четверг, 3 июля 2014 г.

“ЎҒИЛ-ҚИЗИНГ КЎП БЎЛСИН...”


Қишлоғимизда туғма ногиронлиги бор бир қиз анча кеч турмушга чиқди. Ногиронлик демасаям бўлади буни, айтарли қўрқинчли эмас – туғруқ пайтидами, ё ҳомилалигидами – тос суяги сал қийшайган, озгина лапанглаб юради. Оддийгина, серфарзанд бир оиланинг кенжаси. Кўриниши бинойидек, ҳатто чиройли, муомаласи яхшилигидан унинг ёнидан кетгиси келмай қолади одамнинг.
Биз томонларда “ўтириб қолган” деб ҳисоблашлари учун қиз камида 25 дан ошган бўлиши керак. Аммо бу қиз чиндан ўтириб қолиб, қўшни қишлоқлик, тағин ўзидан уч ёш кичик бир йигитга турмушга чиқди. Қиз ўша қишлоқда янги очилган хусусий корхона цехида бир жияни билан бирга ишларди. Ўша ёқда танишишган, аммо “ўлдим-куйдим” қилиб юришмаган, фақат кўнгиллари мос келган ва йигит совчи юборган. Бор гап шу.
Тўйида қизни узатаётиб, раҳматли отаси ўрнига оқ фотиҳа бериш учун амакисига навбат беришди. У дуога қўл очди, ҳамма қатори қизга оқ фотиҳа берди, овози титраб бахт тилади ва охирида (аслида ҳали охири эмасди): “Ўғил-қизинг кўп бўлсин...” деди-да, пиқиллаб, сўнг ошкора ҳўнграб йиғлаб юборди.
Шундай хурсандчилик кунида кўпнинг кўзи нам бўлди. Йиғламаган кам бўлди. Чунки у кишини ҳама танир, аҳволидан озми-кўпми хабардор эди барча. Мен эса сал яхшироқ хабардорман, шу боис билганларимдан бирмунчасини сизгаям илиняпман.
Улар аслида атиги икки ака-ука эдилар, каттаси – бояги келин бўлган қизнинг отаси, кичиги эса... бефарзанд эди. Бола кўрмагач, биринчи хотини уни ташлаб, бошқа бировга тегиб кетган. Ёлғиз яшамасин, деб, иккинчи марта уйлантиришган. Қримдан кўчириб келтирилган татар хотинни олиб беришган. Аслида исми татарча бўлган, аммо бошқа – хоразмча исм ҳам қўйишган унга, аммо барибир лақаби – “татар”.
Билмадим, бефарзандликдан алами келибми, ё ҳасад деймизми буни... хуллас, акасининг хонадони билан чиқишолмаган у. Кексайганида суянч бўлади, деган ниятда акаси уларга ўзининг бир ўғлини фарзандликка ҳам берган, аммо бола бечора зуғум қилаверишганидан безор бўлиб, қайтиб борган.
Бу оила эса болалар уйидан дастлаб бир қиз, кейинчалик бир ўғил болани олиб тарбиялаган. Иккаласиям ғирт хоразмча исм берилган, аммо ғирт рус қиёфали. Қизи турмуши бузилиб қайтгач, салкам отаси тенги бир тул эркакка узатишди. Ўғлини уйлантириб қўйишганди, автоҳалокатга учраб, бир одам ўлгач, айбдор саналиб, қамалиб кетди. Оилада қолган келин ҳақида бўлар-бўлмас гап-сўзлар чиққач, униям ҳайдаворишди. Катта ҳовлида сўппайган шу чол-кампир қолди яна.
Қариндошлари буларнинг иссиқ-совуғига қараб турсин, деб, акасининг ўғилларидан бирини оиласи, болалари билан бирга уларникига кўчириб ўтказишди. Аммо кичкинтойлари бемалол ўйнаб-кулолмаган ҳовлида улар ҳам узоқ қолишмади, чиқиб кетиб, қийналиб бўлсаям ўзлари ҳовли-жой қилишди.
Ўғил қамоқдан чиққач ҳам қайтмади, ўша ёқларда қолиб кетди, қайтанга отасиникига кетиб ўтирган хотининиям боласи билан бирга чақиртириб олди. Яна акасининг кўнгли бўлмади, кичкина ўғлини фарзандлари билан уларникига кўчиришди. Аммо тағин ўша аҳвол... Улар ҳам қайтиб кетишди.
Акаси бир умр тракторчилик қилган, ўзи басавлат, аммо кўнгли бўш, мулойим одам эди. Умри меҳнатда ўтиб, эрта кексайди, оёқдан қолди, узоқ ётди. Ўзини билмайдиган бўлди, тилдан қолди. Ана кетди-мана кетди, қилиб кўп ўтиришди. Турмушга чиқиб кетган қизлари, узоқ-яқиндаги қариндошлари келиб туришди. Аммо салкам ён қўшни бўлган укаси йиллаб хабар олмади. Тўнғич фарзандининг айтишича, жони узилар пайти ҳам у бошини бир амаллаб ёнбошга буриб, эшикка кўз тиккан экан: “Амакимнинг келишини кутган, раҳматли”, дейди у. Охири, беоқибат уканинг дийдорини кўролмай жон таслим қилди...
Бу ука аламзадаликданми, билмадим, кўп ичарди. Йўқ, у ичиб олиб, йиғлаб дийдиё қилган эмас, асло! Маст бўлиб кўча-кўйда ётиб қолганини ҳам биров кўрмаган. Фақат ўзини мастликка солиб, гап билан кишиларга озор берарди. Билмаганга ўхшаб бировнинг дардини кавлаштирадими, эски гиналарни эслатадими, бировнинг ғийбатини қиладими... Хуллас, қиладиган иши дилозорлик.
У умри давомида фақат бир мартагина бефарзандлигини пеш қилиб гапирган.
Ўшанда акасининг катта қизи икки фарзандини олиб ота уйига қайтган экан. Қайнонасининг гаплари жонидан ўтганми, овсини билан келишолмаганми... Хуллас, биров у деган, биров бу деган, аммо қайтиб боришни истамаган. Ўшанда амакиси унга: “Кўриб турибсан – икки марта уйланиб ҳам тирноққа зорман. Худо сенга синаб берибдими, сийлаб берибдими, ҳар ҳолда икки фарзандинг бор. Шунга шукур қил-да, урсаям, ўлдирсаям ўша ўз уйингда ўтир...” дебди. Аёлнинг айтишича, умрида ҳеч ким унга бу қадар таъсирли маслаҳат бермаган экан. Шундан кейин бу аёл асло оиласидагилар билан жанжаллашиб ота уйига келган эмас. У ҳам серфарзанд, ҳозирда бир этак неваралари бор...
Орадан йиллар ўтиб, татар хотини ҳам вафот этгач, ука буткул ёлғиз қолган. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар ва... акасининг хонадонидагилар ул-бул чиқариб туришади.
Ўтган йили рўза маҳали ишдан таътилга чиқиб қишлоққа борганимда, озми-кўпми элнинг хизматини қилай, деб ифторликларга қатнашдим, хизматда турдим, кексаларнинг суҳбатини олдим. Бизда ифторликларга борадиган ўзига хос “гуруҳ” бўлади, десам ишонаверинг. Қишлоқнинг мулласи, обрўли кекса-кайвонилар ва... рўзадорлар. Ўша борганимда бу гуруҳда бояги ука ҳам борлигига гувоҳ бўлдим. Собиқ маҳалла оқсоқоли (бизда элатқўм дейишади) билан кўп гурунглашдим. Айтишича, бояги ёлғиз қолган кишини ифторчилар сафига унинг ўзи қўшиб қўйган экан. Ифторликми, бирор маъраками бўлса қатнашиб тураркан; тўртта нон, ул-бул тугиб бериб юборишар экан унгаям. Яна элатқўм унинг ўзи билан секин гаплашиб, қабристондан, акасининг ёнидан унга қабр ҳам тайёрлатиб қўйибди. (Тўғриси, кейинроқ эсладим – акасининг жойи тайин бўлса-да, жони узилганидан сўнггина қабр солинганди).
Дарвоқе, бояги кеч турмушга чиққан қиз, сал бундайроқ хонадон бўлса-да, бирон марта бўлсин борган жойидан нолиган эмас. Рўзғорнинг аравасини куёв билан тенг тортишиб, алоҳида ҳовли солиб чиқишган. Ўғил-қиз-чи, дейсизми? Ҳа, Худо берган – икки қиздан кейин яна эгизак ўғил-қиз!
Лаббай? Бояги кишини сўраяпсизми? Ҳалиям ҳаёт...
“Ёмонга ўлим йўқ”, деган гап бу ерда ўринлимикан, билмадим энди...
Ҳамидбек ЮСУПОВ

4 комментария:

Unknown комментирует...

Hayotiy voqeilik.Rahmat.

hmdbk комментирует...

Фикр билдирганингиз учун сизга раҳмат.
Бу чиндан ҳам ҳаётий.
Ушбу мулоҳазани ЎзБлоггерлар чемпионати баҳонасида ёзиб, кейин битта газетадаям чиқарган эдим. Кейинроқ тўй, сўнг бир аза муносабати билан қишлоғимга боришга тўғри келди. Бу ерда тасвирланган кишилар билан учрашганимда сал ноқулайлик сездим. Яхшиямки, улар интернетга киришмайди...

Анонимный комментирует...

Balki shu befarzand amaki jiyanlariga tirik ibratdur.Hayotda kimdir "shafqatsizlarcha" ibrat bo'lgan holatida ibratlana olgan inson hayotini qadrlay olishi ko'p kuzatiladi.

hmdbk комментирует...

Эҳтимол шундайдир.
Бу мақолани ёзганимдан кейин ҳам уч марта қишлоғимга бориб келдим. Умри узун бўлсин, ҳануз тирик ибрат...