воскресенье, 7 сентября 2014 г.

ИМТИҲОН КУНИ

Генри СЛИЗАР
ИМТИҲОН КУНИ
(Ҳикоя)
Жорданлар хонадонида то уларнинг ўғли Дики ўн икки ёшга тўладиган кунга қадар имтиҳон ҳақда оғиз очишмаганди. Айнан унинг туғилган кунида миссис Жордан илк бора ўғли ёнида имтиҳон ҳақида сўз бошлади, унинг товушидаги хавотир оҳанги эса оила бошлиғининг жаҳлини чиқарди.
– Буни эсдан чиқар! – деди у қатъият билан хотинига. – Дики бу имтиҳондан ўтиб олади.
Улар нонушта қилиб ўтиришарди, бола қизиқиш билан бошини ликопчадан кўтарди. Дики зийрак нигоҳли, сарғиш сочлари тик ўсган, ҳаракатлари чаққон ўсмир эди. Кутилмаган тортишувга айнан нима сабаб бўлганини у англаб етолмади, бироқ у бугун ўзининг туғилган куни эканини билар ва аввало хонадонда аҳиллик бўлишини истарди. Нарсалар сақланадиган чоғроқ хонанинг қаеридадир унга аталган, тасмалар билан ўралган пакетларда совғалар очилишини кутиб ётарди, тор ошхонадаги деворга маҳкамланган, автоматик бошқарувли печда эса ширинлик тайёрланаётганди. У туғилган куни хурсандчилик билан ўтишини хоҳларди, аммо онасининг кўзидаги нам ва отасининг хўмрайган нигоҳи унинг эрталабки кайфиятига монанд эмасди.
– Қанақа имтиҳон ҳақида гапир​япсизлар? – сўради у.
Онаси кўзларини ерга қадади.
– Бу шунчаки ақлий қобилиятлар синови, уни ҳукумат ўн икки ёшга тўлган болалар устида ўтказади. Сенинг олдингда ҳам келгуси ҳафтада шунақа синов турибди. Лекин бунинг учун хавотирланмасанг ҳам бўлади.
– Худди мактабдаги имтиҳонга ўхшаш бир синов, демоқчимисиз?
– Шунга ўхшаганроқ нарса, – отаси столдан тураётиб тасдиқлади. – Бор, яхшиси, комиксларинг​ни ўқи.
Бола меҳмонларга аталган хонанинг бурчагига – гўдаклигидан бери «ўзиники» бўлган гўшага секин йўл олди. У стеллаждан энг юқорида ётган комиксни олди, лекин, кўриниб турибдики, турфа рангли ажойиб суратлар уни қизиқтирмаётганди. Шунда у дераза олдига бориб, қалин туман пардасига маъюс тикила бошлади.
– Нега ёмғир айнан бугун ёғади? – сўради у. – Эртага ёғса бўлмасмиди?
Отаси оромкурсида ўтириб олганича, ҳукумат газетасини асабий ҳолда ўқиётганди.
– Ёғяптими, демак – шундай бўлиши керак, бор-йўғи шу. Ёмғирдан кейин майсалар яхши ўсади.
– Нега, ота?
– Чунки ўсади, тамом-вассалом.
Дики пешанасини тириштирди.
– Бундан ташқари, нега у яшил, майса?
– Ҳеч ким билмайди, – дея чўрт кесди отаси, бироқ шу ондаёқ қаттиқ гапирганига афсусланди.
Тушдан кейин улар Дикининг туғилган кунини нишонлашди. Яшнаб кетган онаси ўғлига чипор ўрамдаги совғани топширди, ҳатто отаси ҳам юзида табассум билан унинг бошини силаб қўйди. Дики онасини ўпиб қўйди ва жиддий қиёфада отаси билан қўл сиқишди.
Кейин ўн иккита шам ўрнатилган торт олиб келинди, шу билан байрам тугади.
Орадан бир соат ўтиб, Дики дераза олдида ўтирар ва қуёш нурлари булутларни ёриб ўтишга беҳуда уринишини томоша қиларди.
– Ота, – сўради у, – қуёшгача узоқми?
– Беш минг миль, – жавоб берди отаси.
...Нонуштадан сўнг Дики яна онасининг кўзларидаги намни пайқади. Унинг кўзёшлари бола олдида турган имтиҳон билан алоқадорлигини, токи отаси тўсатдан шу мавзуни очмагунича сезмади.
– Қулоқ сол, Дики, – дея бошлади у, энди негадир анча хўмрайган қиёфада. – Бугун сенинг олдингда бир иш бор.
– Биламан, дада. Умид қиламанки...
– Умуман, ҳеч нимадан хавотирланмасаям бўлади. Ҳар куни бунақа синовдан минглаб болалар ўтишади. Сенинг қобилиятларинг қанақа эканлигини ҳукумат билмоқчи, Дики. Бор-йўғи шу.
– Мактабда мен яхши баҳолар оляпман, – деди Дики негадир ишончсизроқ тарзда.
– Бу ерда бошқача. Бу ўзига хос текширув. Тушунасанми, сенга ичиш учун бир суюқлик беришади, кейин эса махсус машина ўрнатилган хонага кирасан...
– У қанақа суюқлик? – сўради Дики.
– Э, шунчаки. Таъми ялпизли кулчага ўхшашроқ. Улар сенинг ҳақиқатни сўзлаётганингга амин бўлишмоқчи. Ҳукумат сенинг рост​гўйлигингга шубҳа қилганидан эмас бу, лекин шунақа суюқлик ичиш ишонч​ни кафолатлайди.
Дикининг юзида саросима ва қўрқув акс этди. Онасига қаради, аммо у ўз чеҳрасида табассумга ўхшаш бир нима намоён этишга улгурди.
– Ҳаммаси яхши бўлади, – дея ўғлини ишонтиришга уринди у.
– Албатта! – гапни илиб кетди отаси. – Сен ажойиб боласан, Дики, синовдан ўтасан. Кейин эса биз уйга қайтамиз ва бу воқеани нишонлаймиз. Яхшими?
– Ҳа, – қўшилди Дики.
Улар Ҳукумат Маориф Хизмати биносига белгиланган соатдан ўн беш дақиқа олдин кириб боришди. Мармар плиталар устидан юриб, устунли улкан вес​тибюлни кесиб ўтишди, арк остидан ўтиб, лифт билан тўртинчи қаватга кўтарилишди.
У ерда, тўрт юз тўртинчи хонанинг рўпарасида, чиройли стол ортида белгисиз мундир кийган бир йигит ўтирарди. Унинг қўлида шу соатга белгиланганлар рўйхати туширилган ёндафтар бор эди; йигит Жорданларни «Ж» ҳарфидан қараб текшириб қўйди ва кейин киришга рухсат берди.
Тўрт юз тўртинчи хона суд биносини эслатарди: у маҳзун, совуқ ва расмиятчиликка монанд бўлиб, унда қатор металл столлар ва узун скамейкалар ўрнатилганди. У ерда аллақачон келиб улгурган оталар ўз ўғиллари билан навбат кутиб ўтиришарди; лаблари нозик бир қорасоч аёл эса анкеталар тарқатаётганди.
Мистер Жордан анкетани тўлдириб, уни аёлга қайтариб берди. Кейин Дикига юзланиб, деди:
– Энди кўп кутмаймиз. Сенинг исмингни айтиб чақиришганида, тўппа-тўғри хонанинг охиридаги анови эшикдан кираверасан.
У айни ўша эшик жойлашган томонни бармоғи билан кўрсатди.
Қаердадир яширин жойлашган овоз кучайтиргич жонланди – биринчи фамилия ўқилди. Болалардан бири истамайгина отасидан ажралиб, хона охиридаги эшик томон секин йўналганини Дики кўрди.
Бешта кам ўн бирда Жордан фамилияси ўқилди.
– Омад сенга, ўғлим, – деди отаси Дикига қарамасдан. – Текширув тугагач, мен сени олиб кетишга келаман.
Дики эшикка бориб, унинг думалоқ тутқичини буради. У кирган хона нимқоронғи бўлиб, бола ўз саломига алик олган кулранг мундирли амалдорни зўрға кўрди.
– Ўтир, – деди амалдор хушмуомалалик билан. У ўзининг столи ёнида жойлашган баланд стулга ишора қилди. – Сенинг исминг Ричард Жордан, шундайми?
– Ҳа, сэр.
– Сенинг тасниф рақаминг 600-115. Мана буни ич, Ричард.
У столдан пластмасса стакан олиб, болага узатди. Стакандаги суюқлик ёғсизлантирилган сутга ўхшар ва таъми отаси айтган ялпизли кулчага салгина ўхшарди, холос. Дики уни охиригача ичиб, амалдорга бўш стаканни қайтариб берди.
Болани енгиб бўлмас уйқу боса бошлади; бу пайтда амалдор бир варақ қоғозга алланималарни ёзарди. Кейин у соатига қараб қўйиб, ўрнидан турди; унинг юзи Дикининг юзи билан бир хил баландликда бўлиб қолди. Амалдор кўкрак чўнтагидан авторучкага ўхшаш қандайдир мослама чиқариб, боланинг кўзига ёруғлик туширди.
– Жуда яхши, – деди у. – Мен билан юр-чи, Ричард.
У Дикини хонанинг бурчагига бошлаб борди, у ердаги ҳисоблаш машинаси олдида биттагина тирсакли ёғоч кресло турарди. Чап томондаги тирсак қўйиш жойига микрофон маҳкамланганди; бола креслога ўтирганида, микрофон айнан унинг оғзига тўғри келиб қолди.
– Энди хотиржам бўлиб ол, Ричард. Сенга турли саволлар берилади, сен эса уларни яхшилаб ўйлаб ол. Кейин микрофонга қараб жавоб бер. Бошқа ҳаммасини машинанинг ўзи бажаради.
– Яхши, сэр.
– Энди эса сени ёлғиз қолдираман. Қачонки бошлаш мумкинлигини ҳис қилсанг, микрофонга: «Тайёрман» дея бир сўз айтсанг бас.
– Хўп, сэр.
Амалдор унинг елкасига қоқиб қўйиб, чиқиб кетди.
Дики:
– Тайёрман, – деди.
Машинанинг чироғи ёнди, механизмнинг ғижиллаши эшитилди. Кейин овоз келди:
– Берилган рақамлар қаторини тўлдир: бир, тўрт, етти, ўн.
...Эр-хотин Жорданлар уйларидаги меҳмонларни кутиш хонасида бир сўз демасдан ўтиришарди: улар қандайдир тахмин билдиришдан ҳайиқишарди.
Тушдан кейинги тўртга яқин телефон жиринглаб қолди. Аёл гўшакка қараб ҳаракат қилди, бироқ эри чаққонлик қилиб қолди.
– Мистер Жордан?
Гўшакдан шундай овоз келди, гапирувчининг оҳанги кескин, расмий эди.
– Ҳа, эшитаман.
– Ҳукумат Маориф Хизматидан гапиряпмиз. Сизнинг ўғлингиз Ричард М. Жордан, тасниф рақами 600-115, ҳукумат имтиҳонидан ўтиб бўлди. Сизга афсус билан шуни маълум қиламизки, унинг ақлий ривожи ҳукумат томонидан ўрнатилган – «Янги кодекс»нинг 5-бўлими 84-моддасида кўрсатилган даражадан ошиб кетган...
Хонанинг нариги бурчагидан аёлнинг бўғиқ чинқириғи эшитилди, гарчи у ҳеч нимани эшитмаган бўлса-да, барчасини эрининг юз ифодасидан англаганди.
–​ ...Сиз телефон орқали маълум қилишингиз мумкин, – гўшакдаги овоз давом этарди. – Унинг жасади ҳукумат томонидан дафн этилишини хоҳлайсизми, ёки ўзингиз уни алоҳида қабрга дафн этишни маъқул кўрасизми? Агар дафн ишлари билан ҳукумат шуғулланган тақдирда, унинг нархи ўн долларни ташкил этади.
Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.


* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * 

Муаллиф ҳақида:
АҚШлик РУС НЕМИСИ
Генри Слизар (Henry Slesar) номи билан танилган бу фантаст ва детектив ёзувчининг асл фамилияси – Шлоссер (Schlosser) бўлиб, у Нью-Йоркка Россиядан кўчиб борган немислар оиласида 1927 йилнинг 12 июнида туғилган. Адибнинг тахаллусида ҳам бунга ишора бор – уни «Слесарь» тарзидаям ўқиш мумкин.
Г.Слизар 17 ёшидан реклама соҳасида ишлаган, реклама агентликларида бадиий директор бўлган, турли матнлар ёзган. 1964 йилда эса ўз фирмасини очиб, 90-йилларгача унга раҳбарлик қилган. 2002 йил 2 апрелда Нью-Йоркда оламдан ўтган.
У асосан криминал сюжетлар муаллифи сифатида шуҳрат қозонган. О.Лесли (O.H.Leslie), Слей Харсон (Sley Harson) каби тахаллуслар билан 6 та романи, 500 дан ошиқ ҳикояси, 55 та радиопьесаси эълон қилинган. Слизар, шунингдек, 100 дан зиёд кино ва телефильмлар учун сценарийлар ёзган.
Генри Слизарнинг илмий фантастика йўналишидаги ҳикоялари айниқса эътиборга молик. Унинг уч юздан ортиқ ҳикоялари шу йўналишдаги журналларда чоп этилган. Адибнинг асарлари йиллар давомида болгар, венгер, мўғул, немис, поляк, француз, чех, япон, рус ва бошқа тилларга таржима қилиб келинмоқда.
Юқорида эътиборингизга ҳавола этаётган таржима – 1958 йилда ёзилган, 1976 йилда русчага ўгирилган ҳикоя Генри Слизарнинг энг аҳамиятли асарларидан бири ҳисобланади. Уни аслида бир нечта саҳифалик тавсифларнинг ўта қисқартирилган шакли, дея баҳолашади. Бир сўз билан айтганда, унда мустабид тузумнинг юксак ақлий салоҳиятли кишиларга нисбатан қандай йўл тутиши акс эттирилган.
Таржимон

9 комментариев:

SangzorUZ комментирует...

Ja g'alati voqea ekanku? Biroz tushunarsiz, voqeaning kulminatsiyasi ochib berilmagan. Yozuvchi hissiyotlarni mohirlik b.n ochib bergan, biroq asosiy voqea qanday sodir bo'ldi.

Анонимный комментирует...

Яхши хикоя экан, худо асрасин бунака кунлардан !

hmdbk комментирует...

Ҳамма гап шунда-да!

hmdbk комментирует...

Раҳмат!

Hasanboy комментирует...

Hikoya ta'sirli. Asl varianti ingliz tilida yozilganmi?

hmdbk комментирует...

Ҳа, инглизчада ёзилган. Мен эса унинг русча таржимасидан ўгирганман.
Муаллиф ҳақидаги маълумотларни эса интернет материаллари асосида тайёрладим.

Анонимный комментирует...

Bu hikoyani oqiganlarda qanday fikrlar paydo boldi ? Ya'ni tushuncha.

Анонимный комментирует...

Ассалому алайкум. Таржима учун каттакон раҳмат!

hmdbk комментирует...

Ваалайкум ассалом!
Арзимайди, фикр ёзганингиз учун сизгаям ташаккур!