суббота, 30 августа 2014 г.

Инклар олтинини излаб...


Айёр испан босқинчиси Франциско Писарро томонидан алданган инклар сардори Буюк Атауальпа, ўлимидан сал олдин ўз халқига атаб «мактуб» қолдирган. Кўпчиликнинг тахминига кўра, бу «нома»да Атауальпа хазинаси қаерда жойлашганлиги баён қилинган.
Ўшандан буён «Кўҳна дунё» кишилари ўша хазинани излашдан чарчамаяптилар. Бугунги кунда эса унинг яширилган жойи ҳақида янгидан-янги фаразлар ўртага ташланаётир.


Ички низодан чиққан интиҳо

1533 йилнинг августида инкларнинг қадимий ерига буюк Қуёш тангриси ўз нурларини ҳар доимгидек саховат билан сочиб турарди. Аммо халқ аҳволи оғир эди: Франсиско Писарро бошлиқ оқ юзли соқолдор кишилар бостириб келишганди. У Буюк Инканинг меросхўр ўғиллари – ака-ука Атауальпа ва Уаскар орасидаги низодан ўз манфаати йўлида фойдаланди. Писарро акаси билан курашда ёрдам беришни ваъда қилиб, Атауальпани ўз қароргоҳига алдаб чақириб олди. Кейин эса уни асир олиб, катта миқдордаги маблағ эвазига озод этишини айтди. Маблағ ҳам анча-мунча эмас: қабила сардори қамалган хонани олтин ва қимматбаҳо тошлар билан тўлдириш керак эди!
Қабила оқсоқоллари мамлакатнинг ҳамма бурчакларига чопарлар жўнатишди. Уларнинг қўлларида тилларанг ипдан қилинган «мактуб» бўлиб, уларга турли жойларидан ҳар хил тугунлар солинган эди (айтиб ўтиш керакки, инкларда ёзув бўлмай, унинг ўрнига шу каби белгилар, тугунлар ва чизиқлардан фойдаланишган). Бу белгилар инкларга тушунарли бўлган ўзига хос ахборот воситаси эди: уларда қанча миқдордаги олтинни қаерга олиб келиш баён этилганди.
Сардорни озод этиш учун талаб қилинган «гаров пули» тўпланган бўлса-да, испанлар бошлиғи Атауальпани қўйиб юборишга шошилмади. Инкларнинг қудратли сардоридан ҳали анча бойлик ундириш мумкинлигига унинг ақли етарди. Бўлмаса-чи, ҳатто ўзи асирда бўла туриб ҳам у рақиби бўлмиш ўз укаси Уаскарни қатл эттира билди. Писарро эса бундан хабар топиб, Атауальпани ўз қондошини ўлдиришда айблаб, судга – испан инквизициясига топширди.
1533 йил август ойи охирида Атауальпани қатлга тайёрлаб, темир кишан – гаррота билан бўғиб ўлдиришди. Аммо у ўлимидан олдинроқ ишончли кишилари орқали ўзининг васиятномасини махфий тарзда қабила сардорларига етказа билди. Бу васиятнома ўта антиқа эди: бу сафар ўн учта ип бир парча олтинга боғланган эди.
Бу мактубнинг сири эса эртасига аниқланди. Чунки Писарро талаби билан ибодатхонага йиғиб қўйилган хазина бир кечадаёқ изсиз ғойиб бўлди! Афсоналарга кўра, уларни қаергадир юксак тоғларга – инкларнинг қудратли маъбудлари томонидан муҳофаза этилувчи махфий ғорга олиб бориб яширишганмиш.

Айнан қаерга?

Худди мана шу савол тўрт ярим асрдан буён турли мамлакатлардаги хазина қидирувчиларга тинчлик бермай келаётир. Шу сабабли улар Перудаги қадимий конлару тоғларни, чуқур ғорлару Анд ёнбағирларини, бир сўз билан айтганда, собиқ инклар империясининг барча бурчакларини қазиб ётибдилар. Балки қачонлардир, бу меҳнатларнинг ҳосилини топар, ахир, инклар олтини ҳақида жуда кўп маълумотлар афсона, эртак, ривоятлар шаклида оғиздан-оғизга, авлоддан-авлодга ўтиб келаётир-ку. Демак, шубҳа йўқки, инклар олтини қаердадир мавжуд!
Кимдир бу хазинани Аргентинадан излаш керак, деб ҳисоблайди, яна биров эса Боливиядан қидириб кўради. Айрим хазина изловчилар Чилини кавлаштиради... Аммо ўшанда ўн минг кишилик инклар гуруҳи шимолга кўчиб кетганди-ку. Эҳтимол, уларнинг бойлиги Эквадорда яширингандир?
Жек Лондон қаламига мансуб «Безбет» деган ҳикоя бор. Унда айтилишича, Анднинг Эквадор ҳудудидаги чўққиларида, қорли қоялар орасида улкан олтин ёмбилари мавжуд. Уларнинг усти қандайдир бўёқ билан қопланган – бегона сайёҳларнинг назари тушмаслиги учун. Лекин қизиғи шундаки, ҳикоянинг бош қаҳрамони шундай деган: «Сиз бирон марта Эквадорда бўлганмисиз? Унда сизга маслаҳатим шу: у ерга бора кўрманг...»
Хўш, нега энди хазинани Эквадордан изламаслик керак экан? Ахир, мантиққа асослансак, ҳамма йўллар айнан ўша ерга, инклар империясининг шимолий қисмига олиб боради-ку. Моҳирлик билан яширилган тилла захираси ҳам кишини лол қолдирадиган миқдорда: ахир, гап ўнлаб тонна олтин ҳақида кетяпти...
Эквадордаги тоғ чўққиларида эса вулқонлар бор. Улар орасида ҳозирда ҳаракатда бўлганлари ҳам, аллақачонлар сўнганлари ҳам мавжуд. Бироқ уларнинг барчаси кишилар учун хавф туғдиради. Қатли олдидан Атауальпа айнан қайси чўққини кўрсатган экан? Ёдга олинг, олтин парчасида 13 та ип бўлган. Балки, жумбоқнинг ечимини айнан мана шу сирли сондан излаш керакдир?
Ўн уч тугун
Асли немис бўлган китолик доктор Курт фон Риттер, Кускодан шимолга кетадиган барча қадимий йўллар ва сўқмоқларни диққат билан ўрганишга киришди. Улардан бири, Анд ёнбағри бўйлаб кетиб, тўппа-тўғри Сангай вулқонига олиб боради. Инклар йўналиши билан бориб, Риттер тасодифан бир нарсани пайқаб қолди: у айнан ўн иккита қорли довонни ошиб ўтибди. Ўн учинчиси эса Сангай эди!
Баҳайбат ва қўрқинчли Эль-Сангай – дунёдаги энг катта вулқонлардан биридир. У Анд тоғ тизмаларининг асосий занжирлари бўлмиш Ғарбий ва Шарқий Кордильера тоғлари кесишган ерда жойлашган. Бу тоғ хиваро ҳиндулари учун қадимдан халқ раҳнамолари ва қаҳрамонлари дафн этиладиган муқаддас макон ҳисобланган. Шу билан бирга Сангай – қадимий инклар учун олов маъбуди, уларнинг паноҳи ҳамдир. Вулқон тепасида доимо кул аралаш буғ чиқиб туради. Баъзида олов худоси атрофга чўғланган харсангларни ҳам отиб туради. Бу пайтда Эль-Сангай ёнбағирларига боришга журъат этган кишининг ҳолига вой.
Доктор Риттернинг фаразича, инкларнинг олтини айнан мана шу ерга яширилган. Аммо қидирувларни бошлашдан олдин, у ўз тахминларининг тўғрилигини асословчи фактларни излашга тушди, уларни таҳлил қила бошлади.
У вулқонли тоғ ёнида яшовчи хиваро ҳиндулари олдига борди, улар билан суҳбатлашиб, шундай саволларни берди: «Тоғ ёнбағирларида сизларга бирор шаклдаги ғалати нарсалар, ҳайкалчалар учрамаганми?» Шунда унга болалар топиб олган кичкина ҳайкалчани беришди. Шубҳасиз, бу инкларнинг бунёдкорлик илоҳаси Илья-Тику ҳайкалчаси эди. Археолог эҳтиёткорлик билан ундаги лава қотмаларини артиб ташлади. Буни қарангки, ҳайкалча тоза олтиндан қуйилган экан!
Риттер маъбуда ҳайкалчаси қаердан топилганини хиваро халқидан сўради. Маълум бўлишича, уни улкан жарликнинг тепа қирғоғидан топишган экан. Бу ер ўта юксакда (тахминан икки минг метр) жойлашган бўлиб, вулқонни ўраб турган булутлардан салгина пастроқда эди.
Олим қазишма ишларини бошлаб юборди ва тезда бош суягига дуч келди, унда қандайдир операция ўтказилганлиги кўриниб турарди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ – инкларда ўта тажрибали жарроҳлар бўлганлиги барчага маълум. Бош суягини даволаш улар учун унчалик мураккаб операция эмасди. Археолог тез орада иссиқ куллар орасидан скальпель ҳам топиб олди – у юпқа тилла пластина эди. Энди шубҳага ўрин қолмаганди: инклар бу ерда бўлишган!

Олтин васвасаси

Китога қайтгач, доктор Риттер ўз топилмаларини яшириб ўтирмади. Унинг ҳикояси эса хазина овчиларида ҳақиқий «олтин безгаги»ни бошлаб юборди, дейиш мумкин. Айримлар гуруҳларга бирлашиб, бўлажак экспедициялар маршрутларини чиза бошлади, уларга ҳозирлик кўришди. Лекин буларнинг барчаси ҳали тайёргарлик ишлари эди, ундан нарёғига ўтиш мушкул эди. Ахир, инклар олтини, агар чиндан ҳам Сангайда жойлашган бўлса, улкан қалинликдаги иссиқ кул ва вулқон тошлари остида кўмилиб ётганди-да. Унга етиб бориш учун эса, минглаб кишиларнинг қўл кучи керак бўлади. Шунингдек, бунга кўп ойлик меҳнат сарф қилинади.
Аммо ҳатто булар ҳам асосийси эмас. Асосий хавф вулқоннинг ўзида эди, чунки у ҳали ҳаракатда бўлиб, исталган пайтда жонланиб қолиши, ёнига яқинлашишга журъат топа олганларга қарата олов пуркаб қолиши мумкин-да.
Барибир, шундай мард кишилар топилди, улар икки нафар америкалик ёшлар эди. Пенсильваниялик Фрэнк Рокко ва калифорниялик Роберт Каупп Эквадорга келиб, «қимматли минераллар излаш учун» тоққа йўл олишди. Бироқ бу альпинистларнинг олтин излаб келганлигини Китода ҳамма биларди.
Фрэнк ва Робертнинг қайтишини бир ойдан зиёдроқ кутишди, лекин улардан ҳамон дарак йўқ эди. Шунда Америка-Эквадор бирлашган қутқарув экспедицияси уларни излаб, вулқонга йўл олди.
...Олов худосининг мулки унга таҳдид солувчи инсон учун катта қийинчиликлар туғдирарди. Аввалига унинг йўлига қоп-қора ботқоқли ўрмонлар тўғаноқ бўлади. Кейин эса асов дарёларга дуч келинади, вулқоннинг ҳар бир жонланишида дарёлардаги сувнинг сатҳи бир лаҳзадаёқ кўтарилади. Ундан сўнг келгиндилар йўлига улкан харсанглар тўсиқ бўлади – сал нотўғри қадам қўйилса бас, тошлар қулаб кетади.
Вулқон кратерига сал қолганда, қутқарувчилар америкаликларнинг сўнгги тўхтаб ўтган жойини топишди. Қорда альпинистларнинг нарсали тартибсиз сочилиб ётарди, уларнинг қордаги излари эса шарқий қияликка қараб кетиб, музда йўқолганди. Икки нафар мардни топишдан умидни узиб, минг бир машаққат билан пастга тушган экспедиция аъзолари Кулебрильяс водийсига етиб келишди. Бу ерда эса, ярим харобага айланган ҳиндулар чайласида озиб кетган, ўлишига бир баҳя қолган Роберт Кауппни топиб олишди. У эса қуйидагиларни гапириб берди.
Улар Фрэнк Рокко билан иккалови Сангайнинг энг учига деярли етиб қолишган экан, аммо бирдан, заҳарли вулқон газлари таъсирида нафас олиш қийинлашаётганини сезиб қолишибди. Кейин эса уларни қутуришга ўхшаган ҳиссиёт қамраб олибди, ўзларининг қаерда эканликларини, қаерга юриш кераклигини англаёлмай қолишибди.
Тез орада улар адашиб қолганликларини пайқашибди. Кауппнинг айтишича, у ортга – сўнгги тўхтаган жойларига қайтиб, сўқмоқни излашга ўртоғини кўндирмоқчи бўлиб роса уринибди. Аммо шериги буни қатъиян рад этиб, фақат олтин ҳақида гапирармиш: «У шу ерда, аниқ, шу ерда!»
Каупп ўзи ортга қайтишни истаб турган бўлса-да, барибир ўртоғига ёрдам бериш учун ёнига борибди. Лекин қандай қилиб пастга келиб қолганини эслай билмасмиш.
Шу тариқа, қутқарув экспедицияси аъзолари омадсиз альпинистни маҳаллий касалхонага юборишди. Лекин орадан бир неча кун ўтгач, у касалхонадан чиққан ва изсиз ғойиб бўлган. Кауппни роса излашди, аммо барча ҳаракатлар зое кетди.

Хотима ўрнида

...Сангай вулқони ер юзасидан деярли беш ярим минг метр юксакликда бўй чўзган. Ичида зўрға ушлаб турган ички кучи сабабли тоғнинг қияликлари титраб туради. Вулқон эса оғзидан гоҳ қора тутун, гоҳ аланга аралаш лава пуркаб қўяди. Кратердан икки километрча пастга оқиб тушган оловли лава улкан адёлга ўхшаб ҳаммаёқни қоплаган. Ўзгарувчан ҳаво оқимлари бу ерлардаги бўғувчи буғ ва газларни атрофга ёйиб туради. Сал пастроқда эса қуёш нури, шамол ва ёғингарчиликлар натижасида тошлар нураб, катталиги беш метрлар келадиган ҳайкалсимон қоялар, пирамидалар яралган. Улар гўё Қуёшга таъзим қилиб, инк қабилалари тақдири учун мотам тутаётганга ўхшайдилар.
Балки, бундай ғамгин жойга бормасликни маслаҳат берган Жек Лондон ҳақдир.
Албатта, доктор Риттернинг фарази илмий жиҳатдан тўла исботлангани йўқ. Лекин барибир, инклар олтини Сангайга яширилган бўлиши эҳтимоли юқорироқ. Қизиқ, ўз халқининг бойлигини яшириш учун инклар ҳаракатдаги вулқоннинг етиб бўлмас тепасини қандай забт этган эканлар-а? Бу жасоратнинг тафсилотлари, афтидан, бу вулқон ҳаракатдан тўхтагунга қадар номаълум бўлиб қолар.
Ҳамидбек ЮСУПОВ

четверг, 21 августа 2014 г.

БУЮК МАСХАРАБОЗ ВА АКТЁР


«Қонида бор»-да...

Кўпчиликка севимли бўлган бу артист Россиянинг Смоленск губерниясига қарашли Демидов шаҳарчасида 1921 йилнинг 18 декабрида дунёга келган. Унинг серқирра санъаткор даражасига етишувига бир неча омиллар сабаб бўлган. Биринчи навбатда эса, ўзбекча қилиб айтганимизда, у «наслига тортган». Чунки, унинг отаси – Владимир Андреевич эстрада қўшиқчиларига ва цирк ижрочиларига матнлар ёзиб берарди, бундан ташқари, «Теревьюм» номли кўчма театр ташкил қилганди. Унга ўзи асарлар ёзар ва роль ижро этарди, шунингдек, бўлғуси буюк комик актёрнинг онаси ҳам мана шу театрда қўшиқлар куйлаб турарди. Уларнинг оиласи 1925 йилда Москвага кўчиб келди ва хонадон бошлиғи олдингидек ижод қилиш билан бирга, «Гудок» ва «Известия» газеталарида ҳам ишлаган.
Бу ерда ёш Юрийни отаси илк бора циркка олиб борганида у тўрт ёшда эди. Бу «бир боқишда муҳаббат» эди: у мана шу ёшиданоқ циркка, масхарабозликка кўнгил қўйди. Гўдак онги билан у циркнинг улуғворлигини ҳис этди, масхарабозларнинг ҳар бир ҳаракатию сўзини хотирасига абадий муҳрлади. Масхарабоз бўлишни орзу қилиб, у мактабда турли кечаларда роллар ўйнади, карнавалларга масхарабоз кийимида борди, оддий суҳбат жараёнида ҳам имкон қадар ҳаммани кулдиришга, лоақал кўнглини кўтаришга интилди. Латифалар тўқиди, эшитганларини тўплади ва уларни бошқалар тушунмайдиган, қисқартирилган шаклда бир дафтарга ёзиб борди.
Лекин унинг масхарабоз бўлиш орзуси сал кейинроқ амалга ошадиган бўлди. Ўша пайтда эса, кўпчилик тенгдошлари қатори уни ҳам ҳарбий хизмат кутиб турарди.

Икки уруш қатнашчиси

Юрий ҳали ўн саккиз ёшга тўлмаёқ, мактаб партасидан тўппа-тўғри армияга йўл олди ва Фин урушида иштирок этди. Ундан сўнг Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, қамал пайти Ленинградни ҳимоя қилди. Бир неча бор ўлим билан юзма-юз келди, ёнган танк ичида қолиб кетди... 1939 йилдан 1946 йилгача бошидан кечирган бу оғир кунлар таассуротларидан у кейинчалик, кинодаги ролларида унумли фойдаланган. «Урушсиз ўтган йигирма кун» фильмидаги ҳарбий журналист Лопатин роли, «Улар Ватан учун жанг қилдилар» картинасидаги жангчи Некрасов ролини томоша қилганимизда биз бунга яна бир бор амин бўламиз.
Никулиннинг латифагўйлиги армияда унга қўл келди. Бир сафар оғайниси билан кўп латифа айтиш бўйича мусобақа қилиб, ўн қути папиросдан гаров боғлашди. Гаров шартига кўра, агар рақиб бошиданоқ бу латифани эшитганлигини айтса, латифагўй бошқасини бошлаши керак.
Оғайниси энди латифани бошлаб, биринчи жумласини тугатмай турибоқ Никулин: «Биламан!» деб унинг гапини бўлиб қўяверди. Ниҳоят, латифа айтиш навбати унга келди. Икки соат давомида у тинмасдан латифа айтди, казармада қаҳқаҳа авжига чиқди. Ҳамма Никулинни ғолиб деб тан олиб тўхтатишганида, у ҳали бисотидаги латифаларнинг ярмига ҳам етмаганди. Аммо на илож: тингловчилар кулавериб чарчаб қолишган ва тонг ҳам яқинлашиб қолганди.

«Актёрликни эсдан чиқаринг!»

Урушдан қайтган Юрий келгуси ҳаётини ўзича режалаштирганди: институтда ўқиб, актёр бўлади. Шу мақсад билан у бир неча институтга, Шепкин номдаги билим юртига кириш имтиҳони топширди. Шунча жойда ўқиб нима қиларди, дейсизми? Ҳамма гап шунда-да, у булардан бирортасига ҳам кира олмаган! Чунки унинг кўриниши кинога мос эмас, ўзида актёрлик қобилияти мутлақо йўқ, деб ҳисоблашган.
Киноартистликни орзу қилган Юрий Никулинни 1946 йилда бир институтда кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичиданоқ четлаштиришган. Бунинг устига, қабул комиссияси раиси – кинорежиссёр Сергей Юткевич унга қатъий тарзда шундай деган экан: «Яхши йигит, сиз бирор театр институтига киришга ҳаракат қилиб кўринг, балки омад кулиб боқар. Кино учун эса сиз мутлақо ярамайсиз, шундай экан, кинода ўйнаш фикрини миянгиздан мутлақо чиқариб ташланг!»
Шунча гапдан сўнг Никулин киноартист бўлишдан умид қила олармиди? Мана шу «кинога тушмайдиган» башарали йигит вақти келиб ўнлаб фильмларда бош ролларни ўйнашини ўша пайтда на киноижодкорлар, на танқидчилар, ҳатто унинг ўзи ҳам хаёлига келтирмаган бўлса керак. Ҳозирча эса...

Уни цирк кутаётганди

Актёрлик илинжида яна бир неча самарасиз уринишлардан сўнг Юрий болалик орзуси – масхарабозликда ўз омадини синаб кўрмоқчи бўлди. У Москва цирки қошидаги масхарабозлик студиясига борди. Чиндан ҳам ўша жойда у бахтини топди – ўқиди, тугатгач, ўша ернинг ўзида ишлай бошлади. Орадан бир қанча йиллар ўтиб эса у мана шу даргоҳда бош режиссёр бўлди. Никулин ўзининг циркдаги илк фаолияти даврида омади келиб, «Карандаш» лақабли машҳур масхарабозга шогирд тушади.
Тез орада эса у ўзининг доимий шериги – Михаил Шуйдин билан саҳналарга чиқа бошлайди. Уларнинг ижодий жуфтлиги бутун дунёга танилганди. Никулиннинг ўзига хос цирк кийимлари – ўлчами одатдагидан жуда катта ботинкалари ва меъёрдан қисқа чипор иштони ҳозиргача мухлислар эътиборини жалб этади. У 1981 йилда цирк саҳнаси билан хайрлашди, аммо циркдан буткул узилиб кета олмасди. 1982 йилда Юрий Владимирович Никулин Москва циркига бош режиссёр, 1984 йилда эса – директор бўлди. Шунда унинг ҳаётидаги янги давр – бунёдкорлик даври бошланди. У жонажон циркининг қайта таъмирдан чиқарилиб, янгича услубда иш бошлашига жуда катта куч сарфлади.
Никулин цирк саҳнасидаги эллик йиллик ижоди давомида жуда кўп бетакрор номерлар яратди, халқ ва ҳатто ҳукумат вакилларининг кўнглига йўл топа билди. Умуман, у шу касб-кори билан дунё кезди, бахтини топди, жумладан...

Келинниям циркдан топди

Юрий Никулин циркда, Карандаш гуруҳи таркибида томоша кўрсатадиган пайтлар. Тимирязев академияси талабаси Татьяна Покровская Карандашга ўргатилган от олиб келди. Никулин эса бу қизни цирк томоша қилишга таклиф қилди. Албатта, бу таклифни қиз рад эта олмасди.
Тасодифми, тақдирми, ишқилиб намойиш пайти Юрий от оёғи остига йиқилиб тушди. Жароҳати туфайли уни касалхонага ётқизишди ва Татьяна уни кўришга бориб турди. Орадан ярим йил ўтиб эса улар оила қуришди. Тўғри, бунга осонликча эришиб бўлмади, бўлажак куёвнинг масхарабоз эканлигини эшитиб, Татьянанинг қариндошлари шундай даҳшатга тушишдики... Барибир, кейин ҳаммаси ўрнига тушиб кетди ва Юрий билан Татьяна деярли ярим аср ҳамнафасликда ҳаёт кечиришди. Ўғил кўриб, унга Максим дея исм қўйишди, ширин-шакар невараларнинг бобо ва бувиси бўлишди.
Дарвоқе, Татьяна Никулина ҳамиша – ҳам ҳаётда, ҳам цирк саҳнасида эрининг яқин ҳамкори эди. У дастлаб «томошабин ролини ўйнарди»: саҳнадаги ҳамма нарсага ишонган киши бўлиб ўтириб, сўнг ўзи ҳам ўртага чиқар ва томошада иштирок этарди. Кейинчалик эса Татьяна Никулина циркда ҳайвон ўргатувчи бўлиб ишлади ва ҳатто инглизчадан таржималар ҳам қилди.
Шундай қилиб, Юрий Владимировичнинг орзулари битта-битта амалга оша бошлади. Бир пайтлари уни кинога олишмаганди, энди эса...

Кинога ўзлари таклиф қилишди!

Никулин ўзининг кинодаги илк ролини 37 ёшида ўйнади. У «Русча савол» («Русский вопрос») фильмини суратга олиш жараёнида, америкалик ролида «Цветной» бульвари бўйлаб роса югурган. Фильм ишланиб, томошага қўйилгач, унда ўзини кўриш илинжида Никулин кўп бора кинотеатрга тушди, бироқ у тушган кадрлар кесиб ташланган экан. Кейинчалик ёзувчи Владимир Поляков, сценарийси ўз қаламига мансуб бўлган «Гитарали қиз» («Девушка с гитарой») фильмидаги кичикроқ бир ролга уни таклиф қилди. Никулин бу картинада омадсиз пиротехник роли ижро этган, унда атиги икки оғизгина сўз гапириши керак эди: «Ҳечқиси йўқ, ҳозир портлайди!» Бунда у ўзини ва эпизоддаги шеригини портлатиб юборишига сал қолган, кейин, хайрлашув олдидан ундан шу тариқа узр ҳам сўраб қўйганди: «Кейинги сафар бунданам зўр бўлади»...
Нима бўлганда ҳам, шу рол унга нисбатан киноижодкорларнинг эътибори уйғонишига сабаб бўлди. Кейин эса «Сотилмаслар» («Неподдающиеся») ва «Мутлақо жиддий» («Совершенно серьезно») фильмларида у ажойиб кулгили образлар яратди. Томошабинлар ҳам, режиссёрлар ҳам Никулиннинг кулдира билиш қобилиятига тан беришарди, у буни бошқаларга нисбатан анча юксак маҳорат билан уддаларди. Бунга ҳеч ҳам шубҳа йўқ, унинг «Хаёлпарастлар» («Фантазёры») ва «Етти чол ва битта қиз» («Семь стариков и одна девушка») фильмларини эслашнинг ўзи кифоя. Кейин эса Никулин «Бриллиант қўл» ва «Ўн икки стул» фильмларида ажойиб образлар яратди.
Барибир, Никулиннинг комик истеъдодини Леонид Гайдай чинакамига кашф эта билди. Айнан мана шу режиссёр Моргунов, Вицин ва Никулин ижросидаги бетакрор учликка – Қўрқоқ, «Ўтириб чиққан» ва Валакисаланг («Трус, Бывалый, Балбес») учлигига жон бахш этди. «Кўппак Барбос ва ғайриоддий кросс» («Пес Барбос и необычный кросс») ҳамда «Самогончилар» («Самогонщики») каби қисқа метражли фильмларидан сўнг бу учлик роса шуҳрат қозонган.
Леонид Гайдай Никулинга шундай маслаҳат берганди: «Сиз грим қилсангиз, ўта оддий чиқади. Юзингиз ўзи шусиз ҳам кулгили. Яхшиси, Сизга фақат узун киприклар қўйишсин, шунда яна ҳам аҳмоқроқ киши қиёфаси чиқади». Кейинроқ эса Қўрқоқ–«Ўтириб чиққан»–Валакисаланг учлиги ««Ы» операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари», «Кавказ асираси, ёки Шурикнинг янги саргузаштлари» каби ажойиб комедияларда ҳам жуда фусункор чиқди. Бу қаҳрамонлар бевосита халқ дилига яқин бўлгани учун, ҳатто оғзаки ижодга ҳам ўтиб кетди, улар тўғрисида халқ латифалари тўқилди.

Йиғлата билган масхарабоз

Гарчи Никулин кулгили роллари билан шуҳрат топа бошлаган бўлса-да, режиссёрлар унга жиддий ролларни ҳам ишониб топширишарди. Режиссёр Л.Кулиджановнинг «Дарахтлар улкан бўлган пайтлари» («Когда деревья были большими») мелодрамасида у ўйнаган талабчан Кузьма Иорданов роли бунга яққол мисолдир. Бунда актёр қаҳрамоннинг бутун ҳаётини акс эттира билди: ўтмиши ва бугунини намоён этиб, келажагига ишора қилди. Бу образда инсоннинг чуқур кечинмалари – уят ва виждон азобидан тортиб то ёлғизлигу бахт қувончигача бўлган руҳий ҳолатларини кўрамиз.
Юрий Никулиннинг кинодаги фаолиятида «Бери кел, Мухтор!» («Ко мне, Мухтар!») картинасидаги замондош киши – довюрак милиция лейтенанти Глазичев роли, шунингдек, моҳиятан унга мутлақо қарама-қарши бўлган, «Андрей Рублев» фильмидаги роҳиб Патрикей роли алоҳида ўрин тутади. Ҳатто «Бери кел, Мухтор!» фильми экранларга чиққач, хизмат итларини ўргатувчилар ва ит ишқибозлари Никулин олдига турли зотдаги кучуклар ва каттакон итларини етаклаб кела бошлашди! Юрий Владимирович эса ҳазил қилади: «Энди бу фильмнинг иккинчи қисмини ишлаб, унга «Йўқол бу ердан, Мухтор!» деб номлаш керак».
Актёр «Дала қўриқчиси» («Чучело») фильмида буткул ўзгача қиёфада намоён бўладики, бу образда ҳатто Никулинни таниб олиш ҳам қийин. Шу тариқа, у тобора мураккаб, баъзан бир-бирига зид характерли турли ролларни ижро этиб, етук актёр даражасига кўтарилди. Томошабинлар энди янги фильм ижодкорлари қаторида Юрий Никулин номини кўриб, бу фильмда у қандай – кулгили ёки жиддий киши ролини ўйнашини билмай, қай қиёфани жонлантиришини ҳаяжон билан кутадиган бўлишди. У кинодаги ўттизтача роли орқали, кишини кулдира оладиган ва керак бўлса йиғлата биладиган универсал санъаткор эканлигини намойиш қилди.

Телекўрсатув ва китоблар

Умри давомида тўплаган латифалари Никулинга кексалик йилларида янада асқотди. Актёр улар асосида «Оқ тўтиқуш» («Белый попугай») телевизион клубини ташкил этди. Телеклубга таниқли артистлар, мамлакатнинг машҳур кишилари таклиф этилар ва қувноқ давра вужудга келарди. Шунингдек, телетомошабинлардан келган мактубларда ҳам бир-биридан яхши латифалар бўлар, улар кўрсатув орқали бутун халқ билан баҳам кўриларди. Мазкур телеклубда «тандирдан ҳозиргина узилган» латифалар билан бирга эски, баъзан унутилиб кетганлари ҳам айтиларди.
Никулин уларни ҳам тўплаб борди ва китоб ҳолида чоп эттирди. Аниқроғи, китобда чиқмасидан олдинроқ бу латифалар «Огонёк» журналида махсус серия сифатида босилган. Журнал таҳририятида Никулинни ҳам жамоатчилик кенгаши таркибига қўшиб қўйишганди. «Нима, энди мен журналистларга қандай ёзишни ўргатаманми? Ундан кўра, уларга латифа айтиб берганим тузукроқ» дея, у таҳририятда давраларни қизита бошлади. Натижада бош муҳаррир Виталий Коротичда бир ғоя туғилди: бу латифаларни журналда босиб чиқаради! Шу тариқа, «Огонёк» ҳам «Никулин латифалари» билан бойиди ва кейинчалик масхарабозга уларни китоб ҳолида нашр этишни таклиф қилишди.
Энди иш жиддий тус ола бошлади. «Жин урсин шу латифаларни! – деган экан ўшанда у. – Бировга айтиб бериш анча осон эди. энди бўлса уларни тўплаш, саралаш, баҳолаш керак!» Чиндан ҳам, дафтарда фақат якуний қисми ёки эслатувчи иккитагина сўзи ёзиб қўйилган минглаб латифаларнинг ҳаммасини хотирада қайта тиклашнинг ўзи бўладими? Ҳатто бунинг учун бутун оилани оёққа турғизиб, тунги соат учгача ухлатмаган пайтлари ҳам бўлган экан.
Никулиннинг кўп қиррали санъаткор эканлиги унинг хотиралар тўплами – «Деярли жиддий» китобида ҳам ўз исботини топди. Шу ерда севимли артистимизнинг яна бир истеъдоди – бадиий диди яққол намоён бўлади. У ўз китобига эпиграф сифатида Станислав Ежи Лецнинг қуйидаги сўзларини танлаган: «Умр кишиларнинг жуда кўп вақтини олиб қўяди». Никулиннинг мазкур ўткир қалам соҳиби ижодига бўлган эҳтироми кучли эканини яна бир деталда кўришимиз мумкин: артист «Деярли жиддий» асарини ҳам унинг пурҳикмат ибораси билан бошлаган: «Ҳаётда ҳамма нарса ўз аслидан бошқачароқ кўринади».
Бу китобида Юрий Владимирович бошидан кечирганларини енгил киноя билан ҳикоя қилиб берган. Ўзи ҳақида сал юмор билан, бошқалар (қариндошлари ва яқинлари, таниқли ва нотаниш, аммо кино ва цирк учун муҳим бўлган кишилар) ҳақида эса жиддий сўз юритади. Кулгига тўла бўлиш билан бирга, китобда бирорта ёлғоннинг ўзи йўқ. Муаллиф ўз ҳаётини, умуман ҳаётни безаб кўрсатмайди. Китобни ўқиркансиз, сизда шундай таассурот уйғонади: худди Никулин сизнинг ёнингизга ўтириб олиб, ҳаётини айнан сизга гапириб бераётир. Бундай маҳорат эса унча-мунча ёзувчига насиб этмаган.

Жонажон цирк ва сиёсат

1984 йилда «юқори»дагилар Юрий Владимировичга «Союзгосцирк» директори лавозимини таклиф этишди, аммо Никулин, олий маълумоти йўқлигини баҳона қилиб, буни рад этди. Бунинг асл сабаби эса – унинг мансабга қизиқмаслиги, шунингдек, ҳар хил «ўйин»лардан узоқ юриш истаги эди. Аммо ўзининг қадрдон Москва циркига директор бўлишга жон деб розилик билдирди.
Шу ўринда, Никулин фаолият юритган даврда унинг севимли соҳасига бўлган муносабатларни ҳам эсга олиб ўтмоқ жоиз.
1919 йилда Ленин сал мавҳумроқ ифода билан бир декрет чиқарди: «Театр ишини цирк санъатининг демократик йўналиши билан бирлаштириш тўғрисида». Нима бўлганда ҳам, цирк артистлари бу санани ҳозиргача байрам сифатида нишонлашади.
Сталин циркни хушламасди, лекин шунга қарамай, уруш пайти, цирк анжомлари юкларини ҳарбий юклар билан тенг кўришга, цирк ҳайвонлари учун худди тинчлик пайтидагидек озуқа ажратишга буйруқ берганди.
Хрушчёв бўлса циркни жуда севарди. У масхарабоз Никулин ва Шуйдинларнинг биргаликдаги чиқишидан шу қадар завқланиб кулардики, бу ҳолат залдан ҳам, саҳнадан ҳам яққол кўринарди.
Брежнев эса қизи Галина цирк артисти Евгений Милаевга турмушга чиққач, циркка алоҳида эътибор билан қарай бошлаганди. Милаевга «Социалистик Меҳнат Қаҳрамони» унвонини беришди, аммо фақат унигина тақдирлаш бошқаларнинг кўзига бошқачароқ кўриниши мумкин эди. Шу сабабли масхарабоз, Никулиннинг устози Михаил Румянцев (Карандаш) ва ҳайвон ўргатувчи Ирина Бугримова ҳам Социалистик Меҳнат Қаҳрамони бўлишди.
Горбачёвнинг циркка муносабати ҳақида бир нима дейиш қийин. Аммо қайта қуриш авжига чиққан бир пайтда унинг ижодкор зиёлилар билан ўтказган учрашувини эслаш ўринли. Унда Юрий Владимировичга сўз беришганида, шундай деганди: «Циркда ҳайвонларга атиги икки-уч кунга етгулик гўшт қолди. Кейин биз забастовка эълон қиламиз. Яъни, йўлбарсларга тўла қафасларни юк машиналарига ортиб, Моссоветга юриш қиламиз. Ҳукумат, табиийки, милиция кучларини чақиради, биз эса бунга жавобан йўлбарсларимиз учун гўшт талаб уиламиз! Агар шунда ҳам ҳеч нимага эриша олмасак – қафасларни очиб юборамиз! Ўшанда бизнинг ҳайвонларимиз сизнинг милиционерларингиз билан қорин тўйғазишади. Шу натижа Сизни қониқтирадими, ҳурматли ўртоқ Президент?»
Бир дақиқалик танаффусдан сўнг Горбачёв хандон отиб кула бошлади. Никулин циркка қайтганида, икки ҳафтага етгулик гўштни аллақачон келтириб қўйишган экан.
Ельцин ҳам Юрий Владимировични яхши кўрарди. Улар иккаласи бурунлари теккудек бир-бирига яқин туриб тушган фотосуратга ўз вақтида кўплар қизиқ тагсўз ёзиб юборишган. Масалан: «Буюклик билан кулгилилик ораси бир энлик», «Мен ҳақимдаги латифани биласанми?» Энг кулгили сўзни эса «Мўъжизалар майдони» телекўрсатуви бошловчиси Леонид Якубович топган: «Президент ва масхарабоз. Чапдагиси Президент».

«Жодугар»

Аммо Юрий Владимировичнинг атрофида ҳамиша ҳам фақат яхши ниятли кишилар бўлавермаган. Циркда директор бўлган йиллари бир аёл Никулиннинг пинжига кириб олиб, унга ўз таъсирини ўтказа билганди. Виктория Виклюк исмли бу шахсни бутун цирк дунёси яхши билар ва ундан ҳамма ҳайиқарди. Унинг циркдаги номерлари деярли томошабинларнинг эсида қолмайдиган даражада бўлса-да, унинг директорга таъсири худди жодугарнинг аврашидек эди. Юрий Владимировичнинг ўрнига ҳам гастролларни у тайинлар, маошларни белгилар эди. Москвадаги етти йиллик фаолияти давомида у «Арена» меҳмонхонасининг энг люкс хонасида яшаган.
Иш шу даражага борганки, Америкага қилинадиган сафар чоғи, Виктория Виклюк Никулиннинг шахсий врачи сифатида расмийлаштирилган. Кейин бу «жодугар»нинг нафси янада ҳакалак отиб, ҳатто Юрий Владимировичнинг шуҳратига ҳам ҳасад қила бошлаган. Худди директорни йўқ қилса ўрнига ўзи чиқиб оладигандек, буюк артистга қарши материаллар тўплашга киришган. Никулиннинг суҳбатларда, шунчаки айтган гапларини магнитофонга ёзиб борган...
Ўз раҳбарини дилдан севган цирк жамоаси Викториянинг бу ишига энди хотиржам қараб туролмасди.  Уни бу ёвуз таъсирдан қутқариш мақсадида циркнинг иқтисодий директори Михаил Седов жамоа йиғилиши ўтказди. Унда фақат икки киши қатнашмади – Никулин (ўша пайтда у Францияда эди) ва Виклюкнинг ўзи. Йиғилиш бу «жодугар»ни ишдан четлатишга қарор қилди. Қарорни Никулинга топширишганида, унинг жамоа фикрига қўшилишдан бошқа йўли ҳам қолмаганди.
Йиғилишдан кейин кўп ўтмай, Михаил Седовни ўз подъездида учта ўқ билан ўлдириб кетишди. Унинг ортидан чиқаётиб салгина кечиккан қизи эса тасодиф туфайли омон қолди. Қотиллар ҳозиргача топилмаган.
Иқтисодий директорнинг ўлимидан сўнг, албатта, бу лавозимга ўтиришдан ҳамма чўчирди. Шунда Юрий Владимирович энг маъқул йўлини топди: бу вазифага ўз ўғли Максимни тайинлади. У шу вазифада бир йил давомида ҳеч қандай маош олмасдан ишлаб берди.
Буюк масхарабозга бағишланган телекўрсатувда Эльдар Рязанов Никулиннинг ўзидан шу ҳақда сўраганди: «Юра, ҳамкасабангнинг ўлдирилишидан сўнг, бу ўринга ўз ўғлингни қўйишга қўрқмадингми?» Буюк қалбли масхарабоз ўйлаб ўтирмасдан жавоб берди: «Нима учун мен бу хавфли ўринга бошқа бировнинг ўғлини қўйишим керак экан?»

Буюкларнинг ўрни билинади

Юрий Владимировични гарчи ҳамма – давлат раҳбарларидан тортиб оддий мухлисларгача – буюк инсон деб билса-да, у ўта оддий одам эди. Никулин доимо ҳамма билан бир хил самимий муносабатда бўлган, ўзи ҳақида ҳам жуда оддий гапирган: «Тунлари китоб ўқишни яхши кўраман, карта ўйнашни, меҳмонга боришни, машина ҳайдашни ёқтираман. Тағин, ақлли кишиларни, қўшиқларни (тинглаш ва куйлашни), латифаларни, дам олиш кунларини, кучукларни, ботаётган қуёш нурларига чўмилган Москва кўчаларини, макарон билан котлетни яхши кўраман. Эрта уйғонишни, навбатда туришни, пиёда юришни ёқтирмайман. Кўчаларда мени тиқилинч қилишларини, мени алдашларини ёмон кўраман. Кузни ёқтирмайман».
Айтганидек, 1997 йилнинг кузини – ўзи ёқтирмаган фаслни у кўрмай кетди. Буюк артистнинг юраги касал бўлиб, соғлиғи ўта оғирлашгани сабабли уни операция қилмаса бўлмасди. Никулиннинг ҳаёт-мамоти учун бўлган жанг ўн олти кун давом этди. Бу кунлар давомида оммавий ахборот воситалари халқ артистининг соғлиғи ҳақида кундалик маълумот бериб турди. Сталиндан кейин ҳеч кимнинг саломатлигига бу қадар эътибор берилмаганди.
Шифокорлар қўлларидан келган ҳамма нарсани қилишди: янги тиббий аппаратлар, энг сўнгги тиббий технологиялар, самарали дори воситалари қўлланилди. Аммо барибир мўъжиза рўй бермади. Юрий Владимирович Никулин 1997 йилнинг 21 августида, соат 10 дан 16 минут ўтганда омонатини эгасига топширди.
26 август куни, «Цветной» бульваридаги цирк биносида Никулин билан видолашиш маросими ўтказилди. Унда Россиянинг ўша пайтдаги Президенти Борис Ельцин ва давлатнинг бошқа катта кишилари, таниқли санъаткорлардан ташқари, актёрнинг оддий мухлислари ҳам қатнашди. Тобут ёнида тураркан, Евгений Александрович Моргунов шундай деди: «Бир пайтлар Юра билан бирга Гайдайнинг тобути ёнида худда мана шундай тургандик. Одамлар нега ўладилар-а? Худди уларнинг бундан муҳимроқ иши қолмагандек».
Никулинни Новодевичье қабристонига қўйишди. «Цветной» бульваридаги цирк буюк масхарабознинг номи билан атала бошлади ва уни Максим Никулин бошқаришда давом этди.
Русларда шундай мақол бор: «Незаменимых людей не бывает...» Яъни, «Алмаштириб бўлмайдиган кишининг ўзи бўлмайди». Аммо шундай кишилар борки, уларсиз дунё камбағаллашиб, бўшаб қолади. Чунки улар оламни олдингидан кўра яхшироқ, гўзалроқ, мукаммалроқ қилганлар. Шунинг учун ҳам биз уларни ҳамиша эслаб юрамиз. Агарки киши инсонлар хотирасида мавжуд экан, унинг ўзи ҳам барҳаётдир. Юрий Владимирович Никулин ҳам миллионлаб мухлисларининг қалбларида, ҳаётида, тарихда из қолдириб кетди. Ҳа, унинг қувноқ, яхшиликка ундовчи, ишончга чорловчи изи ҳеч қачон сўнмайди.


Интернет материаллари асосида Ҳамидбек ЮСУПОВ тайёрлади.

четверг, 14 августа 2014 г.

ЧАПАҚАЙЛАР


Ўнг қўлга мослашган одамлар чапақайларга ҳамиша «ғайриоддий» кишилар сифатида қарашади. Кўпгина манбаларда чапақайлар уқувсиз ва лапашанг, шунингдек, зиёнкор ва иккиюзламачи шахслар сифатида эътироф этилган. Лотин тилида «dexter» сўзи «ўнг» ва «яшатувчи» деган маъноларни, «sinister» сўзи бўлса — «чап» ва «ўлимга бошловчи» маъноларини билдиради. Бошқа халқлар тилларида эса, ҳалол, тоза ва олий ҳисобланган ўнг қўлга зид ҳолда чап қўл ноҳалол, алдоқчи деб аталади ва паст саналади.
Чапақайлик қачондан бери салбий хусусият сифатида баҳолаб келинади? Тахминларга кўра, бунга Матто Инжилидаги ўнг ва чапга янгича баҳо берилган, Қиёмат тасвири акс эттирилган қуйидаги лавҳа сабаб бўлган:
«Шунда Подшоҳ Ўзидан ўнг томонда турганларга айтади: «Эй, Менинг Падарим олқаганлар, келинглар! Дунё яралганидан бери сизлар учун мерос сифатида тайёрлаб қўйилган Шоҳликни эгаллангиз...»
...Сўнг У чап томондагиларга ҳам айтади: «Эй лаънатилар! Кўзимдан йўқолинг, иблис ва унинг фаришталарига тайёрлаб қўйилган абадий оловга мубтало бўлинг!..»
Чапақайлар ҳозирги кунгача камситилади ва, айтиш мумкинки, маданий тарзда босим остига олинади. Мисоллар керакми? Сиз қуйидагиларни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: нега саломлашганда ўнг қўлни узатамиз, нега қўл соатларининг бурагичлари ўнг томонида бўлади, телефон будкаларида рақам тугмачалари ўнг қўлга мослашган бўлади, метродаги жетон ташлайдиган тешикчалар ўнг томонда бўлади, иш анжомлари ўнг қўлга мосланган, фотоаппаратларнинг суратга олиш тугмачаси ўнг томонида бўлади, эшиклар тут­қичлари эса ўнг қўлга мослаб, чапақайларга ноқулай қилиб ўрнатилади? Бундан ташқари, бизда «чап кўз билан қараш», «ишларнинг чаппасига кетиши», «чап томондан туриш» ва шу каби иборалар ҳам мавжуд.
Олимларнинг фикрига кўра, қадимда бутун инсоният чапақай бўлган. Ўнг қўлга мослашининг келиб чиқиш сабаблари тўғрисида турли фаразлар айтилган. Улардан биттасига кўра, қадимда, жангу жадаллар кўп бўлиб, кишилар деярли ҳамиша қилич ва қалқон билан қуролланган ҳолда юрганларида, чапақайлар кўпроқ қирилиб кетишган экан. Чунки, улар эпчил чап қўли билан қилични, ўнг қўли билан бўлса қалқонни ушлаганлар ва шу сабабли юраги жойлашган чап кўкрагини яхши ҳимоя қила олмаганлар.
Аммо, чапақайлар сони камайишининг ишончлироқ сабаби — мия чап яримшари ролининг мунтазам ошиб боришидир. Инсон организми шундай тузилганки, унда миянинг чап яримшари тананинг ўнг томонини, ўнг яримшари эса – чап томонини бошқаради. Гарчи миянинг чап ва ўнг яримшарлари ташқи кўриниши жиҳатидан бир-бирига ўхшаса ва биргаликда ишласа ҳам, улар турлича ўйлайди ва яшайди. Бу ҳолат фан тилида «яримшарлар орасидаги асимметрия» деб аталади.
Қадимги одамларда миянинг ўнг яримшари фаолроқ бўлган. Онгсиз инстинк­тив (туғма) ҳаракатлар, олдиндан сезиш ва интуиция («кўнгил сезиши»), образли хотира, шунингдек, ритмни, рангларни, товушларни, ҳидларни, тана сезгиларини чуқур тушуниш ҳамда борлиқда яхши мўлжал олиш айнан ўнг яримшар зиммасидадир. Маданият тараққий этган сайин инсоннинг юқорида санаб ўтилган бир қанча қобилиятларига эҳтиёж камая борган. Натижада чап яримшар томонидан бошқарилиб, ўнг қўл билан бажариладиган, ҳаётда зарурроқ бўлган бошқа вазифалар (онгли тарзда аниқ мулоҳаза юритиш, математик ва таҳлилий қобилиятлар, нутқ, ўқиш ва ёзиш, мақсадга йўналтирилган ҳаракатлар) уларни сиқиб чиқарган. Табиат фарзанди бўлган инсон, фаол чап яримшари ва ўнг қўли ор­қали ўзидаги олтинчи туйғуни билар-билмас йўқотиб, тараққиёт фарзандига айланиб қолган. Натижада диний ва маданий анъаналар билан мустаҳкамланган ўнг қўл устунлиги ҳаётда юқори поғонани эгаллай борган, ноқулай ва мослаша олмайдиган чапақайлар эса «бурчакка сурилиб» қолган.
XX аср бошигача олимлар бир овоздан, чапақайлик туғма бўлади, миянинг ўнг яримшари эса иккинчи даражалидир, деб ҳисоблаганлар. Исбот сифатида чапақайларнинг ҳаётга тез мослаша олмасликлари, беқарорликлари ва улар руҳий фаолиятининг нозиклиги кўрсатилган. Ҳозирда ҳам, чапақайлик — миядаги функциялар алмашинишининг натижасидир, деган фикр мавжуд. Лекин, келинг, ғайритабиий белгиларни қайсарлик билан изламайлик. «Рисоладаги» одам учун курашга киришиб, малла, букри, оқсоқ, ғилай, чапақай ва шу кабиларни камситиш орқали ҳақиқатдан узоқлашиб кетиш жуда осон.
Яхшиси, уларнинг аслида қанақа одамликлари ва уларнинг инсоният ҳаётидаги роли (эҳтимол, ҳали ҳозирча намоён бўлмаган роли) ҳақида бош қотирсак. Агар қайсар ва салбий нуқтаи назарни четга суриб қарасак, англаймизки, улар нотўғри одамлар эмас, балки шунчаки бошқаларга ўхшамаган кишилардир.
Машҳур тарихий шахслардан Аристотел, Тиберий, Цезар, Микеланжело, Леонардо да Винчи, Александр Македонский, Жанна Д’Арк, Буюк Карл, Наполеон, Ньютон, И.П.Павлов, Н.С.Лесков, Д-К.Максвелл, Ч.Чаплин, Л.Кэррол, П.Пикассолар чапақай бўлишган. Ҳозирги кунимизда таниқли бўлган чапақайлардан эса Рональд Рейган, Пол Маккартни, Брюс Уиллис, Вупи Голдберг, Опру Уинфри, Дэвид Духовнийларни санаб ўтиш мумкин. Бу ерда изоҳлар ортиқча. Чапақайлар ўзларининг тўлақонли кишилар эканлигини етарлича исботлаб бўлишган.
Улар орасида меъморлар, рассомлар ва мусиқачилар кўпроқ. Чапақай боксчилар ва теннисчилар ҳам ўзларининг бошқалардан ажралиб турувчи қобилиятлари билан танилганлар. Ҳиссиёт соҳасида ҳам чапақайларнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд: улар қизиққон, кўп ҳолларда тортинчоқ, таъсирчан, виждонли, оддий кишиларга ва амбидекстрларга нисбатан пессимист бўладилар (амбидекстрлар — ҳам ўнг, ҳам чап қўл билан бемалол ишлай олувчи алоҳида тур кишилар; ўрта ҳисобда ҳар беш кишидан биттаси шундай бўлади).
Табиат чапақайларни ғайриоддий (бошқалар нуқтаи назаридан, албатта) хусусиятлар билан сийлаган. Улар:
–            товушлар ва оҳангларни бошқачароқ, ўзгалар англай олмайдиган нозик жиҳатлари билан қабул қиладилар. Улар куйни яхши эшитадилар, аниқроғи, яхшироқ тинглай биладилар.
–            ифодали хотирага эга бўлиб, таассуротларни узоқ муддат сақлай биладилар ва хотирасидаги таассуротларини ёрқин тарзда ифода эта оладилар. Улар бир қарашда оддий одамларга кўринмайдиган жиҳатларни кўра биладилар. Уларда парадоксларга мойиллик ҳамда ўзига хос нигоҳ, рангларни ўзгача тарзда қабул қилиш қобилияти мавжуд.
–            йўллардаги барча кириш ва чиқиш жойларини эслаб қолиб, борлиқда тезда мўлжал ола биладилар, ҳаракатларнинг кетма-кетлиги ва майда деталларини эслай оладилар. Бундан ташқари, вақт билан эркин муносабатда бўладилар, бир вақтлар бўлиб ўтган воқеаларни бутун изчиллиги ва майда-чуйдаларигача хотирасида қайта тиклай оладилар.
–            онгсизлик ҳолати билан кўпроқ боғлиқ бўладилар. Чапақайлар дунёни ўзгача ўлчамлари ва сифатларини англаб, бошқачасига кўрадилар. Айрим чапақайларнинг ғайритабиий хусусиятлари – бошқаларга нисбатан бир қадам олдинда яшашлари, келажакни башорат қила олишлари шу билан алоқадор. Бирор нарсадан илҳомланиш – улар учун табиий қобилиятдир.
Бу ҳайратли чапақайлар орасида, рақамлар билан иш кўрувчи, мантиқий ва аниқ фикрловчи ўнг томонга мослашганлар анча содда кўринади. Фақат бир нарса таскин бериши мумкин: оддий одамлар орасидаги кўпчилик инсонлар ҳам маълум даражада чапақайдирлар, лекин бу чапақайлик очиқ эмас, яширин тарзда намоён бўлади. Масалан, кишининг чап қулоғи, чап кўзи ёки оёғи фаолроқ ишлаши мумкин.
Булардан ташқари, олимларнинг фикрига кўра, аёлларнинг ақли ўз хусусиятларига кўра чапақай эркакнинг миясига яқинроқ туради. Аёлларнинг ҳайрон қоларли даражада интуиция («кўнгил сезиши», олтинчи туйғу) ва кўпчилик эркакларга насиб этмаган «рентгенсимон» нигоҳга эга бўлишлари ҳам мана шундандир.
ўарбда аллақачондан бери, чапақай боланинг ривожланишига тўсқинлик қилиш унинг шахсияти, ўзига хослиги учун ҳалокатли, деб ҳисобланади ва уларни ўнг томонга мослаштиришдан воз кечилган.
Собиқ Иттифоқда чапақайликни ўрганиш ишлари тарқоқ эди ва бир мақсадга йўналтирилмаганди. Айнан шунинг учун бизда яқин-яқинларгача чапақайларни «мичуринчасига» қайта ўргатиб, табиий «камчилик»ни ўзларича тўғирлаб, аслида уларнинг қобилиятларини синдириб келишган. Натижада эса, ҳамма қатори ўнг қўлида ёзадиган, аммо ички бутунлигидан айрилган ва ўзининг чапақайлигидан қайғурадиган, қийналадиган одамлар етишиб чиққан. Чапақайларнинг руҳиятидаги ўзига хос сифатларни чеклаб қўйган бу қайта ўргатишлар катта меҳнатлар эвазига амалга ошириш билан бирга, болаларнинг невротик реакцияларга, қовоқ учиши, дудуқланиш ва пешоб тута олмаслик каби камчиликларга учрашига олиб келди. Кўпинча, мустақил бўлиб, одам барибир чап қўли билан яхшироқ ишлаган ва бу ҳолат унга ҳеч халақит бермаган – табиат барибир ўз сўзини ўтказган.
Агар болангиз чапақай бўлса, унга босим ўтказманг, балки руҳшунос билан маслаҳатлашинг. Уни ўқитиш учун бизнинг ўнг томон устунлигига ўрганган, ўта рационал дунёмизда тўлақонли яшашга ўргатувчи ва мослаштирувчи мураббий ҳамда ўқув даргоҳи танланг. Агар чапақайни қайта ўргатишга уринмай, ўз ҳолига қўйсангиз, бунга жавобан у ўз руҳий тараққиётининг юксак кўрсаткичлари, тафаккуридаги илғорлиги, меъморчилик, мусиқа ва бадиий ижоддаги ажойиб қобилияти ҳамда ютуқларини намоён этади. Чапақайларни авайласак арзийди, балки улар ўзларининг имкониятларини бутунлай очмагандирлар. Дарвоқе, маълум бўлишича, улар рангли тушлар кўрадилар ва келажакни ҳам озми-кўпми олдиндан сеза биладилар.
Аслида, ҳар бир оддий одамда ҳам маълум даражада чапақайлик аломатлари мавжуд. А.М.Киселев ва А.Б.Бакушев томонидан тавсия этилган тест сизнинг қай даражада чапақай эканлигингизни англашга ёрдам беради ва характерингиздаги айрим жиҳатларни аниқлаб беради.

Бунинг учун сиз, ҳар бир натижани қайд этиш учун олдингизга бир варақ қоғозни олиб, навбат билан қуйидаги ҳаракатларни бажаришингиз лозим бўлади:
1. Кафтларингизни бирлаштириб, чап ва ўнг қўл бармоқларингизни чатиштиринг. Агар чап қўлингизнинг бош бармоғи юқорида қолган бўлса, қоғозга «Ч» ҳарфини, агар ўнг бармоғингиз юқорида бўлса — «Ў» ҳарфини ёзиб қўйинг.
2. Узоқдаги, кўринмас нишонни кўз билан мўлжалланг. Агар бунда ўнг кўзингизни юмиб, чап кўзингизни ишлатсангиз, қоғозга «Ч» ҳарфини, аксинча бўлса —  «Ў» ҳарфини ёзиб қўйинг.
3. Наполеон ҳолатига кириб, қўлларингизни кўкрак устида чатиштиринг. Агар чап қўл тирсагингиз ўнг қўл устида қолса, қоғозга «Ч» ҳарфини, аксинча бўлса —  «Ў» ҳарфини ёзиб қўйинг.
4. Қарсак чалинг. Агар бунда сиз чап кафтингиз билан ўнг кафт устига урсангиз – қоғозга «Ч» ҳарфини ёзинг, аксинча, ўнг қўлингиз фаолроқ бўлса – «Ў» ҳарфини ёзиб қўйинг.

Энди ҳарфлар тизилмаси бўйича натижаларни баҳоланг:
ЎЎЎЎ (100% ўнг томон устунлиги) — консерватизм (қотиб қолганлик), турли вазиятларда мўлжални тўғри ола билиш, келишувчанлик, баҳсга ва жанжалга тоқатсизлик.
ЎЎЎЧ – характернинг ёрқинроқ жиҳати — қатъиятсизлик.
ЎЎЧЎ – характернинг жуда киришимлилиги, эркалик, қатъийлик, юмор туйғуси, артистлик. Кўпинча аёлларда бўлади.
ЎЎЧЧ – камдан-кам учрайди. Характери олдингисига ўхшаш, лекин юмшоқроқ.
ЎЧЎЎ – ақлнинг таҳлилий хусусияти ва юмшоқлик. Секин кўникиш, муносабатларда эҳтиёткорлик, чидамлилик ва сал совуққонлик. Кўпинча аёлларда учрайди.
ЎЧЎЧ — энг кам учрайдиган тур. Ҳимоясизлик, ҳар хил таъсирларга берилувчанлик. Кўпроқ аёлларда бўлади.
ЧЎЎЎ – кўп учрайдиган тур. Ҳиссиётнинг кучлилиги, асосий масалаларни ечишда қатъият ва матонат етишмаслиги. Бошқалар таъсирига берилиш, яхши кўникиб кетиш, дўстоналик ва мулоқотга яхши киришиш.
ЧЎЎЧ – Юқоридаги ҳолатга нисбатан характернинг сал юмшоқлиги, соддалик.
ЧЧЎЎ – дўстоналик ва оддийлик, қизиқишларнинг турли-туманлиги, ўз-ўзини таҳлил қилишга мойиллик.
ЧЧЎЧ – очиқкўнгиллик, юмшоқлик, ишонувчанлик.
ЧЧЧЎ – ҳиссиётлилик, ғайратлилик ва қатъият.
ЧЧЧЧ (100% чапақай) – «характернинг ривожланиб борувчи тури». Эски нарса-ҳодисаларга янгича нигоҳ билан қарай билиш қобилияти. Кучли ҳиссиётлар, ўзига хосликнинг ифодаланиши, худбинлик, баъзан ўз қобиғига ўралиб қолишгача етиб борувчи қайсарлик.
ЧЎЧЎ – энг кучли характер тури; ўз нуқтаи назарини ўзгартиролмаслик, ғайратлилик, олдга қўйган мақсади йўлида қатъийлик.
ЧЎЧЧ – олдинги турга ўхшаб кетади, аммо унчалик қатъий эмас, ўз-ўзини таҳлил қилишга мойиллик; дўст орттиришда қийналиш.
ЎЧЧЎ – енгил характер, келишмовчиликлардан қоча билиш қобилияти, танишиш ва мулоқотга киришишда қийналмаслик, қизиқишларнинг тез-тез ўзгариб туриши.
ЎЧЧЧ ўзгарувчанлик ва мустақиллик, ҳамма ишни ўзи бажариш истагининг кучлилиги.

«oculus.com.ua» сайтидан олинган.
Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.

13 СОНИДАН ҚЎРҚУВЧИЛАР

Дунёнинг барча халқларида турли сабаблар билан ҳар хил иримлар шаклланган. Кишилар иримга кўра бирор нарсани, табиат ҳодисасини, тасодифий мослик ҳолатларини хосиятли ҳисоблайдилар. Ёки аксинча, баъзи вазиятларни, ёмон ном қозонган айрим шахсларни, баъзи ҳайвонларни ва ҳаттоки бегуноҳ рақамларни омадсизлик олиб келувчи, бехосият омил санайдилар.
Ғарбда қадимдан ўлмай келаётган (ва афсуски, бизда ҳам учраётган) ана шундай иримлардан бири - 13 сонини бахтсизлик келтирувчи сон деб ҳисоблашдир. Бу иримнинг сабаблари, тарихи ва моҳияти хусусида кўп гапириш мумкин. Келинг, тушунарлироқ бўлиши учун суҳбатимизни 12 сони билан боғлиқ маълумотлардан бошлаймиз.

«Чиройли» ва «муқаддас» сон
Бизда ҳозирда амал қиладиган ўнлик саноқ системаси ўзимизга жуда оддий, табиий ҳол бўлиб туюлади: иккита қўлимизда ўнта бармоқ бор-да. Яъни, нолдан тўққизгача - бир хонали сонлар, ўндан бошлаб тўқсон тўққизгача икки хонали, юздан 999 гача уч хонали ва ҳоказо, ҳаммаси ўнликка асосланган. Аммо ҳамиша ҳам шундай бўлган эмас. Қадимдан турли халқлар саноқда бешлик ва... ўн иккилик саноқ тизимига ҳам асосланишган. Унинг саналиши эса, битта қўлнинг тўртта бармоғидаги бўғинлар сонига асосланган. Бунда бош бармоқ ҳисобга олинмайди, чунки қолган бўғинларни унинг ёрдамида санаймиз. Европада амал қилган бу тизимда саналадиган нарсаларнинг ўн иккитаси битта дюжина деб ҳисобланган, ўн иккита дюжина эса битта гроссни, ўн иккита гросс бўлса массани ташкил этган. Бу ҳол ўлчов бирликларида ҳам акс этган: инглизлардаги узунлик ўлчови - фут 12 та дюймга бўлинади, троя фунти 12 унцияга тенг.
Умуман, ўнликдан кўра ўн иккилик саноқнинг афзал томонлариям бор: у биратўла тўртта сонга қолдиқсиз бўлинади: 2,3,4,6 сонларига. Ўнни эса фақат иккита: 2 ва 5 сонларига қолдиқсиз бўлиш мумкин. Кундалик ҳаётда ҳам ўн икки сони жуда кўп учрайди ва турмушнинг ҳар хил соҳаларида унинг аҳамияти катта. Улардан энг муҳимларига бир эътибор беринг-а:
Вақт ўлчовларида: йил ўн икки ойдан иборат, сутка иккита (кундузги ва тунги) ўн икки соатга ажралади. Милли соатларда 12 та рақам акс этади, унинг дақиқани кўрсатувчи мили соат милидан 12 марта тез айланади. Мучал цикли 12 йилга тенг, буржлар ҳам ўн иккита...
Тиббиёт ва биологияда: одамда ўн икки жуфт қовурға мавжуд, ўн икки бармоқли ичак бор, сутэмизувчиларда 12 жуфт бош мия нервлари мавжуд.
Техникада: компьютер клавиатурасида 12 та функционал тугмача бор, тугмачали телефонларда ҳам 12 та тугмача мавжуд. Энг кучли автомобиль двигателлари 12 цилиндрли бўлади. Телевизион эфирнинг метрик диапазони ўн икки каналга бўлинади. Паст кучланишли электр қуввати сақловчи батареялар 12 вольтгача кучланишли бўлади, зилзила кучи 12 балли шкалада ўлчанади ва ҳоказо.
Математикада ўн иккининг ҳайратга арзирли хислатлари кўп: фазода муайян шар атрофига худди шу ўлчамдаги шарлардан роппа-роса ўн иккитаси тегиб тура олади. Кубнинг ўн иккита қирраси мавжуд. Классик Миср учбурчагининг ўлчамлари 3:4:5 га тенг, яъни улар йиғиндиси 12 ни ташкил этади.
Тарихда ҳам 12 сонининг роли катта: Қадимги Римда асосий қонунлар «Ўн икки жадвал қонунлари»га жамланган. Британларда парламентнинг ўзига хос кўриниши - Думалоқ Стол атрофида 12 нафар рицар бўлган. Францияда ҳам ўн икки нафар (олти нафар дунёвий, олти нафар диний) пэр бўлган. 1949 йилда ўн икки давлат  бирлашиб НАТОни ташкил этишган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг собиқ Иттифоқда 12 та шаҳарга «Қаҳрамон шаҳар» унвони берилган.
Қадимдан турли элатлар мифологиясида ва диний эътиқодларда ҳам 12 энг кўп ишлатиладиган сонлардандир: антик мифологияда 12 нафар Олимп маъбудлари бор, деб ҳисобланган, гарчи улар таркиби йиллар давомида турлича тушунилса-да, сони ўн иккилигича қолган. Юнон мифологик қаҳрамони Геракл ўн иккита жасорат кўрсатган. Пайғамбар Исо масиҳнинг 12 нафар ҳаворийси (яқин шогирди) бўлган. Монийлар эътиқодининг 12 та асосий қонуни бўлган. Довуд юлдузи 12 бурчакка эга. Сулаймон ибодатхонасининг ўн икки қисми бўлган. Ёқуб пайғамбарнинг ўн икки нафар ўғлидан яҳудийларнинг 12 қавми тарқаган. Мусо пайғамбар Фиръавн тақибидан қочиб бораётиб, ҳассасини Қизил денгизга теккизганида, сув чекиниб, 12 та йўл очилган. Буддизмда тирик мавжудотларнинг қайта тирилишлар жараёни 12 босқичдан иборат доира шаклида тасаввур қилинган. Насронийлик анъанасида Рождестводан кейинги ўн иккинчи кеча Худонинг намоён бўлиши байрами нишонланади. Православ мазҳабида ўн иккита муҳим диний байрам бор. Яҳудийлик анъанасига кўра қиз боланинг 12 ёшида «Бат-Мицва» маросими ўтказилади.
Адабиётда ҳам ўн иккининг тилга олиниши кўп учрайди: Шекспирнинг «Ўн иккинчи тун ёки ўзингиз биласиз» номли комедияси мавжуд. Александр Блок «Ўн икки» номли поэма, С.Маршак эса «Ўн икки ой» номли драматик эртак ёзганлар. И.Ильф ва Е.Петровнинг машҳур «Ўн икки стул»и ҳам бу рўйхатни безаб туради. Хитой ёзувчиси Ли Юй қаламига мансуб қиссалар тўплами «Ўн икки минора» деб аталади. Гай Светоний Транквилл «Ўн икки Цезарь ҳаёти» номли биографиялар тўпламини яратган. Тожик ёзувчиси Жалол Икромий 1968 йилда «Бухоронинг ўн икки дарвозаси» номли тарихий асар ёзган. Умуман, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Дарвоқе, машҳур илмий фантаст ёзувчи Герберт Уэллснинг «Ухлаётган киши уйғонганида» номли романида кишилар ўн иккилик саноқ тизимидан фойдаланишади.
Кинода ҳам ўн иккининг роли катта, сўзимизни қисқароқ қилиш мақсадида айрим фильм номларинигина санаб ўтамиз: «Оушеннинг ўн икки дўсти», «Аламзада ўн икки эркак», «Ўн икки», «Ўн иккинчи куз», «Рождествонинг ўн икки куни», «Ўн икки маймун» ва ҳоказо. «Ўн икки стул» асари асосида эса учта фильм ишланган.
Мусиқада ҳам ўн икки сонини кўп учратамиз: октава ўн иккита полутонга бўлинади. Хор бўлиши учун камида ўн икки нафар иштирокчи бўлиши талаб этилади.
Ҳуқуқ ва қонунчилик соҳасида ҳам қадимдан ўн иккига эътибор қаратилган. Қадимги Римда «Ўн икки жадвалли қонун» мавжуд бўлган. Анъанавий судда ўн икки нафар ҳакам қатнашади.
Кўриб ўтганимиздек, ўн икки сонига қадимданоқ катта аҳамият берилган ва у шунга арзийди ҳам. Шу каби хусусиятларига кўра, ўрта асрлар Европасида математик олимлар уни энг чиройли дея таърифлашган, нумерология (сонларнинг ғайриоддий, илоҳий хусусияти ҳақидаги таълимот) тарафдорлари эса 12 ни энг мукаммал тартибли, ҳатто муқаддас рақам ҳисоблашган.
Тартибнинг бузилиши
Энди ўйлаб кўринг - шунчалик гўзал сондан кейин ҳеч бир ижобий хусусиятга эга бўлмаган: ҳеч бир сонга қолдиқсиз бўлинмайдиган, геометрияда бирор аҳамиятсиз сон туриши хунук кўринмайдими кишига? Балки бизга ундай туюлмас, аммо ўрта асрларда европаликлар тафаккурида ўн уч худди шундай, хосиятсиз кўрина бошлаган. У ўн иккилик саноқ тизимидан ташқаридалиги учун ҳам мувозанатнинг бузилиши, бахтли тўпламдан ошиқчаси, деган маънода кишиларда ёмон тасаввур уйғотган. Бу эса ирим тусига кириб, иримчилар 13 ни ҳатто «Иблис дюжинаси» деб атайдилар.
Америкалик журналист, ёзувчи ва психиатр Натаниэль Лакенмайернинг «Иблис дюжинаси. Бир ирим тарихи» китоби бу мавзуда кўплаб қизиқарли маълумотлар беради. У мазкур иримнинг келиб чиқиши, яшовчанлиги ва таъсирини махсус ўрганиб, қизиқ маълумотларни баён этган. Унга кўра, бу иримнинг сабаблари ҳам кўп: сеҳр-жоду маросимларида айнан 13 нафар жодугар иштирок этган, скандинавияликлар мифологиясида ўн учинчи маъбуд - маккор Локки ҳисобланади, 13 февраль эса қадимий римликларда ҳар қандай ишни бошлаш учун бахтсиз кун саналган, қарта билан фол очиш усули - тарода ўн учинчи қарта «ўлим» маъносини беради ва ҳоказо. Македониянинг шонли подшоси Филипп 12 нафар олий маъбудлар ҳайкаллари ёнига ўн учинчи қилиб ўз ҳайкалини ўрнатган ва тез орада ҳалок бўлган. Библиянинг «Апокалипсис» номли қисмининг 13-бўлимида эса Дажжол (Антихрист)нинг келиши билан бошланадиган катта фалокатлар тасвирланган. Яҳудийлик диний-мистик таълимоти - Каббалада эса ёвуз руҳлар сони ўн учта дейилади...
Хурофот туфайли «болалаган» ирим
Маълумотларга кўра, ўн учни ёқтирмаслик бирданига пайдо бўлмаган, ҳатто ўрта асрларда инглизлар уни «нонвой дюжинаси» деб ҳам атаганлар. Сабаби - у пайтлари харидорларнинг ҳақидан уриб қолган савдогарлар қаттиқ жазога тортилар, ҳатто қўли чопиларди. Шундан қўрққан ва харидорларни каттароқ миқдорда савдо қилишга рағбатлантириш мақсадида, нонвойлар бир дюжина маҳсулот олган мижозларига бир дона қўшиб, ўн учга етказиб беришарди.
XIX асргача 13 сони билан алоқадор қўрқув фақат битта соҳада бўлган: европаликлар дастурхон атрофида ўн уч киши ўтиришидан сақланганлар. Агар шундай бўлиб қолса, улардан бири кейинги бир йил давомида вафот этади, деб ҳисоблашган улар. Бу иримнинг юзага келишига эса Исо масиҳ ўз умрининг охирги оқшомида ўн икки нафар ҳаворийси билан бир дастурхон атрофида овқатланишгани, эртасига Исонинг хочга михланиши воқеаси сабабдир. Шунинг учун, агарда бирор ўтиришда тасодифан айнан 13 киши йиғилиб қоладиган бўлса, яна бир кишини чақиришган. Кўпчилик Ғарб мамлакатларида, масалан Францияда бунинг учун махсус агентлик ҳам ишлаган: муайян миқдордаги пул эвазига улар «ўн тўртинчи меҳмон»ни етказиб беришган. Ўн тўққизинчи асрга келиб эса кишилар, қайси соҳада бўлмасин, умуман ўн учдан қўрқа бошлашган.
Аслида насронийликнинг ўзи ўн учга ҳамиша бахтли сон дея қараган, чунки у Исо ва унинг ҳаворийларини рамзий акс эттирган, асло уларнинг сўнгги оқшомда бирга овқатланишларини эмас. Ҳозирда ҳам черков 13 сонидан қўрқишни гуноҳ дея таъкидлайди, лекин одамлар ҳақиқатдан кўра хурофотга кўпроқ мойил бўлишлари сабабли бу ирим «болалаб» кетган...
Фан нима дейди?
Фанда ўн учдан қўрқиш трискаидекафобия (ёки тердекафобия) деб юритилади. Унинг акси - 13ни хосиятли санаш эса трискаидекафилия дейилади (юнончада фобия - қўрқиш, филия - севиш маъносини беради). Кейинчалик бу иримга яна бир ирим - жума кунини хосиятсиз санаш ҳам қўшилган (кўпчилик Шарқ халқларида, мусулмон маданиятида жума муқаддас кун бўлса, Ғарбда бунинг акси). Натижада, агар бирор ойнинг ўн учинчи куни жумага тўғри келса, у ўта бехосият ҳисобланган ва ундан одамлар янада қаттиқроқ қўрқишган. Бу қўрқув фанда параскаведекатриафобия (ёки фриггатрискаидекафобия) деб аталади.
Лакенмайер ҳамма жойдан бу иримлар изларини қидирган, турмушнинг ўн уч аралашган ҳар бир соҳасини текширган, мижозларидан суриштирган, ижтимоий сўров маълумотларига ҳам мурожаат қилган. Дарвоқе, Лакенмайернинг «Иблис дюжинаси. Бир ирим тарихи» китоби ҳам ўн уч бобдан иборат. Аниқланишича, 2000 йилда «American Demographics» журнали кўп тарқалган ирим ва ишончларни тадқиқ этиб, қизиқ натижага эришган экан: жума кунига тўғри келган ўн учинчи сананинг бехосият бўлишига америкаликларнинг роппа-роса ўн уч фоизи ишонаркан!
Бу иримларнинг ёйилишига маълум даражада бадиий адабиёт ҳам ўз «ҳисса»сини қўшган: 1907 йилда Томас Лоусоннинг «Жума, ўн учинчи сана» романи чоп этилган. У ўта катта муваффақият қозонган ва тез орада экранлаштирилган. Айнан Томас Лоусон туфайли «жума, 13»дан қўрқиш ирими кенг ёйилган. Умуман, турли бадиий асарлар, кейинчалик бадиий фильмларда ўн уч сони, айниқса жумага тўғри келган ўн учинчи сана бехосият қилиб тасвирланган ва бу ҳол иримчиларнинг сафи кенгайишига «хизмат» қилган.
Бу иримлар туфайли, ХХ аср бошлариданоқ Манхэттенда кўп қаватли уйлар фақат 12 қаватгача бўлган. Шунингдек, асосан биржада иштирок этганлиги сабабли иримчи бўлиб қолган кишилар яшовчи Уолл-стрит кўчаси меъморлари ҳам биноларини бу қаватгача олиб боришмаган. Казинолар шаҳри бўлмиш Лас-Вегас корчалонлари орасида ҳам шундай ишонч мавжуд: ойнинг ўн учинчи куни жумага тўғри келса, шу куни ўйинчилар катта миқдорда ютиб олиб, казино эса ютқазиб қўярмиш.
1939 йилнинг 12 октябр - пайшанба куни Индиана штатидаги Френч-Лик шаҳри маъмурий кенгаши шаҳар полицияси бошлиғига шундай буйруқ берган: барча қора мушукларга қўнғироқчалар тақиб қўйилсин, токи аҳоли шундай машъум кунда қора мушукка дуч келишдан эҳтиёт бўлсин. Ўша куни «Indianopolis News» газетасида чиққан мақолада бу ҳол шундай изоҳланган: «Кенгашнинг фикрича, қора мушукларсиз ҳам бу машъум кун келтирадиган бахтсизликлар тўлиб ётибди».
1953 йилда эса «Тhe New York Times» газетаси шундай хабар берган: эмишки, жумага тўғри келган ҳар қандай ойнинг 13 санаси мамлакатга 250000000 доллар миқдорида зарар етказармиш. Аммо мақолада бу рақам айнан қандай ҳисоблаб чиқарилгани изоҳланмаган.
Хосиятсиз ўн уч
Австриялик бастакор Арнольд Шёнберг трискаидекафобиядан азият чеккан. У ўн учинчи санада туғилган ва қизиғи, шу санада оламдан ўтган. У ўн уч сонидан қўрққанлиги сабабли ўзининг сўнгги операсини «Моисей да Арон» дея нотўғри номлаган, чунки унинг тўғри ёзилишида - «Моисей да Аарон» сўзида 13 та ҳарф мавжуд. Бир сафар у 13 рақамли уйни ижарага олишдан қатъиян бош тортган. Композитор ўзининг 76 ёшга тўладиган кунидан қаттиқ қўрққан, чунки бу сондаги рақамлар йиғиндиси - 7+6=13 бўларди. Шёнберг 76 ёшидаги 13-сана жумага тўғри келишидан, яъни 1951 йилнинг 13 июлидан айниқса ваҳимага тушган. Миш-мишларга қараганда, ўшанда у кун бўйи ўлимини кутиб тўшакдан турмай ётган. Хотини уни бундай жинниликни бас этишга ундаб, ёнига борганида, Шёнберг «уйғунлик» деган ва... чинданам жон берган! Бу пайт соат кечки 11:47 эди, яъни бу сонлар рақамлари йиғиндиси ҳам 13га тенг эди, тағин, кун тугашига 13 дақиқа қолганди.
«Аполлон-13» фазо кемасининг ҳалокатини ҳам кўпчилик унинг тартиб рақамига алоқадор, деб билади. У 1970 йил 11 апрелда, шарқий ёзги вақтга кўра 14:13 да 39-сонли (уч карра 13) парвоз мажмуасидан учирилганди. Кема Ой орбитасига айнан 13 апрел куни чиқиши керак эди.
Испан мотопойгачиси Ангел Нието, ўзининг сўзларига кўра, 12+1 маротаба жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган. Унинг ҳаёти тўғрисидаги фильм ҳам айнан «12+1» деб номланган.
Қанчалар ғалати бўлмасин, Fарбда ҳозиргача шу иримга кўпчилик қаттиқ ишонади. Шу сабабли ҳам айрим кўп қаватли биноларда 13-қават йўқ: ё 12 дан кейин 14-қават келади, ёки 12А ва 12Б қаватлар бўлади, баъзиларида 13-қават шунчаки «+1» дея белгиланади. Бу ҳолат уй рақамларига, театрлардаги ўриндиқлар қаторларига, кема каюталарига, самолётдаги қаторларга ҳам тегишлидир. АҚШдаги учувчиларнинг кўпчилиги иримчи бўлганлиги сабабли, уларда кетма-кет рақамланувчи қирувчи самолётларда ҳам ҳеч қачон Ғ-13 рақамлиси бўлмаган: YF-12 дан кейинги модель F-14 дея номланган. «Формула-1» автопойгаларида ҳам 12-рақамли машинадан кейин 14-си келади.
Хосиятли ўн уч
Лакенмайернинг аниқлашича, 13дан қўрқувчилар қанча бўлса, уни ёқтирувчилар сони ҳам шунча экан.
13дан асосан Шарқда: Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, Корея, Саудия Арабистонида, шунингдек, Италияда умуман қўрқишмайди. Каббалада бу сон хайрли ҳисобланади, яҳудийларда ўғил бола 13 ёшлигида «Бар-Мицва» маросими ўтказилади. Майя ҳиндуларида ҳам ўн уч муқаддас ва хосиятли сондир. Ацтекларда эса 13 - бу вақтнинг рақамидир, у замонда содир бўлувчи навбатдаги воқеа-ҳодисалар туркумини якунлаб беради (ацтеклар ҳафтаси ўн уч кундан иборат).
Хитойчада 13 сонининг айтилиши худди «улгуриш керак» бирикмасига ўхшаб кетади, Гонконгда 13 омад келтиришига ишониб, телефон рақамлари ва бошқа ҳолатларда шу сонни олишга интилишади. Ҳинд мифологиясида 13 нафар Будда бор, деб ишонишади.
1880-йилларда АҚШда бир гуруҳ фаоллар 13 дан қўрқиш иримига чек қўйишга киришди. Фуқаролар уруши фахрийси, капитан Уильям Фаулер «Ўн уч кишилик клуб» тузди, унинг аъзолари ҳар ойнинг 13-кунида йиғилишиб, ҳар стол атрофида ўн уч киши ўтириб тушлик қилишади. Уларнинг биринчи шундай ўтириши 1881 йил 13 январь - жума куни, соат 8:13 да, 13-рақамли хонада бўлган. 1880-йиллар ўрталарига келиб бутун Америка бўйлаб шундай клублар пайдо бўлди.
Муҳим маълумот: АҚШ дастлаб «Американинг ўн учта бирлашган штатлари» деб аталиб, унинг шиори ҳам 13та ҳарфдан иборат эди: «pluribus Unum» («Кўпчиликдан иборат яхлит»). XVIII аср охирларида 13 сони бу янги мамлакатнинг мустақиллиги ва яхлитлиги тимсоли эди. Ҳар йили 4 июлда 13та штат шарафига ўн учта замбаракдан ўқлар отилган ва 13та қадаҳ сўзи айтилган. 1791 йилда мамлакат таркибига 14-штат сифатида Вермонт қўшилгач, бу анъана қолиб кетган. Дастлаб АҚШ гербидаги бургутнинг ҳар бир қанотида ўн учтадан пат бўлган.
Композитор Арнольд Шенберг ўз ноталар қўлёзмаларида «13» ўрнига «12+» деб ёзган бўлса, опера хонандаси Лили Понс 13 сонини шунчалик севганки, бўлғуси куёвининг таклифини айнан 13 маротаба рад этган.
Машҳур шахматчи Гарри Каспаров 13 сонини ўзига бахт келтирувчи ҳисоблаган, ҳамиша 13-партияни ҳужумкор услубда ўйнаган. 1985 йилда жаҳон биринчилиги учун бўлган баҳсда у Анатолий Карповни 13:11 ҳисоби билан енгиб, шахмат бўйича дунёда ўн учинчи чемпион бўлган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида «С-13» сувости кемаси Болтиқ флотидаги энг омадли кема бўлган. Ўта хавфли жанговар операцияларни амалга оширган бу кема, унда хизмат қилганларнинг сўзларига кўра, бир неча бора «нақ нариги дунёдан қайтиб келган».
Москва метрополитени очилган пайти унда 13 та бекат бўлган.
Азиз муштарий, хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола: хўш, 13 сиз учун қандай сон?
Муаллиф: Ҳамидбек ЮСУПОВ