Янги асрнинг ўн бешинчи йилига ҳам эсон-омон етиб
келдик ва буни байрам сифатида нишонламоқдамиз. Ёшимизга яна бир ёш қўшилди,
сана ўзгарди... Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: нимага асосланиб бу йилни 2015 санаси
билан белгилаймиз ва нега у йилнинг бошқа бир кунидан эмас, балки айнан 1
январдан бошланади? Йилнинг бошланишини тантанали кутиб олиш анъанаси қачон
пайдо бўлган ва бу байрам ҳозирда дунёнинг турли бурчакларида қандай
нишонланади? Бугун шулар хусусида сўз юритмоқчимиз.
Йилнинг бошланишини
байрам билан кутиб олиш тарихи жуда узоқ мозийга – тахминан 25 асрлар олдинги
замонларга бориб тақалади. Мазкур одат илк бора Икки дарё оралиғи
(Месопотамия)да вужудга келган. Ўша
ҳудудларда ва Нилнинг қуйи водийларида қадимда яшаган халқлар илк маданият
(цивилизация)ни яратишган. Бу ерларда илк
маданият ўчоқларидан ҳисобланмиш Шумер, Бобил (Вавилон), Оссурия (Ассирия), Аккад каби давлатлар вужудга келганки, улардан етиб келган бой маданий мерос ва буюк кашфиётлар ҳозиргача
инсониятни лол қолдиради. Айни шу заминда, эрамиздан олдинги учинчи минг
йилликда Янги йилни байрам сифатида илк бора нишонлашган. Аммо ўшанда бу байрам ҳозиргидек 1 январга эмас, балки
март ойининг охирига тўғри келган. Чунки, йилнинг айнан шу вақтига келиб Дажла
(Тигр) ва Фрот (Евфрат) дарёларида сув тўлиб оқа бошлаган ва деҳқончилик ишлари
бошланган. Бу дегани – яна бир янги ҳосил йилининг келиши деганидир, шу сабабли
мазкур паллада 12 кун
давом этувчи
ўйин-кулги, карнавал ва маскарадлар уюштирилган. Бу байрам даврида
ишлаш, жазолаш, маҳкамага тортиш ман этилган. Дарвоқе, «карнавал» сўзи бобилликлар тилида «кема-денгиз» маъносини беради. Бу бежиз эмас, чунки Янги йил
байрами томошаларининг кўпчилиги бобилликлар афсоналаридаги илоҳ Мардукнинг
Фрот дарёси бўйлаб сузиши тасвири билан бевосита алоқадордир.
Навуходоносор (кўпчилик
Шарқ манбаларида «Бухтнаср» дейилади) ҳукмронлиги даврида Бобил қўшини катта жангда яҳудийларни енгиб, ўз ерларига олиб
кетганлар ва эллик йил давомида
асирликда сақлаганлар. Айнан мана шу даврда яҳудийлар Янги йил байрами билан
боғлиқ тантаналар сюжетларини ўзлаштириб олиб уларни Библия
таркибига киритганлар. Бобилликлардан олинган янги йилни тантаналар билан
нишонлаш анъанаси кейинчалик яҳудийлардан юнонларга, улардан эса бутун Ғарбий Европа халқларига тарқалган.
Бугунги кунда
юритилаётган йил ҳисоби, яъни янги эранинг бошланиши Исо пайғамбарнинг
таваллудига қараб белгиланган. Буни «милодий» ёки «милоддан аввалги» сўзларидан
ҳам англаш қийин эмас – «милод» арабчада «туғилиш» деганидир, яъни бу ерда Исо
Масиҳнинг таваллуд санаси назарда тутилади. Янги йил байрами арафасида насроний
(христиан) халқларида Рождество байрами ҳам нишонланиши бунга яна бир далилдир.
Турфа
халқлар турли замонларда Янги йилнинг кириб келишини нишонланган, аммо улар ҳам
ўзаро фарқ қилади. Масалан, Қадимги Мисрда бу байрамни ёзда, Нил тошқини
пайтида нишонлашган. Қадимги Юнонистон (Греция)да бўлса, янги йилнинг кириб
келиши кундуз энг узун бўлган сана – 22 июнда байрам қилинган. Йил ҳисоби эса
афсонавий Геракл шарафига уюштириладиган машҳур Олимпия ўйинларига қараб
юритилган. Қадимги римликлар экин ишлари бошланиши даврида, яъни 1 мартда янги
йилни кутиб олишган.
Ҳозиргидай
янги йил 1 январдан бошланадиган илк календарни машҳур Рим императори Юлий
Цезарь жорий қилган. Шунинг учун бугун амалда бўлган календарь унинг номи билан
– Юлиан календари деб ҳам юритилади. Аммо ундан кейин ҳам бутун дунёда бу
тартибга амал қилинмаган, албатта. Масалан, ўрта асрларда Англияда янги йил
боши баҳорнинг бошланишига – 1 мартга тўғри келган.
Қадимги Францияда Янги йил то 755 йилгача
25 декабрдан, кейинроқ 1 мартдан бошланган. ХII асрга келиб, бу байрамни Пасха (насронийларнинг диний байрами) кунида кутиб олишган, 1564 йилга
келиб эса, қирол Карл IX нинг буйруғи билан у 1 январга кўчирилган. Буюк Француз революцияси даврларида Янги йил
байрамини 22 сентябрда – Республика ташкил этилган кунда нишонлашган.
Германияда XVI
асрнинг ярмидан бошлаб Янги йил 1 январдан кутиб олинган, Англияда бўлса
бу XVIII асрга тўғри келади.
Россияда қадимда Янги йил 1 мартда ёки Пасха байрамида нишонланган. 1492 йилда эса, Москва соборининг Янги
йилни 1 сентябрда кутиб олиш ҳақидаги қарорини князь Иоанн III расман тасдиқлаган. 1700 йилда Пётр I бу байрамни ва йилнинг бошланишини бошқа Европа
мамлакатларида бўлгани каби 1 январга кўчирган.
Шарқдаги кўпчилик халқларда Янги йил баҳорги кун-тун тенглиги
ҳамда экин ишларининг бошланиши палласида
– 21 мартда бошланади. Бугунгача
байрам сифатида нишонланиб келаётган
Наврўз ўша даврлардан қолган бўлиб, бу сўз ҳам форсий тилларда айнан «Янги кун» деган маънони билдиради. Йил ҳисобининг
бошланиши эса халқларда турлича. Мусулмонларда амал
қиладиган ҳижрий-қамарий йил ҳисоби
Ойнинг Ер атрофида айланиш даври билан боғланган бўлиб, Муҳаммад пайғамбарнинг
Маккадан Мадинага кўчган йилидан бошланади. Йилнинг номланишида ҳам бу
акс эттирилган: «ҳижрий» сўзи «ҳижра» – «кўчиш» сўзидан олинган, «қамар» эса кўкдаги
Ойни англатади. Ҳижрий-қамарий йилда 355 кун бўлганлиги сабабли йилнинг
бошланиши ҳозирда бизда амал қилаётган календардагидан фарқ қилиб, ҳар йили 11
кун орқага сурилиб боради. Эронийларда юритилаётган ҳижрий-шамсий йил ҳисоби
ҳам Муҳаммад пайғамбарнинг кўчиш йилидан бошланади, аммо унда йил тартиби
Ернинг Қуёш атрофида айланиши билан боғлиқ («шамс» – «Қуёш» дегани) бўлиб,
баҳорги кун-тун тенглиги куни – 21 мартда кириб келади.
Қўшимча
тарзда таъкидлаб ўтиш ўринлики, мучал йили ҳам 1 январдан эмас, балки кўпчилик
Шарқ халқларидаги Янги йил санаси – 21 мартдан ўзгаради. Яъни, мучал бўйича Қўй
йили ҳали кириб келгани йўқ, 2015 йилнинг 21 мартидан бошланади, унгача эса От
йили давом этмоқда.
Бизнинг
халқимизга 1 январнинг Янги йил байрами сифатида нишонланиши руслар анъаналари
билан бирга кириб келган. Аммо то 1949
йилгача собиқ Иттифоқда 1 январь санаси
дам олиш куни ҳисобланмаган экан.
ТУРФА ОДАТЛАР
Янги йилнинг кутиб олиниши турли
халқларда турлича одатлар ва иримлар билан боғлиқ бўлар экан. Эътибор беринг-а:
Итальянлар Янги йил байрамида эски дазмол
ва стулларни деразаларидан улоқтиришади.
Панамаликлар имкон қадар баланд овозда
шовқин солишади; шу мақсадда бақиришади, ҳуштак чалишади, машиналарда сигнал
беришади ва ҳоказо.
Эквадор аҳолиси бу байрамда кийиладиган
ички кийимларга эътибор беришади, чунки улар айнан ички кийимлар муҳаббат ва
давлат олиб келишига ишонишади.
Бирмада Янги йилни 1 апрелда нишонлашади. Бу пайт ўта жазирама бўлганлиги боис, Қорбобо ва Қорқиз... чўмилиш
кийимида юриб совға тарқатишади!
Вьетнамда
бу байрам янада қизиқарли кечади – маҳаллий аҳолининг қадимий ақидаларига кўра,
Янги йил карп балиғи елкасига мингашганча сузиб келар эмиш. Шу сабабли
вьетнамликлар ҳар Янги йил арафасида тирик карп сотиб олиб, байрам куни уни
ҳовуз ёки дарёга қўйиб юборишади. Байрам рамзи ҳам арча эмас, балки гуллаётган
шафтоли новдаси бўлиб, кишилар шундай новдаларни ўз уйларига илиб қўйишади,
бир-бирларига совға қилишади.
Янги
йилни янги кийимларда кутиб олиш, муздан ҳайкал ва қасрлар қуриш анъанаси
Япониядан бошланган. Кунчиқар юрт вакиллари бу байрам арафасида хаскаш сотиб
олишади! Уларнинг ишончларига кўра, айни хаскаш кириб келаётган йилда хонадонга
фаровонлик олиб келар эмиш.
Англияда Янги йил
кириб келадиган пайти – қоқ ярим тунда соат бонг уриши билан қилинадиган
амаллар бор. Соатнинг биринчи бонгида инглизлар ўз уйларининг орқа эшикларини
очиб, эски йилни «кузатиб қўйишади». Ўн иккинчи бонг янграши билан уйнинг олд
эшикларини очиб, Янги йилни кутиб олишади.
Кубаликлар
мазкур байрам арафасида уйдаги барча идишларга сув тўлдириб қўйишади. Янги йил
кириб келиши билан бу сувларни кўчага сепишади – эмишки, шу билан уларнинг
барча гуноҳлари ювилиб кетармиш.
Сайёрамизнинг
жанубий яримшаридаги кўпгина мамлакатларда Янги йилда арча эмас, балки эвкалипт
дарахтларини безатишади. Ахир, бу пайтда у ерларда жазирама ёзнинг қоқ ўртаси бўлади-да!
Грецияда
хонадон бошлиғи Янги йил тунида кўчадан туриб, ўз уйи деворига анор мевасини
улоқтиради. У деворга текканида ёрилиб, доналари қанчалик кўп ва узоққа
сачраса, келаётган йил шунча омадли бўлишига ишонишади.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.
ЯНГИ ЙИЛ ЛАТИФАЛАРИ
* * *
Чукча
ўртоғига мақтаняпти:
–
Севгилимга аталган совғани арча остига қўйиб қўйдим, бу ҳақда ўзигаям айтдим!
– Хўш, у хурсанд бўлгандир?
– Билмадим, у ҳозирча ўша арчани
излаяпти. Ахир, ўрмонимиз катта-ку!
* * *
Икки иримчи аёл суҳбатидан:
– Тасаввур қиласанми, бу сафар Янги йил
душанбага тўғри келаркан – оғир кун-ку.
– Ана холос! Ишқилиб, 13-санага тўғри
келиб қолмасин-да!
* * *
Афанди Чукоткадаги ўртоғига қўнғироқ
қилиб, Янги йил билан табриклаётиб, гап орасида сўрайди:
– Сизларда анча совуқ экан, қандай байрам
қиласизлар?
– Йўқ, унчаликмас, 20 даражалар совуқ...
– Ҳозиргина телевизорда айтишди-ку, 50
даража эмиш!!!
– Ҳа, шунақа дегин... Йўқ, у кўчадаги
ҳароратни айтган.
* * *
– Янги йилни қандай кутиб олдинг?
– Билмадим, ҳозирча айтиб беришгани йўқ...
* * *
Янги йилга буюртма қилинган Қорбобо
болага совғани бериб бўлгач, болакай унинг юзига боплаб туширибди. Қорбобо
ҳайрон бўлса, бола дермиш:
– Бу ўтган йили келмаганинг учун!
* * *
Байрам куни эшик қўнғироғи жиринглайди,
бола очса – Қорбобо турибди, қўлида бир шиша вино.
– Салом, Қорбобожон! Менга совға...
– Кўп алжирама, тирранча! Штопор борми?!
* * *
31 декабрь куни «Тез
ёрдам»га бир бола қўнғироқ қиляпти:
– Алё! Тезроқ келинглар, дадам ақлдан
озибди! Қип-қизил халат кийган, соқол қўйиб олган, ўзини Қорбобоман, деб ҳаммани
ишонтиришга уриняпти!
* * *
Байрам арафасида бола бор овози билан
бақиряпти:
– Қорбобожон, менга байрамга велосипед
совға қилинг!
– Бунчалик қичқириш шартмас, – дейди
ойиси. – Қорбобо ҳатто шивирлаганингниям эшитади.
– Тўғрику-я, декин дадам қўшни хонага
кириб, эшикниям ёпиб олган-да, эшитмай қолиши мумкин.
* * *
Байрам дастурхони устида Афанди ҳар сафар
қадаҳ узатаётганларида, кўзини юмиб олиб, ичиб тугатгачгина кўзини очармиш.
Буни пайқаб қолган ўртоқларидан бири сабабини сўрабди.
– Ҳайрон қоларли жойи йўқ, – дея
изоҳлабди Афанди. – «Янги йилдан бошлаб шу зормандага қарамайман», деб
хотинимга сўз берганман.
* * *
1 январь тонги. Столда хат ётибди:
«Янги йил муборак!
P.S. Кефир
холодильникда.
P.P.S. Холодильник ошхонада».
* * *
Чеченистон. Постда янги келган аскар
турибди. Бир пайт ўша томондан автомат тариллаши эшитилади. Ҳамма шошиб борса,
униси хурсанд:
– Ўртоқ старшина! Бизникига соқолли
террорчи келаётганди, қўлида портлаткичли халтасиям бор! Мен уни узоқданоқ
тинчитдим!
– Эҳ, Жиринов, сенга ўхшаган калтафаҳмлар сабабли, мана уч
йилдирки, Янги йилни Қорбобосиз кутиб оляпмиз!
* * *
– Ғарбликларнинг
Санта-Клаусидан ўзимиздаги Қорбобонинг қандай фарқи бор?
– Уларники ҳамиша ҳушёр ва ёлғиз. Бизники
эса доимо ширакайф ва ёнида қизчасиям бор...
* * *
Икки
актёр Янги йил арафасида Қорбобо бўлиб уйларга борадиган бўлишган. Улардан бири шеригига дейди:
– Илтимос, бизникигаям ўзинг кириб,
болаларни табриклаб ўт!
– Ўзинг кирсангам бўлади-ку, гримда сени
таниб бўлмай қолди.
– Э, мен қиммат оламан-да!
* * *
– Қорбобо
нега ҳамиша ёнида Қорқизни олиб юради?
– Ахир, уйга қайтишда кимдир ёрдам бериши керак-да!
* * *
Болакай совға берган Қорбобога
миннатдорчилик билдиряпти:
– Қорбобожон, менга келтирган
соваларингиз учун... ҳалиги... катта раҳмат!
– Арзимайди, болажоним!
– Менимчаям арзимайди ўзи. Лекин ойим
шунақа дегин, деган-да.
* * *
Почтага хат келиб тушган экан, қарашса,
Қорбобога атаб бир бола юборган. Уни қаерга жўнатишни билмасдан, очиб ўқиб кўришибди,
унда шундай ёзилган экан: «Қорбобожон, Мен совуқ жойда яшайман, иссиқ кийимим йўқ,
ота-онам олиб беришмаяпти. Кўчага чиқиш учун пальто, этик, телпак ва қолқопим йўқ.
Илтимос, Қорбобожон, менга Янги йилга совға қилиб шулардан биттагинадан олиб
келинг!»
Почта ходимлари, савоб иш қилиш ниятида,
ҳар ким имкониятига яраша пул йиғишибди ва бола сўраган кийимларни олишга
боришибди. Аммо пул сал камлик қилиб, қўлқопга етмай қолибди. Ноилож боини бир
яшик қилиб, манзил бўйича жўнатишибди.
Янги йилдан сўнг ўша боладан яна хат
келибди, албатта, Қорбобога аталган. Почтадагилар очиб ўқишибди: «Раҳмат,
Қорбобожон! Совғаларингизни олдим, лекин қўлқопи етиб келмабди. Ҳойнаҳой,
почтадагилар олиб қолишган бўлса керак...»
* * *
Арча бозоридаги эълон:
«Харидорлар, тўғри тушунинг: кимнинг
уйида ясама арча турган бўлса, уникига байрамга қалбаки совғалар билан сохта
Қорбобо келади!»
* * *
Янги йилни «бир амаллаб» ўтказиб
олган, зўрға кўзини очиб, хотинидан сўраяпти:
Янги
йил кириб келиб бўлдими?
Ҳа, байрам ўтиб бўлди.
Бугун нечанчи число?
Иккинчи январь.
Биринчисиям бўлганми?
* * *
1 январь куни туш пайти телефон жиринглаб қолибди. Кечаги байрамдан сўнг ҳали
уйқудан уйғонмаган Афанди зўрға кўзини очиб, аввал соатга қарабди, кейин гўшакни
олиб бақирибди:
Ким ўзи бу, саҳарлаб ўн учу ўттизда безовта қиладиган?!!
* * *
Эркак
кишининг ривожланиш босқичлари:
1. У Қорбобога ишонади.
2. У
Қорбобога ишонмайди.
3.
Унинг ўзи Қорбобо бўлади.
* * *
Болалар
боғчасида Арча байрами бўляпти. Қорбобо келган, болалар билан бирга Қорқизни
чақиришяпти:
Қорқиз! Қорқиз!
Қорқиз
эса ҳадеганда келавермайди. Қорбобонинг чорлови билан болалар янада қаттиқроқ
чақиришади. Шунда олдинги қаторда ўтирган бир болача ёнидан мобиль телефон
чиқаради:
Ойи, мен сал ушланиб қоламан Қорқиз келмаяпти.
* * *
1
январь тонгида шаҳар касалхонасида врач палатага кириб, касалларни кўздан
кечирмоқда:
Иванов шу ердами?
Ҳа, шу ердаман!
Фамилиянгиз?
* * *
Янги
йил байрамида суғурта компаниясига қўнғироқ бўляпти:
Айтинг-чи, телефон орқали уйимизни
суғурта қилдирсак бўладими?
Йўқ,
лекин жуда хоҳласангиз, биз ҳозироқ вакилимизни жўнатишимиз мумкин, у сиз билан
шартнома тузиб келади.
Бўлади,
фақат тезроқ бўлинг! Бизда аллақачон арча ёниб, гилам ҳам тутай бошлади!
* * *
Байрамда
ҳушёрхонага олиб келинган навбатдаги кишидан сўрашяпти:
...Ёшингиз?
Эсимда йўқ.
Майли, унда айтинг-чи, «Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг» фильмини неча
марта кўргансиз?
Йигирма марта, шекилли.
Бўлди,
йигирмада экансиз.
* * *
«Қорбобожон,
илтимос, байрамга менга арча остига бир стакан муздек кефир юбор!»
* * *
31
декабрда ресторанда тушлик пайти
хўрандалардан бири:
Официант, менга қанақа бифштекс бердингиз ўзи!? Ярим соатдан бери уни кесолмаяпман!
Жаноб, шошилмасангиз бўлмайди. Бугун байрам, кечқурунги тадбир учун зални
эртароқ бўшатиб қўйишимиз керак.
* * *
Янги
йил дастурхонида стол устидан вилка тушиб кетибди, аммо Афанди уни полга
тушмасиданоқ ушлаб қолишга улгурибди.
Худога шукур, энди ҳеч қандай меҳмон келмайди!
Шу
пайт хонадоннинг кичкина қизи чопиб кирибди:
Дада, дада! Холам лифтда қисилиб қолибдилар!
* * *
Янги йил байрами нима ўзи?
Бу
нонушта билан тугайдиган кечки овқат.
* * *
Йўл
ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими илон изи юриш қилиб келаётган автомобилни тўхтатди:
–
Сиз жуда нотекис келяпсиз, бунинг устига тезликни ҳам оширдингиз...
–
Шошяпман-да, ўртоқларим билан Янги йилни кутиб олгандик, анча ўтириб қолибмиз.
Хотиним хавотирланаётгандир, тезроқ боришим керак...
–
Нима?! Қанақа Янги йил? Ахир февраль бошланиб бўлган-ку!
– Айтдим-ку, анча ўтириб қолибмиз, деб...
Ўзим тўпладим, борми савол? :)
3 комментария:
Қип қизил Ебанакансан. Шуни мақола диб ёзиб юрибсанми. Далбан😎
Buni maqola emasligini qanday bildingiz? Yozuvchilar Uyushmasiga a'zomisiz? Umuman olganda biror qator ma'nili gap yozolasmi?
Хаммасидан хам почтадарилар қўлқопни олиб қолгандир деганига қотиб кулибман🤣🤣ўша болакай сиз бўлсез керак а🫢🫢🫢
Отправить комментарий