Ўтган
асрнинг энг истеъдодли ёзувчиларидан бири, кўп жанглар иштирокчиси Эрнест Хемингуэй болалигида қўлини кесиб олганида, отаси унинг жароҳатини тозалаб, боғлаб қўяди.
Шунда ота ўғлига шундай маслаҳат берган экан: “Агар жароҳатинг оғриётган бўлса,
ҳуштак чалиб тур. Бу оғриқни енгишга ёрдам беради”. Бола буни бир умрга эслаб
қолади ва нафақат тан жароҳатлари, балки кўнгил яралари оғриган пайтлари ҳам
ҳуштак чалиб туришни одат қилади.
Дарвоқе, адибнинг ўзи, ёзувчи
учун бирор нима ёза олмай қолишдан ёмон нарса йўқ, деб ҳисоблаган ва “Ҳеч нима
ёза олмаслигимга кўзим етган куни ўзимни ўлдираман”, деган экан. У 1961 йилнинг
апрелидаёқ бунга қўл урмоқчи бўлган, аммо хотини вақтида пайқаб қолиб,
шифокорлар ёрдамида унинг ўқланган милтиғини олиб қўйганди. Кейин унга
тинчлантирувчи дорилар бериб, шифохонага элтишади. Икки ойдан кейин уни
тузалган, деб ҳисоблаб, уйига рухсат беришади.
Эрнест Хемингуэй 1961 йилнинг 2 июль санаси саҳарлаб уйғонар
экан, қиладиган ишини олдиндан режалаштириб олганди. У севимли қўшоғиз
милтиғини бамайлихотир ўқлар экан, қўллари титрамасди, фақат... адиб ҳуштак
чалар эди. Ахир, унинг ёзадиган нарсаси қолмаганди! Дарвоқе, ўз жонига қасд
қилиши сабабини изоҳлаш учун бирор қайд ҳам ёзиб қолдирмаган у. Шунчаки,
милтиғи учини оғзига тиқиб, иккала тепкини бараварига босган...
Шу тариқа, 62 ёшли Эрнест Хемингуэй қўшоғиз милтиғи ёрдамида
ўз ҳаёт китобига нуқта қўйган.
https://www.facebook.com/groups/202524053204998/permalink/208485835942153/
Комментариев нет:
Отправить комментарий