Айёр испан босқинчиси Франциско Писарро
томонидан алданган инклар сардори Буюк Атауальпа, ўлимидан сал олдин ўз халқига
атаб «мактуб» қолдирган. Кўпчиликнинг тахминига кўра, бу «нома»да Атауальпа
хазинаси қаерда жойлашганлиги баён қилинган.
Ўшандан буён «Кўҳна дунё» кишилари ўша
хазинани излашдан чарчамаяптилар. Бугунги кунда эса унинг яширилган жойи ҳақида
янгидан-янги фаразлар ўртага ташланаётир.
Ички низодан чиққан интиҳо
1533 йилнинг августида инкларнинг қадимий
ерига буюк Қуёш тангриси ўз нурларини ҳар доимгидек саховат билан сочиб
турарди. Аммо халқ аҳволи оғир эди: Франсиско Писарро бошлиқ оқ юзли соқолдор
кишилар бостириб келишганди. У Буюк Инканинг меросхўр ўғиллари – ака-ука
Атауальпа ва Уаскар орасидаги низодан ўз манфаати йўлида фойдаланди. Писарро акаси
билан курашда ёрдам беришни ваъда қилиб, Атауальпани ўз қароргоҳига алдаб
чақириб олди. Кейин эса уни асир олиб, катта миқдордаги маблағ эвазига озод
этишини айтди. Маблағ ҳам анча-мунча эмас: қабила сардори қамалган хонани олтин
ва қимматбаҳо тошлар билан тўлдириш керак эди!
Қабила оқсоқоллари мамлакатнинг ҳамма
бурчакларига чопарлар жўнатишди. Уларнинг қўлларида тилларанг ипдан қилинган
«мактуб» бўлиб, уларга турли жойларидан ҳар хил тугунлар солинган эди (айтиб
ўтиш керакки, инкларда ёзув бўлмай, унинг ўрнига шу каби белгилар, тугунлар ва
чизиқлардан фойдаланишган). Бу белгилар инкларга тушунарли бўлган ўзига хос
ахборот воситаси эди: уларда қанча миқдордаги олтинни қаерга олиб келиш баён
этилганди.
Сардорни озод этиш учун талаб қилинган
«гаров пули» тўпланган бўлса-да, испанлар бошлиғи Атауальпани қўйиб юборишга
шошилмади. Инкларнинг қудратли сардоридан ҳали анча бойлик ундириш мумкинлигига
унинг ақли етарди. Бўлмаса-чи, ҳатто ўзи асирда бўла туриб ҳам у рақиби бўлмиш
ўз укаси Уаскарни қатл эттира билди. Писарро эса бундан хабар топиб,
Атауальпани ўз қондошини ўлдиришда айблаб, судга – испан инквизициясига
топширди.
1533 йил август ойи охирида Атауальпани
қатлга тайёрлаб, темир кишан – гаррота билан бўғиб ўлдиришди. Аммо у ўлимидан
олдинроқ ишончли кишилари орқали ўзининг васиятномасини махфий тарзда қабила
сардорларига етказа билди. Бу васиятнома ўта антиқа эди: бу сафар ўн учта ип
бир парча олтинга боғланган эди.
Бу мактубнинг сири эса эртасига
аниқланди. Чунки Писарро талаби билан ибодатхонага йиғиб қўйилган хазина бир
кечадаёқ изсиз ғойиб бўлди! Афсоналарга кўра, уларни қаергадир юксак тоғларга –
инкларнинг қудратли маъбудлари томонидан муҳофаза этилувчи махфий ғорга олиб
бориб яширишганмиш.
Айнан қаерга?
Худди мана шу савол тўрт ярим асрдан буён
турли мамлакатлардаги хазина қидирувчиларга тинчлик бермай келаётир. Шу сабабли
улар Перудаги қадимий конлару тоғларни, чуқур ғорлару Анд ёнбағирларини, бир
сўз билан айтганда, собиқ инклар империясининг барча бурчакларини қазиб
ётибдилар. Балки қачонлардир, бу меҳнатларнинг ҳосилини топар, ахир, инклар
олтини ҳақида жуда кўп маълумотлар афсона, эртак, ривоятлар шаклида
оғиздан-оғизга, авлоддан-авлодга ўтиб келаётир-ку. Демак, шубҳа йўқки, инклар
олтини қаердадир мавжуд!
Кимдир бу хазинани Аргентинадан излаш керак,
деб ҳисоблайди, яна биров эса Боливиядан қидириб кўради. Айрим хазина
изловчилар Чилини кавлаштиради... Аммо ўшанда ўн минг кишилик инклар гуруҳи
шимолга кўчиб кетганди-ку. Эҳтимол, уларнинг бойлиги Эквадорда яширингандир?
Жек Лондон қаламига мансуб «Безбет» деган
ҳикоя бор. Унда айтилишича, Анднинг Эквадор ҳудудидаги чўққиларида, қорли
қоялар орасида улкан олтин ёмбилари мавжуд. Уларнинг усти қандайдир бўёқ билан
қопланган – бегона сайёҳларнинг назари тушмаслиги учун. Лекин қизиғи шундаки,
ҳикоянинг бош қаҳрамони шундай деган: «Сиз бирон марта Эквадорда бўлганмисиз?
Унда сизга маслаҳатим шу: у ерга бора кўрманг...»
Хўш, нега энди хазинани Эквадордан
изламаслик керак экан? Ахир, мантиққа асослансак, ҳамма йўллар айнан ўша ерга,
инклар империясининг шимолий қисмига олиб боради-ку. Моҳирлик билан яширилган
тилла захираси ҳам кишини лол қолдирадиган миқдорда: ахир, гап ўнлаб тонна
олтин ҳақида кетяпти...
Эквадордаги тоғ чўққиларида эса вулқонлар
бор. Улар орасида ҳозирда ҳаракатда бўлганлари ҳам, аллақачонлар сўнганлари ҳам
мавжуд. Бироқ уларнинг барчаси кишилар учун хавф туғдиради. Қатли олдидан
Атауальпа айнан қайси чўққини кўрсатган экан? Ёдга олинг, олтин парчасида 13 та
ип бўлган. Балки, жумбоқнинг ечимини айнан мана шу сирли сондан излаш керакдир?
Ўн уч тугун
Асли немис бўлган китолик доктор Курт фон
Риттер, Кускодан шимолга кетадиган барча қадимий йўллар ва сўқмоқларни диққат
билан ўрганишга киришди. Улардан бири, Анд ёнбағри бўйлаб кетиб, тўппа-тўғри
Сангай вулқонига олиб боради. Инклар йўналиши билан бориб, Риттер тасодифан бир
нарсани пайқаб қолди: у айнан ўн иккита қорли довонни ошиб ўтибди. Ўн учинчиси
эса Сангай эди!
Баҳайбат ва қўрқинчли Эль-Сангай –
дунёдаги энг катта вулқонлардан биридир. У Анд тоғ тизмаларининг асосий
занжирлари бўлмиш Ғарбий ва Шарқий Кордильера тоғлари кесишган ерда жойлашган.
Бу тоғ хиваро ҳиндулари учун қадимдан халқ раҳнамолари ва қаҳрамонлари дафн
этиладиган муқаддас макон ҳисобланган. Шу билан бирга Сангай – қадимий инклар
учун олов маъбуди, уларнинг паноҳи ҳамдир. Вулқон тепасида доимо кул аралаш буғ
чиқиб туради. Баъзида олов худоси атрофга чўғланган харсангларни ҳам отиб
туради. Бу пайтда Эль-Сангай ёнбағирларига боришга журъат этган кишининг ҳолига
вой.
Доктор Риттернинг фаразича, инкларнинг
олтини айнан мана шу ерга яширилган. Аммо қидирувларни бошлашдан олдин, у ўз
тахминларининг тўғрилигини асословчи фактларни излашга тушди, уларни таҳлил
қила бошлади.
У вулқонли тоғ ёнида яшовчи хиваро
ҳиндулари олдига борди, улар билан суҳбатлашиб, шундай саволларни берди: «Тоғ ёнбағирларида
сизларга бирор шаклдаги ғалати нарсалар, ҳайкалчалар учрамаганми?» Шунда унга
болалар топиб олган кичкина ҳайкалчани беришди. Шубҳасиз, бу инкларнинг
бунёдкорлик илоҳаси Илья-Тику ҳайкалчаси эди. Археолог эҳтиёткорлик билан
ундаги лава қотмаларини артиб ташлади. Буни қарангки, ҳайкалча тоза олтиндан
қуйилган экан!
Риттер маъбуда ҳайкалчаси қаердан
топилганини хиваро халқидан сўради. Маълум бўлишича, уни улкан жарликнинг тепа
қирғоғидан топишган экан. Бу ер ўта юксакда (тахминан икки минг метр) жойлашган
бўлиб, вулқонни ўраб турган булутлардан салгина пастроқда эди.
Олим қазишма ишларини бошлаб юборди ва
тезда бош суягига дуч келди, унда қандайдир операция ўтказилганлиги кўриниб
турарди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ – инкларда ўта тажрибали жарроҳлар
бўлганлиги барчага маълум. Бош суягини даволаш улар учун унчалик мураккаб
операция эмасди. Археолог тез орада иссиқ куллар орасидан скальпель ҳам топиб
олди – у юпқа тилла пластина эди. Энди шубҳага ўрин қолмаганди: инклар бу ерда
бўлишган!
Олтин васвасаси
Китога қайтгач, доктор Риттер ўз
топилмаларини яшириб ўтирмади. Унинг ҳикояси эса хазина овчиларида ҳақиқий
«олтин безгаги»ни бошлаб юборди, дейиш мумкин. Айримлар гуруҳларга бирлашиб,
бўлажак экспедициялар маршрутларини чиза бошлади, уларга ҳозирлик кўришди.
Лекин буларнинг барчаси ҳали тайёргарлик ишлари эди, ундан нарёғига ўтиш мушкул
эди. Ахир, инклар олтини, агар чиндан ҳам Сангайда жойлашган бўлса, улкан
қалинликдаги иссиқ кул ва вулқон тошлари остида кўмилиб ётганди-да. Унга етиб
бориш учун эса, минглаб кишиларнинг қўл кучи керак бўлади. Шунингдек, бунга кўп
ойлик меҳнат сарф қилинади.
Аммо ҳатто булар ҳам асосийси эмас.
Асосий хавф вулқоннинг ўзида эди, чунки у ҳали ҳаракатда бўлиб, исталган пайтда
жонланиб қолиши, ёнига яқинлашишга журъат топа олганларга қарата олов пуркаб
қолиши мумкин-да.
Барибир, шундай мард кишилар топилди,
улар икки нафар америкалик ёшлар эди. Пенсильваниялик Фрэнк Рокко ва
калифорниялик Роберт Каупп Эквадорга келиб, «қимматли минераллар излаш учун»
тоққа йўл олишди. Бироқ бу альпинистларнинг олтин излаб келганлигини Китода
ҳамма биларди.
Фрэнк ва Робертнинг қайтишини бир ойдан
зиёдроқ кутишди, лекин улардан ҳамон дарак йўқ эди. Шунда Америка-Эквадор
бирлашган қутқарув экспедицияси уларни излаб, вулқонга йўл олди.
...Олов худосининг мулки унга таҳдид
солувчи инсон учун катта қийинчиликлар туғдирарди. Аввалига унинг йўлига
қоп-қора ботқоқли ўрмонлар тўғаноқ бўлади. Кейин эса асов дарёларга дуч
келинади, вулқоннинг ҳар бир жонланишида дарёлардаги сувнинг сатҳи бир
лаҳзадаёқ кўтарилади. Ундан сўнг келгиндилар йўлига улкан харсанглар тўсиқ
бўлади – сал нотўғри қадам қўйилса бас, тошлар қулаб кетади.
Вулқон кратерига сал қолганда,
қутқарувчилар америкаликларнинг сўнгги тўхтаб ўтган жойини топишди. Қорда
альпинистларнинг нарсали тартибсиз сочилиб ётарди, уларнинг қордаги излари эса
шарқий қияликка қараб кетиб, музда йўқолганди. Икки нафар мардни топишдан
умидни узиб, минг бир машаққат билан пастга тушган экспедиция аъзолари
Кулебрильяс водийсига етиб келишди. Бу ерда эса, ярим харобага айланган
ҳиндулар чайласида озиб кетган, ўлишига бир баҳя қолган Роберт Кауппни топиб
олишди. У эса қуйидагиларни гапириб берди.
Улар Фрэнк Рокко билан иккалови
Сангайнинг энг учига деярли етиб қолишган экан, аммо бирдан, заҳарли вулқон
газлари таъсирида нафас олиш қийинлашаётганини сезиб қолишибди. Кейин эса
уларни қутуришга ўхшаган ҳиссиёт қамраб олибди, ўзларининг қаерда
эканликларини, қаерга юриш кераклигини англаёлмай қолишибди.
Тез орада улар адашиб қолганликларини
пайқашибди. Кауппнинг айтишича, у ортга – сўнгги тўхтаган жойларига қайтиб,
сўқмоқни излашга ўртоғини кўндирмоқчи бўлиб роса уринибди. Аммо шериги буни
қатъиян рад этиб, фақат олтин ҳақида гапирармиш: «У шу ерда, аниқ, шу ерда!»
Каупп ўзи ортга қайтишни истаб турган
бўлса-да, барибир ўртоғига ёрдам бериш учун ёнига борибди. Лекин қандай қилиб
пастга келиб қолганини эслай билмасмиш.
Шу тариқа, қутқарув экспедицияси аъзолари
омадсиз альпинистни маҳаллий касалхонага юборишди. Лекин орадан бир неча кун
ўтгач, у касалхонадан чиққан ва изсиз ғойиб бўлган. Кауппни роса излашди, аммо
барча ҳаракатлар зое кетди.
Хотима ўрнида
...Сангай вулқони ер юзасидан деярли беш
ярим минг метр юксакликда бўй чўзган. Ичида зўрға ушлаб турган ички кучи
сабабли тоғнинг қияликлари титраб туради. Вулқон эса оғзидан гоҳ қора тутун,
гоҳ аланга аралаш лава пуркаб қўяди. Кратердан икки километрча пастга оқиб
тушган оловли лава улкан адёлга ўхшаб ҳаммаёқни қоплаган. Ўзгарувчан ҳаво
оқимлари бу ерлардаги бўғувчи буғ ва газларни атрофга ёйиб туради. Сал
пастроқда эса қуёш нури, шамол ва ёғингарчиликлар натижасида тошлар нураб,
катталиги беш метрлар келадиган ҳайкалсимон қоялар, пирамидалар яралган. Улар
гўё Қуёшга таъзим қилиб, инк қабилалари тақдири учун мотам тутаётганга
ўхшайдилар.
Балки, бундай ғамгин жойга бормасликни маслаҳат
берган Жек Лондон ҳақдир.
Албатта, доктор Риттернинг фарази илмий
жиҳатдан тўла исботлангани йўқ. Лекин барибир, инклар олтини Сангайга яширилган
бўлиши эҳтимоли юқорироқ. Қизиқ, ўз халқининг бойлигини яшириш учун инклар
ҳаракатдаги вулқоннинг етиб бўлмас тепасини қандай забт этган эканлар-а? Бу
жасоратнинг тафсилотлари, афтидан, бу вулқон ҳаракатдан тўхтагунга қадар
номаълум бўлиб қолар.
Ҳамидбек
ЮСУПОВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий