадда у ўта чуқур шахта қазиб, Ер танасига «укол қилади». Ер эса бу ташқи таъсирга зилзила ва вулқон билан жавоб қайтаради.
Роман эълон қилинганидан деярли бир аср ўтгач, ўзининг ер ости қатламларини ўрганишга бағишланган кўп сонли илмий ишлари билан машҳур бўлган жиддий олим Игорь Яницкий ўша Конан Дойлнинг Ернинг тириклиги ҳақидаги фаразини исботлашга интилаётир. Унингча, Замин нафақат тирик, балки ҳатто онгли жондордир. У Қуёш билан ва ҳатто Галактика маркази билан доимий равишда ахборот алмашиб тураркан. Бу маълумотлар Ер марказидан унинг юзаси томон йўналган каналлар орқали ўтармиш. Конан Дойлга ўхшаб, россиялик олим ҳам яна бир нарсага ишонади: Ер сайёраси ўз сиртида одамлар яшаётганини билади. Атом портлашлари, ўта чуқур конлар, Ернинг ост қатламларида сақланувчи радиоактив ва токсик моддалар тирик сайёрани хавотирга соляпти ва у онги яхши тараққий этмаган инсониятнинг бу қилмишларига яраша жавоб қайтармоқда. Кейинги йилларда турли мамлакатларга хавф солаётган зилзилалар, тўфонлар, тошқинлар – шунчаки тасодиф эмас, балки Заминнинг илк огоҳлантирувчи сигналларидир.
И.Яницкий ўзининг «Физика ва дин» китобида шундай ёзади: «Ернинг бизникидан кўра кучлироқ онгга эга бўлган тирик организм эканлигини англаш вақти етди. У узоқ муддат давомида ўз устидаги ҳар хил бемаънигарчиликларга чидаб келди. Энди эса кўз олдимизда унинг бардоши тугаб боряпти. Олдимизда икки йўл бор: ё биз технократия балосидан қутулишимиз лозим; ёҳуд, қачонлардир вужудга келадиган навбатдаги цивилизация вакиллари, ўзларидан олдин ҳам Ерда кимдир яшаганми-йўқми дея бош қотиришларига тўғри келади».
Аммо, балки инсоният ва тирик сайёра ўртасидаги муносабат унчалик ёмон эмасдир? Ҳар ҳолда, иқтисод фанлари доктори, профессор Георгий Кузнецов шундай деб ҳисоблайди.
Олимнинг фикрича, тирик организм тушунчасига инсон руҳияти асосида шаклланган қарашларни қайта кўриб чиқиш вақти келган. Ҳозиргача шаклланган бу қарашларга кўра, тирик организм деганда, фақатгина ўз хусусиятларига кўра ҳайвонга ёки инсонга яқинроқ бўлган материя шакллари тушунилади. Ўз ҳажми, энергия сарфи, умри давомийлиги, танасидаги моддалар алмашинуви тезлиги жиҳатидан сезиларли даражада фарқ қилувчи табиат объектлари эса, «тирик ва онгли» материя қаторига киритилмаган. Бу тарзда инсонни асосий мезон қилиб олган қарашлар табиат қонунларини тушуниш борасида бугунги кун фанини боши берк кўчага киритиб қўйди. Айниқса, бу ҳол инсоннинг яхлит сайёра билан ва унинг алоҳида қисмлари – ҳаво, сув, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот билан ўзаро алоқаларида яққол намоён бўлади. Инсоният ўзи яшаётган сайёранинг табиий қисмларини тобора йўқ қилиб, унинг ўрнини сунъий, табиатга зид, ва Ер ҳаётига зарарли қисмлар билан қоплаб бормоқда.
Заминнинг тоғу тупроқлар, сувлар, ҳайвонот ва наботот оламидан иборат яхлит онгли мавжудот эканлигини исботлаш мақсадида 60-йиллар бошларида профессор Г.Кузнецов бошчилигидаги олимлар гуруҳи илмий тадқиқотлар дастурини амалга оширдилар. Бунда биолокация (биологик мулоқот) операторлари сайёра онгига «илтимос» билан «мурожаат» қилиб, Ер бунга жавоб қайтаришини текширдилар. Агар илтимослар амалга оширилса, демак, сайёра ўзига юборилган сигналларни қабул қила олади, уларга жавоб бера олади; бу эса – Замин онгли мажудотдир, дегани эди.
Сайёра билан мулоқот қуйидаги тарзда амалга оширилди: аввалига инсон ўз онгида Ерга юборадиган «илтимос»ини шакллантирди, сўнг бу хабар онгдан онг остига ўтказилди. Олимларнинг фикрига кўра, инсоннинг ва сайёранинг онг ости сезгилари умумий вазифаларга, ишлаш қонуниятига ва ахборот тилига эгадир. Шу тариқа, инсоннинг онг ости сезгилари сайёранинг онг остига кириш йўлидаги калит бўлиб, у орқали ўзаро мулоқотни таъминлаш мумкин. Тажрибалар давомида операторнинг илтимосига кўра сайёра атмосфера ҳароратини ўзгартирди, ҳаво ва сув оқимларининг тезлигини ўзгартирди ва ҳатто аслида йўқ бўлган объектлар – НУЖлар ва «Қор одам»нинг кўринарли тасвирларини ҳосил қилди.
Заминга юборилган бундай илтимосномаларга асосланган кўп йиллик тадқиқотлар туфайли олимлар унинг «организми» ҳақида тобора тўлароқ тасаввурга эга бўла бордилар. Сайёранинг тирик ҳужайралари сифатида ҳайвонлар ва ўсимликлар фаолият юритар эканлар. Оқсилли ҳаёт тарзига асосланган бундай ҳужайралардан ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Биринчидан, улар Ер танасидаги моддалар алмашинувини таъминлайдилар. Иккинчидан, бу ҳужайралари орқали Замин фазодан келаётган қувват ва ахборотни қабул қилади. Ҳайвонот ва наботот дунёси – Ернинг сезги аъзолари: кўриш, эшитиш, ҳис қилиш ва бошқа турли ҳис-туйғуларни шакллантирувчи органларидир.
Г.Кузнецовнинг фикрича, Замин нафақат ўз сиртида онгли мавжудотлар – одамлар юрганини билади ва ўз сезги аъзолари орқали уларнинг фаолиятини кузатиб боради, балки кишилик жамиятига ҳақиқий таъсир ҳам кўрсатиб, уни бошқариб ҳам туради. Бу бошқарув асосида геопсихология (кишиларнинг онг остига таъсир қилиш) қонунлари ётади. Бу ерда Ернинг ўзи бошқарувчи ролини бажаради, унинг танасида яшовчи одамлар эса, ўзлари ҳам сезмаган ҳолда, унга бўйсунадилар. Шунинг учун муайян вазиятларда: маълум бир жойда кишилар сони меъёрдан ошиб кетганида, кишилар фаолияти натижасида Ернинг маълум қисмидаги ҳаёт шароитлари бузилганда, атмосфера, гидросфера ва ўсимликлар дунёсига жиддий талофатлар ета бошлаганда, сайёранинг ўзи бу бузғунчилар – инсонларни йўқ қилишга ёки зарарсизлантиришга тушади.
Турли халқлар оғзаки ижодида сақланиб қолган баъзи сюжетлар – Атлантиданинг ҳалокати, Нуҳ тўфони ва шу каби оламшумул фалокатлар ҳақидаги афсоналар ҳам Ернинг мана шундай фаолияти ҳақидаги муҳим хабарлардандир. Баъзан эса Ер инсониятнинг онг остига ўз-ўзини йўқ этиш ҳақида буйруқ юборади, бунинг натижасида одамлар ўзаро йирик жанглар бошлашади. Айрим ҳолларда эса микроорганизмлар орасида шундай вируслар юзага келадики, улар инсонлар учун ўлим олиб келувчи, бошқа барча жонли мавжудотлар учун эса мутлақо зарарсиз бўлади.
Ерни онгли мавжудот деб ҳисоблаш фикрига россиялик олим, аномал (ғайритабиий) ҳодисалар тадқиқотчиси Д.Азаров ҳам қўшилади. Унингча, сайёра нафақат ўз сиртида инсоният цивилизацияси ҳаёт кечираётганини билади, балки улар билан алоқа ўрнатишга ҳам интилиб келаётир. Турли мамлакатларда – Япония, Канада, Россия, Аргентинада экин майдонларида кутилмаганда улкан расмлар, доира ва айланалар, спиралсимон чизиқлар, мураккаб шакллар пайдо бўлади. Уларни битта умумий хусусият бирлаштириб туради: бу ҳудуддаги ўсимликлар йиқитиб ёки синдириб, букилган эмас. Балки олимларга номаълум бир тарзда, улар новдасидаги тупроқдан узоқ бўлмаган жойида ҳужайралар қайта шаклланади ва ўсимлик ўзи қийшайиб, тупроққа ёпишиб ётади.
Айниқса, бунақа тасвирлар Англияда кўп кузатилмоқда. Айнан ўша ерда, Гемпшир графлигида, Паеч Боул деган жой яқинида самолёт орқали бир ёзувни кузатишган. Буғдойзорда пайдо бўлган бу «нома»даги ҳар бир ҳарфнинг катталиги 36 метрга яқин бўлиб, ўша ғайриоддий тарзда «Биз ёлғиз эмасмиз» деган ёзув ҳосил бўлган. Д.Азаровнинг фикрига кўра, доиралар ҳам, ёзув ҳам бизнинг онгли сайёрамиз томонидан ҳосил этилган.
Кейинги юз йил ичида Ер сайёраси ўзининг онгли жонзот эканлигини намойиш этиш учун тобора кўпроқ белгилар намоён қилмоқда; бу билан эса у ўз сиртида яшовчи митти, аммо қайсар мавжудот – инсонга мурожаат этаётир. Инсоният Ер юзида тасодифан пайдо бўлиб қолган эмас, ахир, онг ва ирода эркинлиги – умумкоинот миқёсида камёб ҳодиса ҳисобланади. Аслида инсониятнинг зиммасига юклатилган асосий вазифа – сайёрани жаннатга айлантириш бўлган; унинг таърифи барча динларда берилган. Бироқ инсоният, Она-Ер томонидан ато этилган табиатнинг мувозанатли тараққиёт занжирида муҳим бир ҳалқа бўлиш ўрнига, уни бузишга киришди. Бунинг нима билан тугашини англаш учун эса, Бутун дунё тўфонини ва унинг асл моҳиятини эслаш кифоя: табиатга уйғун тараққиёт йўлидан юрмай, ҳаддидан ошиб кетган инсониятни Ер ўз сиртидан «силкиб тушириб», ўзини бир «тозалаб» олган...
Шу ўринда фалсафа фанлари доктори А.Аверьяновнинг фикрларини ҳам келтириш ўринли: «Олимлар ва амалиётчилар, оқибатини ўйламаган ҳолда, Ер сиртини бузишда давом этмоқдалар. Фақат айрим кишиларгина тушунишадики, Ер – Менделеевнинг даврий жадвалидаги кимёвий элементларнинг жипслашишидан юзага келган улкан шарсимон жисм эмас, балки мувозанатга асосланган ўз ҳаётини мунтазам тарзда давом эттирувчи яхлит тирик организмдир. Табиат ва Замин муайян вазиятларда ўзини ҳимоя қилиш ва ўз-ўзини тозалаш хусусиятига эгадир, чунки, Ерда ва Фазода ўзаро кураш эмас, балки ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик қонунлари амал қилади».
Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.
Комментариев нет:
Отправить комментарий